Мамлакатдаги қимматчилик динга қарши кураш билан хал этиладими

710
1

Мамлакатдаги қимматчилик динга қарши кураш билан хал этиладими

  Сўнгги ойларда Қирғизистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилди, баъзи маҳсулотлар бир неча баробар қимматлади. Шу сабабли бош вазир ўринбосари Акилбек Жапаров вазирлар махкамаси йиғилишида икки-уч ой ичида чегаралар ёпилишини маълум қилди. Унинг айтишича, энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келиш устида иш олиб бориш зарур. Агар зудлик билан чора кўрилмаса 2-3 ойдан кейин чегаралар ёпилиши туфайли ун ташиб келиш тўхтаб қолади. Йиғилишда ҳукумат раҳбари Улукбек Марипов озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш зарурлигини таъкидлаб, мамлакатда ун захираси атиги 4 ойга етишини айтди. Шу муносабат билан вазирлар маҳкамаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун бир қатор қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга чекловлар қўйилишини маълум қилди. Бу ҳолат мамлакатда озиқ-овқат ҳавфсизлиги хавф остида эканлигини очиқ кўрсатмоқда.

 Озиқ-овқат хавфсизлиги бу – аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланиши ва уларни сотиб олиш учун маблағ мавжуд бўлиши зарурлигидир. Қирғизистондаги озиқ-овқат хавфсизлиги даражасини баҳолаш мақсадида тўққиз турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тасдиқланган. Булар: нон ва ун маҳсулотлари, картошка, сабзавотлар, мевалар, шакар, ўсимлик ёғи, сут ва сут маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ва тухум. Мамлакатда айнан шу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари кескин ошиб бормоқда.

«Илик узди» муаммолар

 Июн ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўтган ойга нисбатан 19,5% қимматлади. Пойтахт Бишкекдаги нархлар ўртача ҳисобда 22,8% ошди. Сабзи 58,4%, картошка 36,3% қимматлади. Пишиқчилик мавсуми эканлигига қарамай мева-сабзавотлар нархи 6,4% ўсди. Ўтган йилга нисбатан гўшт, гуруч, ўсимлик ёғи нархи икки баробар кўтарилди. Сабзи эса 5 баробар қиммат сотилмоқда. Тарихда биринчи марта сабзининг бир килосини 100 сомдан сотиб оляпмиз. Мутахассислар сабзи нархининг кўтарилишини экспортнинг икки баробар кўпайиши билан изоҳлашмоқда. Масалан, 2020-йилнинг беш ойида 13 минг тонна сабзи экспорт қилинган бўлса, 2021-йилнинг айни даврида 31 минг тонна ёки 2,5 баробар кўп экспорт қилинган. Шунингдек, май ойида курилиш материаллари нархи ҳам ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 10,5% ошди. Жумладан, ғишт 17%, шифер 15,2%, цемент 10,4% қимматлади. Шундай қийин вазият туфайли баъзи фуқароларнинг кийим-кечак ва рўзғор буюмларини озиқ-овқатга алмаштириш бўйича эълон бериши ҳолатлари учрамоқда. Бунга қўшимча, қишлоқ хўжалигида сув танқислиги вужудга келиб, экинлар қуриб қолмоқда. Озиқ-овқат таъминоти аҳолини ҳам ташвишга солиб қўйди. Аммо, озиқ-овқат нархларидан фарқли ўлароқ, мамлакатда иш ҳақи 2013-йилдан бери оширилгани йўқ. Расмийлар мамлакатдаги нархларни бошқа мамлакатлардаги нархлар билан таққослашни одат қилиб олишган. Бироқ, бошқа давлатларда иш ҳақи бизга нисбатан бир неча баробар юқори эканлиги маълум. Агар иш ҳақини гўшт билан ҳисоблайдиган бўлсак, Бишкекда ўртача иш ҳақига 35 кг гўшт олиш мумкин. Айни кўрсаткич Алматида 66 кг, Москвада 133 кг.ни ташкил этади. Шу билан бирга, Москвада кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари Бишкекка нисбатан арзон. Масалан, Москвада товуқ гўшти 230 сом, Бишкекда 290 сом, ўсимлик ёғи Москвада 122 сом, Бишкекда 160 сом, Москвада шакар 50 сом, Бишкекда 65 сом, олий навли ун Москвада 36 сом, Бишкекда 54 сомни ташкил этади. 

 Бундай оғир вазият шундоқ ҳам қашшоқ яшаётган аҳолини янада оғир аҳволга солиши аниқ. Собиқ меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазири Улукбек Кочкоров Қирғизистонда қашшоқликнинг реал даражаси 80 фоизга яқинлашиб қолганини маълум қилган эди. Ўрта синф 10 фоизни ташкил этади, қолгани бойлар синфига тааллуқли бўлиб, ўртадаги фарқ жуда катта. Жаҳон банки маълумотларига кўра, кунига 1,9 доллардан кам даромад қилувчи киши қашшоқ ҳисобланади. 6,5 миллион аҳолиси бўлган қирғизистонликларнинг 10% ўта қашшоқ бўлиб, улар бир ойда 1276 сом даромад қилишади. Айни вақтда Қирғизистонда расмий тарзда 160 мингга яқин одам ишсиз эканлиги айтилади. Бироқ, аслида уларнинг сони анча кўплиги сир эмас.

