بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Даъватга ёрдам бериш ва Халифалик давлатини барпо этишдаги аёлларнинг роли
Устоза Муслима Шомий (Умму Суҳайб)
Ислом аёлнинг мавқеини улуғ, мартабасини баланд қилди ва унга ҳаёт жабҳаларида катта роль топширди. Ўша ролларидан бири Ислом даъватини ёйишдир. Бу эркакка фарз бўлганидек, аёлга ҳам фарздир. Аёл бўлгани учун бу фарз ундан соқит бўлмайди. Зеро, Ислом давлатини барпо этиш энг улуғ фарзлардан биридир. Бугунги кунда мусулмонлар бошдан кечираётган бўлиниш, заифлик, хўрлик, хорлик, мутелик, қолоқликка мусулмонларнинг битта халифаси йўқлигидан бошқа сабаб йўқ. Чунки халифа уларни Халифалик давлатида ғамхўрлик билан бошқаради ва ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Росулуллоҳ давлатида бирлаштиради. Буни аввалги ўтган мусулмонлар яхши тушуниб, бунга ишонганлар ва эркагу аёл бўлиб даъватни елкаларида ташиганлар.
Аёллар Макка ва Мадинада даъват юкини эркаклар билан баробар кўтардилар. Даъватнинг муваффақияти ва ёйилишида Росулуллоҳ ﷺга илк ваҳи нозил бўлган вақтдан бошлаб аёлнинг роли улкан бўлди ва ҳануз шундай бўлиб келмоқда. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ ﷺ илк ваҳи нозил бўлганда рафиқаси Хадича бинт Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига қайтиб, бўлган воқеани титроқ ичида айтиб берганларида, Хадича онамиз ул зотни тинчлантирди, қўрқувларини кетказди ва жонларига мадор бўлди. Ул зотнинг пайғамбарликларини энг биринчи тасдиқлаб, энг биринчи имон келтирди, ул зотга мададкор бўлиб, ёнларида жони ва моли билан қўллаб-қувватлади, қавми томонидан кўрган барча зулм ва азобларни енгиллатди. Хадича онамиз ҳақида Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:
«مَا أَبْدَلَنِي اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ خَيْراً مِنْهَا؛ قَدْ آمَنَتْ بِي إِذْ كَفَرَ بِي النَّاسُ، وَصَدَّقَتْنِي إِذْ كَذَّبَنِي النَّاسُ، وَوَاسَتْنِي بِمَالِهَا إِذْ حَرَمَنِي النَّاسُ، وَرَزَقَنِي اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ وَلَدَهَا إِذْ حَرَمَنِي أَوْلَادَ النِّسَاءِ»
«Аллоҳ Азза ва Жалла бу аёлим ўрнига ундан яхшироғини алмаштирмади. У одамлар менга куфр келтирган пайтда имон келтирди, одамлар мени ёлғончига чиқаришганда пайғамбарлигимни тасдиқлади, одамлар мени маҳрум этишганда моли билан қўллади, Аллоҳ Азза ва Жалла бошқа аёлларимдан эмас, фақат шу аёлимдан фарзанд билан ризқлантирди». Шундай қилиб, Хадича онамиз рисоланинг оқибатлари ва машаққатларини ўз зиммасига олган буюк аёл сифатида ибрат кўрсатди.
Яна бири Савда бинт Замъа розияллоҳу анҳо. Динини оиласидан устун кўрди. У эри билан Ҳабашистонга ҳижратга чиқди. Эри Маҳжарда вафот топгач, Маккадаги кофир отаси ва акасининг уйига қайтди… Эридан ажралиш мусибатларини тотиб, Исломга кирганлиги учун оиласи томонидан босим-тазйиқларга учради. Ана шунда Росулуллоҳ ﷺ Савда розияллоҳу анҳонинг синган юрагини тузатиш учун унга уйландилар. Савда онамиз ул зотнинг хизматини ва қизларининг хизматини гўзал суратда адо этди. Сўнг Росулуллоҳ Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилдилар.
Шунингдек, мўминлар онаси Жувайрия бинт Ҳорис. Жувайрия онамизнинг Исломга кириши ва Набий ﷺга турмушга чиқиши билан бутун қавми мусулмон бўлди.
Яна бири Ёсирнинг аёли ва Амморнинг онаси Сумайя. У ақидасида собит туриб, қийноқларга сабр қилиб, мушрик Абу Жаҳл қўлида ҳалок бўлиш билан Аллоҳ йўлида ўлдирилган биринчи аёл бўлди. Ўшанда Росулуллоҳ ﷺ бундай дея Сумайя ва унинг оиласига жаннатни ваъда қилдилар:
«صَبْراً آلَ يَاسِرَ، إِنَّ مَوْعِدَكُمُ الْجَنَّةُ»
«Сабр қилинглар, эй Ёсир оиласи, сизга ваъда қилинган нарса жаннатдир». Исломдаги жиҳод, кураш ва фидокорлик Сумайяда ўз аксини топди. Чунки у ёши улуғ бўлишига қарамай, тоғлар ҳам кўтара олмайдиган нарсаларга сабр қилди ва дини йўлида жонини қурбон қилди. Бу билан ўз имонида содиқ аёлларга намуна бўлди, рисоланинг оқибатлари ва мусибатларига бардош берган муслимани гўзал суратда тамсил этди. Зеро, ушбу диннинг оғир юкларини кўтаришда – ҳар бир инсон Аллоҳ Таоло берган куч ва имкониятига қараб – эркак билан аёл баробардир.
