Савдогарлар янги солиқ қоидаларига қарши намойишга чиқишди
10 июн куни “Дордой моторс” бозорининг савдогарлари Электрон товар-транспорт юк хати (ЭТТЮХ) ва Электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) қўлланилишига қарши норозилик намойиши ўтказди.
Улар назорат-касса машиналаридан (НКМ) фойдаланишга қарши эмасликларини, бироқ ЭТТЮХ ва ЭҲФ фаолиятини юритиш учун ҳисобчи ёллаб, унга маош тўлашлари кераклиги сабабли бундай тизимга қарши эканликларини билдиришди. 11 июн куни “Ўш” бозорининг савдогарлари ҳам худди шундай акцияни давом эттириб, вақтинчалик иш ташлашларини эълон қилишди.
Ҳукумат янги солиқ ислоҳотлари доирасида 2024 йил 1 январдан эътиборан патент тизимини бекор қилиб, унинг ўрнига НКМ, ЭТТЮХ ва ЭҲФ тизимига ўтишни талаб қилиб келаётган эди. Бироқ савдогарларнинг норозилиги туфайли бозорларда янги солиқ тизимини жорий этиш жорий йилнинг 1 июлига қадар қолдирилди.
Савдогарларнинг фикрича, янги солиқ қоидалари жуда кўп қоғозбозликдан иборат. Масалан, “Мадина” бозоридан харид қилинган 10 рулон газламадан кийим тикиб, сўнг ҳар бир кийимни маълумотлар базасига киритиб, сотувга қўйишда ҳар кийим учун ҳисоб-фактура ёзиш талаб қилинади. Шунингдек олинган товарлар учун солиқ дарҳол тўланади. Бироқ, барча товарлар улгуржи савдода сотилмайди. Улар орасида “яроқсиз” деб қайтарилганлари ҳам бўлади.
Айни пайтда йиллик даромади 8 миллион сомдан ортиқ бўлган кичик тадбиркорлар ҳам солиқ тўлаши керак бўлади. Агар йиллик даромади 30 миллион сомгача бўлса – 0,5 фоиз, 50 миллион сомгача бўлса – 1 фоиз тўлайди. Бироқ бу қоида қонуний кучга киргач, ҳукумат солиқлар миқдорини ошириб боравериши шубҳасиз. Бундан ташқари, савдогарлар НКМдан фойдаланишлари, суғурта тўловларини тўлашлари ва бошқа бир қатор вазифаларни бажаришлари керак. Агар 1 июлгача савдогарлар ўзлари мурожаат қилиб солиқ тўламаса, 75 минг сом жарима солинади. Бошқача айтганда, Хитойдан товар олиб кирувчи савдогарлар улгуржи сотувчи сифатида божхона тўловларидан ташқари яна 12% солиқ тўлайди. Бу эса, товарлар нархининг ошишига олиб келади. Натижада аҳолининг харид имконияти қийинлашади.
Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бу чора-тадбирларнинг барчаси бюджетнинг деярли 50 фоизини ташкил этувчи Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) миқдорини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. ҚҚС мамлакатга олиб кириладиган ва ҳудудларга етказиб бериладиган товарларга солинади. Солиқ кодексига кўра, унинг миқдори ҳар бир маҳсулот қийматининг 12 фоизини ташкил қилади. Масалан, агар сиз дўкон очиб, уй-рўзғор буюмларини сотишни бошласангиз, йиллик товар айланмангиз 8 миллион сомдан ошганда, сиз қонунга мувофиқ ҚҚС тўлашингиз шарт. Натижада, сиз солиқ идорасида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтасиз ва ҳар ойнинг 15-кунида ҳисобот топширишингиз шарт бўлади. Агар ҳисобот топширмасангиз, кейинги ой жарима тўлайсиз. Агар бир йил ичида тўламасангиз, жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи бор. Қизиғи шундаки, тадбиркор барча товарлар қийматидан 12% солиқ тўлайди. Маҳсулот сотилган ёки сотилмаганлиги муҳим эмас. Ҳукумат бу солиқни фақат сизнинг товарларингизни одамлар сотиб олишига имконият яратиб бергани учун олади. Натижада, сиз маҳсулот таннархига 12% солиқни қўшиб сотасиз. Шундай қилиб, сиз 1000 сомлик маҳсулотни 1120 сомдан сотишни бошлайсиз. Демак, бу товарнинг солиқ тўловчиси моҳиятан халқ бўлади. Ойига ўртача 20 000 сомлик савдо қилсангиз давлатга 2400 сом ҚҚС тўлайсиз. Мана шунинг учун сотувчилар нархларнинг ошишидан хавфсираб норозилик билдиришмоқда.
Қирғизистонда ҚҚС солиғидан ташқари яна олти турдаги солиқлар мавжуд. Улар: даромад солиғи, фойда солиғи, акциз солиғи, ердан фойдаланиш солиғи, савдо солиғи. Ер солиғи мол-мулк солиғи билан бирлаштирилган.
