Саудияда кўплаб воизлар ва академиклар ҳибсга олинди

624
0

Саудияда кўплаб воизлар ва академиклар ҳибсга олинди

Сўнгги кунларда Саудия ҳукумати мамлакат бўйлаб таниқли инсонларни қамоққа ола бошлаган. Бу ҳақида Ал-Жазира ахборот агентлиги хабар тарқатди. Агентликнинг хабарига кўра, қамоққа олишнинг биринчи тўлқинида жуда кўплаб воизлар ва олимлар ҳибсга олинган. Улар орасида дунёга машҳур воиз Салмон Авда ҳам бор. Қамоққа олишнинг иккинчи тўлқинида эса бир қанча академиклар ҳибсга олинган ва улар орасида аввалги кунларда ҳибсга олинган Салмон ал-Авданинг укаси ҳам борлиги айтилмоқда.

Қамоққа олишлар тўлқини сургунда яшаётган мухолиф фигураларнинг мамлакатда намойиш ўтказиш чақириғидан сўнг амалга оширилган. Шу боис изма-из келган ҳибслар тўлқини Саудияда қирол алмашуви олдидан халқ орасидаги “таъсири кучли кишиларнинг овозини ўчириш”га ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.

Британияда чиқадиган “The Independent” газетаси сўнги даврда амалга оширилган қамоққа олишлар ортидан Қирол Салмон ўз ўрнини ўғли валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга топшириши ҳақидаги даъволарни олға сурди. Газетанинг ёзишича, жуда кўплаб воизлар ва академикларнинг ҳибсга олиниши ортидан узоқ вақтдан буён оғиздан оғизга ўтиб юрган “қирол алманишуви даъвоси” куннинг долзарб мавзусига айланган.

Саудия давлат мудофаа вазирлиги, шунингдек мамлакатнинг энг йирик иқтисодий ташкилоти “Aramco”ни бошқариб келган ҳамда қарорлар қабул қилиш механизмини тартибчиси эканлиги айтилган Муҳаммад бин Салмон сўнги пайтларда яширинча Тел-Авивга борганлиги ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Қирол Салмоннинг тахтини эгаллаши кутилаётган Муҳаммад бин Салмон ўтган ҳафта Тел Авивни зиёрат қилиб, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху билан учрашганлигига оид хабарлар Исроилнинг арабча эшиттириш маркази томонидан тарқатилди. Исроил телекомпаниясининг вакили Шимон Аран охирги кунларда Саудия шаҳзодаси Исроилнинг юқори лавозимли расмийлари билан учрашганлигини қайд этди. Шимон Араннинг таъкидлашича, Исроил раҳбарлари ва Саудия шахзодаси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда “минтақавий тинчликни сақлаб қолиш” масаласи кўриб чиқилган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here