بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Япониянинг янги мудофаа стратегияси
Савол:
Япония янги мудофаа стратегиясини қабул қилди. Бир неча кун олдин эълон қилинган ушбу янги стратегия мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишни ўз ичига олади. Бу Япониянинг иккинчи жаҳон урушидан олдинги ҳарбий қудратини қайта тиклашини англатадими? Ушбу янги стратегиядан кўзланган мақсадлар нималардан иборат? Бу стратегияни қабул қилиш Япониянинг мустақил қарорими ёки ташқи таъсир остида, хусусан АҚШ таъсири остида қабул қилинган қарорми?
Жавоб:
Ҳа, Япония ҳукумати янги мудофаа стратегиясини ва қонунчиликдаги ўзгаришларни қабул қилди. 2022 йил 16 декабр Япония бош вазири Фумио Кисида ҳукумати учта мудофаа ҳужжатини; 1) «Япониянинг миллий хавфсизлик стратегияси», 2) «Миллий мудофаа стратегияси», 3) «Узоқ муддатли мудофаа дастури»ни тасдиқлади. Аниқроқ қилиб айтганда, Япония иккинчи жаҳон урушидан кейинги саҳифани ёпиб, янги саҳифа очди ва етмиш йил давомида бошдан кечирган мағлубият психологиясидан халос бўлиб, ҳарбий салоҳиятини қайта тиклаш учун ҳаракатга киришди. Ҳақиқий мақсадларни англаб етиш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Ушбу стратегиянинг бандлари:
- Япония ушбу стратегия доирасида Японияни ҳарбий кучдан маҳрум қилувчи ва ўз чегараларидан ташқарида ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни тақиқловчи конституциядаги қоидаларни бекор қилишини эълон қилди. Ушбу қоидалар Америка Японияни ишғол қилган пайтда ишлаб чиқилган бўлиб, 1947 йилдан бери амалда қўлланиб келинаётган эди… Япониянинг янги стратегияси ҳужумга учраш эҳтимоли туғилганда олдиндан қилинадиган урушни истисно қилиб, фақатгина Япониянинг шартли «қарши» ҳужуми ҳақида баҳс юритаётган бўлса-да, бироқ Япония биринчи марта хорижий ҳарбий ҳаракатлар борасидаги тақиқни гарданидан олиб ташлади… Бу стратегия Япониянинг ҳарбий харажатларини икки баробарга оширишни, яъни аввалги энг юқори ҳисобланган ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизидан 2027 йилга бориб 2 фоизгача (НАТО мамлакатлари харажатларига тенг) оширишни тақозо қилади. Бу ҳукумат йиллик харажатларининг 10 фоизига тенг. Ал-Жазира, 2022 йил 16 декабр). Бу билан Япония ҳарбий харажатлар бўйича дунёда Америка ва Хитойдан кейин учинчи ўринни эгаллайди.
- Ушбу стратегия, шунингдек, иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери содир бўлган «энг қийин ва мураккаб хавфсизлик муҳити» нуқтаи назаридан «энг ёмон сценарий»га тайёргарлик кўриш ва ташқи таҳдидларга қарши туришни ҳамда Япониянинг узоқ масофалардан ҳужумга жавоб бера олиши учун жуда кўп (500та) Америкада ишлаб чиқарилган қитъалараро «Томагавк» ва «SM-6» ракеталарини сотиб олишни талаб қилади.
- Япония Конституциясининг 9-моддасида шундай дейилган эди: «Тартиб ва адолатга асосланган халқаро тинчликни чин дилдан истайдиган Япония халқи халқнинг суверен ҳуқуқи сифатида урушдан ва халқаро низолар юзага келганда таҳдид ва куч ишлатишдан доимий равишда юз ўгиради. Шунга кўра, ҳеч бир қуруқлик, денгиз ва ҳаво кучлари ёки бошқа ҳарбий кучлар муҳофаза қилинмайди. Давлатга жанг қилиш ҳуқуқи берилмайди». Бу модда конституциядан чиқариб ташланди. Чунки Япония янги уруш сиёсатига дуч келмоқда. Ушбу янги сиёсат уруш харажатларидан тортиб, ҳарбий саноатлаштиришгача ва Япониянинг иккинчи жаҳон урушидан олдинги даврдаги улкан ҳарбий қудратини эслатувчи ҳақиқий армияни яратишгача бўлган кенг қамровли ички ўзгаришларни ўз ичига олади.
