Нафл амаллар орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш
Рамазон ойи бошланиши муносабати билан мусулмон биродарларимизга насиҳат сифатида нафл (суннат) амалларни кўпайтиришнинг аҳамияти ҳақида айтиб ўтмоқчимиз. Бундан мақсад – муборак ойда иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш ва савоб амаллар орқали ғалабаларни қўлга киритиш ҳамда Аллоҳ Таолога қурбат ҳосил қилишга интилишдир.
Аллоҳнинг йўлига чақирувчи даъватчи бошқалардан кўра Парвардигорига яқинроқ бўлиши лозим. Зеро, у ўз камчиликларини чуқур англаб етиш билан бирга, машаққатли йўлида турли қийинчиликларга дуч келади. Куфр тузумлари бутун дунё бўйлаб, кечаю кундуз одамларни ҳақиқатдан узоқлаштириш учун бор кучини аямаяпти. Улар ҳақиқатни бузиб кўрсатиш учун барча йўл ва воситаларни қўллашмоқда. Хусусан мусулмонларга қарши мафкуравий, сиёсий ва моддий шафқатсизларча ҳалокатли уруш олиб бормоқда. Мусулмонлар иқтисодий барқарорлик у ёқда турсин, ҳатто эркин юришдан ҳам маҳрумдир. Улар мустамлакачилар қўшинлари томонидан қувғинга учрамоқда. Энг сўнгги модел қуроллар билан қуролланган армиялар қуролсиз мусулмонларни қирғин қилмоқда. Фаластинда харобаларга кўмилган ғазоликлар, Мянмадаги ўрмонларда яшириниб жон сақлашга мажбур бўлган мусулмонлар, Хитой қамоқхоналаридаги мазлумлар Аллоҳ Таолодан ёрдам сўрашмоқда. Қувғинга учраган мусулмонлар Меҳрбон Аллоҳдан ўтмишдаги Муътасим сингари адолатли салтанатни тиклаш учун халоскор қўшинлар юборишини сўрамоқда. Фарзандларидан айрилган оналарнинг ҳамда шаъни мусулмон етакчилари томонидан ҳимоя қилиниши керак бўлган, аммо ҳор аҳволда ташлаб қўйилган опа-сингилларимизнинг дардли нолалари тарих акс-садосидек, қулоқларимиз остида жарангламоқда. Ҳамон мусулмонларнинг елкасига миниб олиб, уларнинг қонини сўриб келаётган бу малай ҳукмдорлар Ғазо мусулмонларига ҳатто биргина чодир ҳам юбора олмаяпти. Аммо айни пайтда Трамп ва унинг жиноятчи мамлакатига бир ҳуштак чалиши биланоқ триллионлаб долларларни етказиб беришга тайёрлигини изҳор қилишмоқда.
Ҳозирда дунё мусулмонлари золимлар ва уларнинг малай ҳукмдорларининг капалагини учириб юборадиган кучга эга. Улар душманларга қаттиқ зарба берадиган мусулмон қўшинини интиқлик билан кутмоқда. Мусулмон қўшинлари эса ўзларини руҳлантириб, мардликка чорлайдиган муносиб етакчиларни кутмоқда! Булар – илм аҳли бўлган олимлар ҳамда саҳобаларнинг жасорати каби жасорат билан “яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи” мўминлардир! Булар даъват юкини бўйнига олган, масъулиятли ва Аллоҳ Таолонинг қўллаб-қувватлашига эга кучли инсонлардир!
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг нусратига, У Зотга яқинлашиш ва У Зотдан ёрдам сўраш билан эришиш мумкин. Аллоҳ барча мақтовларга лойиқ Зотдир, У Зот Қудратли ва ҳамма нарсага Қодирдир! Аллоҳ кимга ёрдам берса, у ҳеч қачон ёрдамсиз қолмайди ва ҳеч қачон мағлуб бўлмайди. У Зот кимни ёрдамсиз ташлаб қўйса, унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Аллоҳ Таоло ёлбориб дуо қилган инсонга у ўйлагандан ҳам яқинроқдир. Аллоҳ дуоларни ижобат қилувчи, Қудратли ва Билувчи Зотдир!
