بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Трампнинг Ғазо урушини тўхтатишга чақираётгани ортида нима ётибди?!
Устоз Ҳамд Тобиб
Америкада чиқадиган «Нью-Йорк Таймс» газетасининг 2024 йил 2 апрелдаги нашрига кўра, собиқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг аввало исроиллик маҳбуслар озод этилиши кераклигини айтмасдан, Ғазога қарши қилинаётган урушнинг тўхтатилиши кераклигини айтган баёноти консерваторларнинг бош вазир Биньямин Нетаньяҳуни қўллаб-қувватлашдан чекинаётганига бир ишорадир. Трамп 2024 йил 26 март куни ҳам «Нью-Йорк Таймс» газетасига «Исроил халқаро қўллаб-қувватловни йўқотмоқда. У Ғазо урушини тўхтатиши ва тинчлик жараёнини бошлашга қадам қўйиши керак», деган эди. Яҳудийларнинг жуда эҳтиёт бўлишлари кераклигини, чунки бутун дунё бўйлаб кўп нарса йўқотишларга учрашаётганини, кўп ёрдамлардан маҳрум бўлишаётганини таъкидлаб, уларга «бу урушингизни тўхтатишингиз, буни амалда кўрсатишингиз керак, биз тинчликка эришмасак бўлмайди, бундай давом этишига йўл қўймаймиз!!», деди.
АҚШда, минтақада ва халқаро миқёсда сиёсий ўзгаришлар тезлашиб бораётган бир пайтда, Трампнинг бу талаби ҳақиқий сиёсий позицияни ифодалайдими, ёки бу унинг Оқ уй сари пойгаси ва сайлов ташвиқотими?
Ушбу баёнотлар ва уларнинг оқибатларини тушуниш учун халқаро ва минтақавий майдонда ва АҚШнинг ўзида, айниқса конгресс аъзолари ўртасида содир бўлган Ғазодаги уруш билан боғлиқ баъзи ўзгаришлар, янгиликлар ва воқеалар ривожини кўриб чиқишимиз керак бўлади, жумладан:
- Хавфсизлик Кенгашида 2024 йил 22 март куни содир бўлган қуйидаги воқеа халқаро сиёсатда катта ўзгариш ҳисобланади. Яъни Хитой билан Россия Ғазо уруши бошлангандан буён биринчи марта Қўшма Штатларга қарши туришди. Яъни Америка Ғазо урушидан кўзланган ўзининг мақсадларини амалга ошириш учун Хавфсизлик Кенгашидан айни уруш билан боғлиқ амалий сиёсатини илгари сурадиган қарорни чиқариб олишига тўсқинлик қилишди. 2024 йил 22 март куни БМТнинг расмий сайтида «БМТ хавфсизлик кенгаши Россия ва Хитой вето ҳуқуқидан фойдалангандан кейин Ғазода ўт очишни тўхтатиш муқаррарлигини тасдиқловчи Америка резолюцияси лойиҳасини қабул қила олмади», дейилади.
- АҚШ ҳукумати сиёсатида Ғазо урушига нисбатан ўзгариш юз берди, яъни Хавфсизлик Кенгашидаги Ғазо урушини тўхтатиш ва ва маҳбусларни озод этиш тўғрисида 2024 йил 26 март куни чиқарилган халқаро резолюция вотумида АҚШ ҳукумати биринчи марта бетараф қолди. Шу билан бирга, Америка «7 октябр ҳодисаси» мавзусида Ҳамасни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳам тилга олмади. Бу ҳақда «Aljazera.net» веб-сайтида 2024 йил 26 март куни бундай дейилган: «Ушбу резолюция Кенгашнинг 10 нафар доимий бўлмаган аъзоси томонидан қабул қилинди ва 15 аъзодан 14 нафари уни ёқлаб овоз берди».