 Озиқ-овқат меъёрларига риоя қилинмайди

 Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун мамлакатдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг 85% маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилиши зарур. Шу билан бирга, йиллик истеъмолнинг 17% турли хил фавқулотда вазиятлар учун захира сифатида сақланиши шарт. Ушбу кўрсаткич ўртача физиологик меъёрга мувофиқ, яъни жон бошига қуйидагича тўғри келиши керак:

  • буғдой (майдалашдан кейинги вазни) – йилига 115,3 кг;
  • гўшт ва гўшт маҳсулотлари – йилига 61,3 кг;
  • сут ва сут маҳсулотлари – йилига 200 кг;
  • тухум – йилига 182,5 дона;
  • сабзавотлар – йилига 114,3 кг;
  • мева – йилига 123,7 кг;
  • картошка – йилига 98,6 кг;
  • қанд – йилига 25,6 кг;
  • ўсимлик ёғи – йилига 9,1 л. Ёки кунлик истеъмол қилинган овқат йилига жон бошига 2100 килокалориядан кам бўлмаслиги керак.

Бунга қўшимча, қирғиз ҳукумати 2009-йили озиқ-овқат истеъмоли меъёрларини жорий қилган. Унга мувофиқ, фуқаролар ойига тўққиз турдаги озиқ-овқат истеъмол қилишлари керак. Булар: нон маҳсулотлари – 9 кг, гўшт – 5 кг, картошка – 8,2 кг, сабзавотлар – 9 кг, мева-чевалар -10 кг, қанд – 2 кг, сут – 17 литр, ўсимлик ёғи – 1 литр, тухум – 4 дона, балиқ – 100 грамм, чой -200 грамм.

 Миллий статистика қўмитасининг эътироф этишича, 2018-йилда мамлакат озиқ-овқат маҳсулотларининг тўққиз асосий туридан фақат учтасини тўлиқ етказиб бера олган. Булар: картошка, сабзавот ва боғдорчилик экинлари, сут ва сут маҳсулотлари. Қирғизистонда қолган озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эмас, чунки бошқа маҳсулотлар мамлакатда кам ишлаб чиқарилади. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқариш ўсимлик мойининг – 20%, шакарнинг – 77%, тухумни – 47%, гўшт ва гўшт маҳсулотларини – 64%, мева ва сабзавотларнинг – 32%ни таъминлайди. Ушбу рақамлар йил сайин камайиб бормоқда, чунки асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти кўпаймоқда. 2019-йили аввалги йилга нисбатан мамлакатда импорт ҳажми ошган. Жумладан, буғдой 156,6 минг тонна, гўшт ва гўшт маҳсулотлари 39,2 минг тонна, мева-сабзавотлар 109,3 минг тонна, ўсимлик ёғи 47,8 минг тонна, тухум 2,2 минг тонна, шакар 26,26 тонна кўп импорт қилинган.

 Бироқ, мамлакат фуқаролари асосий озиқ-овқат турлари ичидан нон ва ун маҳсулотлари ҳамда ўсимлик ёғи билангина меъёрга мувофиқ озиқланишади. Озиқ-овқатнинг бошқа турларини белгиланган миқдордан оз олишади. Масалан, ўртача физиологик меъёрга нисбатан гўшт ва гўшт маҳсулотлари – 37%; сут ва сут маҳсулотлари – 44%; тухум – 43%; сабзавотлар – 70%; мева ва полиз маҳсулотлари – 26%; картошка – 42%; шакар – 50%га кам.

 Таҳлиллар шуни кўратадики, Қирғизистонда аҳолининг аксарияти асосий озиқ-овқат маҳсулотларини иқтисодий ва ўзи етиришириш имкониятига эга эмас. Пандемия шартлари туфайли бу вазият янада оғирлашмоқда. Расмий ҳукумат ушбу муаммоларин ҳал қилиш учун аниқ чораларни кўриш ўрнига популистик ҳаракатлардан нари ўтмаяпти. Масалан, бирор соҳа вазирига танбеҳ бериш ёки ишдан олиш каби. Халқнинг сиёсий онги паст бўлгани сабабли шу каби ҳаракатларга алданиб қолмоқда. Аслида озиқ-овқат танқислиги ёки нархларнинг кўтарилиши маҳаллий монополистларнинг жиноий фаолияти ва халқаро мустамлакачилик сиёсати билан боғлиқ.

 Озиқ-овқат нархининг кўтарилишига бир қанча омиллар таъсир қилади, уларнинг асосийларини айтиб ўтамиз.

