МДҲга раислик қилиш Қирғизистонга ўтди
Хабар: Қирғизистон 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб МДҲга раисликни ўз зиммасига олди.
Ҳамдўстлик давлат раҳбарлари Кенгашининг 2022 йил 14 октябрдаги қарорига кўра, Қирғизистон 2023 йил давомида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Иқтисодий кенгаш, бошқа тузилмаларига ҳам раислик қилади.
Қозоғистон (2022 йилда раислик қилган) ва Россия (2024 йилда раислик қилади) ҳамраис бўлади.
Президент Садир Жапаров Остонада бўлиб ўтган МДҲ саммитида Қирғизистоннинг 2023 йилдаги раислигининг устувор вазифаларини тақдим қилган.
Изоҳ: 1991-йил 26-декабрда СССР Олий Кенгашининг юқори палатаси сессиясида СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги №142 сонли декларация қабул қилинди. Шу тариқа СССР тўлиқ парчаланиб кетди. Россия СССРнинг халқаро ташкилотлардаги вориси этиб белгиланди ва совет иттифоқининг барча қарзлари тўлаш ва активларига эгалик қилиш ваколатига эга бўлди. Россия ўзининг собиқ мустамлакаларини назорати остида ушлаб қолиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)ни ташкил этди. Аммо бу ташкилот узоқ йиллар мобайнида шунчаки расмий учрашув ва аксарияти ижро этилмаган қарорлар қабул қилишдан нарига ўтмади. У на сиёсий ва на иқтисодий жиҳатдан таъсирли ташкилотга айлана олди. Аммо, сўнгги йилларда Путин бу ташкилотдан ҳам ҳарбий мақсадлари йўлида фойдаланиш ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда 2020-йил октябр ойида Россия бошчилигида МДҲ, КХШТ ва ШҲТга аъзо давлатлар илк марта қўшма ҳарбий машғулот ўтказди. Бундан ташқари МДҲ доирасида аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасида ҳамкорлик ва фаолиятларини мувофиқлаштириш, “терроризм” ва “экстремизм”га қарши кураш остида ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда.
Бироқ, Россиянинг саъй-ҳаракатларига қарамай МДҲ ҳам ЕОИИ каби борган сари ўз нуфузини йўқотиб таназзулга юз тутмоқда. Маълумки, халқаро ташкилотлар қуввати ва таъсири етакчи давлатнинг халқаро нуфузи ва таъсир қувватига боғлиқ бўлиб, давлат қудратли бўлса, ташкилот ҳам қувватли бўлади, акси бўлса бу ташкилот учрашув ва йиғилишлардан бошқа нарсага ярамайдиган, таъсирсиз рамзий ташкилотга айланиб қолади. Бугунги кунда Россия халқаро миқиёсда яккаланиб, нуфузини йўқотиб боргани сари у бошчилигидаги ташкилотларнинг мавжуд бўлиши ҳам савол остида қолмоқда.
МДҲ давлат раҳбарларининг Санкт-Петербургда бўлиб ўтган навбатдаги саммитида Путин МДҲ маконида муаммолар, хавфсизликка таҳдидлар ва келишмовчиликлар кучайиб бораётганини тан олди.
“МДҲ давлатлари ҳамкорлигининг асосий йўналиши умумий Евроосиё минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат. Афсуски, бу соҳада, биринчи навбатда, ташқаридан келаётган таҳдид йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тан олишимиз керакки, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар юзага келади. Лекин асосийси, биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва буни амалга оширамиз”, – деди Путин. Демак, МДҲ, ЕОИИ каби Россия етовидаги ташкилотларнинг мавжудлиги Путин иқтидори каби паёнига етиб бормоқда.
Абдураҳмон Одилов