Олимпиада ўйинлари – Мусулмонларни чалғитиш

185
0

Олимпиада ўйинлари – Мусулмонларни чалғитиш

Олимпиада ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган йирик халқаро спорт мусобақасидир. Унинг тарихи қадимги Юнонистонга бориб тақалади. Қадимги Юнонистонда олимпиада ўйинлари диний маросим сифатида юнонлар муқаддас ҳисоблаган “олимпия” ўрнида ўтказилган. Бугунги кунда олимпиада ўйинлари Халқаро Олимпиада Қўмитаси томонидан бошқарилади ва ушбу қўмита томонидан танланган мамлакатда ўтказилади. Олимпиада ҳомийлари, ўйинларни эфирга узатиш ва чипталарни сотиш қўмитанинг даромад манбалари ҳисобланади.

Навбатдаги олимпиада ўйинлари Францияга берилди ва ҳозир ўша ерда ўтказилмоқда. Ўтмишда қадимги юнонларнинг дунёқарашидан келиб чиққан олимпиа ўйинлари ҳозирда демократик дунёқарашни ёйиш воситасига айланди. Буни олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида ЛГБТ ва бузуқиликни тарғиб қилувчи беҳаё саҳналар ҳам тасдиқлаб турибди. Ҳатто Ғарб аҳолиси ҳам бундай кўринишларга қарши чиқди.

Мусулмонлар олимпиада ўйинларининг очилиш маросимини қоралаб, рад этган бўлсалар ҳам, бироқ улар ўйинларда қатнашиш ва бир қатор шаръий ҳукмларга зид ишларни маъқуллаётганликларини кўриш мумкин. Ҳатто баъзи мусулмонлар спортчиларнинг “ғалаба” билан қайтишлари учун дуо қилишмоқда.

Аслида мусулмонлар Ғарбдан ёки бирор жамиятдан бирор нарса олаётганда жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Бизнинг ўлчовимиз шариатдир. Чунки мусулмонлар шариатга амал қилиш билангина икки дунё саодатига эришадилар. Шу боис спортнинг ўзи – танани соғлом тутиш, машқ қилиш – таҳсинга сазовордир. Бироқ, бокс ва шунга ўхшаш жанговар спорт турлари ва одамлар олдида авратларини очиб юришлар шариатимизга зид кўринишлардир. Бундан ташқари, Исломда аёллар ҳимоя қилиниши керак бўлган номусдир. Шундай экан, опа-сингилларимизнинг авратларини очиб, омма олдида мусобақаларда қатнашишларини “обрўйимизни ҳимоя қилиш” сифатида қабул қилиш жаҳолатдан ўзга нарса эмас.

Ғарб дунёқарашида аёлларга даромад манбаи сифатида қаралгани учун спорт ўйинларида аёллар ярим яланғоч ҳолда реклама қилинади. Шу билан бирга Ғарб ўз дунёқарашини ёйиш воситаси сифатида спорт ўйинлари, айниқса, олимпия ўйинларидан фойдаланади. Бунинг яққол исботини очилиш маросимидаги бузуқ манзаралар ҳам кўрсатиб турибди. Бу жирканч кўриниш бутун дунёга тарқатилди ва шунга тарғиб қилинди. Шунингдек, олимпиада мусобақаларида авратларни очиб юриш ҳамда аёллар ва эркакларнинг аралашиб юриши шарт. Бу ҳам Ғарб дунёқарашини ёйишнинг бир усулидир.

Бундан ташқари, сўнгги пайтларда, айниқса АҚШда, ўзини аёл деб билган эркакларнинг аёллар спорт мусобақаларида қатнашишига рухсат берилган. Бу ҳолат Олимпия ўйинларида ҳам мавжуд бўлиб, ўзини аёл каби ҳис қиладиган эркаклар аёллар билан беллашмоқда. Бу эса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки хўрлашдир. Бугунги кунда олимпиа ўйинлари ва бутун спорт ўйинлари фасод ва мусулмонларга ёт бўлган тушунчаларни тарқатиш воситасига айланиб қолди.

Шу мақсадда мусобақа ғолиблари ва ​​спортчилар юлдуз сифатида тақдим этилиб, бу кўринишлар ёшларга ютуқ ва муваффақият сифатида уқтирилмоқда. Оқибатда кўпчилик ёшлар шариат меъёрларини четга суриб, спорт юлдузи бўлиш билан овора бўлиб қолмоқда. Айниқса, “спорт мусобақаси” эканлиги рўкач қилиниб, эркак ва аёлнинг аврат жойларини очиб чиқиши ва эркак ва аёлнинг аралашиб кетиши одатий ҳолга айланиб қолди. Бунинг устига илмонийликка талпинаётган араб давлатлари спорт соҳасига миллиардлаб доллар сарфламоқда. Чунки халқни илмонийлаштириш ва ғайриисломий қарашларни қабул қилдириш учун спорт мусобақалари энг яхши воситадир. Бундай ҳолат мусулмон ўлкалардаги режимларга фойда келтириши аниқ, лекин мусулмонларга салбий таъсир қилади. Чунки инсонлар, айниқса, ҳаётдаги ўзгаришларнинг асосий омили ҳисобланмиш ёшлар спорт юлдузи бўлиш билан банд бўлиб, ўз атрофидаги воқеаларга, динга ва Умматнинг бугунги аҳволига бефарқ қарайдиган бўлиб қолади. Уларнинг биринчи мақсади ва орзуси – шариатга тўғри келмаса ҳам – мусобақада ғалаба қозониб, спорт юлдузига айланиш бўлиб қолади. Бу билан ёшлар Ислом ва Умматни азиз қилишдан узоқлаштирилиб, уларнинг сиёсатга аралашмаслиги таъминланади. Исломий ўлка раҳбарларига айнан мана шу керак. Шунинг учун улар бугунги спортга имкон қадар кўп маблағ сарфлаб, бор кучи билан уни тарғиб қилмоқдалар. Бошқача айтганда, ёшларни сиёсатдан ва Умматни юксалтирувчи фаолиятдан четлатишмоқда.

Баъзи кимсаларнинг “мусулмонларнинг мусобақадаги ғалабаси Исломни юксакликка кўтаради” деган сўзлари эса соддалик ёки ахмоқликдан бошқа нарса эмас. Бундай сўзларнинг ҳаётда ўрни йўқ. Сабаби, ҳаром ишда ғалаба қозониш – бу иймоннинг мағлуб бўлишидир. Мусулмон қачон ғолиб бўлади?! Қачонки, унинг дини ва Уммати азиз бўлса у ғолиб бўлади! Юқорида айтиб ўтганимиздек, ёшлар ҳаётдаги ўзгаришларнинг асосий омилидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида кўплаб ёшлар дин учун улкан зафарлар келтирди, уларнинг номлари Ислом тарихининг саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди. Демак, мусулмон киши бир нарсага қарор қилар экан, аввало шариатга назар ташлаши керак. У ўз мақсадларини, Икки дунё саодатига етакловчи Исломни азиз қилиш билан Аллоҳнинг розилиги доирасида белгилаши лозим.

Ҳорун Абдулҳак

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here