  1. омил: пул низоми

 Дунё давлатлари илгари олтин ва кумуш пул низомидан фойдаланганлар. Қандай валюта бўлишидан қатъий назар унинг олтин ва кумушга нисбатан белгиланган қиймати бўлган. Биринчи жаҳон уруши даврига келиб давлатлар бу низомдан аста-секин бош торта бошлашди. 1971-йили АҚШ олтин низомини бекор қилиб, долларни олтинга бўлган боғлиқлигини бекор қилди. Шундан бошлаб пул вазифасини бажариб келган олтин оддий товарга айланди, доллар эса асосий валюта бўлиб қолди. Шу тарзда бугунги пул низоми доллар ҳукмронлигини таъминлаб келмоқда. Олтин низомидан бош тортиш натижасида кўплаб муаммолар вужудга келди, уларнинг асосийси бу – инфляция. Йил сайин инфляция тўхтамайди, маҳсулот ва товарлар нархларига (ўсишига) таъсир қилади. Миллий банк маълумотига кўра, инфляция ўтган йилга нисбатан 10,9%ни ташкил этди. Қирғизистон экспортдан кўпроқ импорт қилувчи давлат бўлгани учун АҚШ долларига бўлган талаб барқарорлигича қолмоқда. Масалан, 2020-йили Қирғизистон импорти 3,6 миллиард долларни ташкил этган бўлса, экспорти 1,9 миллиард долларни ташкил этди. Ўз навбатида бу ҳолат доллар курсининг кўтарилишига олиб келмоқда. Сабаби, импорт долларга олиб келинади, бошқача айтганда мамлакатдан чиқадиган доллар миқдори мамлакатга кирадиган доллар миқдоридан кўп. Шунингдек, давлат қарзини тўлаш жараёни ҳам доллар нархига таъсир қилади. 2020-йилда ташқи ва ички қарзни тўлаш учун 350 миллион доллар сарфланди, 2027-йилга бориб бу миқдор 400 миллион долларга етиши кутилмоқда. Мана шу ҳолатлар туфайли доллар нархи доимий ўсиб бормоқда. 2019-йили доллар 69 сом бўлган бўлса, 2020-йилдан бошлаб доллар қимматлай бошлади, 2021-йили 84 сомга етди. Ўз навбатида долларнинг қимматлашиши импорт қилинадиган товарлар нархи кўтарилишини англатади. 2020-йилда Қирғизистон 228 535 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилган.

2-омил: монополия

 Бугунги кунда капиталистик тузум татбиқ қилинаётгани сабабли капиталистлар бундай қийин вазиятдан имкон қадар кўпроқ фойда олишга ҳаракат қилмоқдалар. Маълумки, мамлакатимиздаги барча бой капиталистлар ҳукумат билан боғлиқ, савдо каби даромадли соҳалар мансабдор шахсларга тегишли ёки уларнинг қариндошлари ё яқин одамларига қарашли. Улар бу бизнесларини ҳукуматдаги таъсирлари билан ҳимоя қилиб келишади. Шу сабабли озиқ-овқат соҳасининг ҳар бир тармоғи капиталистлар қўлида, бошқача айтганда, монополия (эҳтикор) қилиб олинган. Улар нархларни ўзлари хоҳлаганча белгилашади ва вазият оғирлашганда кўпроқ пул топиш учун нархларни янада оширмоқдалар. 

 Мамлакатдаги асосий бозорлар маҳаллий капиталистлар қўлида. Бозорга келган ҳар бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти уларнинг назорати остида бўлади. Ҳатто, янги келган арзон маҳсулотлар ўзгалар қўлига ўтиб кетмаслиги учун махсус одамларни ҳам ёллаб қўйишган. Яқиндагина «Дордой моторс» бозорида Россиядан келган ишлаб чиқарувчилар ўсимлик ёғини арзон нархларда таклиф қилишди. Бу вақтда бир литр ўсимлик ёғининг улгуржи нархи 155 сом эди. Бироқ, сотувчиларга етиб бормасидан олдин бозор эгаси ишлаб чиқарувчиларнинг молларини вагонларда турган еридан сотиб олди. Натижада ёғнинг улгуржи нархи қиммат ҳолида – 155 сомлигича сақланиб қолди. Демак, мамлакатда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига шу каби монополистларнинг таъсири жуда катта. 

