АҚШ президентининг Франция сафари

112
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

АҚШ президентининг Франция сафари

Муҳандис Висом Атраш

Тунис вилояти

Франция президенти Эммануэль Макрон 2024 йил 8 июнда Парижда АҚШ президенти Жо Байденни қабул қилди. Байден расмий Франция сафарини машҳур триумф аркаси олдидаги «ҳашаматли» тадбир билан бошлади. Байден ва Макрон хотинлари билан бирга икки давлатнинг уруш фахрийларини қутлашди. Улар, шунингдек, Елисей саройига кетаётиб, саройга олиб борувчи йўлда ҳарбий парадда ҳам қатнашишди.

Франциянинг расмий баёнотларига кўра, Байден сафари чоғида Россияга қарши урушда Украинага қўшимча ёрдамни муҳокама қилган. Шу билан бирга, Италиянинг Бари шаҳрида бўлиб ўтадиган G7 саммити ҳамда июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТО саммитига тайёргарлик ҳам муҳокама қилинди. «Bloomberg» хабарига кўра, муҳокамалар Қўшма Штатлар ва Европа иқтисодларини Хитой импортига нисбатан ўзгарувчанроқ қилиш учун қабул қилиш керак бўлган қадамларни ҳам ўз ичига олган. Хўш, ушбу сафарнинг кўлами қандай? Унинг остида қандай сиёсий маънолар ётибди?

Авваламбор, Байден сафари Франция томонидан пухта ташкил этилгани аниқ. Чунки бундан олдин Елисей саройида Хитой раҳбари қабул қилиниб, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида савдо алмашинуви учун «адолатли қоидалар» зарурлиги тўғрисида «сўроққа тутилди». Шунингдек, Хитой иқтисодий операцияларига қарши ҳамкорлик қилиш йўллари ҳам Байден ташрифининг кун тартибига қўйилганди. Кейин Байден – Иккинчи Жаҳон урушининг иттифоқчилар фойдасига тугаши ва фашистлар Германияси бошчилигидаги давлатларнинг мағлубиятига олиб келган – Нормандияда иттифоқчилар қўшинларининг Франция қирғоқларига тушишининг 80 йиллиги хотираси маросимида қатнашди. Бу тантанада НАТО олий қўмондонлиги ҳамда Британия ва Канада вакиллари ҳам қатнашди. Бу эса ушбу маросимнинг Ғарб блогига қарши халқаро ва иқтисодий тараққиётга эришишга интилаётган кучларга сиёсий миссия юборишга қаратилганини англатади. Бу кучларнинг биринчиси АҚШ олдидаги асосий халқаро дилеммага айланган Хитой бўлса, иккинчи Ғарб санкциялари қаршисида барқарор турган Россиядир. Бу муҳит АҚШ раҳбарининг сафарини кетма-кет беш кун (5-9 июн кунлари) давом эттириб, уни илиқ кутиб олиш билан ажралиб турди. Шу билан Франция АҚШ президенти учун ўз мамлакатидан ташқаридаги энг узоқ тарихий бекатга айланди.

Бундан ташқари, Байденнинг сафари президентлик сайловлари кампаниясига тўғри келиш билан бир қаторда, Шарқий блокка (Россия ва Хитойга) қаратилган яширин миссиялар сабабли муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, дунёнинг биринчи давлати (Америка) билан Брекситдан бери Европа Иттифоқи етакчиси байроғини кўтариб келаётган давлат (Франция) ўртасидаги ўзига хос яқинлашув бўлди. Бинобарин, бу Шарқдан келаётган таҳдидларга қарши Ғарб ҳамжиҳатлигини ўзида мужассамлаган АҚШ-Франция умумий истагини таъкидлашга уриниш ҳам бўлди. Шарқдан келаётган таҳдидларнинг асосийси Ғарб нуфузи остидаги минтақаларда Хитой ролининг кучайиши ва «Бир камар, бир йўл» ташаббусини ишлаб чиқиб, глобал миқёсда таъминот занжирларини мустаҳкамлаш орқали иқтисодиётга киришга уринишдан иборат. Иккинчиси эса, Россиянинг Европа хавфсизлигига таҳдидидир. Афтидан, Америка Европанинг омон қолиши ва давом этиши учун сармоя киритаётганга ўхшайди.

АҚШ-Франция ўртасидаги бу «яқинлашув» оқимида миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби икки томон ҳам «биз ҳар қачонгидан ҳам яқинроқмиз», деб кўрсатмоқчи эканини таъкидлади. («Франс 24» 2024 йил 8 июн). Шундай бир сиёсий даврда Франциянинг Америкага яқинлашишга интилиши ва Американинг икки давлат ўртасидаги муносабатларни илиқлашгандек кўрсатишининг сабаби бор. У ҳам бўлса, АҚШ ва Европа Трампнинг ҳокимиятга келишидан хавотирланяпти. Чунки бу, айниқса, ўта ўнг тўлқин тобора мавж ураётган бир пайтда, Ғарб жамиятларида бўлиниш ва парчаланиш ҳолатини кучайтириши мумкин.

