Халқаро молиявий ташкилотлар нима учун Қамбар ота-1 ГEСига қизиқмоқда?
Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани билан Қамбар-Ота-1 ГEСи қурилишини муҳокама қилди. Бу ҳақда 26-октабр куни ҳукуматга қарашли ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, учрашув Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчиларининг йиллик учрашуви доирасида бўлиб ўтган. Бассани ўз нутқида Қамбар-Ота-1 қурилиш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдириб: “Қамбар-Ота ГЭС-1 лойиҳасини амалга оширишда Жаҳон банки Қирғизистонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр”, деди.
Расмий маълумотларга кўра, ГЭС қурилишига 4 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади.
Изоҳ:
Бундан аввал Халқаро валюта жамғармаси вакили ҳам Бош вазир Ақилбек Жапаров билан учрашиб, Қамбар-Ота-1 ГEСи қурилиши ҳақида маълумот олган ва бу борада Қирғизистон билан ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилган эди. Маълумки, Россия мазкур лойиҳани амалга оширишга тўсқинлик қилиб келмоқда. Бироқ у ҳозирги кунда Украина ботқоғига ботиб қолганлиги ва ўз таъсири остидаги минтақаларда аввалгидек сиёсат олиб бора олмаётгани сабабли, Қирғизистон бошқа манбалар ёрдамида Россия манфаатларига зид стратегик лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.
Халқаро молиявий ташкилотларнинг манфаатларига келсак, бу ташкилотлар мамлакатда электр тарифларини ошириш талаби билан кредитлар беради. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки Қирғизистонга 20 миллион доллар бермоқчи бўлганида, банкнинг собиқ вице-президенти Анна Бьерде: “Арзон тарифлар керагидан кўра кўпроқ электр истеъмол қилишга ундайди. Биз бунинг ўзгартирилиши тарафдоримиз”.
Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида ҳеч шубҳа йўқ. Мустамлакачилар уларнинг ёрдамида мамлакатларни қарзга ботириб, ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга оширадилар. Қолаверса, энергетика тармоғини ислоҳ қилиш баҳонасида хусусий шахсларга ўтказиб бериш ортида ҳам молиявий ташкилотларнинг манфаати ётади. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади. Халқаро молиявий ташкилотлар шу тариқа капиталистик тузумнинг зулмларини амалга ошириб беради.
Аслини олганда, электр энергияси омма халқнинг мулки бўлиб, унга давлат ёки хусусий компаниялар эгалик қилиши Исломда жоиз эмас. Унинг ўзи ҳам, ундан тушган даромад ҳам Умматга тегишли бўлиб, ҳар бир фуқарога тақсимланиши керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
اَلْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ
“Мусулмонлар уч нарсада – сувда, яйловда ва оловда шерикдирлар”. Анас розияллоҳу анҳу ҳам бу ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, “унинг пули ҳаромдир” деган сўзни илова қилган. Бинобарин, умумий мулк ёки ундан олинадиган даромад ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш давлатнинг бурчидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан Қирғизистон ҳам аввало бу капиталистик тузилмадан воз кечиб, мустамлакачиларни қувиб чиқармагунича ўз мулкига ўзи эгалик қила олмайди. Уларни қувиб чиқара оладиган ва халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган тузум эса фақат Исломда мавжуд. Шундай экан, эй халқ ва унинг бошида турганлар, келинг, шу йўлда ҳаракат қилайлик!
Нурдин Асаналиев