3-омил: мустамлакачилик

 Мустамлакачилик сиёсати. Маълумки, Қирғизистон «учинчи дунё» давлатларидан бири бўлгани сабабли БМТ талабларига мувофиқ аграр сиёсати олиб бориши керак. 2019-йили қишлоқ хўжалиги мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг 11,7%ни ташкил этган. Бу кўрсаткич йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Масалан, 2013-йилга нисбатан 2,9%г пастлаган. Аммо, қишлоқ хўжалиги оғир саноатсиз ривожланиши мумкин эмас. Буни оғир саноатда етакчи бўлган давлатларнинг қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам олдинда эканлигидан кўришимиз мумкин. Бу давлатлар қурол-яроқ ва оғир техникалар ишлаб чиқариш билан бирга қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган комбайн, трактор каби замонавий техникалар ҳам ишлаб чиқаради. Натижада бундай давлатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича олдинги сафга чиққан. Уларга нисбатан, «учинчи дунё» давлатлари қишлоқ хўжалаги учун зарур бўлган станок ва техникаларни ишлаб чиқара олмагани сабабли қишлоқ хўжалигида ҳам ортда қолган. Ҳатто, Қирғизистон каби ўз фуқароларини ҳам асосий озиқ-овқат билан таъминлай олмайдиган ҳолатда. Бундан ташқари, оғир саноатга асосланган давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасига йилига миллиардлаб доллар субсидиялар ажратади. Учинчи дунё давлатларига импорт моллари кириб туриши учун Жаҳон савдо ташкилоти томонидан субсидиялар ажратишга чеклов  қўйилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун божхона тўловлари камайтирилиши ва чекловлар олиб ташланиши шарт. Қирғизистон каби коррупцияга ботган ҳукуматлар бу талабларни ортиғи билан бажаришади. Масалан, ЖСТ талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ставкаси 12,2%  бўлиши керак эди, аммо Қирғизистон бу ставкани 8,1%га қадар тушириб берди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш йил сайин ўсиб бормоқда. 2020-йили Қирғизистон 228 534,751 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилган. Бу аввалги йилга нисбатан 50 157,751 тоннага кўп. Бу ҳолат озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказади ва фақат импортга боғланиб қолишга шароит пайдо қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари танқислиги вужудга келганида муаммони ҳал қилиш қийин бўлиб, нархлар осмонга кўтарилади. ЖСТ бундай талабларни бошқа халқаро молия ташкилотлари кредит ёки грантлар ажратилаётганида ҳам қўяди. Шунингдек, мустамлакачилик сиёсати сабабли бугун биз Россия таъсири остидамиз. Иқтисодий ва сиёсий қарорларимиз Россияга қарам. Россия ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун турли сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ташкилотлар орқали кишанлаб олган. Ушбу зўравон мустамлакачилик туфайли ҳатто, қўшни мусулмон давлатлари билан ҳам очиқ ва эркин алоқалар ўрната олмаймиз. Озиқ-овқат танқислиги ёки нархлар кўтарилишининг асл сабабчиси бу устимизда татбиқ қилинаётган мустамлакачилик сиёсати ва уларга иттифоқдош бўлган маҳаллий амалдор ва капиталистлардир.

 Ислом дини назарида

 Биринчи омил, яъни пул низомига келсак, Ислом бунинг учун олтин ва кумуш низомини жорий этган. Бундай ҳолатда пулнинг қиймати олтин қиймати билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Натижада валютани кўтарилиши ёки қулаши бутунлай йўқ бўлади. Шу сабабли, ушбу низом турли хил инқирозларнинг, инфляциянинг олдини олади ва нархлар барқарорлигини ва ҳатто умумий молиявий барқарорликни таъминлайди.

 Бундан ташқари, Ислом юқорида иккинчи омилда кўрсатилган монополияни тақиқлаган.

Асром Абу Умомадан ривоят қилишича:

نهى رسول الله ﷺ أن يُحتكر الطعام

 “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам озиқ-овқатни эҳтикор қилишдан қайтарганлар”

 Ислом монополияга қарши курашиш билан бирга, агар бирор маҳсулот танқислиги вужудга келса, бошқа юртлардан шу маҳсулотни олиб келиб, танқисликни бартараф қилишдан масъулдир.

 Шунингдек, Ислом мустамлакачилик сиёсатига йўл қўймайди. Агар Ислом давлати бирор ташкилот ёки жамиятга аъзо бўладиган бўлса Ислом талабларига мувофиқ аъзо бўлади, халққа зулм бўлувчи ташкилотлар ва давлатлар билан алоқа қилишни тўхтатади. Сабаби, етакчининг вазифаси – ўз халқини адолат билан бошқариш.

 Озиқ-овқат хавфсизлиги улкан масъулиятдир. Имом – раҳбар ва қўл остидагилардан жавобгар. Шу сабабли у одамларни озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши керак. Биринчидан, одамлар оч қолмаслиги лозим, иккинчидан, бозорлар озиқ-овқатларга тўла бўлиб, нархлар барқарор бўлиши ва монополияга чек қўйилиши зарур. Халифа уруш вақти, қурғоқчилик ва юқимли касалликлар сабабли вужудга келадиган озиқ-овқат танқислигини ҳисобга олиши шарт. Сабаби, бундай ҳолатларда экин майдонлари қисқариб, хом-ашё олиб келиш камайиб кетиши мумкин. Шундай вақтда одам сонини сақлаб қолиш вожиб, шу сабабли озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам вожиб бўлади. Чунки, «Вожиб нима билан адо бўлса, шу иш ҳам вожиб» деган шаръий қоида бор.

 Аслида мусулмон юртлари улкан ер ости ва қишлоқ хўжалик бойликларига бой. Бу юртлар нафақат ўз фуқароларини, балки бутун дунёни озиқ-овқат ибалн таъминлашга қодир. Сабаби, унда озиқ-овқат билан таъминлайдиган тўртта асосий омил мавжуд. 

