Тожикистонда дрон ишлаб чиқарувчи завод очилди

93
0

Тожикистонда дрон ишлаб чиқарувчи завод очилди

 Хабар: Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Эрон қуролли кучлари Бош штаби раиси ва Тожикистон мудофаа вазири иштирокида Эроннинг “Абобил 2” ҳарбий дронларини ишлаб чиқариш заводи очилди.

 Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон ва Тожикистон ўртасидаги мудофаа ва ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида Эрон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Боқирий ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо иштирокида Эроннинг “Абобил 2” ҳарбий учувчисиз учоқларини ишлаб чиқарувч заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

 Маросимда генерал Муҳаммад Боқирий  Эрон республикаси ўзининг содиқ мутахассислари ва олимлари саъй-ҳаракати ва ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда, барча ҳарбий ва мудофаа ўлчовлари, хусусан  учувчисиз ҳаво воситаларида сезиларли ўсишга эришганига эътибор  қаратилганини маълум қилиб, бугун биз хавфсизлик ва мустаҳкам тинчликни ошириш мақсадида ички эҳтиёжларни қондиришдан ташқари иттифоқчи ва дўст давлатларга ҳарбий техника экспорт қилиш имкониятига эгамиз деб қўшимча қилган.

 Эрон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Тожикистонда “Абобил 2” русумли ҳарбий дрон заводини очилишини икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликларида бурилиш нуқтаси сифатида баҳолаб келажакда биз Эрон ва Тожикистон ўртасидаги ҳарбий мудофаанинг барча даражаларида кўпроқ ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларини кўрамиз деб эълон қилди.

 Изоҳ: Жорий йил бошида Қирғизистон ҳукумати МХДҚ Чегара хизмати учун Туркиядан “Байрактар” жанговар дронларини сотиб олган эди. Президент Садир Жапаров 18 декабр куни янги ҳарбий техникани кўздан кечириш чоғида “мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган янги-янги муаммолар вужудга келмоқда”, деган эди. Кейинчалик Туркия Тожикистонга ҳам “Байрактар” етказиб бергани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бу хабарлар ортидан қирғиз ҳукумати Туркияга қўшни мамлакатларга дронлар сотмасликни сўраб мурожаат қилди. Аммо турк ҳукумати “бу бизнес, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш масаласи эканлиги”ни рўкач қилиб қирғиз ҳукумати илтимосини инобатга олмади.

 Маълумки, Қирғизистон Туркия етакчилигидаги Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзосидир. Аслида бу қуролланиш пойгаси ортида АҚШ турибди. У Туркия орқали Қирғизистонни қуроллантириш ва шу орқали мамлакатни ўзига ҳарбий-техник жиҳатидан қарам қилишга ҳаракат қилаётлаётган бўлса, бошқа томондан, форсий забон Эрон воситасида Тожикистонга ҳарбий кўмак кўрсатиб уни ҳам ўзига боғлаб олмоқчи. Бундан ташқари, АҚШ Тожикистонга чегара назоратини кучайтириш учун “Рума” русумли дронлар етказиб берадиган бўлди. Бу икки қўшни республика узоқ йиллардан буён чегара масаласида зиддиятларга бориб, бу зиддиятлар икки ўртада қуролли тўқнашувларни келтириб чиқаргани ва ҳар икки томондан ўнлаб одамлар қурбон бўлаётганини ҳисобга олинса, АҚШнинг бундан кўзлаган мақсади фақатгина мамлакатларни ҳарбий жиҳатдан қарам қилишдан иборат эмас. Америка ҳам Россия каби Марказий Осиё республикалари ўртасида чегара муаммолари барҳам топишидан манфаатдор эмас. Шунинг учун ҳам турли моддий ва ҳарбий ёрдамлар кўрсатиш орқали уларни ўз чегараларини янада мустаҳкамлашга ундаб келмоқда. Туркия Қирғизистонга “Байрактар” етказиб берган бўлса, Эрон Тожикистонда ҳарбий дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 50 та “Toyota Hilux” ва “Fortuner” русумли автомашина топширди. Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига умумий қиймати 2 миллион 250 минг доллар бўлган 50 та “Toyota Hilux” ва “Fortuner” русумли автомашина топширди. АҚШ ҳам қўшни давлатлар ҳарбий салоҳиятини ошириб бориш орқали уларнинг узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган чегара можароларини ўзи учун манфаатли бўлган вақтда қайта қўзғаш, у ёки бу республикага босим ўтказишда фойдаланади, ҳатто керак бўлса, бошқариладиган уруш чиқариб Россияга қўшимча муаммо туғдиришга ҳаракат қилиши ҳам мумкин.  

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here