بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Яҳудий вужуди ва Эрон ўртасидаги ўзаро зарба алмашинуви Америка ритми бўйича тартиблаштирилган
Эроннинг «Форс» ахборот агентлиги «2024 йил 19 апрел жумъа куни Исфаҳон вилоятидаги ҳарбий база яқинида учта портлаш овози эшитилди», деб маълум қилди. Эрон телевидениясининг хабар беришича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мамлакат марказида жойлашган Исфаҳон вилояти ва унинг шимолидаги Табриз шаҳри ҳаво ҳудудида кичик худкуш дронларига қарши жавоб йўллаган.
Яҳудий вужуди томонидан йўлланган ушбу енгил ҳарбий зарба бир ҳафта олдин Эроннинг уч юз ўттиздан зиёд дрон ва ракеталар билан унга қилган ҳужумига жавоб зарбаси бўлди. Улардан фақат еттитасигина босиб олинган ҳудудга етиб борди. Шундай қилиб, икки давлат ўртасида исталмаган ва Америка хоҳламаган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тўғридан-тўғри қарама-қаршилик келиб чиқмаслиги учун яҳудий вужуди томонидан ғайриодатий заиф жавоб эарбаси йўлланди.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳён «Форс» ахборот агентлигига берган интервьюсида яҳудий вужудига таҳдид қилиб «Агар (Исроил) Эронга қарши яна қандайдир ҳарбий ҳаракатни амалга оширса, жавоб дарҳол ва максимал даражада бўлади», деди. Абдуллаҳён бир неча ахборот агаентликларига берган интервюсида ҳам айни шу сўзларни такрорлаб, бундай деди «Агар (Исроил) режими яна қайта жиддий хатога йўл қўйса, бизнинг жавобимиз кескин ва улар учун қайғули бўлади». Амир Абдуллаҳённинг бундай кескин (кишини жиғига тегувчи) баёнотларидан бир неча соат ўтгач, Исфаҳонга ҳужум қилинди. Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта учувчисиз учоқни уриб туширганини айтди. Теҳрон жумъа куни тонгда «ҳужум кичик ҳудкуш дронлардан иборат бўлганини, уларнинг барчаси уриб туширилганини ва уларнинг Эрон ҳудудидаги бирон бир нишонга етиб бормаганини» таъкидлади. Эрон яҳудий вужудини бу ҳужум учун жавобгар деб ҳисобламади.
Эрон ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳужум ядровий иншоотларни нишонга олмаганини тасдиқлади. Маълумки, Исфаҳон шаҳри атом саноати ва уранни қайта ишлаш маркази ҳисобланади, шунингдек, у ерда самолёт ва дронлар ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Эрон бу ҳужумни Эрон ичкарисидаги малайлар томонидан амалга оширилган шунчаки қўпорувчилик ҳаракати деб ҳисоблаб, унга нисбатан ички жосуслар содир этган террористик қўпорувчилик амалиёти деган эътиборда муносабатда бўляпти. Шунингдек, у ҳужумда фойдаланилган дронларни «квадрокоптерлар» деб таснифлади. Улар юзлаб грамм портловчи моддаларни олиб юрадиган ва жиддий зарар етказа олмайдиган кичик дронлардир.
Эроннинг Дамашқдаги консуллиги 1 апрелда яҳудий вужуди томонидан ҳаво ҳужумига учраб, бунинг оқибатида бир нечта эронлик катта зобитлар ҳалок бўлган эди. Бунга жавобан Эрон ўтган ҳафтада яҳудий вужудига юзлаб ракета ва дронлар билан ҳужум қилганидан кейин, у ҳам унга жавоб зарбасини йўллаш билан таҳдид қилганди.
Яҳудий вужуди томонидан Исфаҳонга қилинган ва унинг расмий матбуоти тан олмаган ушбу заиф ҳужумни экстремист яҳудий вазир Бен Гвир фош қилиб, уни «масхарабозлик» деб атади. Бу эса яҳудий вужуди бунга жавобгар эканлигига аниқ ишорадир. Яҳудий вужуди телерадиокомпанияси номи айтилмаган вазирларнинг «Бен Гвирнинг бундай баёнотлари давлат хавфсизлигини хавф остига қўйиши мумкин» деб айтган сўзларини келтиради. Мухолафат етакчиси Яир Лапид: «Ҳукуматдаги хавфсизлик вазирининг мамлакат хавфсизлиги, обрўси ва халқаро мавқеига бу қадар катта зарар етказиши олдин юз бермаган», деди. «Бен Гвир (Исроил)ни масхара қилишга ва уни Теҳрондан Вашингтонгача фош қилишга муваффақ бўлди», деб қўшимча қилди у. Шубҳа йўқки, бу баёнот яҳудий вужуди Эрон билан муносабатларни кескинлаштирмаслик зарурати юзасидан Американинг босимига бўйсунаётганини тасдиқлайди. Бу яна шуни тасдиқлайдики, бўлиб ўтган воқеа Америка илгари ўйнаган ва Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан кейин АҚШнинг собиқ президенти тилга олган саҳна ўйинларига ўхшаш шунчаки саҳна ўйинидир.
