Бишкекда Евросиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди

329
0

Бишкекда Евросиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди

 Хабар: Бишкекда Евросиё иқтисодий форумининг ялпи мажлиси видеоконференция форматида бўлиб ўтди.

 Унда ЕОИИга аъзо давлатлар Россия президенти, Арманистон бош вазири ва Беларус бош вазири видеоалоқа орқали, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари бевосита иштирок этди.

 Ўтган ҳафтада форумга Россия президенти Владимир Путин бошчилигидаги қатор давлатлар раҳбарлари келмаслиги маълум қилинган эди.

 Президент Жапаров тадбир модератори Александр Шохиннинг саволларига жавоб берар экан, “ЕОИИ ривожи ҳар бир аъзо давлатнинг алоҳида жараёни эмас, балки унга аъзо барча давлатларга боғлиқ бўлган бир-бирини тўлдирувчи жараёндир”, – деди.

 Жапаров ташкилотнинг асосий тамойилини айтиб ўтди. Биринчиси – товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш;

 Иккинчиси – 2025-йилгача бўлган ривожланиш стратегиясини ўз вақтида амалга ошириш;

 Учинчиси – қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасида ҳамкорлик. Булар – импорт ўрнини босиш ва ташкилотнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш;

 Тўртинчиси – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун интеграцияни ривожлантириш дастурини амалга ошириш алгоритмлари ва механизмаларини аниқлаш;

 Бешинчиси – Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш.

 Изоҳ: Россия бошчилигида ташкил этилган ЕОИИ доирасида турли даражада – давлат раҳбарлари, Олий иқтисодий кенгаш ёки бош вазирлар даражасида бўлишидан қатъий назар – учрашув ва йиғилишлар ўтказиб келинаётган бўлсада, бу йиғилиш ва учрашувлардан бирор натижа кутиш керак эмас. Гарчи, ЕОИИнинг асосий тамойили “тўрт эркинлик” – товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишдан иборат бўлишига қарамай бу эркинликлар асосан Россиянинг хоҳиш иродасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Россия ўзи учун манфаатли бўлган вақтда ташкилотга аъзо бўлган давлатлардан келаётган ишчи кучии оқимини тўхтатиш учун арзимаган сабаблар билан ўз ҳудидга киришга тақиқ қўйиб, “қора рўйхатга” киритган бўлса, ишчи кучи етишмаган вақтда уларга нисбатан амнистия эълон қилиб бу рўйхатни бекор қилади. Ташкилот ҳудудида товарлар ҳам Россиянинг истагига қараб айланади. Бир вақтлар ветеринария ва фитосанитария баҳоналари билан ўз ҳудудига иттифоққа аъзо давлатлардан маҳсулотлар кириб келишига тўсиқлар қўйиб келган бўлса, Украинадаги босқинчилик уруши ортидан иқтисодий қийинчиликлар исканжасига тушиб қолгач аввал қўйилган тақиқларни бекор қилди ва қишлоқ хўжалик, гўшт, сут ва ўзи учун зарур бўлган маҳсулотларини олиб киришга рухсат берди. Булардан фарқли ўлароқ, ташкилотга аъзо давлатлар эҳтиёжи учун зарур бўлган дон ва шакар экспортига чеклов жорий этди. Бу орқали Россия ўзидаги инсоннинг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотларни четга чиқиб кетишини олдини олган бўлса, Ғарб санкциялари сабабли ўзига келиш тўхтаб қолган маҳсулотларни иттифоққа аъзо давлатлар орқали олиб кириш имконини сақлаб қолди. Бундан ташқари, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг 20 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг барча аъзоларига учинчи давлатлар учун дон экспортига квоталар ва божлар жорий этиш таклифини киритди. Аслида бу таклиф эмас, талаб бўлиб, Россия бу орқали жаҳон бозорида озиқ-овқат, асосан, буғдой ва ун маҳулотлари тақчиллигини вужудга келтириш ва шу орқали Ғарбга ўзига қарши жорий этилган санкцияларни олиб ташлаш ёки енгиллатишда босим ўтказмоқчи. Ғарб санкциялари натижасида рублнинг кескин қадрсизланиши ортидан Россия мамлакатдан нақд валюта олиб чиқиш миқдорини чеклаб қўйди. Натижада у ерда ишлаб юрган миллионлаб меҳнат муҳожирлари ўз юртларига фақат рублда пул чиқаришга мажбур бўлишмоқда. Бу орқали Россия капиталнинг эркин айланишига ҳам тўсиқ пайдо қилди. Хулоса қилиб айтганда, ЕОИИдаги қонун ва меъёрлар яна Россия томонидан қўйилиб, одатдагидек иттифоқдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари эркинлик ва тамойиллар ҳақида қанчалик гапиришмасин бундан ҳеч қандай фойда йўқ. Россия ўзи билан бирга ЕОИИни ҳам ботқоқликка тортиб кетмоқда.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here