Ақилбек Жапаров Ўзбекистонга борди
Хабар: Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 8-март куни хизмат сафари билан Ўзбекистонга борган.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Жапаров сафар давомида Ўзбекистоннинг ҳудудларида жойлашган ишлаб чиқариш ва илмий-техник корхоналари фаолияти билан танишади. Шунингдек, мулозимнинг Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашиши кутилмоқда.
“Ақилбек Жапаров Жиззах вилоятининг Манас қишлоғида яшовчи этник қирғизлар билан ҳам учрашиш ниятида”, – дейилган ҳукумат хабарномасида.
Қайд этилишича, бу Жапаровнинг Вазирлар маҳкамаси раиси сифатидаги Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Изоҳ: АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 28-феврал куни Остонада Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари билан “С5+1” форматида учрашиб, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюриганидан сўнг минтақа расмийлари ўртасида сиёсий мулоқотлар янги босқичга чиқа бошлади. Блинкен келиб кетганидан сўнг 3 март куни Чимкент шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув ҳақида тарқатилга хабарларда икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ўрин олгани ва Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчи корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилиши каби умумий гаплар билан чекланилди. Аммо, икки давлат раҳбарларининг Блинкен ташрифидан сўнг шошилинч тарзда учрашишлари АҚШ томонидан уларга юклатилган янги вазифалар борасида келишиб олиш учун бўлганлигини эҳтимоли юқори. Шунинг учун ҳам Россия президенти Владимир Путин 6-март куни ҳам Мирзиёев, ҳам Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг Ўзбекистонга амалга ошираётган ташрифи ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаров кўрсатмаси асосида “соатларни тўғрилаб олиш” учун бўлиши мумкин.
Россия Украина ботқоғига ботиб боргани сари Марказий Осиё устида қолган ўйинчилар Хитой, АҚШ ва ЕИ ўртасидаги кураш тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Хитой вақтдан фойдаланиб Россия шу вақтга қадар тўсқинлик қилиб келган бир қатор иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо хабларини барпо қилишга жиддий киришган бўлса, АҚШ ва ЕИ давлатлари минтақада ўз нуфузларини мустахкамлашда “гендер тенглик”, “демократик қадриятлар” ва “инсон ҳуқуқлари” қуролидан фойдаланиб, турли молиявий ёрдамлар кўрсатиш орқали қарам қилиб олишга ҳаракат қилишади.
Абдураҳмон Одилов