Электр энергияси тарифини ошириш таклиф қилинди

749
0

Электр энергияси тарифини ошириш таклиф қилинди

 Хабар: Қирғизистонда электр энергияси тарифини ошириш таклиф қилинди. 14-феврал куни Энергетика вазирлиги “2021-2025-йилларга мўлжалланган электр энергияси бўйича ўрта муддатли тариф сиёсати” қарорига ўзгартириш киритиш таклифини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

 Вазирлик таклиф қилаётган ўзгартириш қабул қилинса, жорий йилнинг 1-майидан бошлаб аҳоли учун бир кВт/соат тарифи амалдаги 77 тийин ўрнига 1 сом бўлади. Нарх ошиши деярли 30 фоизни ташкил этади.

 Агар ойлик истъмол 1,4 минг кВт/соатдан ошса, 2 сом 16 тийин бўлади.

 Қонун лойиҳаси кўра, 1-июндан тарифни ошириш режалаштирилган эди. Бироқ, Жаҳон банкидан грант олиш масаласи сабабли 1-майга ўзгартириш таклиф қилинмоқда.

 Аҳолининг кам таъминланган қатламларига давлат томонидан ёрдам ва енгилликлар берилади.

 Изоҳ: Аввлроқ, президент Садир Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали 1-майдан электр энргияси нархи ошиши ҳақида маълум қилган эди. Жапаровнинг мазкур хабар ортидан Энергетика вазирлиги ҳам тариф сиёсатига тезкор ўзгартиришлар киритиш ташаббусини кўтариб чиқди. Президент ва вазирликнинг бундай шошилишининг ягона сабаби қандай қилиб бўлса ҳам Жаҳон банкини рози қилиш ва тезроқ пул ундиришдан иборат. Ўтган йилнинг баҳор ойида президент Садир Жапаров электр энергияси тарифларини ўзгартириш таклифини кўтариб чиққанидан кўп ўтмай Жаҳон банки тарифлар оширилишини қўллаб-қувватлаб чиққан ва Қирғизистон ҳукумати билан биргаликда мамлакатда электр энергияси тарифини қайта кўриб чиқишга қарор қилганини маълум қилган эди. Бу ҳақда банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде баёнот берганди. У ўз баёнотида, тарифлар энергетика тармоғдаги ҳаражатларни қоплаш учун ўзгартирилаётганини айтиб ўтган эди.

 “Жаҳон банки бу харажатларни қоплаш учун ташланган қадам бўлгани сабабли қўллаб-қувватлади. Арзон тарифлар керакли миқдордан кўпроқ истеъмол қилишга ундайди. Биз унинг ўзгаришини қўллаб-қувватлаймиз”, – деган эди Бьерде.

 

 Ўтган йилнинг сентябр ойида парламент депутати Дастан Бекешев ўзининг Телеграмм каналида парламентнинг Бюджет ва молия қўмитаси аъзолари Жаҳон банки билан “Электр энергетика тармоғини модернизациялаш ва барқарор ривожлантириш” лойиҳаси бўйича таклиф этилган келишувни кўриб чиқиши ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон 50 миллион доллар кредит олади. “Келишувда электр энергияси тармоғидаги тариф сиёсатини ўзгартиришга ишора қилинган. Кредит электр энергетика тармоғини модернизация қилишга сарфланади”, – деди Дастан Бекешев.

  Шундан сўнг, қирғиз ҳукумати декабр ва феврал ойларида Жаҳон банкидан “Электр энергетика тармоғини модернизациялаш ва барқарор ривожлантириш лойиҳасини молиялаштириш”га 50 миллион ва “қишлоқларга 1000 дона трансфарматор ўрнатиш ва симёғочлар ўртасидаги тўрт қатор симни алмаштириш учун 350 километр изолацияланган сим сотиб олиш” учун 50 миллион доллар қарз олиш бўйича битим имзолади. Энди мана шу қарзни тезроқ олиш илинжида тарифни оширишга шошилмоқда. Маълумки, Қирғизистон энергетика тармоғи мамлакатда энг коррупциялашган соҳа бўлиб, ўтган йиллар давомида тармоққа хорижий кредитлар, ссудалар, грантлар ва маҳаллий бюджетдан 2 миллиард долларга яқин маблағ сарфланди. Аммо бу маблағлар худди қумга синган сувдек йўқ бўлиб кетди. Соҳа эса тобора инқирозга юз тутмоқда.

   Жаҳон Банки эса йирик давлатлар қўлидаги қурол бўлиб, мустамлакачи давлатлар халқаро молиявий ташкилотлар ёрдамида учинчи дунё давлатлари ишларига бурун суқади, уларни қарз  ботқоғига ботириб, шу орқали уларни иқтисодий жиҳатдан ўзларига қарам қилиб олади. Жаҳон банки қарз берар экан, қарз билан бирга солиқларни ошириш, электр энергияси тарифини кўтариш каби талабларни ҳам қўяди. Чунки банк ўзи берадиган қарзни бир неча баробар қайтариб олиш кафолатига эга бўлиши керак. Агар расмий ҳукумат унинг шартларини қабул қилса қарз ажратади, акс ҳолда қарз беришни пайсалга солади. Қирғизистонда янгидан-янги солиқ турларини ишлаб чиқилиши, ҳар бир қимирлаган жондан солиқ ундириш йўлларини топиш ва электр нархини оширилиши ҳам бежизга эмас. Расмий ҳукуматнинг оддий халқнинг иқтисодий ҳолати буни кўтарадими ёки йўқми бу билан заррача иши йўқ. Агар куни кеча “Газпром Қирғизистон” газ нархини кўтаришни талаб қилгани ҳам ҳисобга олинадиган бўлса “мустақиллик”ни иддао қиладиган ҳукумат ўз халқини газ ва электр токи билан таъминлашда ҳам мустақил эмаслиги ойдинлашади.

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here