1 – Қишлоқ хўжалиги учун яроқли ерлар

 Экин майдонлари озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим омилидир. Давлат ўзини етарли озиқ-овқат билан таъминлашда шу майдонларга суянади. Ислом қишлоқ хўжалигига тарғиб қилади ва экин майдонларига эътибор беради. Шунинг учун Исломда қишлоқ хўжалик сиёсати қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш асосига қурилади. Ислом бу соҳада икки йўлдан боради:  

 а) Ернинг хосилдорлигини ошириш. Бу кимёвий воситалардан фойдаланиш, дехқонлар орасида замонавий усулларни жорий этиш ва сифатли уруғлар билан таъминлаш орқали амалга оширилади. Давлат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва соҳага ёрдам бериш учун муҳтожларга қарз эмас, балки совға сифатида маблағ ажратади. Натижада, улар зарур техника, уруғ ва кимёвий воситаларни сотиб олишади.

 б) Экин майдонларин кенгайтириш. Бу иш ўлик ерни тирилтириш орқали амалга оширилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки ўлик ерни тирилтирса, ўша ер уникидир», деганлар. (Бухорий, Абу Довуд, Ахмад ва Молик). Давлат ери бўлмаган ёки ери оз бўлган кишиларга ер ажратиб беради. Шунингдек, давлат уч йил кетма-кет ерни ташлаб қўйганлардан ерни тортиб олади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан кейинги халифалар сийратида бу каби мисоллар жуда кўп. Мана шу икки йўл билан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мумкин. Бугунги кунда эса ўлик ерни тирилтиришга умуман рухсат берилмайди.  Бу ишни қилаётганларга эса давлат солиқ хизмати турли баҳоналар билан боравериб, дехқонни хонавайрон қилишади.

2 – Сув манбалари

 Сув ҳаётнинг ажралмас қисмидир. Ибн Аббос ривоят қилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар уч нарсада: яъни сув, ўт-ўланда ва оловда шерикдирлар», деганлар. Сув озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ. Сув таъминоти етарли бўлса, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам етарли бўлади. Сабаби, дехқончилик фақат сув билан амалга оширилади. Сув давлатлар ўртасидаги уруш ва можаролар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, исломий юртлар улкан сув захираларига эга. Шунингдек, исломий юртлар энг муҳим стратегик канал ва бўғозларни назорат қилади. Бу юртлар кўплаб денгиз ва океанлар қирғоғида жойлашган. Бундан ташқари, юртларимизда Нил, Дажла, Фурот ва бошқа дунёга машҳур дарёлар бор. Ушбу дарёларнинг ўзи 150 миллиард куб метр сув билан таъминлай олади. Юртларимизда яна 7734 миллиард куб метр ер ости сувлари бор. Ислом ҳудудида бутун ер аҳолисига етадиган булоқлар мавжуд. Демак, шунча кўп сув захираси бор бўлганидан кейин дехқончилик учун яроқли ерларда дехқончилик қилиш, бошқа ерларда мелиорация ишларини олиб бориш ва уларни дехқончиликка яроқли қилиш мумкин. Исломий юртларда сув сероб бўлса ҳам давлат фуқароларга сувдан тўғри фойдаланишни ўргатиши, уларни қуриб қолишидан сақлаши, дамбалар қўйиши ва артезиан қудуқлари қазиши керак.

3 – Инсоний ресурслар

 Ерларни мелиорация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва тирилтириш нафақат сувга, балки инсоний кучга, яъни, шу ишларни бажарадиган дехқонларга мухтож. Мусулмонларда бу манба мавжуд ва улар меҳнат қилишга қодир.

4 – Молиявий ресурслар

 Ерлардан фойдаланиш ва ўлик ерларни тирилтириш учун катта маблағ керак. Бундай маблағлар исломий юртларда мавжуд, уларнинг биринчиси нефтдир. Масалан, «Ал-Ваъй» журналининг 233-сонида айтилганидек, Америка биргина Саудия нефтидан 86 триллион доллар даромад олган. Агар бу маблағ дунёдаги барча мусулмонларга тақсимланса, уларнинг ҳар бири, яъни, чақалоқлар, қариялар, эркак ва аёлларга 66000 доллардан тўғри келади. Бундан ташқари, газ ва бошқа табиий бойликлар ҳам тўлиб-тошиб ётипти.

 Ислом оламида етиштирилган озиқ-овқатни узоқ йиллар сақлаш мумкин. Масалан, буғдойни бошоқ ҳолида сақласа бўлади, бошоқсиз ҳам сақласа бўлади. Хурмо, узум, анжир, зайтунни қуритиш мумкин. Гўштни ҳам қуритса, консерваласа бўлади, сутни қуритиш мумкин. Бу каби сақлаш ишларини давлат билан бирга якка шахслар ҳам ўз уйларида узоқ вақт сақласа бўлади. Имом Бухорий Оиша онамиздан қилган ривоятида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйида хурмоси бор одам оч қолмайди” деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўлида борлар муҳтожларга бериши учун мен сизларни қурбонлик гўштини уч кундан ошиқ сақлашдан қайтарган эдим. Энди ундан истаганча еб, бошқаларга ҳам бериб, сақлаб ҳам қўйишинглар мумкин”, деганлар. (Термизий ривояти). 

