Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара тўқнашувлари

121
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара тўқнашувлари

Савол: Арабия веб-сайти 2024 йил 13 августда қуйидаги хабарни тарқатди: (Толибон ҳукумати сешанба куни Покистон кучларини икки давлат чегарасидаги тўқнашувлар чоғида уч тинч фуқаро, жумладан, бир аёл ва икки болани ўлдирганликда айблади… Торхам ўтиш пунктидаги Покистон чегара расмийсининг айтишича, тўқнашувда уч Покистон аскари яраланган…). Бундан аввал (Жума куни Халқаро Валюта Фонди ва Покистон ҳукумати уч йилга мўлжалланган 7 миллиард долларлик ёрдам дастури бўйича келишув имзолади. Скай Ньюс арабия, 2024 йил 13 июл). Савол шуки, бундай тўқнашувлар аввал ҳам содир бўлганини ҳисобга олсак, уларнинг ортида нима турибди? Америка назорати остидаги Фонднинг кўрсатаётган ёрдами билан Покистонни Ҳиндистондан узоқлаштирган ҳолда Афғонистон уруши билан банд қилиш ўртасида боғлиқлик борми? Зеро, шу тариқа Ҳиндистон АҚШнинг Хитойга босим ўтказиш истагини амалга оширган ҳолда Хитойга қарши туришга эътибор қарата олади! Ёки бунинг бошқа сабаблари борми?

Жавоб: Ушбу саволларга жавоб бериш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

