Шайх Саид Бийрон Қўзғолони

788
0

Шайх Саид Бийрон Қўзғолони

 (Тарихдан бир шингил)

Исломий Халифалик яҳудий Камол Отатурк қўлида парчаланиб турган бир пайтда аксар мусулмонлар бу ишга бепарво бўлдилар. Хилофатнинг парчаланиши Исломнинг парчаланиб, ҳаётдан бутунлай ғойиб бўлиши экани хаёлларига келмади. Бу замондаги мусулмонларнинг муаммоси шундан иборат эдики, улар туб, асл, ҳал қилувчи ҳаёт-мамот масаласи билан жузъий масалаларни бир-биридан ажратолмадилар. Шу сабабли Марокашдаги Хитобий Хилофатни қайтариш ишига салбий ёндашиб, мутлақо бошқа ишлар билан машғул бўлди. Шу сабабли Саид Нурсий шайх Саид Бийроннинг қўзғолонига ёрдам беришдан бош тортди. Бу иш биродарлар ўртасидаги уруш, деган важ кўрсатди. Ҳолбуки, у ўша пайтда куч ва нуфузга эга эди.

Лекин бу масаланинг моҳиятини кўра олган, унинг ҳал қилувчи масала эканини, ҳаёт-мамот масаласи эканини англаган шайх Саид Бийрон (Оллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шаръий ҳукмга мувофиқ иш тутди ва Ислом диёрига куфрни олиб кирган ҳоким билан курашди. У анжуманлару маърузалар билан овора бўлиб ўтирмади. У жанг қилиб, ўзи ва дўстларининг ҳаётини шаръий ҳукмни амалга оширишга бағишлади. Шайх Саид Бийрон ва дўстларини Оллоҳ раҳмат қилсин.

1340 ҳижрий, 1921 милодийда қақшатқич жангдан кейин юнонлар Туркиянинг Измир шаҳридан чиқиб кетиб, унга Усмонийлар кириб келди. Бу ҳодиса Ислом давлати тарихида оддий воқеа бўлмади. Зеро, унда шундай бир шахс етишиб чиқдики, кейинчалик у Исломий Халифаликни парчалашда катта рол ўйнади. У 1880м-1938м йилларда яшаган Мустафо Камол Отатуркдир. Умуман ғарбликлар, хусусан инглизлар ташвиқоти Отатуркнинг «ғалаба»ларини бўрттириб кўрсатди. Бунга миллионлаб мусулмонлар алдандилар. Хилофатни ислоҳ қилади, унинг ҳайбатини қайта тиклайди, деб унга умид боғлашди. Ҳатто шоир Аҳмад Шавқий ўзининг бир қасидасида уни арабларнинг Холидига, яъни Оллоҳнинг суғурилган қиличи Холид ибн Валидга ўхшатиб, туркларнинг Холиди, дея шундай сатрларни битди:

Ажиб зафар мастлигидан қалбим кўкда юрарди,

Араб Холид ўрнин босиб, турк Холиди турарди.

Отатурк бу «ғалаба»дан сўнг Анқарага қайтди. Анқарада уни «Буюк миллий мажлис» эъзозлаб, унга «ғозий»лик либосини кийдирдилар. Одамлар ўртасида машҳур бўлди. Афғонистон, Ҳиндистон, Миср ва бошқа турли Исломий ўлкалардан уни улуғловчи номалар келди. Мана шундай эъзозлашлардан кейин уни «Буюк миллий мажлис» ҳукуматнинг қонуний раҳбари этиб сайлади.

