Бундай талофат ҳатто катта урушларда ҳам учрамайди

2554
0

Бундай талофат ҳатто катта урушларда ҳам учрамайди

АҚШда ўқотар қуроллардан ҳалок бўлганлар сони эшитганларни ҳайратда қолдирди. 2023  йилнинг бошидан буён, яъни охирги 3 ой ичида мамлакат ичида ўқотар қуроллардан узилган ўқлар натижасида 10 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақида АҚШда ўқотар қуроллардан юзага келадиган барча воқеаларни архивга сақлаб қўювчи Gun Violance Archive (GVA) номли нодавлат ташкилот ўзининг веб-сайтида эълон қилди. Бу эса, АҚШда қуролли ҳодисалар туфайли кунига ўртача 114 киши ҳалок бўлади, деганидир.

(GVA)нинг веб-сайтидаги маълумотларга кўра, жорий йил  бошидан буён 5742 киши ўқотар қуроллар билан ўз жонига қасд қилиш сабабли ҳалок бўлган. 4260 киши эса, қотиллик ниятида қилинган ҳужумлардан ҳалок бўлган. Булардан ташқари 7519 киши ўқотар қуролдан жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида юзлаган ёш болалар ҳам мавжуд. Бундай талофат ҳатто катта урушларда ҳам учрамаслигини таъкидлаган мутахассисларнинг фикрича, ўз жонига қасд қилиш ёки бошқаларнинг жонига суиқасд қилишларнинг сабаблари кўпинча руҳий тушкунлик ва изтиробларга бориб тақалади.

Изоҳ: Ғарб ҳазоратининг табиатида инсон ўзининг шахсий истакларини ҳар нарсадан устун қўйиш мавжуд. Бу ҳазоратга тобе шахс худбинликка муккасидан кетиб, ҳамма нарсага шахсий манфаат туйнугидан қарайдиган бўлиб қолади. Бундай одам ҳар бир фурсатдан ўз манфаати йўлидагина фойдаланишга интилар экан, агар шахсий истаклари амалга ошмай қолаверса, руҳий тушкунликка тушиб қолиши табиийдир. Чунки у ўз истакларининг рўёбга чиқмай қолишига “бахтсизлик”, деб қарайди. Натижада бу ҳолат уни тушкунликка солиб, ўз жонига қасд қилишига ёки аламзадалик билан бошқаларнинг жонига қасд қилишига ундайди. Шунинг учун Америкада ҳар олти соатда бир ўсмир ўзига ўт қўйиб, ўз жонига қасд қилишидан ёки ҳар йили 50 миллион америкалик руҳий клиникаларга «ташриф» буюришидан ажабланмаса ҳам бўлади. Юқорида келтирилган рақамларда фақат ўқотар қуроллардан ҳалок бўлганлар сони келтирилган. Булардан ташкари руҳий изтироблар сабабли ўзини осиш, ўзига ўт қўйиш, баланд бинолар устидан ўзини пастга отиш каби ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам сон-саноқсиздир.

Бу ҳолатни фақат америкаликларда эмас, балки Ғарб ҳазоратига тобе бўлган бутун халқларда учратиш мумкин. Масалан, Москвадаги психиатрия институти ректорининг 2005 йилги маълуморига кўра, ҳар йили саккиз миллион киши психолог кўригидан ўтишга ёзилади. Бу рақамлар расман эълон қилингани бўлиб, кўпчилик одамлар эса асло тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишмайди. Дунё соғликни сақлаш ташкилоти 2005 йил “Америка, Англия ва Канадада саломатлик борасида энг катта муаммо ақлий ва руҳий касалликдир” деб эълон қилди. Мазкур ташкилотга кўра, ҳар йили руҳий тушкунликдан азият чекаётганлардан 800 000 киши ўз жонига қасд қилади. Ҳатто баъзи ҳисоботларда айтилишича руҳий тушкунлик ва уйқусизлик дунё халқларининг 25%ни қамраб олган. Мутахассислар руҳий касалликларнинг ўсиш миқдори давлатда капитализм тузумини татбиқ қилиниши ва шахсларнинг унга мабда сифатида қарашининг миқдорига ҳамоҳанг бўлишини алоҳида таъкидлаб келишади. Бу ҳолат Ғарб ҳазорати инсоният бошига солган мусибатларнинг денгиздан бир томчиси холос.