Бу шуни англатадики, Байден ўзини Европа манфаатлари ва хавфсизлиги ҳимоячиси қилиб кўрсатиши учун ҳақиқатан ҳам қандайдир яқинлашувни кўрсатиш зарурати бор ва бу масала расмиятчиликдан ташқарида. (Масалан, у Нормандияга қўшинларнинг туширилишини «Европани озод этиш йўлидаги биринчи қадам», деб таърифлади. «RT», 2024 йил 11 июн). Европа манфаатлари ва хавфсизлиги масаласи АҚШ ҳамда кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва қуроллантиришни талаб қилаётган НАТО соябони билан боғланмоқда. Масалан, тантана муҳити НАТО олий қўмондони Кристофер Каволини бу талабни такрорлашдан тўсмади. У жумладан бундай деди: «ҳарбий техникага келсак, уни янада кўпроқ ишлаб чиқишимиз ва саноат базамизни кенгайтиришимиз керак». (Шарқул Авсат, 2024 йил 6 июн).

Айни пайтда, АҚШ ва НАТОга яқин бўлган Макрон ўзининг экзистенциал курашида Европа Иттифоқи бирлиги ва яхлитлигини сақлаб қолгандек кўрсатса-да, у Европа етакчилигини – Европа Иттифоқи доирасида юксалиши ва ортиб бораётган ролидан қўрқаётган – Германия ўрнига ўз зиммасига олиш илинжида. Айниқса, Германия 2024 йил мудофаа харажатларини 1992 йилдан бери биринчи марта НАТО талаб қилган миқдордан, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан оширган бир вақтда. Бу эътиборимизни Макроннинг Берлинда бўлиб ўтган, Германия конституциясининг 75 йиллигига бағишланган маросимдаги баёнотига қаратади: «Биз Европа ўлиши мумкин бўлган экзистенциал лаҳзада яшаяпмиз» («RT», 2024 йил 26 май).

Швеция ва Финляндия каби Европа давлатларининг аъзолиги Туркия каби НАТОнинг фаол давлатлари орқали бўлишини Франция жуда кеч англаб етди. Шундан кейин АҚШ ва НАТОга янада яқинлашишга интила бошлади. Буни Франциянинг биринчи марта «Шарль Де Голль» ядровий самолёт ташувчи кемасини ва унга ҳамроҳлик қилувчи кемаларни, жумладан, ҳужумчи ядровий сув ости кемасини НАТО қўмондонлиги остида 15 кунлик машқларда қатнашиш учун Ўрта ер денгизига жойлаштиргани ҳам тасдиқлайди. Буни Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова Франция миллий суверенитетининг энг муҳим ва нозик жиҳати, яъни ядровий мудофаа соҳасидаги емирилиш давом этаётганининг ёрқин далили деб ҳисоблади. («RT», 2024 йил 18 апрел).

Шундай қилиб, Европа Иттифоқида ядровий қуролга эга ушбу ягона давлат дунёнинг биринчи давлатига хушомад қилиш орқали халқаро кун тартибида муҳим рол ўйнашга умид қилмоқда. Бунга, шунингдек, Украина уруши оқибатлари, Хитой билан бўлган савдо ва Ғазо уруши каби халқаро сиёсатдаги долзарб мавзуларни муҳокама қилиш орқали халқаро майдонда ўз мавжудлигини таъминлашга уриниш билан ҳам эришмоқчи.

Шунинг учун биз Франциянинг ўзида ички муаммолар қалашиб ётганига қарамай, ҳарбий харажатларни оширишга ва НАТОнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга бутун Европани жалб қилаётганини кўриб турибмиз. Ўз аскарларини биринчи бўлиб Украина урушига жўнатишга тайёрлигини эълон қилган ҳам шу Франция. Ҳатто Франциядаги энг кўзга кўринган ўта ўнгчи мухолафат ҳам яқинда ўз позициясини ўзгартиришга мажбур бўлди, яъни Украинада уруш давом этар экан, НАТОдан чиқиш мутлақо тўғри бўлмаслигини таъкидлади.

Бошқача айтганда, НАТОдан мустақил Европа армиясини яратиш ғояси энди йўқ. Ҳатто Америка раҳнамолигига қарши кураш масаласи ҳам – агар Американинг сиёсий мақсадларига хизмат қилишга ўзгармаса – энди имконсиз кўринади. Бинобарин, биз Европани – хусусан, асосий масалаларда – дунё учун АҚШ чизиб берган сиёсатга тобе бўлиб қолганига гувоҳ бўляпмиз.