1922 йилда Отатурк Исмат Инину Пошони инглизлар билан мустақиллик борасида музокара олиб бориш учун Англияга юборди. Британия элчиси Карзон Исмат Инину Пошога у 1922 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган сулҳ анжуманида Туркияга мустақиллик берилишини талаб қилган пайтда шундай деди: «Биз сизларни мустақил қилиб қолдиролмаймиз. Шундай қиладиган бўлсак, сизлар яна атрофига мусулмонлар йиғиладиган бир ядрога айланасизлар. Натижада узоқ йиллар бизни қийнаб келган Шарқ масаласи яна пайдо бўлади». Шунда Отатурк инглизларга уларни хавотирга солаётган нарсани бартараф этишни ваъда берди ва ўша хавотирларни кетказадиган кафолатлар сифатида улар қўядиган ҳар қандай шартларга рози эканини билдирди. 1923 йилнинг апрелида бўлиб ўтган йиғинда инглизлар Британия элчиси Карзон орқали кейинчалик «Карзон шартлари» номи билан машҳур бўлган тўртта шартни қўйишди. Улар қуйидагилар эди:

1. Туркия Ислом билан алоқасини узади;

2. Халифаликни бекор қилади;

3. Халифаликни қайта тиклаши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни бостиришга ваъда беради;

4. Исломий шариат ўрнини одамлар томонидан чиқарилган қонунлар эгаллайди. Ислом қоидаларига асосланган Усмоний дастурни бекор қилиб, унинг ўрнига янги замонавий, илмоний дастур қабул қилади.

Отатурк бу шартларга рози бўлди ва шу билан «Лозанна битими» тузилди. Англия унга Усмонийлардан тортиб олган барча ерларни берди. Токи, шу билан улар муваффақиятга, мустақилликка эришгандек кўринсинлар.

Отатурк Англия қўйган барча шартларни бажарди. Янги Туркияга замонавий Швейцариянинг дастурини танлади. Ҳокимиятни Хилофатдан ажратди. Халифанинг ҳеч қандай ҳокимияти, ҳеч қандай нуфузи қолмади. 1342 ҳижрийнинг 18 рабиул-аввалида, 1923 милодийнинг 29 октябрида вазирликдаги муаммодан фойдаланиб, қўрқитув ва қатағон орқали ўзини Туркия жумҳуриятининг биринчи раиси (президенти) этиб сайлаб олди. Шу билан юртнинг ҳокимига айланди.

1342 ҳижрийнинг 28 ражабида, 1924 милодийнинг 3 мартида Мутафо Камол Отатурк Хилофатни расман бекор қилди. Халифа ва унинг оиласини юртдан ҳайдаб чиқарди. Вақфлар ва шаръий маҳкамалар вазирликларини бекор қилиб, диний мадрасаларни замонавий мактабларга айлантирди. Туркия жумҳуриятини барпо қилиши ва илмоний давлат қуришини эълон қилди. Мамлакатдаги Исломий кўринишларга қарши қаттиқ ҳужум бошлади. Олимларни қамади, масжидларни ёпди ва ҳоказо…

Ислом оламининг бу мудҳиш ҳодисага яраша муносабат билдирмаганлиги ҳақиқатда ўта ачинарли бир ҳолат. Бугунги кунда қўлимизда шундай тарихий ҳужжатлар борки, улар билан танишар эканмиз, ўша пайтдаги аксар мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги вазифаларини адо қилишда нақадар сустлик қилганларининг, яъни Хилофатни бекор қилиб, очиқ куфр билан ҳукм юритганларга қарши жанг қилиш ишига қанчалар бепарво бўлганларининг гувоҳи бўламиз.

Мана сизга Хилофат бекор қилинганидан бироз олдинроқ ва бироз кейинроқ Ислом оламида содир бўлган ишлар. Улар Ислом оламининг ўз йўлини нақадар йўқотиб қўйганлиги ва масаланинг моҳиятини нақадар англай олмаганини кўрсатиб беради.

•          Салтанат бекор қилиниши ва Хилофатдан ажратилишидан олдинроқ бир тадқиқот олиб борилганди. Уни бир неча турк фақиҳлари «Хилофат ва Уммат салтанати» номи остида олиб боргандилар. Унда, Хилофат сиёсий масала, унинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган гаплар айтилганди. Бу тадқиқот шу борадаги баҳсни ортга суриш ёки фақат руҳий салтанатга айлантиришни тавсия қилди. Камол Отатурк айнан мана шу нарсага таяниб, ўзининг Хилофат борасидаги позициясини билдирганди.

