بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мажлиси
Устоз Ҳасан Ҳамадон
Ҳизб ут-Таҳрир – Иордания вилояти
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Евроосиё халқаро сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик ташкилотидир. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда Осиёнинг Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон дохил олти давлат раҳбарлари томонидан ташкил этилган. Ташкилот низоми 2002 йил июн ойида имзоланган бўлиб, 2003 йил 19 сентябрда кучга кирган. Мазкур давлатлар (Ўзбекистон бундан мустасно) 1996 йил 26 апрелда Шанхайда ташкил этилган «Шанхай бешлиги»га аъзо бўлишди.
ШҲТнинг мақсадлари аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик сиёсатини мустаҳкамлаш, терроризмга қарши курашиш, хавфсизликни кучайтириш, жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш, сепаратистик ҳаракатлар ва диний ёки этник экстремизмга қарши туриш, шунингдек, сиёсат, савдо, иқтисод, илм-фан, техника, маданият, транспорт, таълим, энергетика, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш кабилардан иборат.
Ҳиндистон билан Покистон 2017 йил 9 июн куни Остона саммитида ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қўшилди.
Шанхай бешлиги гуруҳи 1996 йил 26 апрелдa Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон давлат раҳбарларининг «чегара ҳудудларда ҳарбий ишончни мустаҳкамлаш» тўғрисидаги шартномани имзолаши натижасида Шанхайда ташкил этилган. 1997 йил 24 апрелдa худди шу давлатлар Москвада бўлиб ўтган йиғилишда «чегара ҳудудларида ҳарбий кучларни чеклаш» тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Булар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига қисқа ва бирров назар ташлаш натижасида айтилган гаплардир. Ташкилот ҳақида – айниқса, кўплаб давлатларнинг қўшилиши ва янги аъзолар қабул қилинганидан кейин – жуда кўп гапирилди. Баъзилар бу ташкилотни Ғарб нуфузига ва Шимолий Атлантика Иттифоқи (НАТО) каби ташкилотларга қарши курашиш учун Хитой ва Россиянинг муштарак саъй-ҳаракатлари, деб ўйлайди.
Ушбу қараш ва тахминлар тўғрими ёки бу ташкилотнинг таъсири камайиб, фикр ва йўналиш бирлигини йўқота бошладими?
Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси дунё аҳолисининг тахминан 44 фоизини ташкил қилади. Аъзо давлатлар чегаралари Шарқда Шимолий Муз океани ва Ҳинд океанидан Тинч океани ва Болтиқ денгизигача чўзилган. Ялпи ички маҳсулоти эса, Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Бундан ташқари, кўплаб давлатларнинг ШҲТга қўшилишини ёки у билан компаниялар ташкил этилишини эътиборга олганда, ташкилот улкан иқтисодий салоҳиятга эга.
Биз бундай катта сонларга ва аъзолик кенг қамровда олиб борилганига диққат билан назар ташлайдиган бўлсак, амалга ошмайдиган хаёлларга ҳамда ўз келажаги борасида баландпарвоз тасаввурларга эга бўлган айни ташкилотнинг мақсадларига нисбатан тескарилик борлигини кўрамиз. Масалан, унга аъзо давлатларнинг сиёсий қарашларида бирлик йўқ, балки жуда катта қарама-қаршилик мавжуд, ҳатто баъзилари бир-бирига душман давлатлардир, Хитой-Ҳиндистон, Покистон-Ҳиндистон каби. Бу эса унинг мақсадларини фожиавий воқелик, тарихий адоват ва ўзаро ишончсизлик қоясига уриб чилпарчин қилади.
Мисол учун, ўзининг ягона позициясига, сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий нуфузига ҳамда хаёлпараст Франция назарида ўз-ўзини мудофаа қилувчи мустақил Европа блокига эга бўлиши режалаштирилган Европа Иттифоқига бирров назар ташлайдиган бўлсак, ундаги аъзо давлатларнинг аксари Европа Иттифоқи учун қувват эмас, балки тобутига қоқилган мих бўлганини кўрамиз. Шунинг учун Америка бошқа давлатларнинг қўшилиши қандай оқибатга олиб келишини билгани учун ШҲТга ҳам янги давлатларни қўшишга чақирди. Биз ШҲТдаги ушбу муаммога бошқа бир қанча муҳим ва зарурий пунктларни ҳам қўшиб, шуларни кўриб чиқмоқчимиз:
Биринчи: Россия билан Хитойда халқаро рол учун керакли асосий омиллар етишмайди, фақат қуруқ хомхаёллар бор, холос.