  • Мустамлакачи Британия томонидан Покистон ва Афғонистон ўртасида ўрнатилган чегаралар ҳақидаги 2023 йил 28 январда нашр қилинган саволга жавоб нашримизда бундай деган эдик: (Афғонистон ва Покистон ўртасидаги шимоли-шарқдан жануби-ғарбга чўзилган 2640 километрлик чегарани ташкил этувчи «Дюранд чизиғи» 1893 йилда ўша пайтдаги Британия Ҳиндистони ташқи ишлар вазири Сэр Мортимер Дюранд ва Афғонистон шоҳи Амир Абдураҳмонхон ўртасидаги келишув билан белгиланган. Покистон ва Афғонистоннинг расмий чегаралари сифатида қабул қилинган Дюранд чизиғи пуштунларни иккига бўлиб ташлади. Маълумки, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудида аксарияти пуштун бўлган мусулмонлар яшайди. Улар Афғонистондаги энг катта этник гуруҳ бўлиб, аҳолининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади. Охирги икки аср давомида Афғонистондаги ҳукмдорларнинг барчаси пуштунлардан бўлган. Покистонда ҳам панжоблардан кейинги иккинчи энг йирик этник гуруҳ пуштунлар ҳисобланади. Афғонистон Дюранд чизиғини тан олмайди. Хусусан, Британия ўша даврда Дюранд чизиғини чизаркан, минтақанинг демографик, этник ва қабилавий тузилишини ҳисобга олмай, фақатгина ўзининг мустамлакачилик манфаатларини ҳисобга олиб, 1893 йил 12 ноябрда сунъий равишда белгилаб қўйган. Инглизлар ўзларидан олдинги кўпчилик сингари чегара ҳудудларини назорат қилиш учун курашган… Британия 1839-1842 йиллардаги Афғонистонга қилган агрессияси пайтида ҳалокатли ҳарбий мағлубиятга учради. 1878 йилда яна ҳужум қилди. Аммо икки йилдан кейин чекинишга мажбур бўлди. Бироқ Афғонистон ҳукмдорлари 1879 йилда Гандамак шартномасини имзолаганидан кейин Британия сиёсий нуфузга эга бўлди. Ушбу келишув натижасида Афғонистон исломий Ҳиндистон ярим оролида ҳукмронлик қилган инглиз мустамлакачилигига катта ҳудудларни бой берди… 2021 йил август ойида Давҳа келишувига биноан АҚШ Афғонистонни тарк этганидан кейин Толибон ҳаракати Қобулда ҳокимиятни қўлга киритгач, Покистон томонидан кўрилган чегара чораларини очиқчасига рад эта бошлади. Чегарадаги провокациялар икки томон ўртасида одатий ҳолга айланди. Ўтмишда ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмай, бемалол чегарадан ўтиб келган пуштун оилалари ва афғон қочқинларига қўйилган қаттиқ чекловлар сабабли бу чегаралар вақти-вақти билан қизиб борарди. Сўнг одамлар умрига зомин бўлган тўқнашувлар сабабли қайнаш нуқтасига етиб келди…). Саволга жавоб нашридан келтирилган иқтибос тугади.
  • Ушбу чегара чизиғи (Дюранд чизиғи) Афғонистоннинг 1979 йилда Совет Иттифоқи ва 2001 йилда АҚШ каби йирик давлатлар босқинидан кейинги қийин даврларида икки давлат ўртасидаги зиддиятларни сезиларли даражада пасайтирди. Бироқ бугун бу чегара чизиғи 2021 йилда Америка қўшинлари Афғонистондан шармандаларча чиқиб кетганидан кейин Америка сиёсати талаблари асосида яна кун тартибига келтирилди. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Совет Иттифоқи Афғонистонни босиб олган даврда бу чегаралардаги назорат заиф бўлган. Бу эса, Покистонда тайёргарликдан ўтаётган мужоҳидларнинг Афғонистонда Совет Иттифоқига қарши жанг қилиш учун чегарани кесиб ўтишларини осонлаштирган. Чегарадаги бу заифлик, шунингдек, чегаранинг икки томонидаги пуштун оилаларининг алоқалари билан боғлиқ эди. Қолаверса, бу Афғонистондаги Совет қўшинларининг мавжудлигига қарши қаратилган АҚШ сиёсатига ҳам мос эди. Бироқ Америка Афғонистонга бостириб кирганидан кейин Америка сиёсатида ўзгаришлар юз бериб, Покистондан чегара назоратини кучайтиришни ҳамда АҚШнинг Афғонистонга бостириб киришига қарши чиққан мужоҳидларнинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймасликни талаб қилди. Шундан сўнг Покистон армияси Покистон ичкарисидаги бу чегара ҳудудларида шиддатли уруш бошлади.
  • 2018 йил май ойида Покистон Афғонистон билан чегарадош Қабилалар минтақасини Хайбар-Пахтунхва вилояти таркибига қўшиб қўйди. Шу орқали ноаниқлик даври ва бу минтақаларнинг Покистон қонунлари, полицияси ва суд тизимига итоат қилмаслик ҳолатига чек қўйилди. Покистон Афғонистон билан бўлган чегара масаласи ҳал бўлди деб ҳисоблайди: (Покистон муваққат бош вазири Анвар Ҳақ Какар Афғонистоннинг «TOLOnews» каналига берган интервьюсида бундай деди: «Дюранд чизиғи Афғонистон ва Покистон ўртасидаги халқаро жиҳатдан тан олинган чегара ҳисобланади. Биз ва бутун дунё давлатлари учун Афғонистон билан бўлган чегара муаммоси тугади». Ал-Жазира нет, 2024 йил 14 март). Бироқ тарих давомида барча афғон ҳукуматлари, ўзларининг сиёсий ва мафкуравий йўналишларидан қатъий назар, Дюранд чизиғини икки давлат ўртасидаги расмий халқаро чегара сифатида тан олишдан бош тортиб келган. Бу борадаги сўнгги баёнот – юқоридаги манбага кўра – Толибон ҳукуматининг чегара ва қабилалар масаласи бўйича вазири мулло Нуриддин Туробий тилидан янгради. У «Афғонистоннинг Покистон билан расмий чегараси йўқ», деди. Узунлиги 2600 километрдан ортиқ бўлган ушбу чегара чизиғида икки давлат ўртасидаги зиддият кучайди. Биз юқоридаги (2023 йил 28 январдаги) саволга жавоб нашримизда бундай деган эдик: (Сўнг Покистон чекловларни янада кучайтириб, тарихда биринчи марта афғонларга кириш визасини жорий қилди. Унинг 3 метр баландликда сим тўсиқ ўрнатиши кескинликни янада кучайтирди. Товар ва одамлар ўтишини назорат қилиш ҳамда «террорчилар»дан ҳимояланиш баҳонасида юзлаб километр сим тўсиқлар ўрнатиш учун юз миллионлаб доллар сарфланди. Шу тариқа сим тўсиқ икки давлат ўртасидаги чегара ҳудудидаги кескинлик ва тўқнашувларнинг сабабларидан бири бўлиб қолди. Кейин Толибон ҳукумати Покистон кучларининг икки давлат ўртасидаги қарийб 2700 километрлик чегарада тўсиқ ўрнатишларига тахминан 90 фоизга яқини қуриб битказилганидан сўнг тўсқинлик қилди. Ашраф Ғани ҳукумати ағдарилишидан олдин тўсиқ ўрнатилишини маъқуллаган эди. Бироқ Покистон кучлари девор ўрнатилишини якунламоқчи бўлганида Толибон ҳукумати уларга қаршилик қилди. Бу чегаранинг турли қисмларида томонлар ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди. Ҳар икки томондан қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлди… Шундай қилиб, Покистон ҳукумати иқтидордаги Толибон ҳаракатини Покистон Толибонининг мамлакат армиясига ҳужум қилишига тўсқинлик қилмаётганликда айблагач, икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашди. Шундан сўнг Покистон Афғонистондаги объектларни бомбардимон қилиб, Покистон Толибонини нишонга олганини даъво қилди…).
  • Шундай қилиб, Покистон армияси билан Афғонистон кучлари ўртасидаги тўқнашувлар икки давлат муносабатларида янги реалликка айланди. Бу тўқнашувлар чегара муаммоси ва Покистон Толибони билан Покистон армияси ўртасидаги ҳужумлар туфайли кучаймоқда: (Ўтган йили қурбонлар сони сўнгги 6 йилдаги энг юқори даражага етган. Исломободда жойлашган Тадқиқот ва Хавфсизликни ўрганиш маркази маълумотларига кўра, тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари ва жангарилардан иборат 1500дан зиёд инсон қурбон бўлган. Ал-Жазира нет, 2024 йил 17 июл). Покистон армияси Афғонистонни Покистон Толибонига бошпана беришда айблагани сабабли Исломобод Афғонистонга босимини янада оширди: (Толибоннинг қайтганларга ёрдам бериш ва қайта жойлаштириш қўмитаси матбуот котиби Қори Юсуф Аҳмадий ўз баёнотида «Икки қўшни давлат (Покистон ва Эрон) 2024 йил бошидан буён 400 мингдан ортиқ қочқинни мажбуран депортация қилган. Депортацияларнинг 75 фоизи Покистон ҳиссасига тўғри келади», деди. Ҳурра, 2024 йил 11 июн).
  • Буларнинг барчасидан шу нарса маълум бўладики, Покистондаги америкапараст ҳукумат Афғонистондаги Толибон ҳаракатига қарши босим ва провокация сиёсатини олиб бормоқда. Афғонларнинг чегарадан бемалол ўтишларига тўсқинлик қилиб, қариндошларини зиёрат қилиш учун чегарадан ўтмоқчи бўлганлардан виза талаб қилмоқда. Чегара тўсиғини ўрнатиб, буни реал воқелик сифатида жорий қилмоқда. Чегара чизиғини Афғонистоннинг ичкарисига қадар жилдириб, АҚШ қўшинлари 2021 йилда Афғонистондан чекиниши ортидан мамлакатдан қочиб кетган 600 минг қочқин дохил жами икки миллиондан зиёд афғон қочқинларига тазйиқ ўтказмоқда. (Ҳурра, 2024 йил ноябр). Афғон қочқинларини Покистондан оммавий тарзда депортация қилмоқда. Покистон ҳукумати, шунингдек, АҚШ самолётларининг 2022 йилда Афғонистонга ўтишига ҳамда Ал-Қоида етакчиси Айман Завоҳирий ўлдирилган ҳаво ҳужумини амалга оширишига имконият яратиб берди. Покистон разведка хизмати эса Афғонистоннинг чегарадош шаҳарларида Покистон Толибонининг таниқли етакчиларини нишонга олган суиқасд амалиётларини ўтказмоқда.
  • Покистон томонидан амалга оширилган бу ҳаракатларнинг барчаси Американинг Афғонистондаги Толибонни бутунлай ўзига бўйсундириш учун унга босим ўтказиш сиёсати доирасида бўлмоқда. У, шунингдек, Ҳиндистоннинг Хитойга қарши Америка томонида бўлишини таъминлаш учун Вашингтоннинг Покистон армиясини фуқаролик уруши ва Афғонистон билан урушга тортиш истаги доирасида бўляпти. Унинг бу ҳаракатларини ҳатто Хитойнинг Афғонистондаги минерал ресурслардан фойдаланишига йўл қўймаслик учун АҚШ томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми сифатида ҳам кўриш мумкин. Чунки АҚШ ва Толибон ўртасидаги йигирма йилдан ортиқ давом этган очиқ душманлик муносабатлари ўз саноати учун барча турдаги хом ашёга муҳтож бўлган Хитойнинг 2021 йилда АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан кейин Афғонистонни эксплуатация қилиш умидини кучайтирди. Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара можароси Покистондаги иқтисодий коридор учун миллиардлаб доллар сарфлаган Хитойнинг ўз орзуларини амалга оширишига тўсқинлик қилмоқда.

