Украина кризисининг ҳақиқати, унинг кўлам ва сабаблари

332
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Украина кризисининг ҳақиқати, унинг кўлам ва сабаблари

Савол:

Ал-Жазира веб-сайти 2021 йил 20 декабрда қуйидаги хабар нашр қилди:

(Украина армияси билан россияпараст сепаратчилар ўртасида отишма бўлиб ўтди. Икки томондан ҳам ҳалок бўлганлар бор… Ушбу ҳодисалар Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Даниловнинг баёнотидан бир кун ўтиб содир бўлди. Баёнотда таъкидланишича, Украина Россиянинг ҳар қандай эҳтимолий босқинини ҳисобга олиб, ўз тарихида биринчи марта барча идора ва армия муассасалари иштирокида батафсил ҳаракат режасини тайёрлаган. Дарҳақиқат, Киев Москвани Украина чегараси яқинида 100 минг аскарни жойлаштиришда ва келаси январ ойида Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўришда айблади. Россия эса, Украинага бостириб кириш режаси йўқлигини айтди… Ал-Жазира, 2021 йил 20 декабр). Бу ерда савол шуки, ушбу кризиснинг ҳақиқати, унинг кўлам ва сабаблари қандай? Бу кескинликдан, хусусан, Россия-Америка кескинлигидан нима кутилади?

Жавоб:

Жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

  • Чор Россияси Украина ерларини XVI асрда босиб олган. Шундан сўнг украин халқи русларга қўшилиб, бошқа минтақа ва халқларни мустамлака қилишда уларга ёрдам бериб келди. Ҳатто мустамлака қилинган халқлар ҳам рус ва украинлар ўртасини келиб чиқиши славян бўлгани сабабли камдан-кам ажратганлар. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ўз мустақиллигини қўлга киритган Украина Қора денгиз шимолидаги ўзига хос жойлашуви, 40 миллион аҳолиси, Россияникидан кам бўлмаган саноати ва Совет Иттифоқидан ядро арсеналининг учдан бир қисмини мерос қилиб олиши сабабли «Совет Иттифоқи» ҳудудидаги иккинчи давлатга айланди. Бироқ, Украина АҚШ ва Россия билан тузилган келишувларга мувофиқ ядросизлантирилди. Бунга жавобан АҚШ ва Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини сақлаб қолиш мажбуриятини олди. Шундан сўнг, Украина асосий қисми Россия томонидан мерос қилиб олинган ҳамда ижара шартномасига биноан, Украинанинг Қримдаги Севастопол портида жойлашган «Совет» Қора денгиз флоти бўйича Россия билан узоқ ва машаққатли музокараларга киришди.
  • Киев билан бўлган барча можароларда Россиянинг Украинани ўз қучоғига қайтаришга бўлган уринишлари муваффақиятсиз якунланди. Бунга қуйидагиларни мисол қила оламиз:
  • Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Қора денгиз флотининг Россия ва Украина ўртасида тақсимланиши масаласи;
  • Европага газ етказиб бериш учун Совет Иттифоқи томонидан Украина ҳудудида ётқизилган газ қувурларининг кенг тармоғи масаласи (зеро, Россия айни шу можародан кейин Қора денгиз орқали Туркиянинг Европа қисмига борадиган «Турк оқими», ёки Болтиқ денгизидан Германияга борадиган «Шимолий оқим», каби муқобил йўналишларга эҳтиёж сеза бошлади);
  • Россия бозорининг Украинанинг унумдор тупроқларида етиштириладиган шакар ва ўсимлик ёғига бўлган катта эҳтиёжи каби иқтисодий масалалар;
  • Россия томонидан собиқ Совет Иттифоқи давлатлари учун тузилган турли тузилмаларга Украинанинг аъзолиги каби сиёсий масалалар;
  • Бу ишлардан кейин содир бўлган Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга юзланиши… ва ҳоказо.

