Қодиров Тўқаевни танқид қилди

356
0

Қодиров Тўқаевни танқид қилди

 Хабар: Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Россияга ҳеч қандай фойдаси тегмайди, бироқ Москва ҳаммага ёрдам беради. Хусусан, Россия Қозоғистон ва Беларусни қутқариб қолган. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ДХР ва ЛХРни тан олмаслик ҳақидаги баёнотидан кейин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида таъкидлади.

 “Европа етакчилари Путиннинг олдига келади, телефон орқали музокаралар олиб боради, улар Украина манфаатларини ҳимоя қилади, бизнинг КХШТ аъзоларимиз, нега жим турасиз? Нега қўшниларингиз ҳақида гапирмайсиз, нега урушни тугатишга ҳаракат қилмайсиз? Нега аждодларимизни ўлдирган фашистларга, бандераларга қарши позициянгиз йўқ. Худди, ҳеч нарса бўлмагандек, санкциялардан қўрқиб, ҳамма жим”, дея КХШТ раҳбарларини танқид қилган Қодиров.

 Қодировга кўра, Россия Қозоғистон ва Беларусни қутқариб қолган ҳамда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда муҳим рол ўйнаган.

 “Қозоғистон суверенитетини йўқотишни бошлаганида, ким ёрдам берди? Россия санкциялардан қўрқмайди. Ва агар давлатни тан олиш керак бўлса, сиз давлатларни тан оласизми, тан олмайсизми бизга аҳамияти йўқ.”, – деди Қодиров.

 У Россия яқинда Украина шарқидаги Донбасс минтақасида яхши натижаларни кўрсатишини қўшимча қилган.

 Изоҳ: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Петербург иқтисодий форумидаги чиқишида Россиянинг асосий тарғиботчиси Маргарита Симонян берган саволга жавобан унинг мамлакати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслигини айтди.

 “Биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни, на Абхазияни тан оламиз. Шу принцип, бизнинг фикримизча, Луганск ва Донецк каби квазидавлат ҳудудларига ҳам тааллуқлидир. Бу – сизнинг очиқчасига берган саволингизга очиқчасига жавоб”, – деди Тўқаев.

 Қозоғистон президентининг Путин ёнида ўтириб бу каби жиддий баёнот бериши Путиннинг ғашига теккани аниқ. Путиннинг Тўқаев жавобидан қониқиш хосил қилмагани Путин “эркатойи” Рамзан Қодиров тилидан янгради.

 Жорий йил бошида Қозоғистонда вужудга келган оммавий норозиликлар бошлангач КХШТ кучлари мамлакатга киритилиб Тўқаев ҳокимиятини сақлаб қолишга ёрдам берган эди. Тоқаевнинг шошилинч қарор қабул қилиши ва КХШТ кучларини мамлакатга киритиши хали кўп бор Тўқаевга панд беради. Энди қозоқ президенти ва расмийлари томонидан бирор ножўя ҳаракат содир бўлиши билан рус ҳукумати ва рус ташвиқотчилари “Россия сизларни сақлаб қолган” деб таъна қилишдан чарчашмайди. Жириновский ўлимидан сўнг Путиннинг “оғзига” айланиб қолган Лукашенко эса қўшни республикалар “Қозоғистон фожеаларидан сабоқ олиши” кераклигидан огоҳлантириб, уларнинг Россия-Белорус иттифоқига аъзо бўлишдан бошқа йўллари йўқлигини башорат қилган эди. 

 “Қозоқларга яқиндаги воқеалар дарс бўлди, улар ҳам қўшилади, 15 йиллар ичида Украинанинг ҳам қўшилмасдан иложи қолмайди. Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди, аниқ бизга қўшилади, Озарбайжон сал сўроқ остида, чунки уни Туркия қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам қўшилмасдан бошқа иложи қолмайди”,- деган эди Лукашенко. 

 Россия агар Украинада бирор натижага эришиб, ҳеч бўлмаганда Луганск ва Донецк вилоятларининг босиб олишга муваффақ бўлса Россиянинг кейинги сиёсати фақат ҳарбий кучга асосланади. Путиннинг империалистик иштаҳаси очилиб, постсовет республикаларини куч билан бўлса ҳам ўз қўл остида бирлаштириш сари жиддий ҳаракат бошлайди. Бунда биринчи нишон Қозоғистон бўлиши мумкин.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here