بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Сурия ҳодисалари ва Асад режимининг қулаши
Савол: Шарқул Авсат 2024 йил 8 декабрда қуйидаги хабарни тарқатди: (Асад режими қулади: бугун якшанба куни Сурия мухолифати Дамашқни озод қилиб, 24 йил давом этган президент Башар Асад ҳокимиятини ағдарганини эълон қилди. Мухолифат расмий телевидение орқали қуйидагича баёнот берди: Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Дамашқ шаҳри озод қилиниб, мустабид Башар Асад ағдарилди». Мухолифат, шунингдек, барча маҳбуслар озод қилинганини ҳам маълум қилди).
2024 йил 27 ноябрда «Ҳайъати Таҳрируш Шом» Сурия шимолида «Тажовузни тийиб қўйиш» номли ҳужумни бошлаган эди. Унинг ортидан 2024 йил 30 ноябрда Сурия Миллий Армияси ҳам «Озодлик тонги» деган ном остида ҳужум бошлади. Бу ҳужумлар натижасида Ҳалаб шаҳри, Идлибнинг барча минтақалари, Ҳама, Ҳимс, бугун эса Дамашқ эгалланди… Буларнинг барчаси ўн кун ичида содир бўлди… Сурияда аслида нималар бўляпти? Жавоб учун ташаккур.
Жавоб: масалага ойдинлик киритиш учун қуйидаги фактларни кўриб чиқиш лозим:
Биринчи: ҳужумни бошлаган бўлинмалар: Би-Би-Си 2024 йил 28 ноябрда тарқатган хабарга кўра, ҳужумда қатнашган бўлинмаларнинг биринчиси «Фатҳул Мубин операциялар штаби»дир. Бу штаб «Ҳайъати Таҳрируш Шом» қўмондонлиги остида бўлиб, унинг таркибига Туркия қўллаб-қувватлаётган «Миллий озодлик фронти» ҳамда «Жайшул Изза жамоати» киради. Ҳужумда қатнашган бўлинмаларнинг иккинчиси «Сурия миллий армияси»дир. Бу армия Туркия қўллаб-қувватловидаги мухолифат бўлинмалари коалициясини ўзида акс эттиради. Лекин у «Фатҳул Мубин операциялар штаби» таркибига кирмаган… Бу билан шуни айтиш мумкинки, ҳужумда иштирок этган бўлинмаларнинг аксари Туркияга тобе ва унга содиқ бўлинмалардир. Чунки «Сурия миллий армияси»ни Туркия пайдо қилган бўлса, «Ҳайъати Таҳрируш Шом» ҳам Туркиянинг тўлиқ назорати остидадир. Зеро, «Ҳайъати Таҳрируш Шом» билан Туркия ўртасидаги ўзаро яқинлик барчанинг эътиборини тортадиган даражада.
Иккинчи: бу ҳаракатлар бошланишда Эрдўғаннинг таклифларини қабул қилмагани учун Башарга йўлланган «адабини бериб қўйиш» номасига ўхшаб кетган эди. Чунки Эрдўған (Анқара билан Дамашқ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларни тезлаштиришни ҳамда учрашиш тўғрисидаги таклифи Башар томонидан қабул қилинишини таъминлаб беришни) Россия президенти Путиндан сўраган эди… Рейтер, 2024 йил 25 ноябр). Бироқ Башар таклифни қабул қилмади. Аксинча, турк ҳарбий кучларининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб, бир қатор шартларни қўйди ва пайсалга солди. Рус воситачиси Лавров буни тасдиқлаб, 2024 йил 1 ноябрда Туркиянинг «Ҳуррият» газетасига Башар турк кучларини олиб чиқиб кетишни талаб қилаётганини айтиб, «Музокаралар олдидаги асосий тўсиқ Туркия кучларининг Сурия шимолида турганлигидир» деди. Эрдўған бундан ғазабланиб, «Ҳайъати Таҳрируш Шом» ва «Сурия миллий армияси»нинг ҳаракатга келишига «яшил чироқ» ёқиб берди: (Туркия разведкаси билан алоқада бўлган (Мухолифат манбаларининг билдиришича, Анқара бу ҳужум учун «яшил чироқ» ёқиб берган. «Deutsche Welle», 2024 йил 30 ноябр).
