Вакциналар уруши
Хабар: Коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланганлар Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига кира олмайди. Бунга мазкур вакцинанинг ЖССТ томонидан рўйхатга олинмагани, шу важдан препарат Саудия расмийлари тарафидан тан олинмаётгани сабаб бўлмоқда.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Vaksinauz Telegram-канали фойдаланувчиларидан бирининг бунга оид саволига жавоб бераркан, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ЖСТТдан рўйхатдан ўтказиш учун керакли ҳужжатлар тақдим этилганини билдирган.
“Агар ЖССТ ушбу вакцинани тан олиб, эътироф этадиган бўлса, бу масала табиийки ечилади. Ҳозирда диний қўмита ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Саудия Арабистони расмийлари билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш масаласида музокаралар олиб бормоқда”, – деган Н. Отабеков.
Риёд томонидан тан олинган вакциналар орасида Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия), AstraZeneca (Британия), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) препаратлари бор.
Изоҳ: Коронавирус пандемияси дунёга ҳукмронлик қилаётган мустамлакачи давлатлар ва уларнинг раҳнамолари бўлган йирик капиталистлар учун даромад манбаига айланиб улгурди. Мустамлакачи давлатлар янги бозор учун рақобат қилаётган капиталистларга бошқа давлатлар эшикларини очиб бериш учун фақат ўзларида ишлаб чиқарилган ва АҚШ қўлидаги қурол бўлган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тан олинган вакцина билан эмланганларнигина ўз мамлакатлари ҳудидига киришига рухсат бериб, ўзларига малай ҳокимлардан ҳам шундай қилишни талаб қилишмоқда.
Масалан, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари назорати бошқармаси томонидан тасдиқланган ва ЖССТ маъқулланган – Pfizer ва BioNTech, Moderna ҳамда Johnson & Johnson дан бошқа вакцина олганларни мамлакат ҳудидига киришини тақиқлаб қўйди. ЖССТ эса олти вакцинани маъқуллаган: Pfizer ва BioNTech, AstraZeneca, Ҳиндистоннинг Serum, Johnson & Johnson, Moderna ва Хитойнинг Sinopharm компаниялари ишлаб чиқарган вакциналар шулар жумласидандир.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам иттифоқ ҳудудида рўйхатдан ўтган вакциналардан бири билан эмланганлар қабул қилиниш бўйича қарор чиқарди: Булар – BioNTech/Pfizer, Moderna, AstraZeneca ва Johnson & Johnson вакциналаридан иборат.
Европа Иттифоқи Россия ва Хитой вакциналарини Европа аҳолисини эмлаш учун ишлатиладиган дорилар рўйхатига киритишни истамаслигини эълон қилди.
Европа Комиссияси вакили Эрик Мамер эса эмлаш стратегиясига фақат Иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган дорилар киради, деди.
“Биз вакциналарни етказиб бериш бўйича шартномаларни фақат Европа Иттифоқида вакцинани ишлаб чиқарадиган мамлакатлар билан имзолаймиз ва биз Россия ёки Хитой билан музокаралар олиб бормаймиз. Улар ҳеч қачон Европа Иттифоқининг эмлаш стратегиясининг бир қисми бўлмайди”, – деди Мамер.
Мустамлакачи давлатлар қўллаб-қувватлаши натижасида фармацевтика компаниялари улкан даромадларни қўлга киритишмоқда. “The People’s Vaccine Alliance” ҳаракати ҳисоботида келтирилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарган фармацевтика компаниялар даромади сабабли дунёда тўққизта янги миллиардер пайдо бўлган. Ушбу янги миллардерлар сафида Хитойнинг “CanSino Biologics” компаниясининг уч нафар таъсисчиси, Американинг “Moderna” компаниясининг тўрт вакили, “BioNTech” компанияси раҳбари ва испаниялик “Rovi” фармацевтика компаниясининг бош директори киртилган. Бу миллиардерларнинг умумий бойлиги 19,3 миллиард долларга етган.
Абдураҳмон Одилов