بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Қурайшликларнинг жоҳилиятдаги ахлоқига қаранг-у, Таҳрири Шомнинг ахлоқсизлигига
Равла Иброҳим
Қурайш кофирлари Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺни ўлдирмоқчи бўлганларида, у зотнинг қони бир неча қабила ўртасида тақсимланиб, Қурайш ул зотнинг интиқомини ололмаслиги учун ҳар бир қабиладан биттадан одамни танлаб олишди. Улар тун бўйи ул зотнинг эшиги олдида туриб, бомдод намозига чиқишларини кутишди. Ваҳоланки, уйга девор ошиб, бостириб киришга қодир эдилар. Аммо бундай қилишмади. Улар Пайғамбар алайҳиссаломдан қўрқишгани учун эмас, балки қариндош аёллар ҳаёсини сақлашгани учун бостириб киришмади. Ҳатто ораларидан бири ул зотнинг уйига бостириб киришни таклиф қилган пайтда, кофир Абу Жаҳл бунга қарши чиқиб, «араблар бизни девор ошишибди, Муҳаммад қизларининг дахлсизлигини поймол қилишибди, дейишларини истайсанми», деб жавоб қилди. «Равзул анф»да Суҳайлий бундай дейди: Айрим муфассирлар девор пастлигига ва ул зотни ўлдириш учун келишганига қарамай, уйга бостириб киришмаганининг сабаби ҳақида тўхталиб ўтганлар. Муфассирларга кўра, улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдига кирмоқчи бўлишганда, ҳовли ичкарисидан бир аёл қичқириб юборади. Шунда улар бир-бирларига Аллоҳга қасамки, арабларнинг биз ҳақимизда қариндош аёллар устидан девор ошиб бостириб киришибди, ўз ҳурматларини ўзлари поймол қилишибди, дейишлари биз учун катта ҳақорат, дейишади. Айнан мана шу нарса уларни ул зотнинг эшиги олдида тўхтаб, чиқишини кутишга мажбур қилган.
Ҳа, Қурайш кофирларида эркаклик ғурури ва номуси бор эди. Шу нарса уларни уйга бостириб кириш ва у ердаги аёллар дахлсизлигини бузишдан сақлаган. Бир воқеада Абу Жаҳл Абу Бакрнинг қизи Асмога ғазаб қилиб, юзига уриб юборади… Кейин бу ишни бировга айтмаслигини илтимос қилган ҳолда қизнинг орқасидан эргашиб, «мени шарманда қилмагин-а, мени шарманда қилмагин-а, араблар мени аёл кишига қўл кўтарибди дейишмасин», дейди. Бошқа бир воқеада Абу Суфён кофирлик пайтида Қурайш карвони билан Рум томонга борган пайтда Румлар подшоҳи Иракли Муҳаммад ﷺ ҳақида сўраш учун уни чақиртиради. Иракли «Муҳаммадни ёлғончиликда айблайсизларми?», деб сўрайди. Улар «йўқ», дейишади. «Хиёнат қиладими?», деб сўраганда ҳам «йўқ», деб жавоб қилишади. «Қотиллик қиладими?», деб сўраса яна «йўқ», дейишади. Ана шунда Абу Суфён «Аллоҳга қасамки, агар менинг ёлғончилигим ҳақида хабарлар тарқалишидан ҳаё қилмаганимда ёлғон гапирган бўлардим», дейди. У Набий ﷺнинг обрўсини тўкишни истамади. Чунки Маккадагилар Абу Суфён Муҳаммад ҳақида ёлғон гапирибди, дейишидан чўчиди, яъни ўзи кофир бўла туриб, обрўси тўкилишидан хавфсиради.
Ўз-ўзидан табиий савол туғилади: Росулуллоҳ ﷺ билан саҳобаи киром розияллоҳу анҳуларни шунча азоб-уқубатларга солган Қурайш кофирлари Таҳрири Шом ҳайъати сингари мусулмонликни даъво қила туриб, унга тескари иш қилаётган бугунги кун жоҳилларидан раҳмлироқмиди?! Зеро, бу ҳайъатдагилар Сурия шимолидаги озод этилган ҳудудларда уйларга девор ошиб кириш ва пардаларини очиш билангина кифояланишмади, балки уй бекалари шаънини поймол қилиб, холис даъват эгаларини қамоққа олишди. Шу билан бирга, ўзлари билан битта йўлдаги Ал-Қоидага аъзо ростгўй мужоҳидларни ва жиноятчи Башар режимига қарши қўзғолон қилганларни ҳам қамоққа олишди. Ўзларига қарши чиққанларни ваҳшийлик билан ўлдиришди.
Таҳрири Шомдаги бу ёввойи ваҳшийларнинг хатти-ҳаракатлари жиноятчи ҳукмдорларнинг ўз мухолифларини ва маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчи кишиларни репрессия қилишидан фарқ қилмайди. Ҳайъатдагиларнинг бундай тажовузлари уларга Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг ҳамда уларнинг жирканч қилмишларидан жабрланган мусулмон фарзандларининг ғазабидан бошқа нарсани олиб келмайди. Таҳрири Шомдагилар фақат ўзларига ўзлари зиён етказмоқдалар. Улар Асад режими билан муносабатларни нормаллаштираётган турк режимининг истагига бўйсунган пайтдаёқ ўзларининг сиёсий ва ҳарбий фаолиятларини беҳуда кетказишди. Уларнинг бу тутган йўллари Башар режимини – шунча қирғин, вайронагарчилик, қувғин қилганига ва ҳўлу қуруқни баробар ёққанига қарамай – қайта тиклашга йўл очаётган араб давлатлари ҳукмдорларининг хатти-ҳаракати билан мос келмоқда!
Бизнинг Таҳрири Шом ҳайъати орасида ўз холисликларини сақлаб қолган кишиларга айтар сўзимиз шуки, Жўлонийнинг бу ишларини рад этинг ҳамда кеч бўлмасидан олдин, уни ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўйинг.
Туркия армиясига ва бошқа исломий қўшинларга бундай деймиз: Шомдаги бундай масхарабозликни тўхтатиб, золим зараркунанда ҳукмдорлар харобалари узра Ислом ҳокимиятини барпо этинг ҳамда Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатида Аллоҳ Азза ва Жалланинг Китоби ва Росули ﷺнинг Суннатлари асосида ҳукм юритувчи битта имом-халифага қулоқ солиб, итоат қилишга байъат қилинг. Зеро, Халифалик Ислом Умматининг ерлари, халқлари ва қўшинларини бирлаштиради ҳамда кофирларга хизмат қилиш ва мусулмонларга озор бериш билан ҳаддан ошган ҳар қандай кимсани жавобгарликка тортади. Аллоҳ Таоло айтади:
﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً﴾
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» [Аҳзоб 58]
Роя газетасининг 2023 йил 19 июл чоршанба кунги 452-сонидан