•          Санусийя ҳаракатининг раҳбари шайх Аҳмад Шариф Санусий Камол Отатуркни қўллаб-қувватлади. Салтанатни Хилофатдан ажратишда Ислом учун манфаат бор, деб шу ишни тасдиқлади. 1923 йил 28 сентябрда Мисрнинг «ал-Аҳром» газетасида бир баёнот нашр қилиб, унда фуқаролик бошқарувини халифа қўлидан олиш унинг Исломий нуфузини оширади, чунки у бутун Уммат учун умумий ва руҳий (маънавий) раҳбарга айланади, деган фикрни билдирди!

•          Ўша даврдаги шоирлар шоири Аҳмад Шавқий Отатуркни улуғлаб, «Анқарага тож кийдириш, Остонани (халифаликни) ажратиб ташлаш» номли бир қасида ёзди. Унда Отатуркни мақтаб, салтанатни Хилофатдан ажратишни маъқуллади.

•          Шайхул-Ислом Усмоний давлатининг муфтиси Мустафо Сабрий ҳам камолчиларнинг ислоҳ қилиш ҳақидаги даъволарига алданиб, «Мабъусон» мажлисида халифа Абдулмажидни ишдан бўшатишга рози бўлди. Фурсат ўтиб бўлгандан кейин ҳақиқат очилди. Ўшанда у бундай деганди: «Султон Абдулмажидни лавозимидан бўшатишга рози бўлибман. Олти ойдан кейин билдимки, унинг сиёсий вазни «Мабъусон» мажлисининг бутун аъзолари вазни билан тенг, ҳатто улардан ҳам ортиқ экан».

•          Марокашдаги испанлар ва французларга қарши бораётган жиҳод саркардаси Абдулкарим Хитобий (1881-1962м) Хилофат бекор қилинганидан кейин уни қайта тиклаш ҳақидаги даъватга қарши чиқди. Хилофатни қайта тиклаш анжуманига юбораётган вакилига ҳеч қайси номзодни қўлламаслигини уқтирди.

•          Жазоирдаги Исломий ҳаракат раҳбари Абдулҳамид ибн Бодис (1889-1940м) «Улкан фожиа ёки камолчиларнинг Исломга, мусулмонларга нисбатан қилган жиноятлари ва диндан қайтганлари» номли бир мақола ёзди. Бу мақола «Нажоҳ» газетасининг.1924 йил 28 мартдаги 152-сонида босилди. Унда муаллиф вазиятлар қай аҳволга келиб қолганидан ҳасрат чекаётганини айтиб, Мисрда бўладиган Хилофат анжуманидан умидвор эканини билдирди. Лекин шайх Бодиснинг Хилофат ва Отатуркка нисбатан тутган позицияси 1357 ҳижрийнинг рамазонида, 1938 милодийнинг ноябрида «Мустафо Камол – Оллоҳ уни раҳмат қилсин» номли сарлавҳа билан нашр қилинган мақоласида аниқроқ берилган. Унда жумладан шундай дейилган: «Улуғ рамазоннинг ўн еттисида янги тарих мобайнида инсоният таниган энг буюк шахс нафас олишдан тўхтади. У шарқнинг жаҳонни турли жиҳатлардан ўрганадиган, тарих оқимини ўзгартириб, янги тарих ярата оладиган энг буюк донишмандларидан бири эди. Мустафо Камол Дарданелдаги Ғолибўлининг, Анадўлидаги Сақориёнинг паҳлавонидир. У ўлим ёқасига келиб қолган Туркияни бугунги бой, азиз, буюк ҳолатига олиб чиқди… Тўғри, Мустафо Камол шафқатсизларча қўзғолон ясади. Лекин у Исломга қарши эмас, ўзларини мусулмон, деб номлайдиган анавиларга қарши қўзғолон қилди. Ясама Халифаликни бекор қилиб, анави олимларнинг қўлларини ҳокимиятдан узди. Ҳукмлар тўпламини рад қилиб, тариқатчиликнинг заққум дарахтини томири билан қўпориб ташлади. У Ислом умматларига қарата, ўз ғамингизни ўзингиз енг, мен ўз ғамимни ўзим ейман, модомики, шу аҳволда турар экансизлар, сизлар билан алоқа боғлашдан мен учун ҳеч қандай яхшилик йўқ, деди… Ҳа, Мустафо Отатурк турклардан шаръий ҳукмларни суғуриб олди. Бу ишга ёлғиз унинг ўзи жавобгар эмас. Хоҳлаган пайтларида қандай хоҳласалар у ҳукмларни қайтариб олишлари мумкин. Лекин у уларга дунё умматлари орасидаги эркинликларини, мустақилликларини, етакчиликларини, буюкликларини қайтарди. Агар бу нарсалар қўлдан бой берилганида, уларни қайтариб олиш осон кечмаган бўларди. Бу ишларнинг бошида унинг ўзи ва ихлосли биродарлари туришди. Шаръий ҳукмларни Наполеон отининг туёғи остига отганлар ўз умматларига нима беришди? Уларнинг олимлари нима дейишди…?».