Дарҳақиқат, Франция президентининг америкалик ҳамкасби билан ўтказган учрашуви натижалари қуйидаги ҳақиқатларни очиб берди:

  • Байденнинг таъкидлашича, Макрон билан G7 орқали Украинани Россиянинг музлатилган активлари билан қўллаб-қувватлашга келишиб олган, фақат буни кейинроқ амалга оширади. Эслатиб ўтамиз, Россия Марказий банки маблағларининг йирик қисми Европа Иттифоқи доирасида музлатилган, бинобарин, бу қарор оқибатларини Европа ўз зиммасига олган.
  • Байден Украина урушига америкалик аскарларни жўнатмаслигини, аммо Европанинг Америка соябонига бўлган эҳтиёжини таъкидлаш учун уни ҳимоя қилишда давом этишини таъкидлади. Жумладан, Байден «бу фақат Украина билан боғлиқ масала эмас, балки бутун Европа хавф остида қолади, биз бунга асло йўл қўймаймиз» деб қўшимча қилди. («RT», 2024 йил 8 июн).
  • Хитой раҳбари Си Цзиньпин Елисей саройида «Хитойнинг ортиқча ишлаб чиқариш қудрати муаммоси» деган нарса йўқлигини айтди. («Синхуа», 2024 йил 6 май). Бироқ, президент Макрон Байден сафари билан бир вақтда, Хитой раҳбарига қандайдир маънавий босим ўтказиш учун унинг гапини рад этиб, «Хитойнинг қилаётган ишлари юқори маҳсулдорлик ҳолатини яратмоқда» деб айтди. (Рейтер, 2024 йил 8 июн). Бироқ, инфляцияни камайтириш қонунига имзо чекиш билан Европа раҳбарларини жаҳлини чиқарган Байден матбуот анжумани чоғида айни мавзудан атайин кўз юмди. У, бу чора иқлим ўзгаришига қарши курашда АҚШнинг энг йирик сармоясидир, дея илгари айтган гапини такрорлаш билан кифояланди. Ҳолбуки, бу нарса Европа компанияларига муқаррар зиён етказади.
  • Франциянинг Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилиши Ғазо аҳлига қарши жиноятларнинг даҳшатини ҳис қилганидан келиб чиқмаган. Аксинча, эски қитъани маданий ва иқтисодий жиҳатдан тобора ҳолдан тойиши жараёнини тўхтатишдан келиб чиққан. Чунки Ғазо урушининг чўзилиши Европа раҳбарлари учун Европа кемалари ва Қизил денгиздаги интернет кабелларининг кўпроқ нишонга олинишини англатади. Шунингдек, яҳудий вужудини қўллаб-қувватлашнинг давом этиши Американинг Украинага ёрдамини озайтиради. Ўз навбатида, бу Зеленскийнинг уруш истаклари учун Европадан кўпроқ харажат қилишни талаб қилади. Ҳолбуки, шундоқ ҳам Украина урушидан энг кўп зарар кўраётган Европа бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, инсонийликни қадрламайдиган моддий манфаатлар ҳукмронлик қилувчи ушбу капиталистик дунёда Макроннинг AUKUS альянси доирасидаги сув ости кемалари келишувида Америка қўйган тузоқларни ҳам, Африка соҳили мамлакатларида берилган кетма-кет зарбаларни ҳам, Европанинг озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини хавф остига қўйганини ҳам, шунингдек, Американинг инқирозни узайтиришдан фойдаланаётганини ҳам унутиши ажабланарли эмас. Шунинг учун кўряпмизки, АҚШ президентлиги даврида энг кўп Европа инқирозлари юз берган Байден билан дўстлашмоқда. Кошки ўзини ва Европадаги бошқа раҳбарларни Трамп сиёсати тузоқларидан қутқара олса. Зотан, Аллоҳ Субҳанаҳунинг ушбу каломи шуларга тўғри келади:

﴿بَأْسُهُم بَيْنَهُمْ شَدِيدٌ تَحْسَبُهُمْ جَمِيعاً وَقُلُوبُهُمْ شَتَّى ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَّا يَعْقِلُونَ﴾

«Улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидир, (яъни, жанг-жадал бўлмасдан туриб ўзаро куч-қудратли эканликлари ҳақида лоф ураверишади, аммо жанг пайтида ожиз-қўрқоқдир). (Гапларидан) уларни бир (ўзаро дўст) деб ўйлайсиз-у, (бироқ) қалблари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир»                                                                                                      [Ҳашр 14]

Роя газетасининг 2024 йил 3 июл чоршанба кунги 501-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here