Эрдоған: Сурия тинчлиги Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга боғлиқ
Хабар: Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Сочида Россия президенти Владимир Путин билан Идлиб масаласини муҳокама қилди. Эрдоған учрашув чоғида Сурия тинчлиги Анқара ва Москва ўртасидаги муносабатларга боғлиқлигини таъкидлади. Унга кўра, бу икки давлатнинг Сурия масаласи бўйича биргаликда ташлаган қадамлари катта аҳамиятга эгадир.
Ўз навбатида, Владимир Путин Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатларни юқори баҳолар экан, муросага келишни ўрганганлигини қўшимча қилди.
“Бизнинг муносабатларимиз ижобий томонга ривожланаётганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Тегишли муассасалар ҳам ҳар доим бир-бири билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилмоқдалар”, “Бизнинг ваколатли муассасаларимиз ҳар икки томон манфаатдор бўлган муросали ечимларни топишни ўргандилар”. деди Путин.
Изоҳ: Эрдоған ва Путин ўртасида Сурия бўйича бўлиб ўтиши эълон қилинган учрашувдан сал олдин Россиянинг жанговар самолётлари Африн ва Идлибдаги Жабал Завия ҳудудини ҳаводан бомбардимон қилди. Бу ҳужумларда минтақадаги кўплаб тинч аҳоли ва Туркия қўллаб-қувватлаган мухолифат вакиллари ҳалок бўлди. Туркиянинг “Зайтун новдаси” операцияси минтақаси бўлган Афринни айнан учрашувдан олдин бомбардимон қилиш нимадан дарак беради? Ваҳолангки у ерда Турк Қуролли Кучларининг ҳарбий базаси жойлашган.
Шундай бўлишига қарамай, Эрдоған Сочи сафарини Путинга хушомад қилиш билан бошлади. У Россияга ташрифи олдидан Россия президенти Путинга мақтовлар ёғдирар экан, “Биз Россия билан муносабатларимизда бугунгача ҳеч қандай қонунбузарлик кўрмадик”, деди. Бироқ Идлибда Россия томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумида 33 нафар турк аскарининг ўлдирилиши, шифохоналар, бозорлар, мактаблар ва масжидларнинг бомбардимон қилиниши, Мусулмонлардан иборат тинч аҳолининг доимий қирғин қилиниши, Эрдоған буларнинг барчасидан кўз юмди.
Мана шундан кўриниб турибдики, Эрдоғаннинг Путин билан тузган иттифоқи энг хатарли иттифоқдир. Бир неча йил Асад режими, Россия ва Эрон кучларига бўйсунмаган Ҳалаб шаҳри шу иттифоқ туфайли Башарнинг қўлига ўтди. Ундан сўнгра Россия ҳарбийлари ва Эроннинг ёлланма армияси Асад кучлари билан биргаликда шафқатсиз қирғинлар уюштиришига қарамай, Сурияда амалга ошира олмаган “қулаш арафасида турган Асад режимини сақлаб қолиш” амалиётини Эрдоған бажариб берди. Бунинг учун Эрдоған Сурия мухолифатини “мўътадил” ва “радикал”ларга ажратиб, “мўътадил” деган қисмини ўзига жалб қила олди ва “Остона битими” доирасида уларнинг Асад режимига қарши курашишларига тўсқинлик қилди. Гарчи Россия ва Асад режими бутун мужоҳидларга қарши ҳужум қилаётган бўлса-да, бироқ Туркия ва унинг назорати остидаги мўътадил дея ажратилган мухолифат жиддий қаршилик кўрсатмади ва радикаллар дея ажратилган мужоҳидларни ёрдамсиз қолдиришди. Натижада Суриянинг катта қисми Асаднинг қўлига ўтиб, мужоҳидлар эса Идлибда қамалиб қолди. Бугун эса у ёпиқ эшиклар ортида Путин билан Идлиб масаласини муҳокама қилмоқда. Бу муҳокама Мусулмонларга қарши куфр билан тил бириктиришдан бошқанарса эмас.
Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَا تَرْكَنُوا إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا فَتَمَسَّكُمْ النَّارُ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ
Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (эргашманглар). Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни золимларга эргашсангиз) сизларга ёрдам берилмас.
Қиёмуддин Шариф