Иккинчи: Россия билан Хитой ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳаммаси устидан реал сиёсий таъсирга эга эмас. Аксинча, Ҳиндистон ва Покистон каби баъзи давлатларнинг сиёсий қарорлари АҚШнинг қўлида. Ташкилотга аъзо бошқа баъзи давлатлар эса, Россия ва Хитойнинг амбицияларидан – айниқса Россия Украинага бостириб киргандан сўнг – қаттиқ қўрқишади ҳамда Хитойнинг Жанубий Хитой денгизида кенгайишидан хавфсирашади.
Бу давлатлар Америкага тобе бўлганлиги ҳамда АҚШ уларнинг чиқарадиган қарор ва тасдиқловларида ўзига хос ролга эга эканлиги сабабли Россия билан Хитой Америка билан рақобатлашишда бу давлатларга ўзларининг реал йўналиш ёки амбицияларини тиқиштира олмайди. Шунингдек, Америка ўзига малай ва тобе давлатлар устидан таъсирга эга эканлиги ва уларнинг сиёсий қарорларини ўз қўлида ушлаб турганлиги сабабли Россия билан Хитой ўз манфаатлари учун Америкага қарши реал позицияни эгаллай олмайди. Шу боис, америкапараст давлатларнинг ШҲТда бўлишлари Россия ва Хитойнинг стратегик манфаатларига хизмат қилувчи ҳар қандай ҳақиқий тенденцияни реал равишда ўлдириб, йўққа чиқараверади. Бу худди сиёсий жиҳатдан Америкага содиқ бўлган Шарқий Европа давлатларининг ҳолатига ўхшайди. Зеро, Шарқий Европа давлатлари ҳар қандай мустақил Европа бирлашувини олдини олишнинг, ҳатто Европанинг кенгайишга интилиши қандай қилиб унинг бирлашиш ғоясини реал равишда ўлдириб, йўққа чиқарганининг энг яхши исботидир.
Учинчи: Агар Россия билан Хитой ушбу малай давлатларнинг ҳақиқатини англаб туриб, уларни ШҲТга қўшишган бўлса, бу ҳалокатга олиб борувчи ғирт аҳмоқликдир. Агар буни англаб етмаган бўлишса, у ҳолда айни ташкилотга етакчилик қилишга лойиқ эмаслар.
Тўртинчи: Америка сиёсий заифлик, сиёсий, иқтисодий ва молиявий кризислар ҳамда АҚШ муассасалари ва партиялари ўртасидаги бўлиниш ва келишмовчиликлар исканжасида яшаётган экан, муқаррар равишда барқарор сақланиб қоладиган давлат эмас, аксинча, илдизини қурт кемираётган давлатдир. Лекин АҚШ билан рақобатлашиш учун халқаро тизим ва халқаро муассасаларни тузишда унга қарши чиқадиган, бундай ташкилотларга аъзо бўлмайдиган, долларга глобал валюта сифатида таянмайдиган ва Америкадан манфаат ва ушоқларни бўлишишни талаб қилмайдиган қудратли давлат керак. Бу қудратли давлат Американинг мабдаидан фарқли мабдани, унинг қарашларига зид қарашни кўтариб чиқадиган, маълум сиёсий онгдан келиб чиқиб ҳаракат қиладиган давлат бўлади. У, шунингдек, заҳри қотил ёки ҳаракатини фалаж қилиб қўядиган давлатлардан бирорта иттифоқ-блок тузмайди. Зеро, бундай давлатлардан тузилган иттифоқ чекланган майдон ичида, таъсирсиз ва рақобатга лаёқатсиз аҳволда қолиб кетади. Шу боис, Американинг халқаро мавқеидан олиб ташлаш учун маъбдага асосланган, чуқур сиёсий онгли ва аниқ сиёсий мақсадларга эга давлат керак. Бу эса Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатидир.
Шунинг учун структураси беқарор, аъзо давлатлари Америкага қарам ва етакчиларида сиёсий онг етук бўлмаган бундай блок ва алянсларнинг Америка билан рақобатлашиш сари бирон бир қадам ташлаши мумкин эмас. Уларнинг тақдири ҳам худди Франциянинг пуч хаёллари туфайли қора кунларни бошдан кечираётган Европа Иттифоқининг тақдири каби бўлса керак.
Роя газетасининг 2023 йил 10 май чоршанба кунги 442-сонидан