- Япониянинг қўшнилари ва бошқа халқаро кучлар билан тинч-тотув яшаш сиёсатига чек қўйилди. Янги тузатишлар Япон қўшинларининг ўзлари учун душман деб билган давлатларга қарши «аксил ҳужум» уюштириш ҳуқуқини ўз ичига олади. Янги стратегия, гарчи бундай номланмаган бўлса-да, «ёвузлик учлиги»га қарши курашга ўхшаш нарсани ўз ичига олади. Бу ёвуз учликнинг биринчиси Хитойдир. Хитой «Япония дуч келган энг катта стратегик муаммо» сифатида таърифланади. Иккинчи ўринда Шимолий Корея туради. Шимолий Корея «аввалгидан ҳам жиддийроқ ва яқинроқ таҳдид» сифатида кўрилади. Учинчи ўринда эса Россия туради. (Россия Украинадаги каби ўзининг хавфсизлик мақсадларига эришиш учун куч ишлатишга мойиллиги сабабли қаттиқ танқидларга учрамоқда. Унинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий фаолиятлари ва Хитой билан стратегик ҳамкорлиги «хавфсизлик бўйича асосий муаммо»ни шакллантиради. France 24, 2022 йил 16 декабр).
Иккинчи: Ушбу стратегия бўйича халқаро позицияларга назар ташласак, қуйидагилар маълум бўлади:
- Хитой бу стратегияга кескин қарши чиқди ва расман норозилик билдирди. «Япониянинг ушбу янги стратегияси расмий эълон қилинишидан олдин ҳам Пекинда норозиликни келтириб чиқарди. Пекин ХХ асрнинг биринчи ярмида Хитой унинг қурбонларидан бири бўлган шафқатсиз япон милитаризми ҳақида қайта-қайта гапириб келади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбин жумъа кунги баёнотида «Япония томони фактларни эътиборсиз қолдирмоқда. Шунингдек, Хитой-Япония муносабатлари ва икки давлат ўртасидаги муштарак тушунчаларга содиқлигидан четга чиқмоқда ва Хитойни асоссиз равишда обрўсизлантирмоқда. Биз буни қоралаймиз ва дипломатик норозилик билдирамиз», деди. France 24, 2022 йил 16 декабр).
- Шимолий Корея ҳам Япония режасини кескин қоралади. (Шимолий Корея Ташқи Ишлар Вазирлигининг сўзчиси «Япония жиддий хавфсизлик инқирозини яратмоқда… У бошқа мамлакатларга қарши профилактик зарбалар бериш қобилиятига эгалигини амалда расмийлаштирадиган янги хавфсизлик стратегиясини қабул қилиш орқали бунга йўл очмоқда»… «Япониянинг янги агрессия чизиғини расмийлаштириши Шарқий Осиёдаги хавфсизлик муҳитини тубдан ўзгартирди»…, деди. Сўнг, Японияни ўта хавфли ва ёмон танлов қилганини тез орада тушуниб етиши ҳақида огоҳлантирди. Sky News Arabia, 2022 йил 20 декабр).
- Америкага келсак, (Вашингтон Япониянинг бу янги стратегиясини олқишлади. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан «Мудофаа бюджетининг ошиши АҚШ-Япония иттифоқини мустаҳкамлайди ва модернизация қилади», деди. France 24, 2022 йил 16 декабр). АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам Япониянинг янгиланган стратегия ҳужжатларини олқишлади. Остиннинг таъкидлашича, (янгиланган ҳужжатлар икки иттифоқчининг хавфсизлик стратегияларидаги қарашлари ва устуворликлари ўртасидаги муҳим мувофиқликни акс эттиради. Шарқул Авсат, 2022 йил 17 декабр). (Президент Жо Байден бу муҳим дақиқада АҚШнинг Япония билан бирга эканини айтди. «Бизнинг иттифоқимиз эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океанининг тамал тошидир», деди у. Оқ уйнинг билдиришича, Япониянинг янги мудофаа режаси АҚШ билан ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлашга қаратилган. Ал-Жазира, 2022 йил 16 декабр).