Бу Покистоннинг Афғонистонга нисбатан умумий сиёсати. Бундан улар ўртасидаги зиддиятнинг асосий провокатори Америка экани кўриниб турибди. Душманлик қўзғаш, чегарадаги қуролли тўқнашувлар, барча соҳаларда тарангликнинг кучайиши ва Покистоннинг Афғонистондаги ҳаво ҳужумлари мана шу умумий сиёсат доирасига киради. (Афғонистон мудофаа вазири Покистон ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли жанговар самолётларнинг Покистон чегарасидаги Хост ва Пактика вилоятларида аҳоли зич жойлашган ҳудудларга уюштирган ҳаво ҳужумида бегуноҳ аёллар ва болаларнинг ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди. Покистон армияси ёки ҳукумати бу борада ҳеч қандай баёнот бермади. Бу зарбалар Покистон-Афғонистон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктида содир этилган икки худкушлик ҳужуми оқибатида 6 нафар покистонлик аскарнинг ҳалок бўлиши ортидан, шунингдек, шанба куни Покистон шимоли-ғарбидаги Шимолий Вазиристон вилоятида, Афғонистон билан чегара яқинида уюштирилган ҳужумда 7 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлганидан кейин амалга оширилди. Шарқул Авсат, 2024 йил 18 март).