Учинчи: бу ҳужумлар гарчи бошланишида Туркиянинг сиёсий ечимга эришиш учун мухолифат билан музокара олиб бориш борасидаги таклифига Башарнинг жавоб бермаганлиги сабабли Идлиб атрофидаги кескинликни юмшатиш минтақаларини озод қилиш мақсадида амалга оширилган бўлса-да, лекин Башар зулмидан азият чекиб келаётган халқнинг катта қатлами бундан фойдаланиб қолди ва барча жабҳаларда ҳаракатга келди. У Идлиб атрофидаги кескинликни юмшатиш чизиқлари доирасида белгилаб қўйилган ҳудудларда тўхтаб қолмай, Суриянинг турли минтақаларига тарқалди… Сурия армиясининг Башар зулмидан азият чекиб келаётгани ҳамда уни мудофаа қилиш учун етарли мотивация ва ишончга эга эмаслиги унинг кетма-кет ортга чекинишига сабаб бўлди. Кескинликни юмшатиш минтақалари назорат остига олингач, халқ қатламлари Ҳалаб, Ҳама ва ундан кейин Ҳимсга кириб ва ниҳоят Дамашққа етиб борди. Буларнинг барчаси 2024 йил 27 ноябрда ҳаракатлар бошланганидан буён ўн кун ичида жуда тез рўй берди.
Тўртинчи: минтақадаги ва халқаро томонларнинг позициялари:
- Бу ҳодисалар Эрон ва Россия учун кутилмаган зарба бўлди. Россия ўзининг Ҳмеймимдаги ҳарбий ҳаво базаси ва Тартусдаги денгиз базасида хавфсизлик чораларини кучайтирди. Иккала мамлакат ўртасида телемулоқот бўлиб ўтди. (Эрон ташқи ишлар вазири Аракчи россиялик ҳамкасби Лавров билан Суриядаги воқеалар ривожини муҳокама қилди… Анадолу, 2024 йил 30 ноябр).
Бу ҳужумлар ортидан Эрон уни тўхтатиб қолиш ва Туркия билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун дипломатик ҳаракатларни бошлади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи 2024 йил 2 декабр куни Анқарага бориб, турк ҳамкасби Ҳакан Фидан билан учрашди. Фидан эса айни учрашув ортидан ўзининг америкалик ҳамкасби Блинкен билан телефон орқали боғланиб, («Режим билан мухолифат ўртасидаги сиёсий амалиёт Сурияда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши учун ижобий натижаларга олиб келиши лозим» деди. Анадолу, 2024 йил 1 декабр).
- Туркия: у тинчлик музокараларини ўтказиш орқали Башар билан сиёсий ечимга эришишни истаётган эди. Бу борада Американинг хоҳиши ҳам худди шундай бўлганди. Бироқ Башар бу таклифни дарҳол қабул қилмаслик билан бир қатор имтиёзларга эга бўлиб оламан, деб ўйлади. Шу боис Эрдўғаннинг таклифларини қабул қилишни пайсалга солди. У ўзининг бу қилмиши Американи ғазаблантирмайди, деб ўйлаган эди. Бироқ Эрдўған бундан безовта бўлган кўринади. Шунинг учун Башарга «дарс» бериб қўйиш тўғрисида Американинг розилигини олди. Шу тариқа сиёсий ечимнинг ҳам Эрдўғанни Башар устидан ғалаба қозонган қилиб кўрсатувчи можаро муҳитида ўтишини хоҳлади… Шунга биноан мухолифат бўлинмаларини зарур қурол-аслаҳа ва разведка маълумотлари билан таъминлаб, уларни ҳужумга ундади:
а) Эрдўған 2024 йил 25 октябрда Қозонда бўлиб ўтган БРИКС саммити доирасида Путин билан учрашганидан кейин журналистларга берган баёнотида («Россия президенти Путиндан Анқара билан Дамашқ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларни тезлаштириб беришни ҳамда учрашиш тўғрисидаги таклифи Башар томонидан қабул қилинишини таъминлаб беришни сўраган»ини айтди. Рейтер, 2024 йил 25 ноябр).
