Аллоҳнинг раҳмати ва азоби

0
99

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Аллоҳнинг раҳмати ва азоби

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

Имом Аҳмад ўзининг “Муснад”ида “Агар мўмин Аллоҳ ҳузуридаги азоб қандайлигини билганда эди, жаннатга интилмас эди…”, деган ҳадисни ривоят қилган.

حَدَّثَنَا أَبُو عَامِرٍ حَدَّثَنَا زُهَيْرٌ عَنِ الْعَلَاءِ عَنْ أَبِيهِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَوْ يَعْلَمُ الْمُؤْمِنُ مَا عِنْدَ اللَّهِ مِنْ الْعُقُوبَةِ مَا طَمِعَ فِي الْجَنَّةِ أَحَدٌ وَلَوْ يَعْلَمُ الْكَافِرُ مَا عِنْدَ اللَّهِ مِنْ الرَّحْمَةِ مَا قَنَطَ مِنْ الْجَنَّةِ أَحَدٌ خَلَقَ اللَّهُ مِائَةَ رَحْمَةٍ فَوَضَعَ رَحْمَةً وَاحِدَةً بَيْنَ خَلْقِهِ يَتَرَاحَمُونَ بِهَا وَعِنْدَ اللَّهِ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ رَحْمَةً

Абу Омир бизга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар мўмин Аллоҳ ҳузуридаги азоб қандайлигини билганда эди, ҳеч ким жаннатга интилмас эди. Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги раҳмат нималигини билганда эди, ҳеч ким жаннатдан умидини узмасди. Аллоҳ Таоло юзта раҳмат яратиб, битта раҳматни махлуқотларига берди. Улар у билан бир-бирларига раҳм-шафқат қиладилар. Аллоҳнинг ҳузурида тўқсон тўққиз раҳмат бор”.

Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги раҳмат нималигини билганда эди, ҳеч ким унинг жаннатидан умидини узмасди” деган сўз кофирга тегишлидир. Аммо мўмин учун бунинг акси бўлади. “Жаннатдан умидини узмасди” деганининг маъноси шундан иборатки, агар кофир Аллоҳ Таолонинг раҳмати кенглигини билганда эди, унинг раҳмати у билган буюк азобни йўқ қилишини умид қилиб, жаннатга интиларди. У Зотнинг раҳм-шафқати кенглигини билган киши унинг акси бўлган азоб-уқубатларга эътибор бермай, раҳм-шафқатга интилади.

Ал-Муборакпурий айтади: “Мўмин киши жаннатга интилиш учун танлаб олинган”. Шунинг учун у интилишини йўқотса, ҳамма нарсасини йўқотади. Худди шундай, кофирда умидсизлик табиати борлиги сабабли, ундан ноумидлик олиб ташланса, ҳамма нарсадан қутулади. Ҳадисда Аллоҳ Таолонинг раҳмати ва азобининг буюклиги баён қилинган. Токи, мўмин Аллоҳнинг раҳматига алданиб, азобига дучор бўлмасин, кофир эса Аллоҳнинг раҳматидан умидини узиб, раҳмат эшигини тарк этмасин”.

Азиз биродарлар!

Раҳмдиллик Аллоҳ Таолонинг сифатларидан биридир. Бу эса, мусулмонни Аллоҳнинг раҳмати ва марҳаматидан умидини узишга йўл қўймайди. Инсон Аллоҳнинг раҳмдил, меҳрибон, тавбани қабул қилувчи, шафқатли, мағфиратли, айбларни яширувчи ва дуоларни ижобат қилувчи сифатларини билиб, унга имон келтиради. Гуноҳ қилса, Аллоҳ Таолодан раҳм-шафқат қилишини, кечиришини ва тавбасини қабул қилишини сўраб, Аллоҳнинг мумин бандаларига бўлган раҳматига умид боғлаб дуо қилади. Бу Аллоҳга қайтишга ва ҳар доим гуноҳ қилганда, Унга тавба қилишга олиб келади. Умидсизлик унинг қалбига йўл тополмайди. Сабр ва матонатга ишонган одам қандай қилиб умидсизликка тушади? Инсон Аллоҳ Таолонинг Раҳим, Карим ва Ҳалим сифатларини била туриб, қандай қилиб Унинг раҳматидан умидини узиши мумкин?

Аввалгиларнинг аҳволи умид ва қўрқувдан иборат эди. Шунинг учун ҳамиша Аллоҳ Таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш лозим. Чунки банда Роббиси ҳақида қандай гумонда бўлса, Роббисини шундай топади.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

22 Робиус Сани, 1446ҳ йил.

25 октябрь,         2024м йил.

NO COMMENTS