•          1926 йилда Али Абдурраззоқ Мисрда «Ислом ва усулул-ҳукм» номли бир китоб чиқарди. Унда илмонийликни ёқлаб, динни давлатдан ажратиш ва Исломда ҳукм низомлари йўқлиги ҳақида гапирган.

•          Мисрда Азҳар томонидан йиллик Исломий анжуман ўтказилиб, Исломий Хилофат масаласи кўриб чиқилишига даъват қилинди. Бу даъватнинг ортида ўзининг халифа бўлишга рағбати борлигини билдирган подшоҳ Фуод турди. Анжуман 1343 ҳижрийнинг ўн тўққизинчи шаъбонида, 1924 милодийнинг 25 мартида, яъни ўша машъум Хилофат парчалангани воқеасидан бир неча кун кейин ўтказилди. Унинг энг муҳим қарорлари қуйидагилар бўлди: Биринчидан: Туркия миллий мажлисии томонидан содир этилган бу ишнинг мусулмонларга олдин таниш бўлмаган бидъат эканлиги баён қилинди. Лекин ҳисобот Абдулмажиднинг бу тарздаги халифалиги шаръий эмаслиги, сиёсатдан четлатилганлиги учун унга байъат бериш тўғри бўлмаслиги, тўғри бўлган тақдирда ҳам Абдулмажид хилофатга эга бўлган киши учун шарт бўлган нуфуз ва кучга эга эмаслиги, шунга кўра, уни шаръан халифа қилиб белгилашдан кўзланган мақсад амалга ошмагани туфайли унга мусулмонларнинг байъат бериши лозим эмаслигидан ҳам огоҳлантириб ўтди. Ҳисобот «ўз юртида яшашга ҳам қодир бўлмаган киши учун мусулмонларнинг бўйинларида байъат мавжуд бўлиб қолиши Ислом ва мусулмонларнинг шарафига тўғри келмайди, деб ҳисоблади». Иккинчидан: Уммат олимлари иштирок этган анжуман шундай хулосага келди: «Камолчилар Туркияда Халифалик мансабини бекор қилганлари туфайли Ислом оламида бесаранжомлик юзага келди». Мусулмонлар Хилофат масаласида, ким халифа бўлиши мумкинлиги ҳақида пишиқ-пухта бир фикрни билдира олмаётганларининг сабаби ҳам мана шу бесаранжомлик, деб топдилар. Шунинг учун Азҳар анжумани кенгроқ кўламдаги бошқа бир анжуман ўтказишга чақирди. «Мана шу сабабларга кўра, биз Исломий Халифаликни кимга топшириш масаласини узил-кесил ҳал этиш учун Исломий Уммат вакиллари қатнашадиган бир диний Исломий анжуман ўтказиш лозим, деб биламиз. Бу анжуман Қоҳира шаҳрида, Миср диёрларининг шайхул-Исломи бошчилигида 1343 ҳижрийнинг шаъбон ойида, 1925 милодийнинг мартида, яъни биринчи анжумандан роппа-роса бир йилдан кейин ўтказилади».