б) Россиялик воситачилар Башар Асад томонидан Эрдўған билан учрашиш ва ўртадаги муносабатларни нормаллаштириш учун бир қатор шартлар илгари сурилганини ва бу шартлардан биринчиси турк аскарларини Сурия ҳудудидан олиб чиқиб кетиш бўлганини Эрдўғанга бир неча бор айтишган. Россия ташқи ишлар вазири Лавров 2024 йил 1 ноябр куни Туркиянинг «Ҳуррият» газетасига берган интервюсида «Туркия ва Суриянинг ҳар иккиси ҳам муносабатларни нормаллаштириш учун музокараларни қайта бошлашга жиддий аҳамият бермоқда. Аммо бу ўриндаги асосий тўсиқ Туркия кучларининг Сурия шимолида турганлигидир», деди. Бу ҳолат Башарнинг аҳмоқона қайсарлигини кўрсатади. Зеро, у Эрдўғаннинг нормаллаштириш борасидаги заиф позициясидан, қолаверса, араб давлатларининг қўллаб-қувватловидан фойдаланар экан, Америка ҳануз менинг ҳокимиятда қолишимни хоҳлаяпти, чунки ўрнимни босадиган муқобил номзод топа олгани йўқ, деб ўйлаган эди.
в) Туркия режими бундай шароитда Башар билан музокаралар орқали ечимга эришиб бўлмаслигини тушуниб етгач, АҚШдан музокаралар асосидаги ечим Башарга ҳарбий босим ўтказиш орқали бошланишига рухсат олди ва 2024 йил 27 ноябрдан бошлаб қуролли бўлинмаларни сафарбар қилди. Буни ана шу бўлинмаларнинг Башар режимига босим ўтказиш учун ҳаракатга келишига рухсат берган томон Туркия режими экани, яъни бу Туркия томонидан «яшил чироқ» ёқиб берилиши билан бўлганлиги ҳам кўрсатиб турибди. (Турк разведкаси билан алоқада бўлган мухолифатдаги манбаларнинг билдиришича, Анқара бу ҳужумга «яшил чироқ» ёқиб берган. «Deutsche Welle», 2024 йил 30 ноябр). Бундан мақсад, Башарнинг Эрдўған билан музокара столига ўтиришини, Туркия билан муносабатларни нормаллаштиришини, мухолифат билан муросага келишини, кейин эса Америка стандартларига мос сиёсий ечимни, яъни Сурия учун янги босқични қабул қилишини таъминлаш эди! Эрдўған БМТ бош котиби Гутерриш билан телефон суҳбати чоғида бу янги босқич ҳақида айтиб ўтди. (Туркия президенти Тоййиб Эрдўған пайшанба куни Суриянинг тинчлик ва осойишталик билан бошқариладиган янги босқичга кираётганини таъкидлади. Арабий 21, 2024 йил 5 декабр).
- Америка: Қўшма Штатлар учун Сурия мухолифатининг ҳужуми кутилмаган ҳол бўлмади. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан шундай деди: («Суриядаги қуролли мухолифатнинг янги вазиятдан фойдаланиб қолгани бизни ажаблантирмади. Ал-Жазира нет, 2024 йил 1 декабр). Ал-Жазира нет 2024 йил 1 декабрда Оқ уйга таяниб тарқатган хабарга мувофиқ, яъни Оқ уйнинг «Биз Суриядаги вазиятни кузатиб боряпмиз, ўтган 48 соат давомида минтақа давлатлари пойтахтлари билан алоқада бўлиб турдик», деган гапига кўра, Америка бирор бир ташвиш билдирмади. АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Шон Саввет бундай деди: («Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан биргаликда кескинликни юмшатишга, тинч аҳоли ва озчилик гуруҳларни ҳимоя қилишга, шунингдек, Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мос келадиган сиёсий келишув орқали ушбу фуқаролик урушига дарҳол ва абадулабад барҳам бериши мумкин бўлган ишончли ва жиддий сиёсий жараённи бошлашга чақиради». RT, 2024 йил 1 декабр)… Ал-Жазира 2024 йил 2 декабр куни ўзининг веб-сайтида қуйидагиларни ёзди: (АҚШ давлат департаменти берган баёнотда бундай дейилади: «Ҳозирги кескинлик Халқаро Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ, Сурия бошчилигида можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш зарурлигини кўрсатмоқда»). Баёнотда Сурияда тинчлик жараёнини бошлашни кўзда тутган ва шу кунгача амалга оширилмаган БМТнинг 2015 йилги резолюциясига ишора қилиняпти. Айни резолюцияда Суриядаги тинчлик музокаралари 2016 йил январ ойида бошланиши кўрсатилган бўлиб, мамлакат келажаги фақатгина Сурия халқи томонидан белгиланиши таъкидланган. Унда, шунингдек, ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва БМТ ҳомийлигида сайловлар ўтказишга чақирилиб, тинч аҳолига қарши ҳар қандай ҳужумларни тўхтатиш талаб қилинган… «Ал-Ҳурра» 2024 йил 4 декабрда ўзининг веб-сайтида қуйидагиларни нашр қилди: (Блинкенга кўра, ҳозирги вақтда энг муҳим нарса Суриядаги фуқаролар урушини ҳал қилиш ва тугатишга ҳаракат қилиб, Халқаро Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси асосида прогрессив сиёсий жараённи илгари суришдир»… «Хабар» ахборот агентлиги 2024 йил 7 декабрда ўз веб-сайтида қуйидагиларни нашр қилди: (Туркия ташқи ишлар вазирлиги бундай деди: биз Блинкенга Сурия ҳукумати мухолифат билан диалог олиб бориши зарурлигини етказдик).
