«QUAD» альянси Хитой учун душманлик ва қамалдир

108
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

«QUAD» альянси Хитой учун душманлик ва қамалдир

Устоз Абу Ҳамза Хутвоний

«QUAD» бу стратегик хавфсизлик ва иқтисодий мулоқот альянси, дея таърифланади. Тўртта катта давлат, яъни АҚШ, Япония, Ҳиндистон ва Австралиядан ташкил топган бу альянс «тўртлик» ҳам дейилади. Тўрт давлатнинг айни альянс гуруҳига қўшилишидаги сабаблардан бири бу ўзлари даъво қилган муштарак демократик қадриятлардир.

Бу гуруҳ Ҳинд океани минтақасида содир бўлган даҳшатли зилзила ва цунамидан кейинги қутқарув ҳаракатларида ёрдам берадиган минтақавий маргинал гуруҳ сифатида 2004 йил ташкил топган. «QUAD» гуруҳининг биринчи йиғилиши 2007 йилда бўлиб ўтган бўлиб, унинг мақсадларини Япония ишлаб чиққан. Япониянинг ўша пайтдаги бош вазири Синдзо Абэ ўз қарашларини бундай билдирган эди: «Осиё бепоёндир… У эркинлик ва демократик қадриятларни қабул қилган АҚШ ва Австралиянинг муштарак стратегия доирасида бирлашиши билан бутун Тинч океанигача чўзилган йирик тармоққа айланмоқда». «QUAD»ни ташкил этиш ғояси, аслида, Америкага эмас Японияга тегишли. Аммо бу альянс 2008 йилда Хитойнинг кучли босими остида барбод бўлди. Чунки Хитой агар бу гуруҳ шаклланишда давом этадиган бўлса, иқтисодий интиқом билан таҳдид қилганди. Америка қаттиқ қизиқмаганлиги сабабли бу гуруҳ 2008 йилдан кейин йўқ бўлиб кетди. Аммо Америка Хитойнинг кучайишига қарши туриш учун 2017 йилда уни қайта жонлантира бошлади. Гуруҳ етакчилари ўшандан буён то шу кунгача тўрт марта учрашишди. Улардан энг муҳими ўтган йили Вашингтонда бўлиб ўтган аъзо давлатлар раҳбарлари даражасидаги саммит бўлиб, бу нарса уларга кучли турки бўлди. Кейин 2022 йил 24 май сешанба куни АҚШ президенти Байден Осиёдаги ушбу гуруҳга етакчилик қилиш учун келганда, «QUAD» Токиода янада мустаҳкамланди.

Одатда, альянсга аъзо давлатлар минтақада Хитойнинг кучайиб бораётган таъсирини бир мувозанатда ушлаб туриш, қамал қилиш ва чеклаш мақсадида ўз йиғинларида хавфсизлик, иқтисод ва бошқа соҳаларда маълумотлар алмашишади.

Афтидан, Америка Хитойни қамал қилишда айни гуруҳга таянаётган кўринади. Чунки бу гуруҳ бошқаларга қараганда анча фаол ҳаракат қиляпти. Мисол учун 2017 йилда Америка Трамп даврида Транс-Тинч океани ҳамкорлиги (TPP)дан – у самарасиз бўлгани боис – чиқиб олди ва ўша йилнинг ўзида «QUAD»ни фаоллаштиришга киришди. Чунки у АҚШ, Япония, Ҳиндистон ва Австралия дохил тўртта фаол катта давлат гуруҳини фаол бўлмаган кичик давлатларнинг катта гуруҳидан афзал, деб ҳисоблаяпти.

Бу тўрт давлат муштарак мақсадларга эга бўлган ва Хитойга душман давлатлар ҳисобланади. Шу боис, Америка айни душманликдан фойдаланди ва бу душманликни ўзининг стратегик мақсадларига хизмат қиладиган ва ўзининг етакчилигидаги иттифоқ ичида тартиблаштириб олди.