Учинчи: Бу Япония мудофаасининг янги стратегик режасидир. Уни кўздан кечирсак, қуйидагиларни кўришимиз мумкин:
- Япония 2022 йил 16 декабрда эълон қилинган янги мудофаа стратегиясини қабул қилиши ажабланарли эмас, гарчи бу унинг етмиш йилдан ортиқ давом этган заифлигига барҳам берувчи муҳим воқеа бўлса ҳам. Чунки Япония мудофаа вазирлиги 2022 йил 22 июлда халқаро чақириқларга жавоб бериш учун амал қилиш керак бўлган мудофаа сиёсатини баён қилувчи «Оқ китоб»ни чоп этган эди. Япония Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий қудрати ва унинг Тайванга ҳужум бошлаш хатари, Хитойнинг Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилиши хатари ҳамда Хитой, Россия ва Шимолий Кореянинг Осиёда уруш оловини ёқиш хатари каби таҳдидларга дуч келган пайтда «Оқ китоб» васиқаси бу вазиятга нуқта қўйди. Япония Мудофаа вазирлигининг ушбу китоби таҳдидларга қарши туриш учун ҳарбий харажатларни кўпайтириш, ҳарбий технологияларга сармоя киритиш ва космик кучларни ҳам ўз ичига олган кўп қиррали ҳарбий кучларни яратиш муҳимлигини таъкидлайди. Бу эса, Япониянинг интилишлари юқори эканини, Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятнинг чангини қоқиб, Тинч океани минтақасидаги рақобатга, жумладан, Жанубий Хитой денгизидаги Хитой ва Япония ўртасидаги баҳсли оролларга етиб бориши кераклигини исботлайди.
- Бундан аввалги Япониянинг собиқ бош вазири «Синдзо Абэ» Хитойнинг кучайиб бораётган таъсирига қарши курашиш учун Ҳинд-Тинч океанига йўналтирилган Япония-АҚШ қўшма стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусининг асосий меъморларидан бири эди. АҚШ томонидан қабул қилинган ушбу ташаббус савдо ва сармоявий масалалар бўйича АҚШ-Япония ва бошқа иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилишни, навигация хавфсизлиги учун Тинч ва Ҳинд океанларида қўшма ҳамкорликни ривожлантиришни ва ушбу ташаббусда Австралия ва Ҳиндистонни шерик қилишни ўз ичига олади. (Арабийя, 2022 йил 8 ноябр).
- Шундай экан, Япониянинг бу янги стратегиясидан ва аввалги стратегияларидан маълум бўладики, Япония бугундан эътиборан ҳарбий кучга эга бўлиб, ўтмиш изларини ўчирмоқда ва Осиёда урушга тайёрланяпти. Япония ҳар доим йирик давлат бўлиб келган ва Осиёда алоҳида аҳамиятга эга. У иккинчи жаҳон урушининг биринчи йилларида минтақадаги ҳукмрон давлат эди. Германия мағлуб бўлгунга қадар Европани ишғол қилган бўлса, Япония ҳам мағлуб бўлгунга қадар Хитой, Корея, океандаги ороллар ва Осиёдаги бошқа мамлакатларни ўзига бўйсундирган эди. Япония шу кунгача ядровий ҳужумга учраган ягона давлатдир. 1945 йил август ойида Америка самолётлари Хиросима ва Нагасакига иккита атом бомбасини ташлаб, бир вақтнинг ўзида икки юз мингдан ортиқ одамни ўлдирди. Япония ядровий ҳужумга учраганидан бир ҳафта ўтиб, 1945 йил 15 августда таслим бўлганини эълон қилди ва Америка бошчилигидаги иттифоқчи кучлар Японияга бостириб кириб, ўз ҳукмронлигини ўрнатди.