Кўриниб туриптики, Жапаров бошчилигидаги ҳукумат мамлакатни солиқхўр давлатга айлантириш ҳаракатларини кучайтириб бормоқда. Аниқроғи, Ғарбнинг қатъий солиқ тизимини намуна қилиб олишмоқда. Капиталистик мамлакатларда бюджет асосан солиқлар билан тўлдирилади. Масалан, АҚШда солиқлар бюджетнинг 90% дан ортиғини ташкил этади, Европанинг аксарият давлатларида бу кўрсаткич 100%га етади. Қирғизистонда эса солиқлар бюджетнинг 75 фоизини ташкил қилади. Ҳукумат солиқ тизимини ўзгартириш орқали бюджетнинг солиқлардан тўлдириладиган қисмини кўпайтиришни мақсад қилмоқда. Бошқача айтганда, у яширин иқтисодиётни фош қилмоқчи. Чунки Қирғизистонда яширин иқтисодиёт даражаси 130 млрд. сомга етади. Бу умумий солиқларнинг деярли 90 фоизини ташкил қилади. Норасмий рақамлар шубҳасиз бундан анча юқоридир. Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, бизда бизнеснинг 40 фоизи яшириндир. Норасмий маълумотларга кўра, 60-70 фоиз компаниялар шаффоф ишламайди. Аслида, бундай тадбиркорлар ўз мақсадларини амалга оширишда ҳокимият билан тили бир бўлади. Капиталистик мамлакатларда яширин иқтисодиёт ўрнини монополистлар эгаллайди. Улар йирик солиқ тўловчи сифатида ҳукумат билан келишган ҳолда кичик компанияларни банкрот қиладилар ёки кичик корхоналарнинг ўзлари банкрот бўлишга мажбур бўладилар. Монополистлар эса ҳукумат вакилларининг сайлов ва таътил харажатларини таъминлайди. Солиқларни эса, қўл остидаги хизматчилар ҳисобидан тўлайди. Ҳозирги ҳукумат шу йўлдан бормоқда. Уларнинг назарида Қирғизистондаги ҳар бир иш солиқсиз бўлмаслиги ва кам солиқ тўламаслиги керак. Блогерларга, интернет-дўконларга ва такси ҳайдовчиларига солинадиган солиқлар бунга мисол бўла олади. Буларнинг барчасини амалга ошириш учун солиқ хизматига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг салоҳияти берилмоқда. Шунингдек янги қонунларга кўра, солиқ ходими йиғилган солиқнинг 3 фоизини иш ҳақи сифатида олади. Бу эса, солиқчи иш ҳақининг кўпайиши унинг йиғадиган солиққа боғлиқлигини англатади. Бу билан солиқчилар қаердан бўлмасин, кўпроқ солиқ йиғишга ҳаракат қиладилар.
Давлатнинг бундай солиқ сиёсати халқаро молия ташкилотлари эътиборидан четда қолмади. Масалан, Жаҳон банки Қамбар-Ота-1 ГEСи қурилиши учун 500 миллион доллар кредит ажратишга қарор қилди. Бундай қарорнинг ягона сабаби – электр энергияси нархининг кўтарилиши ва уни ҳар йили инфляциядан келиб чиқиб ошириш қароридир. Жаҳон банки талабларини қондириш мақсадида ҳукумат 1 майдан эътиборан электр энергияси нархини шошилинч равишда 10,8 тийинга оширди. 1 июндан эътиборан умумий майдони 80 квадрат метрдан ортиқ бўлган уйлар учун иситиш ва иссиқ сув нархини уч баравар оширишга қарор қилди. Бинобарин, мамлакатда аҳоли елкасига юкланган солиқ сиёсати капитализм ва унинг қўл-оёғига айланган молиявий ташкилотларнинг мевасидир.
Бунга муқобил равишда, Ислом тузумида давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишга эҳтиёж бўлмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат активларидан фойдаланади. Аҳолининг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфлайди. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан олинган фойда шу соҳаларга сарфланади.
Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлар солиқ тўлаб, қийин аҳволда қолмайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади. Закотдан йиғилган мол-мулклар байтулмолдаги бошқа мол-мулкка аралаштирилмайди, алоҳида сақланиб, Аллоҳ Таоло “Тавба” сурасида айтган саккиз тоифа кишига тақсимланади. Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنْ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Тавба: 60).
Исломда давлат камдан-кам ҳолларда, тўғрироғи, Аллоҳ Таоло давлат ва Умматга фарз қилиб қўйган ишларни бажариш учун зарур бўлгандагина мусулмонлар орасидан бой кишилардан қарз олиши мумкин. Баъзан давлат бой мусулмонлардан фақат маълум бир эҳтиёжни қондириш учун зарур бўлган миқдорда солиқ олиши мумкин. Масалан, Расулуллоҳ e Табук ғазотига зарур бўлган маблағ учун мусулмонларга мурожаат қилдилар. Шунда Усмон G бу оғир йилнинг машаққатларини енгил қилиш учун минг динор берди.
Исломда солиқ солиш жоиз бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:
– Кутилмаган ҳолатни бартараф қилиш ёки маълум бир эҳтиёжни қондириш учун байтулмолдаги маблағ етарли бўлмаган ҳолда;
– Бундай вазиятда харажат қилиш байтулмол ва мусулмонларга фарз эканлиги ҳақида шаръий насс бўлиши керак;
– Солинган солиқ ушбу ҳолат учун зарур миқдордан ошмаслиги керак;
– Бу солиқ фақат асосий ва камолий эҳтиёжларидан ортиқча мол-мулкка эга бўлган бойларга солиниши керак.
Демак, Исломдаги бундай солиқ қўшилган қиймат солиғи, даромад солиғи, фойда солиғи, акциз солиғи, ердан фойдаланиш солиғи, савдо солиғи каби доимий равишда олинмайди. Исломда доимий равишда солиқ йиғиш жоиз эмас. Шунинг учун капиталистик тузумнинг солиққа асосланган иқтисодий тузумини Исломнинг иқтисодий тузумига қиёслаш катта хатодир. Президент, Бош вазир ва Муфтий бошчилигида чақирилаётган солиқлар Исломда ҳаром қилинган! Шундай экан, мусулмонлар бундай солиқчиларнинг зулмидан қутулиш учун дунё ва охиратда азизликка етказувчи Аллоҳнинг ҳукмлари билан яшашга шошилишлари керак!
Мумтоз Маверанаҳрий