Дарҳақиқат, Россия бу ва бошқа Россия-Украина можароларининг бирортасида ҳам ўзининг ҳарбий жиҳатдан устунлигига қарамай, сўнгги ўттиз йил ичида Украина устидан назорат ўрната олмади.

  • Украина ўзининг жойлашуви, миллий, диний ва тарихий алоқалари нуқтаи назаридан Россиянинг олд томорқаси бўлиб, орқа томорқа вазифасини бажарувчи Ўрта Осиё давлатларидан фарқ қилади. Шу боис, Украина Россиянинг халқаро позициясидаги олдинги чизиқдир. У Қора денгиз соҳилларининг катта қисмини, аниқроғи, Россия тарих давомида аннексия қилиб келган исломий Кавказ минтақаларигача чўзилган ҳудудни назорат қилади. Унинг ерлари унумдор бўлгани сабабли, ҳатто Россия ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини у ерда етиштириладиган муҳим товарлар ёрдамида ҳамда Ғарб билан бўлган муносабатларининг ўзгаришини олдини оладиган тарзда таъминлаб келмоқда. Бунга қўшимча, Россия ўзининг газ қувурлари ёки бошқа маҳсулотларини Шарқий Европага Украина орқали олиб ўтади. Бир сўз билан айтганда, Украина бугунги кунда Россиянинг тарихий муаммосини, яъни шу пайтга қадар Наполеон ва Гитлер замонида икки марта бостириб кирган европаликларнинг хатарини ҳал қилиб берадиган буфер зонаси ҳисобланади. Совет Иттифоқи давлатининг заифлиги Кремлни Шарқий Европа давлатларидан буфер зона сифатида воз кечишга мажбур қилган бўлса, бугун Россия НАТО таҳдидлари ва унинг Шарққа қараб кенгайиши олдида қўшни давлатлар Украина ва Белоруссияни ҳеч бўлмаганда буфер зона бўлиб туришини истаяпти. Россия бугун Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига ёки НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлашига қарши чиқмоқда. (Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини «Россия хавфсизлигига жиддий таҳдид» сифатида баҳолади. Айнул Ихбория, 2021 йил 13 апрел).
  • Ғарб, хусусан Америка Россия сиёсатидаги Украина муаммосини тушуниб етди. Зеро, Украинада миллатчилик ҳаракатларининг фаоллашиши ва одамлар орасида Россияга нисбатан адоватнинг кучайиши ортидан, Украина Россиянинг оғриқли нуқтасига айланган эди. Шунинг учун Украина сўнгги йигирма йил давомида Америка ҳамда Европа билан Россия ўртасидаги геосиёсий кураш маркази бўлиб келди. Украинанинг россияпараст президенти Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган 2014 йилги инқилоб ортидан, Москва ўзининг стратегик ва улкан ҳарбий базалари мавжуд бўлган Украина жанубидаги Қрим ярим оролини Россия таркибига қўшиб олди. Бу билан ҳам кифояланмай, Украинадаги россияпараст сепаратчиларни шарқий минтақаларда низо чиқаришга ҳамда руслар «Кичик Россия» деб атаган икки вилоят (Донецк ва Луганск)нинг мустақиллигини эълон қилишга ундади. Шундан сўнг Россия уларга ҳарбий ёрдамларни кўрсата бошлади. Буларнинг барчаси Украинани Ғарбнинг қучоғига отди. Натижада, Украина Россия агрессиясидан ҳимояланиш умидида НАТОга аъзо бўлишни талаб қилиб, қатъий туриб олди. Ғарб ҳам, ўз навбатида, Украинага яқинлашиб, ўзини унинг ҳимоячиси қилиб кўрсата бошлади. Айниқса, Россия билан бўлган кризис кучайиб бораётган бир пайтда, Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлмаса ҳам, Европа ва НАТО йиғинларига таклиф қилинадиган бўлиб қолди. Америка Украинани қуроллантиришни, миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни ва армиясини тайёрлашни бошлади.
  • Қрим ярим ороли аннексия қилинганидан бери Россия Ғарбнинг (Европа ва Американинг) қаттиқ санкцияларига юз тутмоқда. Бунинг ўрнини эса, Хитой билан иқтисодий алоқаларини кенгайтириш орқали қоплашга ҳаракат қиляпти. Масалан, Хитойга нефть ва газ етказиб бериш учун янги қувур тортди ҳамда Хитой товарларини тўғридан-тўғри Европага олиб чиқиш учун унга қуруқлик йўлаги (темир йўл) очиб берди. Яъни Хитойнинг буюк «Ипак йўли» лойиҳаси доирасида у билан ҳамкорлик қилди. Бундан ташқари, Россия ўзидаги АҚШ облигациялари ва доллардан иборат захираларидан халос бўлишни, ташқи савдони доллардан озод қилишни бошлади. Гарчи у Европа ёки Хитой каби савдо гиганти бўлмаса-да, Америка Россиянинг АҚШ иқтисодий гегемонлигига қарши курашаётганини ва бошқа мамлакатларни ҳам бундай ҳаракатларга рағбатлантираётганини кўриб турибди. Россиянинг аксарият савдо операциялари, айниқса Хитой билан бўлган шартномалари долларда эмас, балки маҳаллий валютада олиб борилаётгани айни шу нарсани очиқ кўрсатиб турибди. Бу эса, Америка учун тўғридан-тўғри таҳдид ҳисобланади. Бу таҳдидларга охирги пайтларда Россиянинг Европага қарши янги иқтисодий қийинчиликларни яратиш учун – худди Америка айблаганидек – газ нархини кўтариши ҳам қўшилди.
