“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси чекка ҳудудларда ҳам амалга оширилади
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда 19 сентябрь куни вазир Улан Ниязбеков маълум қилди. 18 сентябрь куни президент Садир Жапаров “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга оширишни Рақамли ривожланиш вазирлигига ўтказиш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан эди.
Қирғизистонда йўл ҳаракатини назорат қилиш учун “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси 2019 йилда амалга оширила бошланган эди. Лойиҳа Россиянинг “Вега” концерни томонидан амалга оширилган. Ўш шаҳридаги “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси эса, жорий йилнинг 16 сентябрь куни тўлиқ ишга тушди. Ўтган йилнинг декабрь ойида шаҳар ҳокимияти танлов эълон қилган ва унда Россиянинг “Мегафон” компанияси якка ўзи қатнашиб, ғолиб бўлган эди. Компания беш йил ичида 2,5 миллиард сом даромад олишни мақсад қилган.
Бундан аввал рақамли ривожланиш вазирлиги “Хавфсиз шаҳар-2” лойиҳасида ғолиб чиққан Хитойнинг Shenzhen Sunwin Intelligent компаниясини, лойиҳани белгиланган муддатда амалга оширмагани учун судга берган эди.
Маълумки, дунё бўйлаб амалга оширилаётган “Ақлли шаҳар”, “Хавфсиз шаҳар” ва шу каби лойиҳалар БМТнинг “Аҳоли пунктлари бўйича дастур” доирасидаги ишлар сирасига киради. Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси 2010 йил Ички ишлар органларида ислоҳот ўтказиш баҳонасида бошланган эди. 2011 йил январ ойида Бишкекда Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва кўчаларга видеокамералар ўрнатишни ҳам ўз ичига олган “Хавфсиз шаҳар” дастури ишга туширилди.
2012 йилда Бабанов бош вазир, Рисалиев эса Ички ишлар вазири бўлиб турган пайтда “Хавфсиз шаҳар” бўйича тендер эълон қилинди. Бироқ тендер якунида тендерда иштирок этмаган Хитойнинг “Beijing Construction Engineering Group International” компанияси ғолиб чиқди. Мазкур компания Бишкек, Ўш шаҳарлари ҳамда Бишкек-Қоракўл йўлида видеога ва расмга олувчи мосламаларини ўрнатиб, қонун бузилиши ҳолатларини қайд этиш бўйича ягона электрон марказ яратмоқчи эди. Бу Хитойнинг ушбу соҳада Қирғизистонга кириб келаётган дастлабки қадами эди. Бироқ 2013 йилда “Ата Мекен” фракцияси бу масалани кўтариб, келишувни бекор қилишга муваффақ бўлди. Чунки Хитойнинг Қирғизистон хавфсизлик тармоғига кириб келиши Американинг манфаатларига зид эди.
“Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тендер 2014 йил август ойида қайта эълон қилинди. 2015 йил январ ойида тендер бўйича комиссия Россиянинг “Стилфост-Бишкек” компаниясини танлади. Бироқ 2016 йилда ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Турганбоев ушбу компания билан шартнома имзолашдан бош тортди. У “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси бўйича дунёда Хитой ва Жанубий Корея пешқадамлигини маълум қилди. Шу билан Россиянинг ушбу соҳага кириб келиши бекор бўлди. Шундан сўнг лойиҳани амалга ошириш Ички ишлар вазирлигидан ҳукуматга ўтказилди.
2017 йилнинг апрель ойида президент маъмуриятининг ўша вақтдаги раҳбари Сапар Исаков давлатни юқори технология орқали ривожлантиришга мўлжалланган “Тоза жамият” миллий лойиҳасини эълон қилди. 2018 йил январ ойида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ўрнига унинг кенгайтирилган шакли сифатида “Ақлли шаҳар” лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Бу вақтда Сапар Исаков бош вазирликка тайинланган эди. 11 январ куни Қирғизистон ҳукумати Хитойнинг “Huawei Technologies” компанияси билан “Ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади. Аммо март ойи бошида Қирғизистон ҳукумати Хитой компанияси билан шартномани бир томонлама бекор қилишга мажбур бўлди. Бу билан Хитойнинг ушбу соҳага кириб келишга бўлган иккинчи уриниши ҳам бекор бўлди.
Сапар Исоқов бош вазирликдан кетгач, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг биринчи босқичи бўйича тендер яна қайта ўтказилди ва 4 сентябрь куни Россиянинг “Вега” концерни тендерда ғолиб чиқди. Ундан бошқа яна иккита компания: Қирғизистоннинг “Альфа-Телеком” ва Россиянинг “Ахборот тизими хавфсизлиги” компанияси фақат номигагина танловда қатнашиб қўйди. Чунки, қонунга кўра, тендерда камида уч иштирокчи ариза бериши керак эди.
Ғолиб чиққан “Вега” компанияси – ахборот уруши доирасида – АҚШнинг санкцияларига дучор бўлган корпорациялар таркибига киради. У СССР даврида ҳарбий тадқиқот институти бўлган ва 2004 йилда қайта ташкил этилган. Сўнгги йилларда “Вега” радиотехника концерни асосан Россия Мудофаа вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан кўпроқ ҳамкорлик қилмоқда. Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида умумий ҳисобда 800дан ортиқ юзни таниш функциясига эга видеокузатув камералари ўрнатилди.
Бундан ташқари, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Хитойнинг CEИEC давлат компанияси ўртасида келишилган лойиҳа доирасида мамлакатда юзни таниш тизимлари жорий этилди.
АҚШ эса Канада, Туркия, Амирлик компаниялари орқали кириб келишга ҳаракат қилмоқда, аммо улар тендерларда ғалаба қозона олмаяпти. Қолаверса, Жаҳон банки орқали тиқиштираётган АҚШнинг “Digital CASA” лойиҳаси ҳам амалга ошмаяпти.
Мана шулардан маълум бўлишича, Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ҳеч қандай йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки фуқаролар хавфсизлиги учун жорий қилинмаган. Аммо амалдорларимиз арзимаган пулга алданиб, тендер эълон қилиш билан, Қирғизистонни йирик давлатлар учун кураш майдонига айлантириб беришмоқда.
Бунга қўшимча равишда, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси Ички сиёсатдаги мухолиф сиёсатчилар билан бирга мусулмонларни ҳам назорат қилишга хизмат қилади. “Видеотасмада кўриниб турибди, сен соқол қўйган экансан, биргалашиб жума намозига бораётган экансилар, диндан таълим олган экансилар, сен эса, ниқоб тақиб юрган экансан” каби баҳоналар билан мусулмонларга экстремизм тамғаси босилади. Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси мусулмонлар хавфсизлиги учун эмас, балки уларни хор қилиш учун хизмат қиладиган лойиҳадир!
Мумтоз Мавароуннаҳрий