 Бироқ, одамларнинг озиқ-овқатни сақлаши монополияга олиб бормаслиги зарур. Бошқача айтганда, ўша нарсани бозордан тўплаб олиш натижасида нархлар кўтарилиб кетмаслиги керак. Сабаби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки, қимматлаштириш мақсадида мусулмонларнинг нархларига бирор нарсани киритса, қиѐмат кунида уни улкан оловга ўтирғизиш Аллоҳнинг ҳаққи бўлиб қолади”, деганлар. Шунинг учун одамлар оч бўлиб турган вақтда овқат сақлаш мумкин эмас.

 Ҳайсама айтади: “Абдуллоҳ ибн Амр билан ўтирган эдик, унинг олдига хазинабон келди. Шунда Абдуллоҳ унга: “Қулларга овқат бердингми?” деб сўради, у “Йўқ” деб жавоб берди. Абдуллоҳ: “Қайтиб бориб уларга овқатини бер. Сабаби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши ўз қўл остидагиларнинг овқатини бермасдан ушлаб туриши гуноҳ билан баробар деганлар”, деди”.

 Аслида мусулмон одам кам таом ейиши керак, сабаби у яшаш учун ейди, бунинг акси эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши битта ичагига ейдикофир эса етти ичагига (овқат) ейди, деганлар (Муслим).  Мазкур ҳадис мўминларни оз овқат ейишга тарғиб қилмоқда. Кофирларнинг сифати эса, Аллоҳ таоло айтганидек кўп овқат ейишда:

وَالَّذِينَ كَفَرُوا يَتَمَتَّعُونَ وَيَأْكُلُونَ كَمَا تَأْكُلُ الْأَنْعَامُ وَالنَّارُ مَثْوًى لَهُمْ

“Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва уларнинг жойлари дўзах бўлур!”. [47:12]

 Бундан ташқари, Ислом бойлик бир ҳовуч шахслар қўлида тўпланиб қолишини тақиқлайди. Аллоҳ Таоло айтади:

كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ

«Сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун». [59:7]

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёнидаги қўшниси очлигини билиб туриб кечасини тўқ ҳолида ўтказган киши менга иймон келтирмабди”. «Қайси бир маҳаллада қорни оч одам тонг орттирса, Оллоҳ Таборака ва Таолонинг ҳимояси улардан кўтарилади».

 Озиқ-овқат танқислигининг асосий сабаби адолатсиз тақсимотда

 Аслида, Қирғизистон каби қашшоқ халқлар озиқ-овқат танқислигидан эмас, балки адолатсиз тақсимотдан азият чекишмоқда. Учинчи дунё давлатлари кўп бойликларга эга бўлишларига қарамай, ҳукмдорлари малай бўлгани сабабли қашшоқлик ботқоғидан чиқолмай келишмоқда. Қудратли давлатлар уларга ҳукмронлик қилишдаўзаро курашиб, ушбу бойликлар уруш ва таъсир ўтказиш манбасига айланиб қолди. Чунки, Ғарб дунёқарашига мувофиқ ресурслар чекли, инсон эҳтиёжлари эса чексиз деб ҳисобланади. Шу сабабли капиталистлар дунё бойликларини эгаллаб олиш учун курашга киришиб кетишди. Аслида бу тушунча тамоман хато ва дунёни заволга тутаётган нарса шу дунёқараш. Аллоҳ Таоло Ўзининг азиз китобида ҳаётни озиқ-овқат билан таъминлаб қўйганини баён қилган. Аллоҳ Таоло айтади:

وَجَعَلَ فِيهَا رَوَاسِيَ مِنْ فَوْقِهَا وَبَارَكَ فِيهَا وَقَدَّرَ فِيهَا أَقْوَاتَهَا فِي أَرْبَعَةِ أَيَّامٍ سَوَاءً لِلسَّائِلِينَ

«У зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини (яъни ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб — тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир». [41:10]