  • Россия Украинага тарих, суверенитет, иқтисод, хавфсизлик, яъни НАТО олдидаги буфер зона бўлганлиги жиҳатидан катта афзалликларга эга деб қарайди. Шунинг учун уни қизил чизиқ, деб ҳисоблаяпти. (Путин НАТОни Украинага қўшин ва қурол-яроғ киритишдан огоҳлантириб, «НАТОнинг Украинадаги ҳарбий инфратузилмасини кенгайтириши Россия учун қизил чизиқ бўлиб, бунга кескин жавоб қайтарилади», дея таъкидлади. АҚШ президенти Жо Байден бунга жавобан ҳеч кимнинг Украина борасидаги қизил чизиқларини тан олмаслигини билдирди. Noonpost.com, 2021 йил 4 декабр). Шунга асосан, ҳозирда Украина кризисини бошқараётган Россиянинг – айниқса, Ғарб санкцияларини бошдан кечириб, шу пайтга қадар чидаб келаётган экан – бугунга келиб, Украинадан воз кечиш ҳамда уни Америка ва НАТОга тайёр луқма қилиб бериш нияти йўқ. Қолаверса, Россия Хитойга қарши туриш бугунги кунда АҚШнинг устувор вазифаси эканини кўриб турибди. Шунинг учун Украинани мудофаа қилиш АҚШ ресурсларини талаб қилгани сабабли Америка Украинани НАТОга аъзо қилиш сари қадам ташламайди, чунки бу нарса унинг Узоқ Шарқда Хитойга қарши кураш тайёргарликларини заифлаштиради, деб биляпти. Бундан ташқари, Россия ҳарбий жиҳатдан заиф ва энергия таъминотида ўзига қарам бўлган Европани унчалик менсимай қўйди. Афтидан, Кремл Россиянинг Украина масаласида муваффақиятга этишиши учун ҳозирги халқаро вазият жуда қулай, деб ҳисоблаётган кўринади. Шунинг учун ҳам Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзининг америкалик ҳамкасби Энтони Блинкенга (Москва учун Россиянинг ғарбий чегараларида НАТОнинг Шарққа томон кенгайишини тўхтатадиган узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари лозимлигини айтиб, «Бунга мажбурий талаб сифатида қаралишини» таъкидлади. Alwasat.ly, 2021 йил 2 декабр).
  • Украина кризиси ортида турган Россия талабларининг моҳияти мана шу. Зеро, Россия Ғарбнинг Украинани тобора кўпроқ қуроллантираётганини кўриб турибди. Шунинг учун Украина армиясини кучайтиргандан кейин, Ғарб Украинани мамлакат шарқида россияпараст сепаратчиларни йўқ қилишга, кейин эса Қримга ҳужум қилишга ундаши мумкин, деб ўйлаяпти. Буларнинг барчаси Россия учун хатарли. Бу ҳақда Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов бундай деди: (Украинага вертолётлар, дронлар ва самолётларнинг етказиб берилиши Украина ҳукуматини кескин ва хавфли қадамлар ташлашга ундайди… Украинанинг Донбассдаги вазиятни куч билан ҳал қилишга қаратилган ҳар қандай провокацияси албатта бостирилади. (RT, 2021 йил 9 декабр). Шундай қилиб, ҳозирги кризис шуни кўрсатмоқдаки, Россия биринчи навбатда, Қрим ярим оролининг Россия таркибида қолиши борасида ҳеч қандай шубҳа қолмаслигини ва буни Америка ва Европанинг халқаро эътирофи асосида амалга ошишини хоҳламоқда. Иккинчидан, Москва Украинанинг шарқий вилоятлари Киев ҳокимиятидан мустақил бўлишини, балки Россия назорати остида қолишини истаяпти. Учинчи ва энг самарали мақсад эса, Россия Украинанинг НАТОга қўшилишини олдини олмоқчи ва бунинг учун ёзма кафолатлар талаб қиляпти. У айниқса, НАТО ва Украинанинг Қора денгиздаги қўшма ҳарбий машғулотларидан кейин мана шу кафолатни истаяпти. Шу боис, Россия президенти Владимир Путин (Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО)нинг яқинда Қора денгизда ўтказган ҳарбий машғулотлари ҳар қандай чегарадан ошиб ўтганини айтиб, Ғарбни Москва томонидан билдирилган огоҳлантирувларни етарлича жиддий қабул қилмасликда айблади. У ташқи ишлар вазирлиги вакиллари олдида сўзлаган нутқида НАТО стратегик бомбардимончи самолётларининг Россия чегараларидан 20 км. узоқликда учиши барча рухсат этилган чегаралардан ошиб ўтиш эканини билдирди. У яна бундай деди: «Ғарблик ҳамкорларимиз Киевни ҳалокатли замонавий қуроллар билан таъминлаш ва провокацион ҳарбий машғулотлар ўтказиш орқали вазиятни янада кескинлаштирмоқда». Ал-Жазира, 2021 йил 18 ноябр).
