Энергетика вазири электрни тежашга чақирди

480
0

Энергетика вазири электрни тежашга чақирди

Қирғизистонда ёз ойларида электр энергиясидан фойдаланиш рекорд даражага етди. Бу ҳақида Энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда бир суткада истеъмол қилинадиган электр қуввати соатига 40 миллион киловаттга етмоқда. Бундан аввал 32-35 миллион киловатт истеъмол қилинаётган эди.

“Истеъмолчиларни электр энергиясини тежашга чақираман. Биз уни қанчалик кўп истеъмол қилсак, шунчалик кўп сув оқади. Сув эса, қиш мавсумида иситиш учун керак бўлади. Шунинг учун сувни тежамасак, қишда муаммолар келиб чиқиши мумкин”, деди Ибраев.

Ҳукумат 1 майдан бошлаб 700 кВт/соатгача истеъмол қилганлар учун электр энергия нархини 10,8 тийинга оширди. Ойига 700 кВт дан ортиқ истеъмол қилганлар учун 23,3 тийин қўшилди. Чексиз фойдаланишни хоҳлайдиганлар учун нарх 35,4 тийинга ошди. Қирғизистонда ўтган йили электр энергияси нархи 23 тийинга қимматлаб, 1 кВт/соат электр энергияси 1 сом бўлган эди. 700 кВт/соатдан ортиқ истеъмол қилган абонентлар 2 сом 16 тийин тўлаб келишмоқда. Шунингдек, электр энергиясидан чекловсиз фойдаланмоқчи бўлганлар учун 5 сом 4 тийинлик тариф киритилган.

Мамлакатда электр энергияси тарифлари мунтазам равишда қимматлаб борганига қарамай, қиш мавсумида халққа электр энергияси етарли даражада етказиб берилмайди. Ҳаттоки, электр таъминотида тинимсиз узилишлар бўлиб туради. Энди эса вазир халқни ёз жазирамасида музлатгич ва кондиционерлардан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирмоқда.

Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” ширкати “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси билан қайтариб олмоқда. Мазкур ширкат “Қамбар-ота”га ётқизган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия сотиб олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийин эканини айтиб келади. Бироқ, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади.

Аслида, Қирғизистоннинг энергетика инқирозидан чиқа олмаслигининг сабаби электр тарифлари нархининг арзонлиги эмас, балки энергетика тармоғидаги коррупция ва капиталистларнинг турли найрангларидир. Масалан, амалдорлар суғориш вақтида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиш орқали пул топишади. Сўнгра қиш учун электр энергиясини сотиб олиш учун шартнома тузиб, бундан ҳам ейишади. Бирин-кетин келган ҳукуматлар бундай чигал коррупцион схемаларни йўқ қилиш ўрнига электр тарифларининг нархини кўтариш орқали халқни кўпроқ талашга ҳаракат қилиб келмоқда. Уларнинг сайловдаги қуруқ шиорлари ўткинчи алдов бўлишига қарамай, халқ сўнгги умид билан кейинги хиёнаткор сиёсатчиларга алданишда давом этмоқда.

Ҳар бир янги келган президентнинг электр энергияси нархини кўтариш учун ўзига яраша сабаби бор. Бу эса, ушбу соҳа учун олинган катта маблағлар ва уларнинг коррупцион йўллар билан чап чўнтакка урилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан бери энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади.  Уларнинг асосий қисми кредитлар, ссудалар ва грантлар шаклида хорижий молия ташкилотларидан олинган маблағлардир. Ҳар сафар кредит олиш учун шартнома тузилганда тармоқни “модернизация қилиш” баҳона сифатида тилга олинади. Бироқ бундай катта миқдордаги кредитлар олинганига қарамай, мамлакатнинг энергетика тармоғи ҳали ҳам ночор аҳволда қолмоқда.  Бу эса энергетика соҳаси коррупциянинг ўчоғига айланиб қолганлигини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ушбу кредитлар халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилаётганда, электр энергиясининг нархини кўтариш талаби қўйилади. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки Қирғизистонга 20 миллион доллар ажратаётганида, банкнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде шундай деган эди: “Арзон тарифлар электрни керагидан ортиқча истеъмол қилишга ундайди. Биз уни ўзгартириш тарафдоримиз”.

Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида ҳеч шубҳа йўқ. Мустамлакачилар уларнинг ёрдамида мамлакатларни қарзга ботириб, ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга оширадилар. Ушбу Жаҳон банкининг тавсияларидан келиб чиқиб, ўлкамиздаги давлатга оид энергетика соҳасини хусусий шахсларга ўтказиш бошланди. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муаммонинг асосий сабабчиси бошимиз узра қора булутга айланган капиталистик тузум ва энергетика тармоғидаги коррупцион схемалардир. Улар халқнинг асосий эҳтиёжи бўлган электр энергиясини хусусийлаштириш орқали катта даромад олмоқда.

Аслини олганда, Электр энергияси омма халқнинг мулки бўлиб, унга давлат ёки хусусий компаниялар эгалик қилиши Исломда мумкин эмас. Унинг ўзи ҳам, ундан тушган даромад ҳам Умматга тегишли бўлиб, ҳар бир фуқарога тақсимланиши керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

اَلْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

“Мусулмонлар уч нарсада – сувда, яйловда ва оловда шерикдирлар”. Анас розияллоҳу анҳу ҳам бу ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, “унинг пули ҳаромдир” деган сўзни илова қилган. Бинобарин, умумий мулк ёки ундан олинадиган даромад ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш давлатнинг бурчидир.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here