Дин ишлари бўйича давлат комиссияси Исломга оид қонунларга ўзгартириш киритишни таклиф қилди
Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссияси Исломга оид қонунларга динни чекловчи бир қатор ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Қонунда қуйидаги чекловлар назарда тутилган:
– жамоат жойларда ва давлат органларида шахснинг ўзлигини танитишга имкон бермайдиган кийимларни кийиш тақиқланади.
Аниқроқ айтганда, бундан ниқоб кийишни тақиқлаш кўзланмоқда. Аслида, ниқоб кийиш динимиз мақтаган қадрият бўлиб, баъзи уламолар буни вожиб даражасига кўтаришган. Аммо динни ўзига ниқоб қилиб олган комиссия, ҳокимият вакиллари ва уларнинг хўжайинларини рози қилиш учун Исломий қадриятларга, ор-номусимиз бўлган аёлларимиз кийимларига осилмоқда;
– диний асосда сиёсий партиялар тузиш ва партияларни диний номлар билан номлаш ёки унга ташвиқ қилиш тақиқланади.
Яъни, вақт ўтган сайин мамлакатда Исломга талпиниш кучайиб бораётгани боис, сиёсатчилар ҳам ўзларини диндор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса, динга асосланган ёки диний номга эга партияларни тузишни талаб қилади. Шу боис, амалдаги ҳукумат кўпчилик мусулмонлардан овоз оладиган диний партияларни тақиқлашни мақсад қилмоқда. Бундан ташқари, расмий ҳукумат бўйсунадиган капиталистик тузумнинг эгалари ҳам бундай чекловлардан манфаатдор.
– Диний мактаблардан бошқа жойларда диний таълим беришга йўл қўйилмайди.
Шу йўл билан юз минглаган фарзандларимизнинг масжид, мадраса ва намозхонларга боришларини чеклаб қўйиш кўзда тутилмоқда! Бу қонун ҳам Ислом ва мусулмонларга қарши қўйилган! Бу қонунга ўзгартириш киритишдан мақсад фарзандларимизни Исломдан тўсиш ва ёш авлоднинг диний таълим олишини чеклашдир.
Булар Диний комиссия томонидан таклиф этилаётган асосий ўзгаришлар бўлиб, қолганлари қайд этилган қонунларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Ҳукумат Бу қонунларга ўзгартириш киритиш орқали “сизни ва фарзандларингизни миссионер секталардан ва диний оқимлардан ҳимоя қиламиз”, деган баҳонани келтиришади. Аслида, Ислом дини 14 аср давомида бирор бир ғайридин оқимлардан сақланиш учун унинг овозини куч билан ўчиришга уринмаган. Чунки Ислом Аллоҳдан келган ҳақ диндир. У бошқа динлардан таъсирланган эмас, балки бошқа дин вакилларини ўз сафига олиб, бугунги кундаги улуғлик даражасига кўтарила олган! Шунинг учун бу қонун Исломдан ва мусулмонлардан бошқаларни ҳимоя қилиш асосида куфрни рози қилиш учун ишлаб чиқилган!
Қирғизистон ҳукумати токи диктатурага айланмас экан, бу қонунни тўлиқ амалга ошириши қийин бўлади. Шунинг учун бу қонун ҳозирги кунда фуқароларга унчалик таъсир қилмайди. Бироқ режим кучайгани сари бу қонун жамият ичида кўзга ташлана бошлайди. Ёки аксинча, ҳукумат ҳолдан тойиб, сиёсий ва иқтисодий инқироз кучайган пайтда бу қонундан атайлаб мусулмонларни ўзига қарши гижгижлаш мақсадида фойдаланиши мумкин. Бундан куфр тарафдори бўлган ҳукумат билан мухолифат ўртасидаги зиддиятни Ислом ва мусулмонлар томонига йўналтириш ёки хавфли режим яратиш учун фойдаланишлари мумкин.
Шундай экан, биз мусулмонлар бундай вазиятда дўстимиз ва душманимиз кимлигини аниқ ажратиб олишимиз ҳамда Ислом динимиз ҳукмларини тўлиқ татбиқ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни жадаллаштиришимиз лозим. Дин душманларининг ҳийла-найранглари эса Аллоҳнинг ҳийласи олдида арзимас бўлиб қолиши аниқ.
Нурдин Асаналиев