  • Америка Россиянинг икки мамлакат раҳбарлари (Путин-Байден) ўртасида онлайн учрашув ўтказиш тўғрисидаги талабини қабул қилди. 2021 йил 7 декабрда бўлиб ўтган онлайн музокараларнинг асосий мавзуси, биринчи навбатда, Украина кризиси, кейин эса бошқа масалалар бўлди. Музокаралар чоғида Россия Американи Украина бўйича Кремл чизган «қизил чизиқлар»ни тан олишга чақирди. Америка эса, Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, унга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилиш билан огоҳлантирди. Америкада бундан ортиқ огоҳлантирув ёки талаб бўлмади. АҚШ президенти саммитдан бир кун кейин берган баёнотида, Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, АҚШнинг бу масалага нисбатан ҳарбий аралашуви кутилмаслигини таъкидлади. Саммит олдидан Америка расмийлари Россияни мисли кўрилмаган санкцияларга юз тутиши билан таҳдид қилди. Шунингдек, Россия газининг «Шимолий оқим» орқали Германияга етказиб берилишини тўхтатиб қўйиш ва бу борада немислар билан сўзлашувлар олиб борилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтилди. АҚШ амалга оширадиган максимал нарса Россия ва унинг марказий банкини SWIFT тўлов тизимидан узиб қўйишдир. Ваҳоланки, Россия ўз савдосининг асосий қисмини миллий валютада амалга оширади.
  • Масалани диққат билан кўриб чиқадиган бўлсак, Россия ўзи учун тескари натижа бериши мумкин бўлган кризисга ўзини отаётганини кўрамиз. Чунки ҳозирги ҳолатда Америка Украина президентини Россияга қарши провокацион ҳаракатларни олиб боришга ундаши мумкин. Бундай ҳолатда Россиянинг Украинага бостириб киришдан бошқа варианти қолмайди, оқибатда Европа билан биргаликда Украина ботқоғига ботиб қолади. Зеро, Украина НАТОга аъзо давлат бўлмагани учун Америкада уни ҳимоя қилиш мажбурияти йўқ. Агар Россия хатога йўл қўйиб, Украинага бостириб кирадиган бўлса, бу билан Американинг Россия агрессиясига қарши туриш баҳонасида Европа давлатларини бўйсундириб, уларни ўз қаноти остига қайтариб олишига имконият яратиб берган бўлади. Бу эса, Россия илгари сураётган халқаро кўп қутблиликка мос келмайди. Бу ерда Россия кўра олмаётган бошқа бир уфқ ҳам бор. Яъни Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, Қўшма Штатлар Россия ва Хитой ўртасида пайдо бўлаётган иттифоқни бузиш учун Россияга босим ўтказадиган янги воситани қўлга киритади. Ана шунда Украинага тажовуз қилган Россиядан узоқлаштириш учун Хитойга босим ўтказиши ва савдога алоқадор ишлар билан унга таҳдид қилиши мумкин. Бордию Хитой Қўшма Штатлар босимига бўйсуниб, Россиядан узоқлашадиган бўлса, Америка буюк мақсадига эришган бўлади. Агар Россия АҚШнинг турли санкцияларига бўйсуниб, Украинага бостириб кирганидан кейин ортга чекинадиган бўлса, Америка нафақат Украина шарқи масаласида, ҳатто Қрим ярим ороли масаласида ҳам ўз талабларини ўтказишни бошлайди. Бу эса, Россияни Украинага бостириб кириши натижасида қўлга киритадиган ҳар қандай фойдадан маҳрум қилади, ҳатто Россия учун катта фалокатлар келтиради. Американинг Шарқий Европа давлатларини Россияга қарши қўйиши ва Украинада Россияга аниқ зарба бериш учун бу давлатларга самарали ҳарбий ёрдамлар кўрсатиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Зеро, Россияни Афғонистонда ҳолдан тойдирган АҚШ тажрибаси хотиралардан ўчгани йўқ. Буларнинг барчаси шуни кўрсатиб турибдики, Россия Украина борасида хавфли ўйин ўйнамоқда. Бу ўйин Россия учун катта тузоққа айланиши ҳамда Россиянинг ўз қилмиши оқибатини тушунмайдиган аҳмоқ каби ушбу тузоққа илиниши ҳеч гап эмас.
  • Бу ишлар қаерга қараб кетаётганига келсак, бу қуйидагичадир:

а)   Европа давлатлари кескинликни юмшатишга ва Россиянинг Украинага бостириб киришининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Улар Россиядан келадиган хавф-хатарларни камайтириш ва мақбул нархларда Россия энергия ресурсларининг Европага етказиб берилишини таъминлаш учун у билан муносабатларни юмшатишни истайди. Франция, Германия ва Италия Россияни кризисни ҳал қилиш учун Украина билан музокара олиб боришга чақирмоқда. Шунинг учун ҳам (Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Германиянинг Россия билан муносабатларни яхшилашни хоҳлаётганини айтди. Бу эса – унинг таъкидлашича – Донбассдаги можарони ҳал қилишда муваффақиятга эришишни талаб қилади. RT, 2021 йил 23 ноябр). Аммо Британия ўзи яқинда тарк этган Европа Иттифоқи билан бўлган сиёсий рақобати сабабли вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда! (Британия мудофаа штаби бошлиғи генерал Ник Картер совуқ уруш давридан бери ҳар қачонгидан ҳам каттароқ хатарлар юзага келиб, бу нарса Ғарб ва Россия ўртасида урушни аланга олдираётганини айтиб ўтди. Ал-Жазира 2021 йил 13 ноябр). Бундан ташқари, Картер (минтақада можаро юзага келиши эҳтимоли сабабли «ҳушёр бўлишимиз керак» дея таъкидлади. У Би-Би-Сига Россия билан уруш бўлмаслигига умид қилишини айтиб, аммо НАТОнинг бу эҳтимолга тайёр туриши кераклигини қўшимча қилди. Би-Би-Си, 2021 йил 5 декабр). Британиянинг бундай баёнотлари ҳақиқий урушнинг олдини олишдан кўра янада чалкаштиришга қаратилган.