  • Икки давлат ўртасидаги таранглик 2021 йилдан бери кучайишда давом этмоқда. Чунки унинг сабаблари Америка билан боғлиқ. Покистон Халқаро Валюта Фондидан кредит олиш-олмаслигидан қатъий назар, айни таранглик кучайишда давом этади. Гарчи Халқаро Валюта Фондининг расмий шартлари ва кредит шартномалари маҳаллий валюта, валюта курси, савдо, энергетика ва солиқларни ўз ичига олиб, Покистон ва Афғонистон муносабатларини расман кўриб чиқмаса ҳам, бироқ Американинг маккорона сиёсати ушбу ваъда қилинган кредитлар орқали Покистон ҳукуматидаги малайларнинг сўлагини оқизишини, шу тариқа уларни АҚШ манфаатларини рўёбга чиқаришга, жумладан, Афғонистон билан бўлган тарангликни кучайтиришга ундашини истисно қилиб бўлмайди. Зотан, 2023 йилнинг ёз фаслида Покистон АҚШ назорати остидаги Халқаро Валюта Фондидан 3 миллиард доллар кредит олган. Бу сафар унга кўпроқ ваъда қилишди. (Халқаро Валюта Фонди жума куни Покистон ҳукумати билан уч йилга мўлжалланган 7 миллиард долларлик ёрдам дастури бўйича келишув имзолади. Sky News Arabia, 2024 йил 13 июл). Бу Покистоннинг Америка истакларини амалга оширишга бўлган иштиёқини оширади.
  • Америкапараст Покистон ҳукуматининг баёнотлари икки давлат ўртасидаги тарангликнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу, айниқса, 2024 йил июл ойи ўрталарида покистонлик аскарлар ҳалок бўлган ҳодисадан кейин яққол кўзга ташланди:

а)   (Покистон мудофаа вазири Би-Би-Сига берган интервюсида терроризмга қарши курашга қаратилган янги ҳарбий операция доирасида Покистоннинг Афғонистонга қарши ҳужумларни давом эттиришини айтди. BBC English, 2024 йил 2 июл). Айни манбага кўра, (Толибон бу баёнотни масъулиятсиз дея таъкидлаб, Покистонни трансчегаравий ҳужумлар оқибатидан огоҳлантирди).

