Оиладаги зўравонликнинг асосий сабабчиси демократиядир
Қирғизистонда жорий йилнинг 10 ойида Ички ишлар вазирлиги томонидан 14293та оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ёки 3877тага кўпдир. Ўтган йили ҳам зўравонлик ҳолатлари 2022 йилга нисбатан 32 фоиз кўп қайд этилган.
Олинган хабарларга кўра, зўравонлик қурбонларига 12001та ҳимоя ордери берилган. Улардан 11227таси аёлларга, 529таси эркакларга берилган. Шунингдек, 245 нафар болага ҳам ҳимоя ордери берилган.
“Оилавий зўравонлик” моддаси бўйича 3288та баённома тузилиб, кўриб чиқиш учун суд органларига юборилди. Натижада 1623 нафар шахс ҳибсга олинди, 1189 нафар шахс ижтимоий ишларга жалб этилди.
Рўйхатга олинган оиладаги зўравонлик баъзан қотиллик билан тугагани учун бу муаммо вақти-вақти билан жамоатчилик ичида муҳокамага сабаб бўлмоқда. Гарчи бу муаммони бартараф этиш давлатнинг вазифаси бўлса-да, расмий маълумотлар зўравонлик йил сайин ортиб бораётганини тасдиқламоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қатор таклифлар билдирилмоқда, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояланмаётганлиги ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар сон-саноқсиз. Масалан, ноҳукумат ташкилотлар хотин-қизлар ҳуқуқларининг етарлича ҳимояланмаганини таъкидлаб, Ғарбда синовдан ўтган қонунларни таклиф қилиб келади. Бироқ Ғарбнинг ўзи бу муаммонинг гирдобида қолиб, ундан қутулиш йўлини топа олмай сарсон. Чунки Ғарб давлатлари ҳам Қирғизистон сингари инсон онгидан келиб чиқадиган демократик қонунлар асосида бошқарилади. Шу боис аёлларга нисбатан зўравонлик камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Масалан, “The Diplomat” нашри дунёда аёлларнинг қарийб 35 фоизи жинсий ва бошқа зўравонлик турларини бошдан кечираётгани ҳақида ёзди. Бу рақам жинсий тегажоғлик статистикасини ўз ичига олмайди. АҚШда ҳар дақиқада 20 киши оилавий зўравонликка дучор бўлади. Маълум қилинишича, бу мамлакатда ҳар куни 1900 нафар қиз зўрланади. Францияга келсак, 4 миллион француз аёллари, яъни француз аёлларининг 12 фоизи ҳаётида камида бир марта зўрланганлигини айтган. Ҳар уч кунда бир аёл ўз шериги томонидан ўлдирилади. Германияда ҳар 5 дақиқада камида бир аёл жинсий ёки бошқа зўравонликка дучор бўлади. Ҳар уч кунда бир аёл эри, оиласи ёки ҳамкасби томонидан қўлланилган зўравонлик туфайли вафот этади.
Маълумки, аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий сабаби ҳозирда қўлланилаётган капиталистик қонунлардир. Зеро, демократия аёлларни эркаклар билан тенглаштириш баҳонасида табиатан заиф бўлган аёлларга эркаклар билан бир хил масъулият юклади. Аёлларнинг ўз эркини ўз қўлига топшириш ва эркаклардан мустақил қилиш (гендер тенглиги) баҳонасида уларни аёлларга мос бўлмаган соҳаларга жалб қилинди. Натижада оилада барқарорлик йўқолди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўз бурчларини унутганлиги учун оилада низолар кучаймоқда. Шунинг учун капитализм тузуми аёллар дуч келадиган зўравонликни бартараф эта олмайди. Аксинча, бу муаммолар ана шу мафкура туфайли юзага келмоқда ва аёллар Ғарбнинг бу “эркинлиги”дан ҳимоя қилинишга муҳтождир. Буни Ғарб расмийларининг баёнотлари ҳам тасдиқлайди. АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтоннинг сўзларига кўра, “аёллар умумий ишчи кучининг 40 фоизини, қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг 43 фоизини ва дунёдаги талабаларнинг ярмини ташкил қилади. Шундай экан, аёлларнинг иқтисодий салоҳиятини сиқувга олиш ҳар қандай давлат учун тайёр пулдан воз кечиш билан баробар”. Клинтоннинг бу сўзлари капитализм ҳақиқатини яққол акс эттириб турибди. Бошқача айтганда, капитализмнинг дунёқараши аёлларга уй бекаси сифатида эмас, балки ишчи кучи сифатида қарайди.