Яҳудий вужуди мажбуран сукут сақлаш ва Исфаҳонга қилинган заиф ҳужумини расман эълон қилмаслик сиёсатини танлади. Бу эса яҳудий вужуди ва Эрон ўртасидаги ўзаро ҳужумлар ритмини мана шундай очиқ дипломатик йўналиш билан назорат қилмоқчи бўлган Американинг истагига мос келади. Америка ҳар икки томонга, айниқса, Эрон билан кенг қамровли урушга тортилмаслиги учун яҳудий вужудига босим қилмоқда. Чунки кенг қамровли уруш аслида мураккаб бўлган сиёсий манзарани янада мураккаблаштиради, глобал барқарорликни издан чиқаради ҳамда бутун минтақани хавф ва беқарорликка дучор қилади. Эроннинг бу ҳужуми яҳудий вужуди учун Эрон ядровий реакторларига ҳужум қилишнинг олтин фурсати ҳисоблансада, у Америкадан қўрқиб бу фурсатдан фойдаланмади. Яҳудий вужуди армиясининг собиқ ҳарбий қўмондони Амир Авиви: «(Исроил) Эрон ядровий иншоотлари билан шуғулланишни узоқ вақт кутди. Менимча, бу уларга қаттиқ зарба беришнинг ноёб имкониятидир», деди.
Шундай қилиб, Америка икки давлат ўртасидаги курашда янги тенгламани жорий қилмоқчи. Афтидан, бу тенглама Эроннинг яҳудий вужуди билан бўлган курашида у томон бурилган кўринади. Бу тенгламага кўра, Эрон яҳудий вужудининг Эронга хоҳлаганча зарба беришига имкон берадиган «стратегик сабр» деб аталган сиёсатдан икки давлат ўртасидаги мувозанатли тўсиқ стратегиясига ўтади. Бу эса минтақада Эрон мавқеининг кўтарилишига ва Яқин Шарқда унинг ўрнини босиб бўлмайдиган минтақавий куч сифатидаги даражаси яҳудий вужуди мавқеига тенг даражага кўтарилишига олиб келади.
Эрон ўзининг ҳарбий ҳаракатларида Америка билан мувофиқлашмасдан бир қадам ҳам ташламайди. У бундай ҳаракатларни ё бевосита ўзи амалга оширади ёки воситачилари орқали амалга оширади. Масалан, Ироқдаги Айнул Асад базасига бевосита ўзи ҳужум қилган бўлса, яҳудий вужудига қарши қилинган сўнгги ҳужумни воситачилар орқали амалга оширди. Шунингдек, у уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўртасида телефон сўзлашувлари бўлгани ҳақида Американи Туркия орқали хабардор қилган. Америка ва Эрон ўртасида Америка Ироқ ва Афғонистонни босиб олганидан бошлаб, то шу кунгача бундай мувоқлашув давом этиб келмоқда. Бу шунга аниқ далолат қиладики, Эрон Америка орбитасида (таъсири доирасида) айланадиган давлатдир. Эронга қарши Америка қўллаётган санкциялар унинг кучини оширадиган сиёсий чалғитувлардан бошқа нарса эмас. Шунинг учун Эроннинг барча сиёсий ҳаракатларига ишониб бўлмайди. Чунки унинг сиёсий ҳаракатлари Америка манфаатларига хизмат қилишдан четга чиқмайди.
Эрон Сурия ва Ливандаги жангариларининг ўлими учун қасос олмаган экан, табиийки, ўзи ёрдамсиз ташлаб қўйган ва уларга қуруқ ширин сўзлардан бошқа нарса тақдим этмаган Ғазодаги минглаб фаластинларнинг ўлими учун ҳам қасос олмайди.
Аслида, Эронни Фаластин ҳам, Ислом ҳам заррача қизиқтирмайди. Уни фақатгина ўзининг тор миллий форс манфаати ва жирканч тоифачилик ва мазҳабпарастлик иллатини ташқарига экспорт қилиш қизиқтиради, холос.
Роя газетасининг 2024 йил 24 апрел чоршанба кунги 492-сонидан