б)   Элчининг ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши: (Покистон ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни Толибон ҳаракати етакчилигидаги афғон ҳукумати миссияси раҳбари ўринбосарини чақириб, Толибонни Афғонистонда жойлашган қуролли гуруҳларга қарши чора кўришга чақирди. Исломободнинг таъкидлашича, шу ҳафта ҳарбий базага ана шу гуруҳлар ҳужум қилган. Ал-Жазира, 2024 йил 17 июл).

в)   Покистон Афғонистон ҳукуматидан Хайбар-Пахтунхва вилоятида сешанба куни «террористлар» билан тўқнашув чоғида 8 нафар покистонлик аскарнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум айбдорларига қарши «зудлик билан ва самарали» чора кўришни талаб қилди… Баёнотда ҳужумнинг Афғонистондаги Покистон Толибони ҳаракатига қарашли «Ҳофиз Гул Баҳодир» жамоаси томонидан амалга оширилгани ва 8 нафар аскарнинг ўлимига сабаб бўлгани айтилди. Анадолу агентлиги, 2024 йил 17 июл).

г)    Арабия веб-сайти 2024 йил 13 августда қуйидаги хабарни нашр қилди: (Сешанба куни Толибон ҳукумати Покистон кучларини икки давлат чегарасидаги тўқнашувлар чоғида уч нафар тинч фуқаро, жумладан, бир аёл ва икки болани ўлдирганликда айблади… Покистоннинг Торхам чегарасидаги бир расмийси тўқнашувда уч покистонлик аскар яраланганини билдирди…).

  • Хулоса: чегара низолари, Покистондаги афғон қочқинлари билан боғлиқ кескинлик, Покистон Афғонистон ҳукуматини Покистон Толибони жангариларига бошпана беришда айблаб келиши ҳамда ҳужумларнинг Афғонистондан амалга оширилаётганини даъво қилиши, буларнинг барчаси икки томон ўртасидаги зиддиятни кучайтирмоқда. Бу нарсалар, шунингдек, чегара тўқнашувлари ҳамда Покистон томонидан Афғонистоннинг чегара ҳудудларида жойлашган шаҳар ва қишлоқларнинг бомбардимон қилиниши учун асос яратиб бермоқда. Катта эҳтимолга кўра, бу эгри йўналиш 2021 йил Байден маъмурияти ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетганидан буён зўрайиш тенденциясини олган ҳамда бу кескинликнинг сабабчиси – юқорида айтганимиздек – асосан Америкадир… Америка ўзининг минтақадаги ва Хитой борасидаги мақсадларини амалга ошириш учун кескинликни янада кучайтирмоқда. Гарчи Халқаро Валюта Фонди шартлари Покистон-Афғонистон муносабатларини ўз ичига олмаса-да, Америка бу кредитларга Афғонистон ва Покистон ўртасида зиддият ва можароларни кучайтириш учун ўзининг Покистондаги малайларига тақдим этилган хўрозқанд сифатида қарайди. АҚШ президентлиги сайловларида Демократлар ва Республикачилар ўртасидаги рақобат шиддатли кечиши кутилаётган экан, шунингдек, Республикачилар партиясидан номзод бўлган Трамп Демократлардан бўлган Байден маъмуриятини 2021 йилда Афғонистондан қўшинларни шармандали тарзда олиб чиқишда айблаётган экан, Байден маъмурияти Толибонга қарши курашиш вазифасини Покистонга топширганини америкаликларга кўрсатиш учун Покистонни Афғонистонда Толибон билан бўлган шиддатли жангларга тортиши ҳам мумкин… Шу сабабларга кўра, Покистондаги Америка малайларининг баёнотлари кескинлик, таҳдид ва қўрқитишларни ўз ичига олмоқда. Яъни вақти-вақти билан бўлаётган тўқнашувлар чегарадаги жангларга айланиб кетиши мумкин. Аммо кучли томон бўлган Покистоннинг Афғонистондан ҳудудий даъвоси бўлмагани учун кенг қамровли урушга айланиши даргумон…
  • Мусулмонларнинг ўзаро ўрталаридаги чегараларни йўқ қилишни ва юртларини битта халифа соясида бирлаштиришни талаб қиладиган Ислом аҳкомлари йўқ бўлган пайтдаги аҳволи мана шу. Уммат, хусусан, унинг орасидаги куч-қудрат аҳли Роббилари ва Умматлари учун ғазабланиб, анави қўғирчоқ ҳукмдорларни ағдариш учун қўзғалмагунича, аҳвол шундай давом этаверади. Чунки бу малай ҳукмдорлар кечаю кундуз ўз Умматларига қарши тил бириктириб, бу фитналарини Аллоҳнинг душмани бўлган Америка ва бошқа давлатларни рози қилиш учун амалга оширишмоқда… Шубҳасиз, мусулмонларнинг аҳволи аввалида нима билан ислоҳ бўлган бўлса, бугун ҳам ўша билан ислоҳ бўлади. Яъни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатида Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритилгандагина уларнинг аҳволи ислоҳ бўлади. Зеро, Аллоҳ Таоло

