Тарихни тўғри тушуниш усули

0
2822

old paper canvas texture grunge background

Тарихни тўғри тушуниш усули

Тарих келажак сари соғлом қадамлар ташлаш учун ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса, Ислом динининг келажаги учун тарихимизни билишимиз зарур. Зеро, тарих Умматнинг хотираси ва ақл-заковати каби бўлиб, агар мусулмонлар ўз тарихини билмасалар ёки эътибор бериб ўз тарихини пухта ўрганмасалар, бошқа халқлар билан муносабатларида қийинчиликларга дуч келишади. Ҳаттоки, душманлари томонидан тиқиштирилган тарихий маълумотларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлади. Натижада дўстини душман, душманини эса, дўст деб билади. Шунинг учун ҳам, ҳамма тарихий китобларни манба сифатида қабул қилиб бўлмайди. Хусусан, тарихни кофирлардан ўрганиш мутлақо жоиз эмас. Аммо биз мусулмонлар, афсуски, тарихимизни кофирлардан ўрганадиган ва улар тузиб берган таълим дастури орқали таълим оладиган бўлиб қолдик.

Масалан, Қирғизистон тарихида рус мустамлакачиларининг босқинига қарши курашган мусулмонлар босмачилар сифатида халқ душмани қилиб кўрсатилди. Аслида эса, бу “босмачилар” кофир мустамлакачиларнинг қирғинларига қарши курашган мусулмонлар ҳаракати эди. Уларнинг айрим раҳбарлари Усмоний Халифанинг ҳарбий қўмондонлари билан алоқада бўлган. “Босмачилар” партизан урушини яхши ўзлаштиргани учун Совет ҳукуматини оғир аҳволга солиб қўйган.

Шунингдек, Исломнинг Марказий Осиёга келиши ҳам “араблар босқинчилиги” деб ўргатилди. Арабларга эса, Усмоний халифалар уларнинг бойликларини талон-тарож қилган золим подшоҳлар, деб ўргатилди. Ҳозир ҳам арабларга Усмонийлар уларнинг юртларига бостириб кирган босқинчилар сифатида ўргатилади.

Тарихни бизга ўргатганларидек эмас, адолат билан ўрганадиган бўлсак, Усмоний халифалик Анадолуда қандай шароит яратган бўлса, барча Ислом ўлкаларида ҳам худди шундай шароит яратишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Масалан, карвон йўлларидаги карвонсаройларни мусулмонлар яшайдиган ҳар бир ҳудудда кўриш мумкин. Бу карвонсаройларда йўловчилар учун бепул овқат ва дам олиш ўринлари яратилган. Унинг ҳаражатлари закотга берилган маблағ ҳисобидан таъминланган. Закот Турклардан канча миқдорда олинган бўлса, бошқа халқлардан ҳам шунча миқдорда олинар эди.

Ҳатто Султон Абдулҳамид даврида касал одам номини олган Халифалик давлати ҳам қарзга ботган бўлишига қарамай, Истанбулдан Ҳижозгача темир йўл қуриш лойиҳасини бошлаган эди. Бу йўлни қуришдан кўзланган ягона мақсад минтақадаги мусулмонларнинг алоқаларини мустаҳкамлаш эди. Яҳудий жамоати Халифа Абдулҳамид ҳузурига келиб, давлатнинг ташқи қарзини тўлаш эвазига муқаддас Фаластин заминини сўраганида, у тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзилиб қолган ушбу жавобни берди: “Аллоҳга қасамки! Агар танамни майда бўлакларга бўлиб ташласангиз, Ислом диёридан бир қарич ер беришдан кўра оғриғи камроқ бўларди. Мен тирик эканман бунга йўл қўймайман!”. Бироқ ҳозирда ўттиздан ортиқ араб давлатлари ва 300 миллион араб халқи Фаластин замини 7 ойдан бери қирғин қилинаётган бўлса-да, бунга қарши бир қадам ҳам ташлай олмади. Мустамлакачилар Ислом юртларини босиб олгандан кейин, тарихимизни ўз манфаатларидан келиб чиқиб ёзганлиги мусулмонларнинг ҳозирги аҳволга тушиб қолишига катта ҳисса қўшди.

Мустамлакачилар, худди арабларга Усмонийларни босқинчи сифатида ўргатганидек, туркларга ҳам арабларни “орқадан пичоқ урган хоинлар” деб ўргатди. Ваҳолангки, Истанбулни босқинчи мустамлакачилардан ҳимоя қилган Чаноққалъа жангида барча араб-ажам мусулмон аскарлар Ислом Умматининг марказини ҳимоя қилиш учун ҳар ердан оқиб келишган эди. Улар қонлари ва жонлари эвазига Истанбулни мустамлакачилардан ҳимоя қилдилар. Афсуски, тарихни текширмасдан қабул қилиш натижасида 1300 йил биродар бўлиб яшаган халқлар душман сифатида кўриладиган бўлиб қолди.

