Хитой қарз тўловини 6 йилга кечиктирди

456
0

Хитой қарз тўловини 6 йилга кечиктирди

 Хабар: Хитой Қирғизистоннинг қарзлар бўйича тўловларини олти йилга кечиктиришига рози бўлди. 24.kg нашрининг хабар беришича, бу борада Хитой билан тузилган шартнома лойиҳаси Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида кўриб чиқилган.

 Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Руслан Татиковнинг сўзларига кўра, Хитой тўловларни олти йилга кечиктиради, унинг биринчи йили имтиёзли бўлади.

 “Биз бу йил кредитлар бўйича 88 миллион доллар фоиз тўлашимиз керак эди. Пандемия туфайли Хитойга Париж клуби орқали мурожаат қилдик. Хитой 51,1 миллион долларни кечиктиришга рози бўлди. Фоиз ставкалари белгиланган ва биз олти йил давомида 3,8 миллион доллар тўлаймиз,  деган вазир.

 Руслан Татиковнинг сўзларига кўра, ҳозир Қирғизистоннинг Хитой Экспорт-импорт банкига қарзи 1,7 миллиард долларни ташкил этмоқда.

 Изоҳ: Қирғизистон ҳукумати ўтган йилнинг баҳор ойларидан бошлаб Хитойдан қарз тўлови муддатини кечиктиришни илтимос қилиб келади. Апрел ойида экс-президент мақомини олган Жээнбеков, май ойида ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, кейинчалик, ҳукумат алмашганидан сўнг Ташқи ишлар вазири лавозимини  Руслан Казакбаев Хитойдан қарз юкини енгиллатишни сўраб мурожаат қилишди. Аммо Хитой ҳукумати Қирғизистон расмийлари сўровларига бирор муносабат билдирмади.

 Ноябр ойи бошида Молия вазирилиги давлат қарзлари бошқармаси бошлиғи Руслан Татиков Хитой қарз муддатини кечиктириш эвазига шарт қўяётганини маълум қилди.

 “Музокаралар давом этаётгани сабабли батафсил маълумот бермайман. ОАВ Хитой томони тўловни кечиктиришга рози бўлмади деб ёзишмоқда, аммо бундай эмас. Хитой тўлов муддатини кечиктирди, бироқ алоҳида шарт қўйди, биз ҳозир буни муҳокама қиляпмиз. Музокаралар якунига етса, тўлов муддати 2020-йилнинг 1-майидан 31-декабрига қолдирилади. Бу 35 миллион долларни ташкил этади”, – деган эди Татиков.

 Бош вазир вазифасини бажарувчи Артём Новиков эса 2020-йилнинг 25-ноябр куни парламентда қилган чиқишида давлат ташқи қарзи масаласида Хитой билан музокаралар давом этаётганини маълум қилган ва “Хитой қарзни тўлаш муддатини траншларга бўлиб тўрт йилга узайтиришни таклиф қилмоқда. Бундай муддатни узайтириш учун фоиз ставкаси 2 фоиз этиб белгиланди. Таклиф ҳукумат томонидан имтиёзлар бўйича белгиланган параметрлардан ошмайди. Ушбу сумманинг ортиқча тўлови 2,9 миллиард сом (34 миллион 118 минг доллар)ни ташкил этади”,– деганди.

 Гарчи, Қирғизистон расмийлари қарз эвазига Хитой нима талаб қилаётганини расман маълум қилмаётган бўлишсада, Жапаров президентлик сайлови арафасида Норин вилоятига қилган сафари вақтида вилоятдаги Жетим-Тоо темир кони хорижий давлатларга берилмаслигини айтган эди… Ҳозирча Хитой ҳукумати аввал имзоланган шартномалар бажарилишини жиддий туриб талаб қилмаётган бўлсада, вақт ўтиши ва халқнинг Хитойга қарши кайфияти ўзгариб бориши билан улар ижросига киришади. “Хавфсиз шаҳар -2” лойиҳасини амалга оширишга киришилиши ҳам шунга далолат қилмоқда.

 Мустамлакачи давлатлар Қирғизистон каби учинчи дунё давлатларига саноат ривожи учун қарз бермайди. Улар қарз беришдан аввал бериладиган маблағни ободонлаштириш, маданият ёки спорт комплекслари каби давлатга даромад келтирмайдиган соҳаларга сарфлашни шарт қилиб қўяди. Натижада қарз муддати тугагач, олинган маблағ у ёқда турсин, унинг устама фоизини тўлашдан ожиз бўлиб қолган давлат мустамлакачилар қарам бўлиб, унинг янги шартлари бажаришга мажбур бўлиб қолаверади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here