Қуръон мусулмоннинг таянчидир

282
0

Қуръон мусулмоннинг таянчидир

Бутун оламларнинг яратувчиси бўлган Аллоҳ Таоло Ўз бандаларини тўғри йўлга ҳидоят қилиш ва икки дунё саодатига етказиш учун ҳар бир давр ва асрларда Пайғамбарлар юбориб турди. Аллоҳ Таоло Муҳаммад ﷺни Пайғамбарларнинг охиргиси қилиб юборди ва қиёматгача қоладиган дин сифатида Исломни танлади. Қуръон эса бу рисолатнинг тасдиғи ва мўъжизаси сифатида нозил бўлди ва Аллоҳ уни қиёматгача сақлашни ўз зиммасига олди. Аллоҳ Таоло айтади:

وَإِنَّهُ لَتَنْزِيلُ رَبِّ الْعَالَمِينَ ! نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ ! عَلَى قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنْ الْمُنذِرِينَ ! بِلِسَانٍ عَرَبِيٍّ مُبِينٍ !

Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огохлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди”. [26: 192-195].

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз”. [15:9]

لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилингандир”. [41:42]

إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا

Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур”. [17:9]

Расулуллоҳ ﷺ бутун инсониятга элчи қилиб юборилганидан сўнг одамлар тўп-тўп бўлиб Ислом динини қабул қилдилар. Қуръон уларнинг қалбидан жой олди, улар иймон ҳаловатини тотдилар. Ислом дини Арабистон ярим оролидан ташқарига ҳам тарқалди ва Қуръон тили бўлган араб тили ўша халқлар ичида асосий ўринни эгаллади, ҳатто илмий кашфиёт ва маданиятга катта ҳисса қўшди.

Араб тили Қуръон тили бўлгани учун мусулмонлар уни ўрганишлари керак. Яъни Қуръон ўқиш учун араб тилини ўрганиш керак. Масалан, динимизнинг устуни бўлган ва икки шаҳодатдан кейинги ўринда турадиган намоз барча мусулмонлар учун фарздир. Шу боис намоз саҳиҳ (тўғри) бўлиши учун намозда ўқилган сураларни қироат билан ўқиш талаб қилинади.

Юқорида айтганимиздек, мусулмон кишининг ибодатлари, аниқроғи, Қуръон ўқиши, ҳаж амалларини бажариши, намоз ўқиши каби амалари фақат араб тилига чекланган. Шунинг учун мусулмон киши қаерда бўлмасин, араб тилини ўрганиши шарт. Чунки унинг Исломи араб тилисиз дуруст бўлмайди. Намозсиз Ислом йўқ, араб тилисиз намоз йўқ.

Қуръон мусулмоннинг, хусусан, даъватчининг ҳамроҳи ва қуроли бўлмоғи лозим. Қуръон билан мусулмоннинг қалби таскин топади ва ҳар қандай синов у учун арзимас нарсага айланади. Қуръон мусулмоннинг сирдоши, ҳидоятчиси ва тўғри йўлни кўрсатувчи компасидир. Қуръон мусулмонни маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган ва душман қаршисида – у қанчалик кўп ва кучли бўлмасин – мард ва жасур инсонга айлантиради. Чунки мусулмон киши Қуръонни тиловат қилади ва унинг маъноларини англаб, Парвардигоридан ажр умид қилади.

Қолаверса, Қуръон мўминнинг тақводорлик хислатини кучайтиради. Албатта Қуръон ўқишни ўрганиш ва уни тиловат қилиш улуғ савобга эриштиради ва Аллоҳ ҳузуридаги инсоннинг мавқеини оширади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ

“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир”, (Бухорий).

«مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لاَ أَقُولُ الْم حَرْفٌ، وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلاَمٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ»

«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга ўн баробар яхшилик бордир. Мен Алиф. Лом. Мим битта ҳарф демаяпман, балки алиф битта ҳарф, лом битта ҳарф, мим яна бир ҳарфдир». (Термизий ривояти).

اقْرَءُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعًا لأَصْحَابِهِ

«Қуръонни ўқинглар. У қиёмат кунида уни ўқиганларга шафоат қилгувчи бўлиб келади». (Муслим ривояти).

«مَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ مَثَلُ الأُتْرُجَّةِ طَعْمُهَا طَيِّبٌ وَرِيحُهَا طَيِّبٌ, وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ مَثَلُ التَّمْرَةِ طَعْمُهَا طَيِّبٌ وَلاَ رِيحَ لَهَا, وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ مَثَلُ الرَّيْحَانَةِ رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ, وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ الْحَنْظَلَةِ طَعْمُهَا مُرٌّ وَلاَ رِيحَ لَهَا»

«Қуръон ўқийдиган мўмин, таъми ҳам, бўйи ҳам ширин утружжа мевасига ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган мўмин, таъми ширину, ҳиди йўқ хурмога ўхшайди. Қуръон ўқийдиган мунофиқ, бўйи ширину, таъми аччиқ райҳонга ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ, таъми ҳам аччиқ, ҳиди ҳам аччиқ ҳанзалага ўхшайди». (Бухорий, Муслим).

Шунинг учун мусулмонлар, айниқса даъватчилар Қуръонни доимо ўзларига яқин тутишлари, тўғрироғи, ҳар куни ўқиб, уни ўзига ҳамроҳ қилиб олишлари лозим. Чунки у бусиз душманга ва шайтоннинг васвасаларига қарши туришда заифлик қилиши мумкин. Шунинг учун мусулмон киши Қуръонни ўқиш учун арабча ҳарфларни билмаса, аввало ҳарфларни ўргансин, агар ҳарфларни билса, ўқишни ўргансин, ўқишни ҳам билса, маъносини тушунишга ҳаракат қилсин. Шунда у Қуръон бизнинг асосий таянчимиз, ҳаётимизнинг барча соҳаларида ечим берувчи асос эканлигини тушуниб етади. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда кунига ярим соат вақт ажратиш мўминга албатта фойда келтиради. Чунки юқорида айтганимиздек, Қуръонни тиловат қилиш вожиблигидан ташқари, Қуръон мусулмоннинг қалқони ва таянчига айланади. Унга куч беради ва даъватни кўтариб чиқиш йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтган саҳобалардек ғайратли мўминга айлантиради.

Шундай экан, Пайғамбаримиз ﷺ айтганларидек, таъми ҳам ширин, ҳиди ҳам ширин утружжа меваси каби мўминлардан бўлинг, Аллоҳ мартабаларингизни олий қилсин. Бу икки дунё бахт-саодатига ва Аллоҳ Таолонинг розилигига эриштирадиган амалдир.

Ҳорун Абдулҳак

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here