Мана, Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо. Даъватда ўз ролини адо этган муслима аёлнинг нурафшон намунаси бўлди. У талаб қилинган пайтда кечикмай, чақирилган пайтда чекинмай, овқат тайёрлаб, Росулуллоҳ ﷺ билан эрига ўзи элтиб берарди, бунинг хавф-хатаридан қўрқмади. Дарҳақиқат, сиз Асмо розияллоҳу анҳода Абу Жаҳлдан озорланиш билан даъватни ҳимоя қилишда шижоат кўрсатганига гувоҳ бўласиз. Ўшанда Росулуллоҳ ﷺнинг турган ерини кўрсатиб бермагани учун Абу Жаҳлдан шапалоқ еди, аммо собит туриб, сабр қилди.
Буниси Фотима бинт Хаттоб. Акаси Умар ибн Хаттоб билан баҳс қилди. Ҳатто Исломга киргани учун Умардан калтаклар еди. Ўшанда Умар синглисида дин устидаги салобатни ва саботни кўриб қойил қолди… Сўнг Росулуллоҳ ﷺнинг олдиларига шошиб бориб, Исломини қабул қилди. Ҳа, Умарнинг зулми вақтида Фотима пўлатдек мавқени эгаллаб, собит турди ва акасидаги маълум-машҳур шафқатсизлик ва қўполликка қарамай, унга мулойимлик кўрсатди. Унинг мана шундай позицияси Исломни ёйилишига ҳамда фатҳларида буюк нуфузга эга бўлган Форуқнинг Аллоҳ томонига ҳидоят топишига йўл очди.
Росулуллоҳ ﷺга эр кишилар қатори аёл кишилар ҳам ансорлик қилганлар. Ўшанда Пайғамбарликнинг ўн учинчи йили Росулуллоҳ ﷺнинг олдиларига етмиш учта эркак билан икки аёл келди. Улар Насиба бинт Каъб Мозиний Умму Аммор ва Асмо бинт Амр ибн Адий Умму Маниъ эди. Росулуллоҳ ﷺ келганлар билан Ақабада учрашишга ваъдалашдилар. Ул зотнинг олдига тун қоронғисида боришди. Ўшанда икки аёл ҳам эркаклар билан биргаликда Росулуллоҳ ﷺга байъат қилишди.
Барчамиз Умму Амморанинг жангоҳларда қаҳрамонлик кўрсатганини ҳамда Уҳуд жангида Росулуллоҳ ﷺни ҳимоя қилиш шарафига ноил бўлганини яхши биламиз. Ўшанда Умму Аммора ул зотни мудофаа қилишда зарбалар еди, олган жароҳатларига парво қилмай ул зотни ҳимоя қилди… Ривоят қилишларича, ўшанда Умму Аммора ўн икки еридан яраланган экан. Бундан ташқари, у ўзининг инсоний бурчини ҳам адо этиб, мужоҳидларни даволаш ва яраларини бойлаш билан Аллоҳ йўлида қайта жиҳод қилишга йўллаб турган.
Шунингдек, Умму Маниъ ҳам Росулуллоҳ ﷺга байъат бериш билан кифояланмади. Балки ул зот билан душманларига қарши жиҳодда иштирок этди. Дарвоқе, ҳижратнинг олтинчи йили Хайбарда Умму Маниъ йигирмата аёлга етакчилик қилиб, ул зотнинг олдида бўлди. Аёллар мужоҳидларнинг яраларини даволаш, сув олиб келиб ичириш ва уларни жангга шижоатлантириш билан шуғулландилар.
Насиба бинт Ҳорисани ҳам асло унутмаймиз. У Набий ﷺ билан бирга қатор уруш ва ғазотларга чиқишди ва бу ғазотларнинг сони еттитага етди. Шу билан бирга Насиба мужоҳидлардан яраланганларни даволашда алоҳида хизмат кўрсатган.
Шубҳасиз, ушбу биринчи муслима аёллар Росулуллоҳ ﷺ билан даъват юкини кўтаришди ва бу йўлда озорларга йўлиқиб, Ҳабашистонга, сўнг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишди. Оилаларидан, ватанларидан ва иссиқ ўринларидан ажралиш қийинчиликларига сабр қилишди. Чунки улар даъват ва унинг машаққатларини кўтаришда ўзларини эркаклардан фарқсиз, деб билишди.
Шунинг учун бугунги кундаги муслималар ҳам давлат барпо этиш учун даъватни кўтариб чиқиш эркаклар билан баробар аёлларга ҳам фарз эканини англамоқлари лозим. Аллоҳ Таоло муслималарга намоз, рўза, ҳаж ва закотни адо этишни ва Ислом аҳкомларига амал қилишни фарз қилгани каби, Халифалик давлатини барпо этиш орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш учун даъват қилишни ҳам фарз этганини тушунмоқлари зарур. Чунки қуйидаги хитобларга эркаклар қандай мансуб бўлсалар, аёллар ҳам шундай мансубдирлар:
Аллоҳ Таоло бундай деган:
وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир» [Оли Имрон 104]
«مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَراً فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ»
«Сизлардан кимда-ким мункарни кўрса уни қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса тили билан, бунга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин. Қалби билан қайтариш имони заифликдир».
«وَمَنْ مَاتَ وَلَيْسَ فِيْ عُنُقِهِ بَيْعَةٌ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»
«Кимда-ким зиммасида байъати бўлмаган ҳолда вафот этса, жоҳилият ўлимини топибди».
Аллоҳнинг изни ила яқинда барпо бўлажак Ислом давлати биздан кучимиз борича Аллоҳ Субҳанаҳуга холис ҳаракат қилмоғимизга муҳтождир. Токи, шу орқали Исломни ёрдамсиз қўймай, унга нусрат-ёрдам берганлардан бўлайлик.
Роя газетасининг 2023 йил 15 феврал чоршанба кунги 430-сонидан