- Яҳудий вужуди: «Евро Ньюс арабия 2024 йил 30 ноябрда қуйидагиларни тарқатди: («Исроил» бош вазири Бинямин Нетаняху ўтган сешанба куни кечқурун «исроилликлар»га қилган мурожаатида Ҳизбуллоҳ билан ўт очишни тўхтатишни қабул қилганини билдирди. Нетаняху ўз мурожаатида Сурия президенти Башар Асадга ишора қилиб ўтишни ҳам унутмай, «Асад олов билан ўйнашяпти» деди. Унинг айни баёнотидан бир неча соат ўтмасданоқ, Суриядаги бўлинмалар Сурия шимолидаги Асад режими кучларига қарши координациялашган ҳужумни бошлади. Бу эса кўплаб саволларни қўзғатди. Шундан сўнг Нетаняху Сурия шимолидаги ўзгаришлар билан боғлиқ махсус хавфсизлик йиғинини ўтказди. «Исроил» оммавий ахборот воситалари бу қадамни ғайриодатий эканини таъкидлади)… Ал-Жазира нет 2024 йил 1 декабрда хабар беришича, Едиот Ахронот газетаси бундай деб ёзди: («Исроил» армияси Эронга оид бир самолётнинг Сурияга қўнишига Ливандаги Ҳизбуллоҳга қурол-аслаҳа олиб келяпти деган гумон билан йўл қўймади). Гўё яҳудий вужуди Эроннинг яна Сурия саҳнасига қайтишига «Ливандаги ҳизбига қурол-аслаҳа етказиб беряпти» деган баҳона билан тўсқинлик қилмоқчига ўхшайди. Зотан, у Эрон ёки Эрон ҳизбининг Сурияда, кейин эса Ливанда ҳарбий жиҳатдан мустаҳкам томир отишини истамайди.
Бешинчи: Хулоса… Буни юқорида айтиб ўтилган фикрларга асосланиб, қуйидагича умумлаштириш мумкин:
- Суриядаги кескинликни юмшатиш минтақаларига ҳужумларни бошлашга бош-қош бўлган томон Туркиядир. Унинг ортида эса Америка турибди.
- Туркия ва Американинг мақсади, Сурияда янги режимни тартибга солиш учун (жиддий сиёсий жараённи бошлаш) ва (янги давр-босқичга ўтиш)дир… Мен Америка ва Туркия расмийларининг бу борадаги баъзи баёнотларини қайтадан келтириб ўтаман:
(Америка миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Шон Саввет бундай деди: («Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан биргаликда кескинликни юмшатишга, тинч аҳоли ва озчилик гуруҳларни ҳимоя қилишга, шунингдек, Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мос келадиган сиёсий келишув орқали ушбу фуқаролик урушига дарҳол ва абадулабад барҳам бериши мумкин бўлган ишончли ва жиддий сиёсий жараённи бошлашга чақиради». RT, 2024 йил 1 декабр)… (Туркия президенти Тоййиб Эрдўған пайшанба куни Суриянинг тинчлик ва осойишталик билан бошқариладиган янги босқичга кираётганини таъкидлади. Арабий 21, 2024 йил 5 декабр).