 Демак,озиқ-овқат етарли даражада бор, фақат уни етиштириш ва адолатли равишда тақсимлаш керак. Ғарб дунёқарашининг хатолигини ҳозиги кунда аҳолиси кам минтақаларда очарчилик юз бериб, аҳолиси кўп минтақаларда содир бўлмаслиги ҳам тасдиқлаб турипти. Масалан, Хитойнинг аҳолиси 1 миллиарддан ошса ҳам озиқ-овқат муаммоси йўқ. Африка давлатлари эса дарё бўйларида яшаб, аҳолиси кам бўлса-да фуқаролари ҳар доим очарчиликни бошдан кечиришмоқда. Озиқ-овқат етарли миқдорда етиштирилаётганига яна бир далил дунё аҳолиси Иккинчи жаҳон урушидан бери икки баробарга кўпайди. Озиқ-овқат ишлаб чиқариш эса шу давр ичида уч баробарга ошди. Бугунги кунда сотиб олинаётган озиқ-овқатнинг 40 фоизи ёки 1,6 млрд тоннаси аҳлатга ташланади. Буни пулга чақадиган бўлсак 750 миллиард долларни ташкил этади. Озиқ-овқатнинг ахлатга ташланишининг асосий сабаби талабга нисбатан таклифнинг кўплигида. Масалан, АҚШ маркетинглари америкаликлар истеъмолига нисбатан икки баробар кўп озиқ-овқат таклиф қилади. Шу сабабли Ғарбда аҳолининг 15-25 фоизи ошиқча вазндан азият чекади. Сўнгги пайтларда ўсмирлар орасида ҳам бу муаммо кескинлашмоқда. Айниқса, ривожланган давлатларда ўсмирларнинг 25% ортиқча вазндан азоб чекмоқда.

 Ғарбнинг ресурслар чекли, инсон эҳтиёжлари чексиз деган дунё қараши илмий жиҳатдан ҳам хато ҳисобланади. Олимларнинг ҳисобига кўра, АҚШда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат 47 миллиард одамни, Япониядаги озиқ-овқатни қўшганда 157 миллиард одамни тўйдиришга етади. Яна бошқа олимларнинг фикрича, агар ер юзидаги қишлоқ хўжалик ерларидан натижали фойдаланилса, бугунги дунё аҳолисидан 10 баробар кўп одамни боқиш мумкин. Бошқа баъзи олимлар бундан ҳам катта сонларни келтириб, ер 132 миллиард одамни боқишга қодир дейишади. Бу жуда катта сон. Инсоният бугунги кунга қадар катта илмий инқилобларни бошдан кечирган бўлишга қарамай, ер ва табиат салоҳиятининг атиги 1 фоизидан фойдаланди.

 Бугун мусулмонларни куфр ҳукмлари билан бошқараётган зарарли режимлар Исломга зид иш қилишмоқда. Масалан, Судан халқи оч, аммо йилига 700 миллион долларлик сут маҳсулотлари  тўкиб ташланади. («Аль-Жазира», 2008-йил, 16-июн). 1974-йили БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Суданни дунёни озиқ-овқат билан таъминлашини Канада ва Австралия бир бир қаторга қўйган. Чунки, Судан дунёдаги энг хосилдор ерларнинг 81 миллион гектарига эгалик қилади. У ерда яна улкан сув захираси, дарёлар, ер ости ва ёмғир сувлари мавжуд. Бундан ташқари, турли фасллар бор. Бироқ нотўғри сиёсат, бошқарув ва назорат 1990 йилдан бери озиқ-овқат маҳсулотлари импортини 72 миллиондан 90 миллиардга кўтариб юборди. Канада ва Австралия буғдой етиштириш бўйича энг олдинги сафдаги давлатлар бўлса, Судан буғдой импорти бўйича энг биринчи ўринга кўтарилди. Унинг йиллик буғдой импорти 2.2 миллион тоннани ташкил этади.

 Ҳозир фақат ўз ҳукмронлигини ўйлаган ҳукумат одамларнинг муаммоларин ҳал қилиш, реал қадамлар ташлаш ва фаровонлигини таъминлашга ҳаракат қилиш ўрнига, бу жирканч капиталистик тузумнинг кирдикорларини фош қилганларни, бундай зулмдан озод бўлиш йўлини кўрсатиб, икки дунё саодатини ато этган Исломга чақираётганлари сиқувга олиш, озодликдан маҳрум қилиб, қамоққа ташлаш билан овора. Иқтидорга келган ҳар бир ҳукумат покиза муслималар ва мўмин мусулмонлар уйига бостириб кириб, жиноий жавобгарликка тортишни одат қилиб олди. Октябр воқеаларидан кейин ҳокимият тепасига келган ҳукумат ҳам шу одатни давом эттириб, 29-март куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақорат қилинишига қарши акцияга чиққан бир қатор муслималарни уйига бостириб кирди. Улардан айримлари жиноий жавобгарликка тортилиш арафасида туришипти! 17-июн куни Ўш областининг Қорасув районида яшовчи 21 ёшли ўсмир “интернет тармоқларида исломий материалларни тарқатиш” айблови билан қўлга олинди. Уни “диний экстремизм”га алоқадор материалларни тарқатганликда айблаб, дастлаб 48 соатга, кейин суднинг хукми билан 2 ойга қамоққа олишди. Иссиқкўл областида ҳам ижтимоий тармоқларда исломий материалларга “лайк” босган бир қанча мусулмонлар уйида тинтув ўтказилиб, худди шундай айбловлар билан қамоққа олинди. Ижтимоий тармоқларда “лайк” босгани ёки исломий материалларни бўлишгани учун йигирмага яқин одамга жиноий иш қўзғатилди. Бундай кўринишлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатилмоқда. Ҳукумат шундай ҳаракатлари билан зулмни янада кучайтириб, Ислом овозини ўчиришга уринмоқда.

