Қирғизистонда маълумот олиш бўйича чеклов жорий этилди
Қирғизистонда 2024 йил 18 апрелдан бошлаб “TikTok” ижтимоий тармоғи блокланди. Бунинг сабаби ёшларнинг соғлиғига етадиган зарарнинг олдини олиш эканлиги расмий тарзда эълон қилинди.
Бу давлат расмийларининг “TikTok”ни блоклашга бўлган биринчи уриниши эмас. Ўтган йилнинг август ойида Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда “TikTok” тармоғини блоклашни таклиф қилиб чиққан эди. Вазирлик ҳам УКМК (миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси) томонидан айни дамда айтилаётган баҳоналарни оқлаб, “мазкур тармоқдаги лавҳалар ўсмирларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда”, деган эди.
Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси “Tik Tok” тармоғининг “Кичик ёшдаги болаларнинг соғлиғига ва жисмоний, интеллектуал, ақлий, маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш” бўйича қонунга риоя қилмаслик сабабли блокланганини билдирди. Расмий хатга кўра, “Tik Tok тармоғида контентни тизимли равишда саралаш механизми йўқ. Хусусан, унда ёшлар учун маълумот олиш майдони назорат қилинмайди”.
Ушбу хат асосида Рақамли ривожланиш вазирлигига мазкур ижтимоий тармоқни 18 апрелгача блоклаш топширилди. Бироқ суднинг блоклаш ҳақидаги қарори тилга олинмаган. Шунингдек, техник томонига оид масалалар юзасидан ҳам изоҳ берилган эмас.
Болалар учун зарарли ахборотни чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш 2023 йилнинг августида қабул қилинган эди. Юқорида тилга олинган қонунга ўзгартириш киритиш ташаббуси билан Жўқорғу Кенеш депутати Жамила Исаева чиқди. Унинг сўзларига кўра, қонундан кўзланган мақсад “ёш болалар ва ўсмирларнинг маънавий, жисмоний, психологик ва ижтимоий саломатлигини сақлаш учун хавфсиз ахборотдан фойдаланишни таъминлаш”дир. Бироқ “Медиа Полиси” институти мазкур қонунни таҳлил қилиб, шундай дейди: “Ушбу қонун фуқароларнинг ахборот олишини чеклаш ва цензура ўрнатишда ҳукуматнинг навбатдаги “ричаг”ига айланади. Болаларнинг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ташаббускорларнинг айтганлари эса популизмдан бошқа нарса эмас”.
Маълумки, “Tik Tok” ижтимоий тармоғи бугунги кунда энг тез ривожланаётган интернет манбасидир. Унинг алгоритми ва фойдаланиш қулайлиги қисқа вақт ичида минглаб одамлар томонидан кўриш имконини беради. Бу эса, ахборотнинг тез суратда халққа етиб боришига ва жамоатчилик фикрининг ўзгаришига хизмат қилади. Бундай қурол жамиятнинг руҳий ҳолатини ўзгартиришда ва ўз таъсирини ёйишда мухолифат ёки бошқа сиёсий кучлар томонидан ҳукуматга қарши ишлатилиши мумкин. Агар халқаро майдонда “Tik Tok”ни блоклашга уринишларни инобатга оладиган бўлсак, бундай чекловлар Хитой таъсирининг ёйилишини олдини олишга қаратилганлигини кузатиш мумкин.
Аммо Қирғизистондаги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирги ҳукумат авторитар тузум ўрнатишда сиёсий рақобатни куч билан йўқ қилиш учун маъмурий ресурсларини ишга солмоқда. Хусусан, ахборот урушидаги рақобатчиларнинг имкониятларини чекламоқда. Бунинг учун анъанага айланган Кремл кўрсатмаларига таянаяпти. Бунда сиёсий элита ва турли кланлар вакиллари нишонга олинаётган бўлса-да, асосий мақсад Ислом динининг тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Зеро, сўнгги пайтларда Ислом дини ҳозирги режим учун асосий таҳдид сифатида кўрилмоқда. Чунки унинг кенг тарқалиши ҳамда жамиятга таъсири мафкуравий ва сиёсий режимнинг ўзгаришига олиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Tik Tok” тармоғининг блокланиши оддий халқ билан бирга блоггерлар ва интернет орқали тижорат қилувчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Аслида, бундай чекловлар, хусусан, Исломий маълумотларнинг чекланиши ҳукумат томонидан қабул қилинган конституциявий қонунларга зиддир. Зеро, демократик қонунларга кўра, фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги давлат тарафидан кафолатланиши керак. Ҳукуматнинг “Tik Tok”ни блоклаш ўзи қабул қилган қонунларга зиддир. Шунингдек бу уларнинг сиёсий ва мафкуравий рақобатда ожизлигини кўрсатмоқда. Демак, аҳолининг ҳозирги демократик тузумга ишончи тобора йўқолиб бормоқда. Бу эса, капитализмнинг қулаш арафасига келиб қолганлигидан дарак беради.
Ҳужжат Жамия