بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
«Исломий» Саккизлик давлатларининг навбатдан ташқари йиғилишининг якуний баёноти Ғазо ва унинг аҳлига ёрдам бермайди
Устоз Аҳмад Хутвоний
Истанбулда бўлиб ўтган «Ривожланаётган Исломий» Саккизлик давлатлари «D-8» гуруҳининг ташқи ишлар вазирлари кенгаши якуний баёнот чиқарди. Яҳудий вужудининг 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида тўхтовсиз уруш олиб бораётганини муҳокама қилишлари ортидан чиқарилган ушбу баёнотни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ўқиб эшиттирди, унда қуйидагилар келган:
- Босқинчиларнинг Ғазода содир этаётган жиноятлари Исроил учун шармандаликдир.
- Исроилнинг Ғазодаги жиноятларини тўхтатиш ва у ерга ёрдамларни киритиш учун унга халқаро босим ўтказиш ва уни изоляция қилиш керак.
- Шундай кун келадики, Исроил ва унинг раҳбарлари фаластинликларга қарши жиноятлари учун суд қилинади.
- Фаластин БМТнинг тўлиқ аъзоси бўлажак ва биз бошқа давлатларни Фаластин давлатини тан олишга чақирамиз.
- Биз (Катта саккизлик давлатлари) Истанбулда яна бир бора бутун дунёга эълон қиламизки, Ғазодаги Исроил зулми қаршисида жим туролмаймиз.
- Украинадаги босқинчиликка қарши чиқаётганлар Фаластиндаги босқинчиликка қаршилик ҳаракатини жиноят демоқда.
- Ғазо халқаро тизимнинг заиф ва самарасизлигини яққол кўрсатди.
- Ғазодаги ваҳший жиноятлар ва геноцидни тўхтатиш учун биргаликда нима қилишимиз мумкинлигини муҳокама қилдик.
- Биз фаластинлик биродарларимизни асло ёлғиз қўймаймиз. Ғазода зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатишга эришиш ва секторга инсонпарварлик ёрдамини олиб кириш учун барча имкониятларимизни сафарбар қиламиз.
- Исроил босқинчилигига якун ясаш ва икки давлат ечимини татбиқ қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
- Нетаняхунинг экстремистик ҳукумати ўт билан ўйнашишда давом этяпти ва Нетаняху бутун минтақа келажагини, жумладан, ўз халқини ҳам катта хавф остига қўйишдан қайтмаяпти.
- Биз Миср билан Қатарнинг икки томон ўртасидаги воситачилик саъй-ҳаракатларини қадрлаймиз.
- Ғазодаги фалокат баъзи давлатларнинг «икки юзламачилигини ва икки томонлама стандартларини» фош этди.
- Фаластинликларнинг бирламчи табиий ҳуқуқлари ўз мустақил давлатларини барпо этишларидир.
- Фаластин давлати дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан тан олинган, бироқ Америка ветоси туфайли БМТга аъзо бўлолмади ёки расман тан олинмади.
- Биз, Исломий саккизлик, бу адолатсизлик имкон қадар тезроқ тугатилишини истаймиз.
- Биз бу адолатсизлик ва зулмга қарши турган барча давлатлар позициясини қадрлаймиз.
- Биз баъзи Европа давлатларининг Фаластин давлатини тан олишдаги жасоратини умид чироғидек кўрамиз.
- Худди шу нуқтаи назардан, Ғарб жамиятлари ичида ўз ҳукуматлари позициясига зид ҳаракатлар бўлаётгани келажакдан умид борлигини ҳис қилдирмоқда.
- Вақт ўтган сари Исроил янада яккаланиб, ёлғиз бўлиб қолади.
- Биз D-8 давлатлари Фаластинни қўллаб-қувватлашда ўзаро ҳамкорлик қилишга, ҳамкорлигимиз иқтисодий жиҳат билан чекланиб қолмаслиги кераклигига келишиб олдик ва бу фикримизда қатъиймиз.
- Биз ҳеч кимдан ечим кутмаймиз, балки учрашиб, маслаҳатлашиб, мақсадларимизга етишиш ва ечимга эришиш йўлини топамиз.
- Учрашувимиз чоғида қўшма декларацияда қўйган ўзаро қадамларимиз Исроилга босимни оширади ва фаластинлик биродарларимизни озодликка эришишда қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшади…».
Туркия, Миср, Нигерия, Покистон, Эрон, Индонезия, Малайзия, Бангладеш давлатларини ўз ичига олган ушбу ривожланаётган «Исломий» Саккизлик давлатлари гуруҳи 1997 йил Туркияда ташкил топган. Мақсади аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш. Бироқ Фаластин масаласи каби сиёсий мавзуни муҳокама қилиш учун биринчи марта йиғилиш ўтказмоқда.