 Мусулмонларга туҳмат қилиш ҳаракатларида ҳукумат кофир мустамлакачи хўжайинлари ва қўшни мамлакатларнинг Исломга қарши даъвосига итоат қилаётгани аниқ. Иккинчидан, озиқ-овқат қимматлаб, ишсизлик ва қашшоқлик кун сайин ўсиб бормоқда. Натижада ҳукуматга нисбатан норозиликлар кучайиб бормоқда. Шу сбабали ҳукумат халқ эътиборини “диний экстремизм” билан чалғитишга ўтиб олди. Ҳизб аъзолари ва унинг қўллаб-қувватловчиларга нисбатан бўлаётган бу ва бошқа ҳолатлар шунга далолат қилмоқда. Аслида ҳукуматнинг айни вақтдаги вазифаси халқни муаммолардан чалғитиш эмас, балки муаммоларнинг тўғри ечимини топиб, одамларнинг муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлиши керак эди.

 Аслида “диний экстремизм” бўлмаган нарса, бу мустамлакачиларнинг Исломга қарши курашиш учун ўйлаб топган эртаги. Қолаверса, Акаевдан тортиб бугунги кунга қадар ҳукумтларнинг барчасини ҳокимиятга келиб-кетиши – уларнинг ўз қонунларига мувофиқ – экстремизмга тўғри келади.

 Аслини олиб қараганда, ҳукумат ҳам, уларнинг хўжайини бўлган мустамлакачилар ҳам Ҳизб ут-Таҳрир ҳокимиятга эришиш учун моддий куч қўлламаслигини жуда яхши билишади. Ҳизб буни қўрққанидан эмас, балки бу шаръий ҳукм бўлгани учун шундай қилади ва фақат фикрий-сиёсий кураш олиб боради. Ҳизбга нисбатан бундай босимлар эса Ҳизб аъзоларининг ғайратига ғайрат қўшиб, фаолиятларини янада кучайтиради.

 Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳнинг изни билан барпо бўладиган исломий Халифалик давлати нафақат ўз фуқароларини озиқ-овқат билан таъминлайдиган, балки халқаро таъсирга, халқаро қишлоқ хўжалилига эга бўлган давлат бўлади. Шу билан бирга, Исломда саноат сиёсати қишлоқ хўжалиги билан бир вақтда олиб борилади. Шунингдек, кофир давлатларга исломий давлат сиёсати ва бошқарувига аралашишига йўл қўймайди. Ислом давлати ушбу қишлоқ хўжалиги ва саноат сиёсатини жорий қилиб, озиқ-овқат ва саноат хавфсизлигини вужудга келтиради. Шу тарзда мустамлакачиларга бизга ҳукмронлик қилишларига йўл бермайди. Демак, озиқ-овқат хавфсизлигигин ҳақиқий ечими – Исломни татбиқ қилиш ва уни ҳаёт майдонига олиб келишда. Чунки, Ислом ҳукмларини татбиқ қилган давлат ерга тааллуқли ҳукмларни жорий қилади, ишлаб чиқаришни Уммат фойдаси учун йўлга қўяди, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва саноатни ривожлантиради. Мана шунда Уммат ҳеч кимга қарам бўлмайди, аксинча кофирлар Исломга муҳтож бўлади. Халифалик эълон қилиниши ва Аллоҳнинг изни билан уни барқарор туриши сабабли “озиқ-овқат хавфсизлиги” атамаси йўқ бўлади. Яхшилик бутун дунёга тарқалади!

Ҳизб-ут-Таҳрир Қирғизистон

1 COMMENT

  1. ОЛЛОХГА ВА УНИ ПАЙГАНБАРИ РАСУЛ А С СОЛОТУ САЛОМЛАР БОЛСИН МЕН БУ МАВЗУГА КРИШМОКЧИ ЭМАСМАН ЛЕКИН БИЗ БУГУН ДАВАТЬНИ ПУЛ МАНФАТИГА КАРАБ ТОРТИБ ХАТО КИЛАМИЗ ЧУНКИЙ КИЙМАТЧИЛИКНИ ЕЧИМИ БУ ИСЛОМ ДАВЛАТИ КЕЛИШИ БИЛАН ОЗГАРМИДА ЧУНКИЙ ТАРИХ ЗАР ВАРАКЛАРИДАХАМ БУ ИШЛАРГА ЯКККОЛ ДАЛИЛ ТОПИШ МУМКИН.
    ЕЧИМ ИКТИСОДИЙ ИШЛАРДА БОЛИБ БУ ИШЛАР ФАКАТ ИКТИСОД ТУЗАТИШ БИЛАН АМАЛГА ОШАДИ ИКТИСОДИЙ МУАММО БИЛАН ОДАМЛАРДИ ДАВАТ КИЛИШ БУ НАРИ БОРСА ОЗ КУВВАТГА ЭГА БОЛГАН ЖУДА САЁС ФИКИР ВА ЗАИФ ФИКИРИЙ ЕТАКЛАШДИР

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here