«QUAD» саммитидан бир кун олдин (2022 йил 23 май душанба куни) Жо Байден «Ҳинд-Тинч океани иқтисодий Асослари» (IPEF) шартномасини очиқлаб, бундай деди: «Аксарияти Осиё давлатларидан иборат 13 давлатни ўз ичига олувчи бу шартнома фаровонликка эришиш, минтақавий ўсишни рағбатлантириш, савдо, таъминот захиралари, тоза энергия, инфратузилма, солиқлар ва коррупцияга қарши кураш соҳаларида стандарт вазифаларни белгилаб беради. Keлгуси беш йил давомида ушбу давлатларга инфратузилмани ривожлантириш ва инвестициялар киритиш учун ёрдам сифатида 50 миллиард доллар ажратилади». Шу тарзда ушбу янги шартнома ўн учта заиф давлатни Aмерикaга вa унинг учтa иттифоқчисига мустаҳкам боғлаб, Xитойдан бутунлай узоқлаштирадиган пухта воситага айланмоқда.

Шундай қилиб, «QUAD» альянси Хитойга қарши туриш ва уни қамал қилишда тўртта асосий давлат билан уларга эргашган ўн учта давлатнинг иттифоқи бўлиши мўлжалланмоқда. У Aмерикa, Британия вa Aвстралия томонидан бир неча ой муқаддам ташкил этилган «AUKUS» хавфсизлик альянсини такомиллаштиради.

2022 йил 24 май сешанба куни бўлиб ўтган мазкур саммитда тўрт етакчи давлат раҳбарлари Хитойни мавжуд вазиятни куч билан ўзгартиришга уринишдан огоҳлантирди. Улар бу билан Хитойнинг Тайванга нисбатан содир этаётган ҳамда Жанубий Хитой денгизининг айрим ҳудудларида бир томонлама амалга ошираётган ҳаракатларига ишора қилишди.

Байден саммитда «Хитой Тайван борасида ўт билан ўйнашяпти», деб «Агар Пекиннинг ҳужумига учрайдиган бўлса, Тайванни ҳимоя қилиш учун ҳарбий жиҳатдан аралашиш»га ваъда берди. Шунингдек, «иттифоқчилар билан биргаликда глобал реакцияни идора қилиш устида ишлашга, Россия ва Хитойнинг халқаро тартиб ва суверенитетни бузишларига қарамай, халқаро тартиб ва суверенитетни ҳимоя қилишга ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳар доим кучли шерик сифатида қолиш»га ваъда берди.

Россия хусусида Байден «Россиянинг Украинага ҳужуми Ҳинд-Тинч океани эркинлиги ва очиқлигини таъминлаш аҳамиятини янада оширади», деди. Япония бош вазири Фумио Кисида «Бу каби агрессия Осиёда бўлмаслиги керак», деди.

«QUAD» давлатлари раҳбарларининг ушбу Токио саммити Россия-Хитой денгиз ва ҳаво кучлари томонидан Кореянинг шарқий минтақасида, Япония яқинида қўшма машғулотлар ўтказилаётган бир пайтга тўғри келди.

Американинг Хитой яқинида олиб бораётган бундай кескин ҳаракатлари шунга яққол далолат қилмоқдаки, Америка Россиянинг Украинадаги урушига қарамай, Хитой масаласини ўзининг устувор вазифаси деб билмоқда. Шунинг учун Хитойни қамал қилиш учун катта стратегик қадамлар ташламоқда ва айни мақсадини амалга ошириш йўлида «QUAD» ва «AUKUS» каби янги-янги альянслардан фойдаланмоқда. Осиё сари йўналиш Америка учун энг муҳим мақсадлардан бирига айланди. Чунки бир томондан Хитойнинг қудрати ортаётган бўлса, иккинчи томондан Британия АҚШга етиб олмоқда… Зеро, Британия халқаро компас қаёқни кўрсатаётганини ҳар доим яхши ҳис қилиб келган. Шунинг учун ҳам Европа билан музлаб турган муносабатларини узиш учун брекситни ўзининг биринчи мақсади қилиб белгилади. Бу билан Америка билан «ҳамнафас» бўлишни хоҳлади. Чунки глобал ҳодисаларни яратиш биринчи давлат бор жойда бўлади.

Роя газетасининг 2022 йил 1 июн чоршанба кунги 393-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here