Зулматли тунда тўлин ойга муҳтож бўлинади Уммат ҳам уни ҳалокатдан қутқарувчи холис етакчиликка муҳтож

3601
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Зулматли тунда тўлин ойга муҳтож бўлинади

Уммат ҳам уни ҳалокатдан қутқарувчи холис етакчиликка муҳтож

Устоз Муҳаммаджоме (Абу Айман)

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судан вилоятидаги

расмий нотиғи ёрдамчиси

Шубҳасиз, бу оғир замонда Уммат аввало ёмон ҳукмдорлар балосидан қийналмоқда. Қолаверса, Аллоҳнинг марҳаматига эришган уламолардан ташқари, ўз жонларини афзал кўраётган «уламолар» балосидан ҳам азият чекмоқда. Зеро, бу уламолар ҳукмдорларнинг малайлик қилишларининг ҳамда мустамлакачи давлатлар режаларига бўйсуниб, демократия, илмонийлик ва динни давлатдан ажратиш каби куфр тузумларини татбиқ қилишларининг шаръий ҳукмини баён қилиб бериш ўрнига сукутни афзал кўрдилар. Улар, шунингдек, турли раҳбарлар етакчилигидаги қуролли ҳаракатларнинг ва қўшинларнинг хилма-хил тус олиб, бўлиниб кетишига ҳам сукут қилишди. Ҳолбуки, бу ҳаракат ва қўшинлар Умматни бўлиб ташлаб, қурол етказиб берган томонларга қарам бўлиб қолишган. Бундан ташқари, бу уламолар мусулмонларнинг бир-бирларини ўлдиришлари ҳаром, деган шаръий ҳукмни баён қилиб бериш ўрнига сукутни танлашди. Ҳатто уларнинг баъзилари бундай жангларни жиҳод, деб ҳисоблаб, давом эттириш кераклигини айтишди. Ваҳоланки, Набий ﷺ

«إِذَا الْتَقَى الْمُسْلِمَانِ بِسَيْفَيْهِمَا فَالْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ»

«Агар икки мусулмон бир-бирига қурол кўтарса, ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Яна марҳамат қилганлар:

«لَزَوَالُ الدُّنْيَا أَهْوَنُ عَلَى اللهِ مِنْ قَتْلِ مُؤْمِنٍ بِغَيْرِ حَقٍّ»

«Дунёнинг заволга юз тутиши Аллоҳнинг наздида битта мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан енгилроқдир». (Ибн Можа ривояти).

Уммат ўзаро жанг, уй-жойдан қасддан ҳайдаб чиқариш, мол ва номусларга тажовуз қилиш каби азобларни бошдан кечириб, қийналаётган экан, буларнинг барчаси бозорлар, моллар ва номуслар ҳимоясиз ташлаб қўйилган бир ҳолатда содир бўляпти… Чунки курашаётган иккала томон ҳам бозорларнинг таланишига ва номусларнинг топталишига қўйиб беряпти… Оқибатда Умматнинг ҳолати ҳам Шомдаги азиз аҳлимизнинг «Бизни Ўзингдан ўзга ёрдамчимиз йўқ Аллоҳим», деган ҳолати каби бўлиб қолди!

Мана шундай бир ҳолатда Уммат унинг пок ва ҳалол кўкракларидан эмиб-улғайган, ажнабий элчихоналар нонини емаган, расво ҳукмдорлар дастурхонида ўтирмаган, маҳаллий ва халқаро ташкилотлардан пора олмаган холис фарзандларига муҳтож бўлиб турибди.

Ҳа, Уммат уни Ислом билан бошқарадиган ҳамда бугунги кунда бошдан кечираётган муаммоларининг самарали ечим ва муолажаларини кўрсатиб берадиган онгли етакчиликка муҳтож. Шунингдек, одамлар олдига чиқиб, ҳақни гапирадиган, мункардан қайтарадиган, нарсалар моҳиятини кўрсатиб берадиган, тил бириктирувчи малайларни ва нафс-ҳаво, ғараз ва манфаатга учган кимсаларни фош этадиган, сўнг бу йўлда келадиган оғир оқибатларга сабр қиладиган ақлирасо етакчиликка муҳтож. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ

«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, маъруфга буюриб, мункардан қайтар ва ўзингга етган (балоларга) сабр-қил! Албатта бу ишларнинг мақсадга мувофиғидир»                [Луқмон 17]

Умматнинг бугунги аччиқ ҳақиқати Ислом асосида ўзгариш қилиш мақсадида фаолият қилаётган ҳақ аҳли учун олдинга ундовчи кучли туртки ҳисобланади. Бу турки уни майдонда етакчиликни қўлга олишга ҳамда Умматни мусибатларидан юпатиб, унга Аллоҳнинг ёруғ кунлари, мадад ва нусрати яқин экани ҳақида хушхабар беришга ундайди.