﴿فَإِمَّا تَثۡقَفَنَّهُمۡ فِي ٱلۡحَرۡبِ فَشَرِّدۡ بِهِم مَّنۡ خَلۡفَهُمۡ لَعَلَّهُمۡ يَذَّكَّرُونَ﴾

«Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни ҳалок қилиш билан ортларидаги кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар»                 [Анфол 57]

дея таъкидлаганидек, Халифалик кофирларни даҳшатга солади. Халифалик давлатининг конституцияси Аллоҳнинг Китоби, Росули ﷺнинг суннатлари ва бу иккисидан келиб чиққан саҳобалар ижмоси ва шаръий қиёсдан иборат Ислом конституциясидир, инсон ўйлаб топган конституция эмас. 1973 йилда ҳокимиятдан кетган Муҳаммад Зоҳир шоҳ давридаги конституция ҳам, 2021 йил 28 сентябрда Толибон ҳукумати адлия вазирининг эълони билан қабул қилган 1964 йилги Афғонистон конституция ҳам (бу ҳақда Ал-Жазира ва Анадолу агентлиги 2021 йил 28 сентябрда хабар қилган), шунингдек, бошқа исломий юртларда амал қилинаётган конституциялар ҳам, барчаси Аллоҳнинг буйруқларига зиддир.

﴿وَأَنِ ٱحۡكُم بَيۡنَهُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَآءَهُمۡ وَٱحۡذَرۡهُمۡ أَن يَفۡتِنُوكَ عَنۢ بَعۡضِ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ إِلَيۡكَۖ فَإِن تَوَلَّوۡاْ فَٱعۡلَمۡ أَنَّمَا يُرِيدُ ٱللَّهُ أَن يُصِيبَهُم بِبَعۡضِ ذُنُوبِهِمۡۗ﴾

«Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган аҳкомларнинг айримларидан сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда»                      [Моида 49]

Афғонистон ва Покистон ўзларининг мусулмон юрт эканликларини, бир-бирларига қарши жанг қилиш ҳаромлигини англамоқлари лозим… Улар, шунингдек, ўзаро исломий биродарлик ришталарини янада чуқурлаштирмоқлари, Америка бошчилигидаги мустамлакачи кофирлар билан барча алоқаларни узишлари ҳамда Халифаликни барпо этиш учун ҳаракат қилаётган Ҳизб ут-Таҳрирнинг нусрат талабига жавоб бермоқлари даркор. Ана шунда мусулмонлар азиз-кучли, кофирлар хор бўлади.

﴿وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ + بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ﴾

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) ўзи хоҳлаган кишиларга нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]

 

                                                                                             22 сафар 1446ҳ

                                                                                            27 август 2024м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here