Бунинг муқобилида, Ислом жамиятида зўравонлик кам учрайдиган ҳодисадир. Хусусан ор-номус сифатида бизга берилган аёллар ва келажак авлод сифатида болаларга нисбатан зўравонлик қилиш қабул қилиб бўлмайдиган жиноятдир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“ Улар билан тинч-тотув яшанглар ” (Нисо: 19). Расулуллоҳ ﷺ мусулмонларни аёлларига зўравонлик қилишдан огоҳлантириб шундай дедилар:
لَا يَجْلِدُ أحدُكم امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا في آخِرِ الْيَوْمِ
— Сизларнинг орангиздан бирортангиз ўз хотинини қулдек уриб, сўнг кечки пайт у билан жинсий алоқа қилмасин! (Бухорий ривояти).
Ислом аёлларга уй бекаси ва ҳимоя қилиниши шарт бўлган номус сифатида қарайди. Ана шу дунёқарашга асосланиб, эркак ўз хотини ва маҳрамларини ҳимоя қилади. Шу билан бир қаторда, шариат оиладаги эркак ва аёлнинг табиатига кўра ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берган. Аёл оилада фарзанд дунёга келтириш, уни кўкрак сути билан боқиш, тарбиялаш каби ўзининг табиий вазифасини бажаради. Бу масъулиятни адо этиш учун вақтини, меҳнатини сарфлайди. У бу борадаги ҳукмларни ўрганади ва қўлидан келганича уларга амал қилишга ҳаракат қилади. Бу ҳукмларни бажаришдаги синовларга сабр қилади. Эркак киши эса, табиатан кучли ва меҳнатга қодир бўлганлиги учун у оила аъзоларининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашдан жавобгардир. Шунингдек у ўз вазифасидан вақти ортса, уй ишларида хотинига ёрдам бериши суннатдир. Демак, гендер тенглиги баҳонасида эркаклар масъулиятини аёлларга юклаш бугунги кунда кўриб турганимиздек бошбошдоқлик ва муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, аёл киши бошқарув ишлари билан бир вақтнинг ўзида уй бекаси бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳар бир ишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Бу борада Расулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤول عَنْ رَعِيَّتِهِ الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَهُوَ مَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْؤولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا
“Ҳар бирингиз бошқарувчисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан масъулдир. Имом бошқарувчидир ва у ўз фуқароси борасида масъулдир. Киши бошқарувчидир ва ўз қўл остидагилардан масъулдир. Аёл эрининг уйи ишларини бошқарувчидир ва ўз қўл остидагилардан масъулдир…”.
Аллоҳ Таоло уларнинг ҳар бирига мана шу масъулиятни бажарганига яраша ажр ваъда қилди. Абдураҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:
إِذَا صَلَّتِ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتِ
“Агар аёл беш вақт намоз ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, ўз номусини ҳимоя қилса ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан киришни хоҳласанг, киравер”, дейилади” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Аёл кишининг асосий вазифаси уй бекаси ва оналик масъулияти бўлса-да, шариат унга, шахс сифатида эркаклар қатори илм талаб қилиш, бойлигидан закот бериш ва даъват қилиш каби ишларни фарз қилган. Бундан ташқари, у шахсий ва жамоат жойларида ўзи учун ишлаши, харид қилиши ва ҳоказо ишларни бажариши жоиздир. Шариат аёл киши учун бу ишларни тақиқламайди ва бу ишлар унинг уй бекаси бўлишига ёки оналик вазифасини бажаришига халақит қилмайди. Ислом бугунги кунда бўлаётганидек, ҳаёт учун фойдани эмас, балки ҳалол ва ҳаромни ўлчов қилиб олади. Шу сабабли, ишлашни хоҳлайдиган аёлларга маълум соатларда ишлашлари учун шароит яратиб берилади. Масалан, Усмонли халифалиги даврида аёлларнинг иқтисодий соҳада фаол иштирок этгани маълум. Тарихий маълумотлар шуни кўрсатадики, аёллар деҳқончилик, боғдорчилик ерлари ва кўчмас мулкларга эга бўлиш орқали улардан тушган даромадни ўзлари ишлатган. 18 асрда Ҳалабдаги суд маълумотларига кўра, мулкни сотиш билан боғлиқ аёлларга оид ишлар 63 фоизни ташкил қилган. Маълумки, Исломнинг аёлларга нисбатан уй бекаси ва ҳимояланадиган номус сифатидаги дунё қараши уларнинг иқтисодий фаолиятига зарар етказмайди. Аксинча, ҳар қандай вазиятда ҳам, фаровон яшашини кафолатлайди. Шунингдек Ислом оила ҳаётини меҳр-муҳаббат устига қуради. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً
“Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир” (Рум: 21).
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини жамият фаровонлиги учун оиланинг мустаҳкамлигига ҳамиша алоҳида эътибор берган. Бинобарин, аёлларнинг ва умуман жамиятнинг фаровонлиги Ислом динини ҳаётга татбиқ этилишига боғлиқдир.