Гуруҳнинг якуний баёнотида айтиб ўтилган фикрларни ўрганиб чиққан киши шуни англаб етадики, бу фикрлар иштирокчилар эришмоқчи бўлган шунчаки орзулардир. Уларнинг сиёсатга ёки сиёсий фаолиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу фикрлар орзуга етишга қаратилган қандайдир бир ирода ёки жиддийлик мавжудлигини акс эттирмайди. Жумлалар, асосан, номаълум халқаро томонлардан унинг мазмунини амалга оширишни талаб қиладиган ва тавсифлардан иборат конструктив жумлалардир.
Мисол учун, «Исроил»га халқаро босим ўтказиш керак, деганда, бу босим қайси халқаро томондан талаб қилинади? – деган савол туғилади. Жавоб эса йўқ! Қолаверса, нега бу гуруҳ раҳбарлари ўзлари хоҳлаган ишларни қилмаётган бир пайтда сохта халқаро ҳамжамиятдан талаб қиляпти? Ахир, уларнинг давлатлари қўлида буюк ишларни бажара оладиган даражада армияси, потенциали ва имкониятлари бор-ку?!
Эй гуруҳ раҳбарлари, сизни яҳудий вужудига қарши ҳарбий ва иқтисодий ҳаракатдан нима тўсяпти?! Ушбу гуруҳга аъзо давлатларингиз аҳолиси миллиарддан ошса-ю, яҳудий вужуди аҳолиси эса етти миллиондан ошмаётган бўлса, бас, нега бу вужудга қарши ҳеч бўлмаса амалий куч ишлатиш билан таҳдид қилиш қўлингиздан келмаяпти?!
Сизлар талаб қиляпсиз, инкор этяпсиз, муҳокама қилиб, эълон қиляпсиз, аммо амалда ҳеч нарса қилмаяпсиз, шунчалар хор даражага тушдингизми?!
Бировлардан сўраниш ва ялинишдан бошқа нарсани билмаяпсиз, шу даражада бошдан оёққача хорликка ботдингизми?!
Нега баёнотингизда Миср ва Қатарга ўт очишни тўхтатишда воситачиликлари учун раҳмат айтдингиз, ахир, Ғазони яҳудий вужудидан ҳам ёмонроқ қамал қилаётган Сисий эканини яхши биласиз-ку?! Қатарнинг америкаликлар билан яҳудийлар учун почтачилик қилишдан бошқа нарсага ярамаслигини, Ғазо аҳлига заррача фойдаси тегмаётганини яхши биласиз-ку?!
Нега йиғиляпсиз, нега Ғазо секторига бир қоп ун киритиш ҳам қўлидан келмайдиган ожиз ва омадсиз эканлигингизни исботлаш билан ўзингизни шарманда қиляпсиз?! Ҳолбуки, қўлингиздаги ресурслар ва имкониятлар жуда катта-ку, шунга қарамай, Фаластинга ёрдам бериш ва Росулуллоҳ ﷺнинг Исро масканларини озод этишга ҳаракат қилиш учун сизда ҳеч қандай хоҳиш-ирода топилмаяпти.
Сиз ҳатто ўз халқингизга ҳам бирор фойдали иш қила олмайсиз-ку, қандай қилиб бошқа халқни, Ғазо аҳлини зулм ва қамалдан қутқара оласиз?!
Шуни яхши билингки, сиз халқаро позицияда нолга тенгсиз. Шундай экан, яхшиси жим бўлинг, ҳеч ким ишонмайдиган бундай бемаъни гапларни бас қилинг, гапларингизга Умматнинг ҳатто ғофил ва нодон кимсалари ҳам ишонмайди.
Бундай фойдасиз сохта учрашувларни тўхтатинг, унга кетаётган шунча сарф-харажатларни тўплаб, муҳтожларга беринг, чунки бу каби сарқит баёнотлардан кўра шу ўринли. Ахир, бу баёнотларингизни ҳеч ким ўқимайди, ўқиса ҳам масхара қилиб кулади.
Сизнинг бу гуруҳингиз исломий юртлар ичида энг катта саналган ва аҳолиси бир миллиарддан зиёдни ташкил этаётган давлатлардан тузилган гуруҳ эса-да, уни жуда кам мусулмон танийди. Чунки гуруҳингиз атиги бир неча йилда бир учрашади ҳамда мусулмонлар масаласини ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамайди. Қачон учрашса, ундан баландпарвоз ҳаводек бўш ва мазмунсиз баёнотлардан бошқа нарса чиқмаяпти ёки воқега зид орзу ва хомхаёллар чиқяпти, бас, сиз учун бундай гуруҳингизни бекор қилмоқ фойдалироқдир.
Роя газетасининг 2024 йил 3 июл чоршанба кунги 501-сонидан