Саҳобаларнинг бошидан ўтган қуйидаги ҳодиса бунга яққол мисол бўла олади: “Ислом ва куфр ўртасидаги жанглардан бирида мусулмонлар ғалаба қозона олмадилар ва бунинг сабабини тушуна олмай қолишди. Улар шиддат билан жангга кириб, ғалабани интиқлик билан кутишарди. Ниҳоят, улардан бири: “Балки, бу мисвок ишлатмаганимиз учун бўлса керак”, деди. Аммо жанг майдонида мисвок дарахти йўқ эди. Сўнг улар: “Мисвок қилишга мос келадиган бошқа дарахтдан фойдаланамиз”, дейишди ва худди шундай дарахтни топишиб, унинг илдизлари билан тишларини тозалашга киришдилар. Шу пайт душман тарафидан келиб, мусулмонларнинг ҳолатини кузатган айғоқчи, ўз қовмига қайтиб: “Мусулмонлар бизни ейиш учун тишларини қайрашяпти!” деди. Шунда Аллоҳ душманнинг қалбларига қўрқув солиб, олди-ортига қарамай тум-тарақай бўлиб қочиб қолишди. Натижада мусулмонлар ғалабага эришдилар.
Шунинг учун мусулмонлар қўшимча нафл амалларни эътиборсиз қолдирмасликлари лозим. Зеро, бу амаллар қалбларни поклайди, иймон-эътиқодни мустаҳкамлайди ҳамда Эшитувчи, Ижобат қилувчи ва севган бандаларини Асрагувчи Аллоҳга яқинлаштиради.
Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَن عادَى لي وَلِيًّا فقَدْ آذَنْتُهُ بالحَرْبِ، وما تَقَرَّبَ إلَيَّ عَبْدِي بشَيءٍ أحَبَّ إلَيَّ ممَّا افْتَرَضْتُ عليه، وما يَزالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إلَيَّ بالنَّوافِلِ حتَّى أُحِبَّهُ، فإذا أحْبَبْتُهُ، كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذي يَسْمَعُ به، وبَصَرَهُ الَّذي يُبْصِرُ به، ويَدَهُ الَّتي يَبْطِشُ بها، ورِجْلَهُ الَّتي يَمْشِي بها، وإنْ سَأَلَنِي لَأُعْطِيَنَّهُ، ولَئِنِ اسْتَعاذَنِي لَأُعِيذَنَّهُ، وما تَرَدَّدْتُ عن شَيءٍ أنا فاعِلُهُ تَرَدُّدِي عن نَفْسِ المُؤْمِنِ؛ يَكْرَهُ المَوْتَ، وأنا أكْرَهُ مَساءَتَهُ.
“Аллоҳ Субҳанаҳу айтади: Ким Менинг бир дўстимни хор қилса, Мен унга уруш очаман. Бандамни Менга яқинлаштирадиган, менга суюкли бўлган амаллари мен унга фарз қилган амаллардир. Агар бандам нафл амалларини адо қилиш билан Менга яқинлашиб келаверса, бориб-бориб Мен уни яхши кўриб қоламан. Ана шунда Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғига айланаман. Мендан сўраса бераман, паноҳ тиласа паноҳ бераман…”. (Саҳиҳ ал-Бухорий 6502).
Рамазон ойи иймонимизни ва қадамларимизни мустаҳкамлаб, қалбларимизни покласин, бизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлига – зафарлар ва муваффақиятлар йўлига бошласин. Аллоҳнинг раҳмати ёғилган бу ой даъватчиларга куч-қувват бғишласин!
Латифул Расих