Дунёда сон-саноқсиз инсонларнинг азият чекишига сабаб бўлаётган ушбу руҳий тушкунлик, қайғу, безовталик, изтироб каби иллатлардан қутулиш учун инсоният авваламбор ўзини ҳалокат сари етаклаётган Ғарб ҳазоратидан воз кечиб, унинг ўрнига Ислом ҳазоратини қабул қилиши лозимдир. Ислом ҳазорати ҳаётда жорий бўлган даврларда инсоният юқоридаги ҳолатнинг тамоман аксига гувоҳ бўлди. Ислом ҳазорати соясида инсонлар ўн уч аср давомида шундай ҳаёт кечирдики, бу асрларда нафақат инсон, балки бутун борлиқ ўз ҳаётининг энг гўзал дамларини яшади.

Ислом нуқтаи назаридан қаралганда, дунё ҳаётида инсоний истакларнинг амалга ошмай қолиши ёки инсоннинг бошига тушаётган мусибатларга Аллоҳ Субҳанаҳу Таолонинг имтиҳони деб қаралади. Агар у сабр тоқат қилиб чидаса унинг мукофоти жаннатдир. Бундай тушунчага эга бўлган инсон ўзига етаётган зарардан безовта бўлмайди ва бошига тушган ёмонликдан ғамга тушиб қолмайди. Ислом инсонга шундай Исломий тушунчаларни сингдирадики, бу тушунчалар инсонда руҳий тушкунликдан асар ҳам қолдирмайди. Росулуллоҳ дан шундай марҳамат қилдилар:

«عَجَبًا لأَمْرِ الْمُؤْمِنِ، إِنَّ أَمْرَهُ كُلَّهُ خَيْرٌ، وَلَيْسَ ذَاكَ لأَحَدٍ إِلا لِلْمُؤْمِنِ، إِنْ أَصَابَتْهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ، وَإِنْ أَصَابَتْهُ ضَرَّاءُ صَبَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ»

“Мўминнинг иши ажойиб. Унинг ҳамма иши яхшиликдир. Бу нарса мўминдан бошқасига бўлмайди. Агар унга бир хурсандлик етса, шукр қилади ва бу унга бир яхшилик бўлади. Агар унга бир хафалик етса, сабр қилади ва бу ҳам унга бир яхшилик бўлади”. (Муслим ривояти).

Қолаверса, Исломда Аллоҳнинг ризолигига эришиш ҳақиқий бахт ва энг юксак ғоя ҳисобланади. Бу ғоя инсонни чигалликлар, кризислар ва руҳий тушкунликлардан йироқда хотиржам ва кўнгли роҳатланиб яшайдиган қилиб қўяди. Бу хусусиятлар Исломий ҳазоратдан бошқа ҳеч бир ҳазоратда топилмайди. Чунки фақат Ислом ақидасигина ҳаёт моҳияти, унинг келиб чиқиши ва кейинги тақдири ҳақидаги инсон сўроқларига ақлни қаноатлантирадиган ва фитратига мос келадиган тарзда жавоб бера олади.

Демак инсониятни бу иллатлардан халос қилишнинг бирдан-бир йўли ушбу чириган ҳазоратдан воз кечиб, ўрнига Исломнинг пок ҳазоратини қабул қилишдир. Ислом ҳазорати жамиятни барча иллатлардан, шу жумладан руҳий иллатлардан ҳам муҳофаза қилишнинг ягона гарови бўлиб, бу тарихда ўз исботини топган ҳақиқатдир.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here