- Ғазодаги тинч аҳолига қарши сурункали давом эттирилаётган жиноятларга ва Ҳамасга босим ўтказиш даъвоси билан олиб борилаётган очарчилик сиёсатига қарши халқаро жамоатчилик фикри кучайди. Ўтган ҳафта Ғазода «World Central Kinchen» ташкилоти аъзолари ўлдирилгандан кейин айни фикр тарафдорлари кенгайди, чунки Британия бошчилигидаги кўплаб Европа давлатлари ушбу суиқасд амалиётини содир этганларга нисбатан амалий чоралар кўрилишини талаб қилди. Британияда чиқадиган «Сан» газетасига кўра, британ ҳукумати сешанба куни яҳудийларнинг Лондондаги элчисини чақириб, Ғазога ёрдам ходимларининг, жумладан, уч британияликнинг ўлдирилишини «қатъий қоралаган». Британия бош вазири Сунак яҳудий вужудини ушбу «фожиали ҳодиса»га ойдинлик киритишга чақирган.
- Конгрессдаги ҳар икки партияда бўладими, Америкадаги фуқаролик жамияти ташкилотлари ва халқ орасида бўладими, фарқсиз, Америкада жамоатчилик фикри ўзгарди. Бу ҳақда Трамп замонида яҳудийларнинг элчиси бўлган Жэвид Фридман матбуотга берган интервьюсида «Республикачилар изоляциясидан иборат хатарни тушунаман, чунки республикачилар партияси ичида бу йўналишда ҳаракат қилаётган тенденция мавжуд», деди!! 2024 йил 20 март куни «RT Arabic» веб-сайтида хабар қилинишича, «ўтган ҳафта АҚШ сенатидаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер «Исроил»да янги сайловлар ўтказишга чақириб, бош вазир Биньямин Нетаньяху йўлдан озди, у тинчлик йўлига ғов бўляпти, деди»!!
АҚШ ичкариси ва ташқарисида ҳамда конгрессда юз берган мана шундай ўзгариш ва босимлар манзарасида, ҳар икки рақиб, яъни Трамп билан Байден бу ўзгаришлардан сайловлар йўналишида фойдалана бошлашди. Трамп ва унинг республикачилар партиясидаги баъзи сиёсий ёрдамчилари томонидан эълон қилинган нарса воқеликнинг ҳақиқий ифодасидир ва бу ҳозирги сиёсатга мос келади. Трамп бу воқеа-ҳодисалардан ўзининг сайлов қайиғини олдинга силжитишда фойдаланмоқда ва бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Балки у илгари Украина урушидан ҳам шу мақсадда фойдаланган ва уни тўхтатишга чақирган!! Дарҳақиқат, Дональд Тармп айни масалани (Ғазо уруши масаласини) 2024 йил 26 март куни яҳудийларнинг «Israelhayom» газетасига берган интервьюсида ифодалаб, «Исроил»нинг Ғазодаги уруши сабабли халқаро қўллаб-қувватловнинг жуда кўпини йўқотаётганидан огоҳлантирди ҳамда Ғазо урушини тўхтатиши ва тинчлик жараёнини бошлашга қадам қўйиши кераклигини айтиб, «Исроил зарбалари Ғазо секторининг аксар қисмини харобаларга айлантирди», деди!!
Трампнинг ушбу янги позицияси урушнинг бошида тутган позициясидан фарқ қилади. Ўшанда у президент Байденни яҳудий вужудига ёрдам бермаётганлиги учун унга Конгрессда тазйиқ ўтказиш позициясини тутган эди. Ўз навбатида, бу Байденни яҳудий вужудига қилинадиган ёрдам пакетини Украина ва Тайванга қилинадиган ёрдам масаласи ва чегара муаммоси билан боғлаш орқали бир неча марта тупикдан қутулиб чиқишга ундаган. Ғарб сиёсати, хусусан, Америка раҳбарлари сиёсати принципга эмас, прагматизмга асосланади. Бошқача қилиб айтганда, бу сиёсат реалистлик ва манфаатпарастлик сифатлари билан ажралиб туради ҳамда бажарилиши керак бўлган ишга аҳамият қаратишдан кўра кўпроқ воқелик оқимига эътибор қаратиб, доим бошлаган ишнинг ўзига эмас оқибат ва натижаларига қарайди, яъни қўллаётган воситаларидан кўз юмиб, натижа ва манфаатлар ҳақида ўйлайди. Бу сиёсат оқимдан фойдаланади ва унга қараб ҳаракат қилади, айниқса, сайлов босқичида америкалик сайловчиларни (халқни) рози қилиш йўлларини излайди. Ушбу Америка халқи ҳозир Ғазодаги воқеаларга нисбатан қарашларини ўзгартирди ва энди урушнинг тўхтатилишини талаб қила бошлади. Бу америкаликлар орасида деярли жамоатчилик фикрига айланди, ҳатто сиёсий элитада ва конгресс ичкарисида ҳам.