- Япониянинг қадимги императорлик тарихи нуқтаи назаридан қаралганда, Япониянинг ҳарбий қудратини қайта тиклаши японларнинг буюклик туйғуларига таъсир қилмоқда ва япон халқи томонидан катта мамнуният билан қабул қилинмоқда. Бироқ, Япониянинг узоқ муддатли демилитаризация қилиниши ва иттифоқчи кучлар 1952 йилда Япониядан чиқиб кетганидан кейин бу мамлакатда АҚШнинг йирик ҳарбий базаларининг мавжуд бўлиши Япониянинг ўз ҳарбий қудратини қайта тиклашга интилишига йўл қўймайди.
- Ўз армияси, ҳарбий иттифоқлари ва минтақавий хавф-хатарларга нисбатан кўз-қарашлари борасида янги сиёсатни қабул қилган Япониянинг Америка тарафидан дарҳол қўллаб-қувватланиши шубҳасиз, Японияни ҳарбийлаштириш Хитой таҳдидларига қарши курашдаги АҚШ стратегиясининг асоси эканини исботлайди. Америка ўз қўшинларини Хитой атрофида жойлаштирмоқда. Тайван атрофида ғалаён ва провокация яратиб, Хитой билан урушга тайёрланмоқда. Агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, «Америка кучлари оролни ҳимоя қиладими?» деган саволга АҚШ президенти Байден «Ҳа», деб жавоб берган.
- Худди шундай собиқ президент Трамп маъмурияти ҳам Шимолий Кореяни провокация қилиш билан бирга Японияни ҳарбий қудратини қайта тиклашга ундагани кузатилган эди. АҚШ президенти Трамп 2017 йилги Японияга ташрифи олдидан японлар «жанговар халқ» эканини таъкидлаган эди. (… Трамп жума куни президент сифатида Осиёга биринчи узоқ ва нозик сафарини бошлашдан олдин баёнот берди. У хусусан, Япония ва Жанубий Кореяни ўз ичига олган Осиё сафари чоғида асосий эътиборни Шимолий Кореянинг ядровий дастурига қаратди… Трамп, «Fox News» телеканалидаги дастурда, «Япония жанговар давлат. Хитойга ва мени тинглаётган барчага шуни айтаманки, агар сиз Шимолий Кореяга буни давом эттиришга рухсат берсангиз, Япония билан катта муаммога дуч келасиз…», деди. Марсад Ньюз – халқаро муносабатлар – Жумъа – 2017 йил 3 ноябр). Яъни Трамп Япония номидан гапираётгандек, Япониянинг Шимолий Кореяга ҳарбий аралашуви мумкинлиги билан Хитойга таҳдид қилди! Шарқий Осиёдаги янги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда Япониянинг ҳарбий қудратини қайта тиклаши Япония учун зарур бўлса-да, бу ўзининг барча хусусиятлари билан тўлақонли Американинг режасидир. Чунки Япония Американинг Хитойга қарши кўз-қарашидаги марказий давлатга айланди.
Тўртинчи: Энди саволнинг сўнгги қисмига яъни, бу стратегия Япониянинг мустақил қарорими ёки хорижий, хусусан, АҚШнинг таъсири остида қабул қилинган қарорми? – деган саволга бироз ойдинлик киритишимиз мумкин. Юқорида айтилганларни тадаббур қилиб кўрсак, қуйидагилар маълум бўлади:
- Япония Хитой устидан ҳукм юритган узоқ тарихга эга. Америка ва бошқа мустамлакачи Европа давлатлари Японияни тўсиб қўйишидан олдин, Хитой япон мустамлакачилигининг кенг уфқини ифодалар эди. Бошқача айтганда, Япония тарихидаги сон-саноқсиз ғалабалардан баъзи бирлари бугунги кунда ҳам ҳаётийлигини сақлаб келмоқда. Хитой Япониядан тарих давомида содир этилган жиноятлар учун узр сўраш ва товон тўлашни талаб қилиб келади. Бошқа тарафдан, Америка ва Хитойдан кейин учинчи ўринда турувчи Япония иқтисодиётининг Хитой билан кенг қамровли қарши кураш сиёсатига маблағ сарфлашга қодирлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар Япония ўз ҳарбий қудратини қайта тикласа, Япониянинг саноат ва технологиядаги улкан қобилиятлари Хитой билан якка ўзи курашиш имконини беради.
