“Уламо”лар Хитой зулмини терроризмга қарши кураш сифатида баҳолади

3402
0

Уламо”лар Хитой зулмини терроризмга қарши кураш сифатида баҳолади

Пекин маъмурияти таклифи билан Шарқий Туркистонга ташриф буюрган “уламо”лар Хитойнинг қонли зулмларини оқлаб баёнот берди. Бу ҳақида Урумчи газетаси хабар тарқатди. Хабарга кўра, Шарқий Туркистонда бироз юмшатилган “нол ковид” сиёсатидан сўнг Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Сурия, Баҳрайн, Босния-Герцеговина, Тунис, Сербия, Жанубий Судан, Мавритания, Индонезия, Қувайт, Иордания ва Уммон каби 14 давлатнинг дин пешволари ва масъуллари Пекин маъмуриятининг таклифи билан Урумчига ташриф буюришган. Зиёрат асносида Бутунжаҳон мусулмонлари кенгашининг раиси Др. Али Рашид Ал Нуаймий Хитойнинг “террорга қарши кураш” режасини “минтақада яшовчи халқларга қилинган хизмат” дея атаб, мусулмонларга қарши уюштирилган геноцидни “терроризмга қарши кураш” сифатида зикр қилди.

“Биз Хитойни Шинжонда амалга оширган терроризмга қарши кураш режасини якунлагани билан табриклаймиз… Ислом цивилизацияси ва Хитой ўртасидаги муносабатлар тарихий аҳамиятга эга бўлиб, дўстлик, ҳамкорлик ва иттифоқ тарзида тавсифланади. Хавфсиз, барқарор ва фаровон Хитойга бутун дунёдаги одамлар муҳтож. Хитойнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги нафақат миллий манфаат, балки глобал манфаатдир. Хитойдаги мусулмонларга ёрдам бериш катта масъулият бўлиб, этник, диний ва миллий ришталар бир-бирига зид эмаслигини, аксинча, бир-бирини боғлиқлигини биз бутун дунёга тушунтириб беришимиз керак. Ўзлик ва бир динга мансубликка бўлган ҳурматни тарбиявий нутқ билан мустаҳкамлаш керак. Уйғур ёшлари террорчи гуруҳлар қурбони бўлиб қолмаслиги учун уларнинг ақлини қаноатлантириш лозим”, деди Др. Али Рашид Ал Нуаймий.

Изоҳ: Маълумки, бундан аввал Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлган Хитой ҳукумати ўзининг “нол ковид” сиёсати баҳонасида мусулмон уйғурларнинг уйларини ташқаридан бекитиб, ҳатто озиқ-овқат ва дори-дармон каби зарурий эътиёжлар учун ҳам уларни уйларидан чиқишларини умуман таъқиқлаб қўйган эди. Натижада мусулмон уйғурлар ўз уйларида очликдан ҳалолқат ёқасига келиб қолди. 24-ноябрь куни Урумчида содир бўлган ёнғинда 100 дан ортиқ мусулмон эшиклари занжирбанд қилинган уйларини тарк эта олмагани учун ҳалок бўлди. Хитойнинг ушбу ва бундан аввалги зулмлари бутун дунё кўз ўнгида содир этилаётган бўлса-да, юқоридаги “уламо”лар Хитойнинг мусулмонларга нисбатан аёвсиз террорларини “терроризмга қарши кураш” сифатида баҳоламоқда.

Расулуллоҳ шундай марҳамат қилдилар:

«صِنْفَانِ مِنَ النَّاسِ إِذَا صَلَحَا صَلَحَ النَّاسُ وَإِذَا فَسَدَا فَسَدَ النَّاسُ: الْعُلَمَاءُ وَالأُمَرَاءُ»

«Икки тоифа одамлар борки, агар улар тузалса инсонлар туза­лади, агар улар бузилса инсонлар бузилади: Улар уламолар ва амир­лардир».

Дарҳақиқат, уламолар ўнгланса, Уммат ҳам ўнгланади, улар бузилса, ҳамма ёқ бузилади, одамлар залолатга кетади, юртлар вайрон бўлади. Чунки ҳақни етказиш ва ҳар бир ишнинг ҳукмини баён қилиш уламоларнинг вазифасидир. Инсонларнинг тузалиши уламоларнинг тузалиши билан бўлиши ва уларнинг бузилиши уламоларнинг бузилиши билан бўлиши ҳар бир даврда ўз исботини топган. Бугунги аҳволимиз ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Афсуски бугунги кунда уламоларнинг ҳукмдорларга нисбатан тутган позицияси пайғамбарлар меросхўри бўлган аввалги уламоларникига ўхшамай қолди. Чунки Пайғамбарларга меросхўр бўлиш Аллоҳнинг розилиги учун фақат ҳақни айтиш ҳамда одамларга тилёғламалик қилмаслик ва бу йўлда маломатчининг маломатидан қўрқмасликни талаб қилади. Ваҳоланки бугунги уламолар уммат бошига турли азоблар солаётган ҳукмдорларнинг этагини тутиб, уларнинг ботил ишларини оқлашга уринмоқда. Яъни бу «уламо»лар Холиқдан қўрқиш ўрнига махлуқдан қўрқадиган бўлиб қолишди. Шунинг учун одамларинг олдида ҳам, ҳукмдорларнинг олдида уларнинг ҳайбати қолмади. Бу «уламо»лар бирон мансабга ўтириши биланоқ ҳукмдорларнинг ботил ҳукмларини оқлаб фатво бериш учун тап-тайёр туришади. Булар Аллоҳнинг раҳматидан кўра Ҳокимлар дастурхонини афзал билган уламолар бўлиб, Ислом Умматининг ичкаридан емирилишида муҳим рол ўйнамоқда.

Бугунги кунда Ислом Уммати бутун жамиятни қоронғи зулматдан нурга олиб чиқадиган солиҳ, тақводор уламоларга муҳтождир. Чунки бундай уламолар зулмга нисбатан сукунатни бузиб, ҳақ сўзни баралла айтади, маъруфга буюриб, мункардан қайтаради ҳамда ҳукмдорларни насиҳат ва муҳосаба орқали Зулмдан тўсади, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайди ва мусулмонларнинг ҳаёт-мамот масаласи бўлган Исломий ҳаётни қайта бошлаш учун олдинги сафда туради. Қачон уламолар ҳақ тарафда турсалар, Уммат ҳам улар билан бирга бўлади. Зеро ер юзида Аллоҳнинг ҳукмини ўрнатиш ва одамларни унга амал қилишга чақириш ҳам энг аввало уламоларнинг вазифасидир.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here