б)   Лекин бу ерда энг биринчи ҳал қилувчи омил Американинг позициясидир. Зеро, Украина ҳукуматидаги кўплаб ричаглар унинг қўлида. Шунинг учун Россия НАТОга аъзо давлатларнинг Америкага эргашишини ҳисобга олиб, хавфсизлик кафолатлари талаб қилинган ёзма мурожаатини бошқа давлатларга эмас, балки Американинг ўзига йўллади. Айни хавфсизлик кафолатларига оид ёзма мурожаатга, хусусан Украинанинг НАТОга кириши масаласига нисбатан Американинг жавобни кечиктираётгани Россияни хавотирга солмоқда: (Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва хавфсизлик кафолатлари бўйича киритилган таклифларга Вашингтондан зудлик билан жавоб беришни талаб қилаётганини, чунки вазият айни дамда жуда мураккаб бўлиб, кескин тус олиши мумкинлигини айтиб ўтди. Ал-Жазира, 2021 йил 20 декабр).

Шундай қилиб:

  • Агар Америка Хитой масаласида Россия билан келишиб олмасдан, унга хавфсизлик кафолатларини беришга қарор қилса, Россия бу кризисдаги ғолиб ўйинчига айланади. Зеро, бу кафолатларнинг берилиши Америка позициясининг заифлигини очиб қўяди. Чунки бундай ҳолатда Америка Россиянинг талабларига бўйсунган, Европанинг кескинликни пасайтириш талабига қулоқ тутган бўлади. Шунинг учун бу эҳтимолдан узоқ нарса. Фақатгина Россия ён бериб, Америка манфаатлари йўлида Хитой билан алоқаларини узса, амалга ошиши мумкин.
  • Агар Америка Россияни боши берк кўчага тиқишга қарор қилиб, Украина урушига тортса, Россия тузоққа тушган ёки Америка томонидан туширилган бўлади.
  • Мавжуд вазиятни синчиклаб ўргангандан кейин айта оламизки, катта эҳтимолга кўра, Россия ва Украина ўртасида уруш аланга олиши кутилмайди. Фақатгина янги воқеалар рўй бериб, Россия алданиб қолсагина, уруш аланга олиши ва Россия боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Урушнинг кутилмаслиги Украина шарқида вақти-вақти билан тўқнашувлар содир бўлишига тўсқинлик қилмайди.

Шу билан бирга, Американинг Россия ва Хитой ўртасидаги алоқаларни бутунлай узиб юбориши ҳам кутилмайди… Бошқа томондан, Россия ўзининг учта мақсадига ҳам эриша олмайди. Аксинча, капиталистларнинг муроса усулига кўра, АҚШ Россиянинг учта мақсадига нисбатан ўз позициясини юмшатиши, бунинг эвазига Россия Хитой билан бўлган алоқаларини сусайтириши, кейин эса, ўз қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетиши, натижада ўз мақсадларига етиша олмай, зўрға жонини қутқариб қолиши мумкин!

                                                                                                       18 жумодулаввал 1443ҳ

                                                                                                                  22 декабр 2021м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here