Аслида, бу каби баёнотлар Демократлар партиясини сиёсий тупикка киритиб қўяди ҳамда унинг келгуси сайловларда америкалик сайловчилар олдида дуч келадиган бўҳронини янада кучайтиради. Бу Байденнинг урушни тўхтатиш ҳақидаги баёнотларидан ва бу баёнотларида америкалик жамоатчилик фикрига ва конгрессдаги Демократ аъзоларнинг қарашларига мос гапирганидан, аммо Ҳамас жиноятчилигини тилга олмаганидан ҳам яққол кўриниб турибди.
Демократлар ва Республикачилар дохил ҳар иккала партия сиёсати, шубҳасиз, аввало Америка манфаатига хизмат қилади, шунингдек, яҳудий вужуди манфаатига ҳам. Ғазо урушини қўллаб-қувватлаш дастлаб иккала партия раҳбарларининг ҳам сайлов манфаатлари бўлган эди. Шунингдек, Америка халқини рози қилиш ва конгресс сиёсати билан ҳамқадам бўлишга қаратилганди. Аммо ҳозирда жамоатчилик фикри урушга қарши томонга ўзгаргач, сайлов кампанияси ва Оқ уйга етиб бориш йўналишида ўзгаришлар юз берди. Шунинг учун Трампнинг янги баёнотлари оқимга қараб сузиш ва ҳодисадан америкалик сайловчиларнинг йўналишида фойдаланиш томон бурилди. Бу унинг Нетаньяху ва яҳудий вужуди ҳукуматини қўллаб-қувватлаш бўйича аввалги позициясига тескари келади.
Хулоса сифатида бундай деймиз: Кофир давлатлар позициялари, асосан Америка позицияси мусулмонларга асло яхшилик келтирмайди, ҳатто яҳудий вужудига қарши позиция бўлса ҳам. Бу давлатлар мусулмонлар масаласидан аввало ўз манфаатлари учун, сўнг албатта яхудийлар манфаати учун фойдаланиш позициясини тутадилар. Американинг икки давлат ечими доирасида урушни тўхтатиш ва Ҳамасни жанговар йўл билан йўқ қилиш аввалу охир яҳудийлар манфаатига хизмат қилади, мусулмонлар манфаатига ҳам, Ғазо аҳли манфаатига ҳам асло хизмат қилмайди. Уммат бундай хорлик ва хўрликдан ҳамда хоҳ Ғазода бўлсин, хоҳ бошқа юртларда бўлсин Ғарб ҳукмронлигидан қутулмоғи даркор. Бунинг ягона йўли Умматнинг фақат битта давлат соясида бирлашишидан иборатдир. Зеро, фақат Халифалик давлатгина барча куфр давлатлари, асосан Америка ва яҳудий вужуди сиёсатига қарши тура олади.
Биз хайру баракот ва нусрат ойи охирида турган эканмиз, Аллоҳ Таолодан Ислом Умматини Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик соясида тезроқ ёруғ кунларга чиқариб, ғолиблик билан сийлашини сўраб қоламиз, Аллоҳумма омин.
Роя газетасининг 2024 йил 10 апрел чоршанба кунги 490-сонидан