Аллоҳ икки шерикнинг учинчисидир

16
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Аллоҳ икки шерикнинг учинчисидир

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

رَوَى أبُو دَاودَ فِي مُسنَدِهِ عَنْ أبِي هُرَيرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَقُولُ: أنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَينِ مَا لَمْ يَخُنْ أحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَينِهِمَا

Абу Довуд “Муснад”ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганликларини ривоят қилади: “Аллоҳ айтади: Мен икки шерикнинг – модомики улардан бири ўз шеригига хиёнат қилмас экан – учинчисиман. Агар хиёнат қилса икковлари орасидан чиқаман”.

Бу ҳадисдан қуйидагилар истинбот қилинади:

  1. Шериклик баракали ишдир.
  2. Шерикни алдаш ҳамомдир.
  3. Агар шериклардан бири ўз шеригига хиёнат қилса, унда барака бўлмайди. Бошқача айтганда, барака улардан бутунлай олиб қўйилади.
  4. Шериклик икки ёки ундан ортиқ шахслар ўртасида бўлиши мумкин.

Шериклик – бу икки ёки ундан ортиқ шахснинг фойда кўриш мақсадида бирон-бир молиявий ишни қилишга келишиб, тузган битимларидир. Шериклик – баракали ишдир. Икки шерик бир-бири билан келишиб ҳамкорлик қилса, Аллоҳ Таоло уларга барака беради. Уларнинг ҳар бири ўзининг ва шеригининг пули учун жавобгардир. Ҳар бир шерик ўзи учун яхши кўрган нарсани шеригига ҳам раво кўриши керак. Фақат бугина эмас, уларнинг ҳар бири ўз шеригини ўзидан кўра кўпроқ эътиборга олиши керак. Иккала шерик ҳам шу шартларга жавоб берса, Аллоҳ Таоло бу шерикликка барака беради.

Баъзи шериклар ўз шеригига хиёнат қилиш ҳақида ўйлаши ёки хиёнат қилишни амалда бошлаши мумкин. Яъни, шериклардан бири ўртадаги пулдан олишга интилиб, ҳаққи бўлмаган пулни олади. Натижада у бу иши туфайли шерикларига хиёнат қилган бўлади. Жамиятда бундай шерикларнинг бўлиши табиий. Зеро, жамият Аллоҳнинг амрига сўзсиз итоат қиладиган фаришталар жамияти эмас. Аксинча, унда мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бор, аминлар ҳам, хоинлар ҳам, солиҳлар ҳам, фосиқлар ҳам бор.

Аллоҳ Таоло айтади:

وَإِنَّ كَثِيرً‌ا مِّنَ الْخُلَطَاءِ لَيَبْغِي بَعْضُهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَقَلِيلٌ مَّا هُمْ

Дарвоқеъ кўп ошна-оғайнилар бир-бирлари зулм қилурлар. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздирлар”. (38:24).

Аллоҳ Таоло хиёнат қилишни, жумладан, шерикларнинг бир-бирига хиёнат қилишини ҳаром қилган. Агар шериклардан бири иккинчисина хиёнат қилса, барака йўқолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

يَقُولُ اللهُ تَعَالَى فِي الحَدِيثِ القُدْسِيِّ: أنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَينِ مَا لَمْ يَخُنْ أحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَ أحَدُهُمَا صَاحِبَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَينِهِمَا, وَدَخَلَ الشَّيطَانُ

Аллоҳ Таоло Ҳадиси Қудусийда айтади: “Мен икки шерикнинг – модомики улардан бири ўз шеригига хиёнат қилмас экан – учинчисиман. Агар улардан бири иккинчисига хиёнат қилса мен улар орасидан чиқиб кетаман. Уларнинг орасига шайтон киради”.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَدُ اللهِ عَلَى الشَّرِيكَينِ مَا لَمْ يَتَخَاوَنَا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг қўли икки шерик устидадир, модомики улар бир-бирига хиёнат қилишмаса», дедилар. “Улар бир-бирига хиёнат қилишмаса деган сўзнинг маъноси “шериклар бир-бирини хиёнатда айбламаса” деганидир.

Хиёнатнинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ. وَاعْلَمُوا أَنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ وَأَنَّ اللَّهَ عِندَهُ أَجْرٌ‌ عَظِيمٌ

“Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз! Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос”. (8:27-28).

Оятда зикр қилинган “фитна” сўзининг маъноси синовдир. Қуръонда хиёнатнинг ҳаромлиги ҳақида келган далиллар орасида Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзи ҳам бор:

إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْخَائِنِينَ

“Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас” (8:58).

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

26 Жуммадул Увла, 1446ҳ йил.

28 Ноябрь,                 2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here