Бундан ташқари, 500 йилдан 1500 йилгача бўлган ўрта асрлар бизга қоронғу давр сифатида ўргатилди. Аслини олганда, бу давр Европа жамияти учун қоронғу давр бўлган эди. Уларнинг ҳаммом ва ҳожатхонасиз зулматга чўмган ҳаётининг мусулмон халқларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Зеро, бу даврда инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад ﷺ Ислом жамиятини зулматдан нурга олиб чиққан эди. Ислом цивилизацияси уни қабул қилган жамиятларни ҳар томонлама юксак даражага кўтарди. Бироқ, ҳозирда европаликларнинг Ўрта асрлар ҳақида айтганлари тарих сифатида ўргатилмоқда. Шунинг учун мусулмонлар одамларни Исломий ҳаётга даъват килганларида, улардан “зулмат даврига қайтишимиз керакми?” деган танбеҳни эшитишингиз мумкин.

Дарҳақиқат, Ислом тарихи ўрта асрлардаги адолати билан машҳурдир. Ўзининг 3 йилдан камроқ ҳукмронлиги даврида закот оладиган одам топилмайдиган даражада давлатни ривожлантирган Умар ибн Абдулазизнинг ҳаётидан бир мисол келтирсак: Маълумки, Ислом дини Хуросон ва Фарғона водийсига Қутайба ибн Муслим бошчилигида етиб келган. Самарқанд шаҳрининг аҳолиси Ислом динини қабул қилгач, фиқҳ масаласида муаммо кўтарилади ва улар Умар ибн Абдулазиз ҳузурига Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб, вакил юборадилар. Уларнинг шикояти шу эдики, Қутайба урушдан олдин Исломни қабул қилиш ёки жизя тўлаш ё жанг қилишни таклиф қилмасдан қўшини билан шаҳарга кирган эди. Чунки Исломда уруш йўли орқали Исломни қабул қилганлар билан келишув йўли орқали Исломни қабул қилганлар ўртасида ердан фойдаланиш ҳуқуқи бир хил бўлмайди. Ўшанда Халифа вакилларнинг шикоятларини тинглагандан сўнг, Самарқанд шаҳар қозисига хат ёзиб, воқеа текширилишини ва агар шикоятчиларнинг айтганлари рост бўлса, барча Ислом аскарлари шаҳарни тарк этишини буюради. Қози воқеани ўрганиб чиқиб, Қутайбанинг намоз ўқиш баҳонасида шаръий ҳукмларига зид ҳолда шаҳарга кирганлигини аниқлади ва аскарларга шаҳарни тарк этишни буюрди. Шу тарзда, шаҳар аҳолисига Ислом қайта таклиф қилинадиган бўлди. Ҳа, Ислом тарихи бундай адолат билан ҳукм юритган воқеаларга тўладир.

Кофирлар бизга ўз дунёқарашлари билан қараганлари учун Ислом халифаларининг узоқ йиллар давомида давлатни бошқарганлигини монархия ёки диктатура сифатида ўргатадилар. Аслида мусулмонлар намоз ўқишда Пайғамбаримиз ﷺни ўрнак қилиб олганларидек, давлатни бошқаришда ҳам У зотни ўрнак қилиб олдилар. Бинобарин, Хулафои Рошидинлардан тортиб охирги Усмоний халифагача, барчалари умрларининг охиригача давлатни бошқарганлар. Бунга на саҳобалар ва на мусулмонлар жамоаси эътироз билдирмаган. Қачонки бу раҳбарлар Исломдан ташқарига чиққанларида ёки уни нотўғри татбиқ қилганларида Мусулмонлар норозилик билдиришган.

Шунунгдек Исломда кофирлар айтганидек, тарихий даврлар эволюцион тарзда давом этмайди. Ҳозирги вақтда тарихчилар инсоният даври фақат дунёвий бошқарув билан давом этаверадигандек маълумотларни тиқиштирмоқда. Исломда эса, аксинча, Аллоҳ Таоло Қуръонда айтганидек, даврлар айланиб, кунлар ўзгариб туради. Аллоҳ Таоло айтади:

وَتِلْكَ الْأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ

“Биз бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз”. (Оли Имрон: 140).

Мумтоз Мавароаннаҳрий

NO COMMENTS