- Бироқ, Америка Япониядан АҚШ бошчилигидаги иттифоқ доирасида шундай қилишни хоҳламоқда. Бу билан, Япониянинг сиёсати кенг қамровли Америка режасининг бир қисми бўлиб қолишини, Япониянинг куч тенденцияси Америка билан душманлик босқичини, хусусан Америка ядровий ҳужум қилгандаги ҳолатни эсига солмаслигини хоҳлаяпти. Чунки Япония Америка билан зиддиятли узоқ тарихга эга… Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Америка Япониянинг янги стратегиясининг барча тафсилотларини назорат қилишни хоҳлайди. Токи, бу стратегия Япония ҳарбий қудратини тиклаганида Хитойга қарши кураш билан чекланиб қолсин ва бундан нарига ўтиб, Американинг амалга оширган ядровий ҳужумини эсга солмасин! Осиёда Хитой билан курашнинг асоси сифатида, Япониянинг ҳарбий қудратини қайта тиклашга бўлган Америка Қўшма Штатларининг кўз қараши Шарқий Европада Россияга қарши туриш учун Америка бошчилигидаги Германиянинг ҳарбий қудратини қайта тиклаш стратегиясига ўхшайди.
- Буларнинг барчасига қарамай, Япония ҳам худди Германия каби армиясини тиклашда кечикди… Тўғри, бу халқлар жонли ва тирик халқлардир. Аммо уларнинг онгини тижорат ва пул эгаллаб олганлиги боис фаровон ҳаёт давом этмоқда. Шаъни ва қадр-қимматига эса, путур етди. Раҳбарлари уруш ва нуфузга интилиш орзуларини йўқотдилар. Шундай қилиб, Япония ҳамда Германия Америка ва Европа доирасида ҳаракат қиладиган бўлиб қолди. Шу сабабли, Япония (ва Германия), токи Америка уларни ундагунга қадар ўз армиясини тирилтиришда етмиш йил ёки ундан ҳам кўпроқ вақтга кечикди… Лекин бу халқлар ҳаётийликни етарлича қадрлайдиган халқлардир. Бу давлатлар тезда ядровий кучга айлана оладиган ҳарбий кучни барпо этишлари яқин келажакда яна ўз қудрати ва буюклигини ҳис қилишига сабаб бўлади. Бу ҳатто Американинг ўзига ҳам муаммо туғдиради ва улар ўртасидаги зиддиятларни кескинлаштиради. Шунинг учун Америка Япония ва Германиянинг бу ҳарбий стратегиясини синчковлик билан кузатиб бормоқда!
Бешинчиси: Бугунги кундаги буюк давлатлар ҳақиқатини ўрганган кишилар шуни яхши биладиларки, бу давлатлар эзгулик ва адолатни қадрламайди. Ўша буюк давлатларга кўра яхшилик – бошқалар учун ёмонлик бўлса ҳам – ўз нафсини қондиришдир. Шунингдек адолат – бошқаларга нисбатан катта ноҳақлик бўлса ҳам – бошқаларнинг тақдирини қўлга киритиш ва улар устидан ҳукмронлик қилишдир. Шунинг учун ҳам қадр-қиммат тарозилари эзгулик ва адолатдан жуда узоқдир. Гўё тарих такрорланаётгандек. Форслар ва Румлар зулм ва адолатсизлик билан дунёга ҳукмронлик қилган пайтда, Ислом эзгулик ва адолат ҳақиқатини олиб келди ҳамда туни кундуздек ёруғ бўлган йўл оламга нур сочди. Шу тариқа, ҳақ келди, ботил йўқ бўлди… Бугунги масала ҳам кечаги масала билан бир хил бўлиб, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатининг қайта барпо бўлиши билан ислоҳ бўлади. Умид қиламизки, бу ҳолат Аллоҳнинг изни ила золим ҳукмронликдан кейин тез орада содир бўлади. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ ﷺ айтганлар:
«… ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ. ثُمَّ سَكَتَ»
«Сўнг золим-зўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин Пайғамбар ﷺ сукутга чўмдилар». (Аҳмад ва Таёлисий).
Азиз ва Қудратли Аллоҳ рост айтди:
﴿وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَى أَمْرِهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ﴾
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» [Юсуф 21]
30 жумодулаввал 1444ҳ
24 декабр 2022м