Уммат бугун шундай холис ростгўй етакчиликка муҳтожки, бу етакчилик Исломни унинг муносиб шифобахш муолажалари билан ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, таълим ва бошқа жабҳаларини қамраб олган ҳаёт тизими сифатида тақдим этади.

Уммат ўз инқирозларининг сабаби Ислом аҳкомларини татбиқ қилишдан узоқлашганлиги эканини англаб етмоғи даркор. Шунингдек, бошига тушган барча бало-мусибатларга мустамлакачи кофирлар тузумининг татбиқ қилинаётгани, демократия, илмонийлик, динни давлатдан ажратиш, эркинликлар каби бозори касод бузуқ товарларнинг тарғиб этилаётгани ҳамда БМТ, Халқаро Валюта Фонди, Жаҳон Банки каби вайрон қилувчи ва қашшоқлаштирувчи қирғинбарот ташкилотларнинг ҳукмронлик қилаётгани сабабчи эканини онгли равишда тушуниб етмоғи лозим.

Уммат малайлар қўлида гаров бўлиб қолса, уларнинг либоси ҳарбий ёки фуқаролик либоси бўлишидан қатъий назар, асло офиятга эриша олмаслигига, чунки аслида эътибор либосда эмас, балки татбиқ ва ижрода эканига аниқ ишонмоғи вақти келди.

  • Бугунги кунда жорий қилинаётган нарсалар Аллоҳнинг бошқаруви ҳамда У Зотнинг тўғри шариатими ёки мустамлакачи кофирнинг тузумларими?!
  • Зулм, анархия ва вайронагарчиликка фақатгина шахслар сабабчими ёки мустамлакачи давлатлар ва уларнинг ташкилотлари томонидан бошқарилиб, назорат қилинаётган тузум, қонун ва конституциялар ҳам сабабчими?!
  • Зулм золимнинг кийимига қараб ажратиладими ёки шахснинг кийимидан эмас, балки одамлар устидан татбиқ қилаётган тузумидан келиб чиқадими?!

Уммат шуни билсинки, зулмни фақат адолат даф қилади. Аллоҳнинг аҳкомлари ва ҳаким шариатидан бошқа адолат бўлиши мумкинми?! Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир» [Моида 45]

Яна бундай деди:

﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْماً لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ

«Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми, имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!»                                                                          [Моида 50]

Аниқки, Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳар қандай ҳукм жоҳилиятдан ҳисобланади.

Эй Ислом Умматининг холис эркак ва аёллари!

Ҳеч кимга сир эмаски, мана шу мустамлакачи давлатлар бевосита ёки ҳарбий ва фуқаролик бошқарувидаги ўзларининг малай сиёсатчилари воситасида биз мусулмонларнинг ишларимизга аралашиб, ҳаётимизни бузиб ташлашди. Улар юртларимизда бошбошдоқлик, қашшоқлик ва вайронагарчиликни кенг ёйиб, қабилачилик ва ирқчилик низоларини келтириб чиқаришди, ўзларининг малайлари билан тузилган шубҳали қурол-яроғ битимлари орқали фарзандларимиз қони устида савдолашишди ҳамда қуролли ҳаракатларни қўллаб-қувватлашди. Ҳаммасидан ёмони, ўзларининг конституциялари ва қонунлари ҳамда Исломни давлат ва жамиятда татбиқ этилишига тўғридан-тўғри тўсқинлик қилувчи шартномалар орқали Исломнинг татбиқ этилишига қаттиқ қаршилик қилишди.

Аммо бугун буларнинг барчаси очилиб, ҳақиқат фош бўлди. Шундай экан, Уммат илғор, буюк ва интизомли бир сиёсий фаолият билан тартиблашиб, мустамлакачилар лойиҳалари ва халқаро ташкилотларини данак каби туфлаб ташлаши ҳамда дин ва дунё сиёсатини ўрнатишда Пайғамбаримиз ﷺдан мерос қолган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатини барпо этиш орқали Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг шариатини қоим қилишга киришиши вақти келмадими?! Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилганлар:

«فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ بَعْدِي فَسَيَرَى اخْتِلَافاً كَثِيراً، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ»

«Мендан кейин яшаганлар кўп ихтилофларни кўради. Шу боис, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят топган рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутиб, оғиз тишларингиз билан тишланглар». (Абу Довуд ривояти).

Ҳа, Набий ﷺ ҳақ сўзладилар, аҳволимиз жуда кўп ихтилофлар билан тўлиб тошди. Шу боис, Халифаликни барпо этишни оғиз тишларимиз билан маҳкам тишлаймизми?!

Роя газетасининг 2023 йил 28 июн чоршанба кунги 449-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here