- Улар гарчи ушбу ҳужумлар олиб келадиган сиёсий ечимдан нимани мақсад қилаётганларини аниқ айтишмаган бўлса-да, лекин ҳозир фронтларда жанг олиб бораётган кучларнинг турли-туман эканлиги воқелигидан келиб чиқадиган кучлироқ эҳтимол шуки, Америка ва унинг тобелари тартиблаштираётган нарса бу – барҳам топган мустабид режим ўрнига ана шу кучлардан иборат коалицион Сурия режимини пайдо қилишдир. Шу тариқа Сурияда ҳам Ироқдаги курд минтақаси каби автоном бошқарувга эга минтақалар юзага келади…
- Ечимга ўз ҳукмини ўтказаётган томон Америкадир. У ечимни яҳудийлар манфаатларини рўёбга чиқарадиган тарзда шакллантиради. 2024 йил 27 ноябр тонгида яҳудийлар билан Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувида ҳам ечимни яҳудийлар фойдасига кафолатлаган эди. Бу Сурияда ҳарбий қарама-қаршилик бошланган куннинг ўзида бўлган эди. Шундан сўнг, мана, Эроннинг Ливандаги ўз ҳизбини қўллаб-қувватлаш учун Сурия саҳнасига дадиллик билан қайтишига ҳам йўл қўйилмайдиган бўлди. Яъни Эрон билан унинг Ливандаги ҳизби ўртасидаги қуруқликдаги ҳарбий алоқа узиб ташланди.
Бу ишларни Америка ва турк расмийларининг Суриядаги ҳужумлар билан боғлиқ юқорида баён қилинган баёнотлари кўрсатиб турибди.
Олтинчи: охирида шуни айтамизки, қон тўкилиши, уй-жойларнинг вайрон бўлиши ва оилаларнинг сарсон-саргардон бўлишларидан иборат Сурияда юз берган ва юз бераётган фожиалар, айниқса, «сиёсий ечим» ва «янги босқич»ни амалга ошириш мақсадида пайдо қилинаётган экан, жуда ҳам аламлидир. Бу «сиёсий ечим» ва «янги босқич», деган нарса мусулмонлар юртларида ҳукм сураётган фуқаролик секуляр тузумлардан унчалик фарқ қилмайди. Маълумки, фуқаролик секуляр тузумлари мусулмонлар юртларига мустамлакачи кофирлар ва уларнинг малайлари юз йил олдин Исломдаги бошқарув тизими бўлмиш Халифаликни йўқ қилишга муваффақ бўлганидан кейин ўрнатилди. Шундан сўнг бошқа миллатлар, худди ебтўймаслар ўз товоғига ташланганидек, устимизга ёпирила бошлади… Шунга қарамай, Уммат тез кунларда яна олдингидек азизу мукаррам бўлади. Рошид Халифалик – Аллоҳнинг изни ила – яна ҳаёт майдонига қайтади. Лекин Аллоҳнинг суннат-қонунияти шуки, биз тек ўтирган ҳолатда, осмондан фаришталар тушиб, бизга Халифаликни барпо қилиб бермайди. Аксинча, Халифалик Роббиларига иймон келтирган ва ҳидоятлари яна-да зиёда бўлган эр кишилари қўли билан барпо бўлади… Биз бундай эр-кишиларидан – армияда бўлсин ёки мухолифатда бўлсин – сонлари ўз бўлса-да, лекин маҳрум эмасмиз. Айниқса, бошланганига ўн кун бўлган бу ҳодисаларни яқиндан кузатаётган киши режимга қарши ҳужум уюштирганларнинг фақатгина Туркия ва унинг ортидаги Америка тарафдорларидан иборат эмаслигини ҳамда уларнинг ҳокимиятни бир елкадан бошқасига ўтказиш орқали секуляр ўзгаришни мақсад қилмаганликларини кўради… Аксинча, режимнинг зулми ва шафқатсизлигидан жабр кўрган ва мусулмон Сурия халқининг истакларини рўёбга чиқариш учун режимни ўзгартиришни талаб қилган бошқа инсонлар ҳам тўқнашувларга аралашган. Биз ана шу инсонларга мурожаат қилиб, уларни мустамлакачи кофирлар ва уларнинг малайлари истаётган бузуқ секуляр сиёсий ечимларни барбод қилиш учун максимал даражада ҳаракат қилишга чақирамиз. Зеро, уларнинг ана шу ҳодисаларда берган қурбонликлари зое кетмасин! Уларни, шунингдек, Исломдаги бошқарув низоми бўлмиш рошид Халифаликни барпо қилиш учун ҳаракат қилаётганларга ёрдам беришга чақирамиз. Шунда улар улуғ ажр ва буюк зафарга эришиб, Аллоҳ Таолонинг қуйидаги хушхабарига лойиқ бўлган кишилар жумласидан бўладилар.
﴿نَصۡرٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَفَتۡحٞ قَرِيبٞۗ وَبَشِّرِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ﴾
«У Аллоҳ томонидан бўлган нусрат ва яқин(да рўй бергувчи) фатҳдир. (Эй Муҳаммад), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» [Соф 13]
6 жумодуссоний 1446ҳ
8 декабр 2024м