Анжуман қатнашчилари тарқалишдан олдин ноисломий, кофир умматларга мана шундай оғир аҳволда мусулмонларнинг шароитларига «риоя қилиб», уларнинг ички ишларига аралашмаганлари учун миннатдорчилик билдириб қўйишни ҳам унутмадилар: «Ислом динидан бошқа диндаги умматларга ва уларнинг давлатларига Исломий Хилофат ишларига аралашмасликларини билдирганлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Улардан Хилофат масаласи соф Исломий масала бўлиб, ўз доирасидан ташқарига чиқмаслиги ва унинг ғамини ўз аҳлидан бошқаси емаслиги кераклиги ҳақида мулоҳаза қиладилар, деган умиддамиз».

1924 йилги биринчи анжумандан туғилган 1925 йилги иккинчи анжуман ўтказиладиган пайт яқинлашгач, ичкаридаги ихтилофлар юзага қалқиб чиқа бошлади. Ҳар бир қатнашувчи ўзи Халифа бўлишни даъво қила бошлади. Уни подшоҳ Фуод ҳам, Шариф Ҳусайн ҳам, подшоҳ Абдул-Азиз ибн Сауд ҳам талаб қилди. Бу ҳам етмагандек, Хилофатнинг шакли ва мазмуни ҳақида ҳам тортишувлар, уни ўзгартириш керакми, йўқми, деган гаплар бўлди. «Тоғ ҳомиладор бўлиб, сичқон туғди» (яъни улкан орзу-умидлар боғланган бу анжуман кутилган натижани бермади). Шу билан анжуман келгуси 1926 йилга қолдирилди. У ҳам ўз навбатида муаммони ҳал эта олмади.

•          Бадиуззамон Саид Нурсий (1876м-1960м) шайх Саид Бийронга 1925 йилда Хилофатни қайта тиклаш учун олиб борган урушида ёрдам беришдан бош тортди. Шайх Саид Бийроннинг вакили Ҳусайн Пошо уни Мустафо Камол Отатуркнинг илмоний сиёсатига қарши ва Хилофатни қайта тиклаб, шариатни татбиқ этиш учун кўтарилган қўзғолонда қатнашишга даъват қилиб келганида, уларнинг ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

Нурсий: Ким билан жанг қиласизлар?

Ҳусайн Пошо: Мустафо Камол билан.

Н: Мустафо Камолнинг қўшини кимлар?

Ҳ.П.: Улар қўшин-да!

Н: Унинг қўшини мана шу ватаннинг фарзандлари. Улар сенинг ва менинг қондошларим. Биз кимларни ўлдирамиз? Улар кимларни ўлдирадилар? Ўйлаб кўр… ва англа. Сен ака ўз укасини ўлдиришини (биродар ўз биродарини) ўлдиришини хоҳлаяпсан.

Кейин Нурсий шайх Саид Бийронга бир мактуб юборди. Мактубда шундай дейилган: «Сизлар қилаётган қўзғолон биродар ўз биродарини ўлдиришига ундайди ва ҳеч қандай натижа бермайди. Турк уммати Ислом байроғини юқори кўтарган. Ўз дини йўлида минглаб, балки миллионлаб шаҳидларни қурбон берган. Бундан ташқари, миллионлаб авлиёларни етиштириб чиқарган. Шунинг учун қилич Ислом учун ўз жонини қурбон қилган мана шундай қаҳрамонларнинг авлодига – турк умматига қарши кўтарилмайди. Мен ҳам уларга қарши қилич кўтармайман».

Айтиб ўтганларимиз Умматнинг ўша пайтда ўз йўлини йўқотиб қўйганидан, ўз муаммосини ҳал эта олмаганидан, яна ҳам тўғрироғи, улкан балога, фожиага йўлиққанидан айрим лавҳалардир.

Хилофат парчаланишидан олдинроқ Ислом Уммати гарчи ўз йўлини йўқотиб қўйган бўлса-да, барибир унинг орасида Халифалик мудофааси учун, ғалабаси учун ўз қалами ва қиличи билан курашган эр кишилар мавжуд эди.

Хилофатни қўллаганлардан бири шайх Муҳаммад Хизр Ҳусайн (1876м-1958м) эди. Унинг қалами ва тили Усмоний давлат тарафида турди. Охирги лаҳзага қадар содиқ қолди. Али Абдурраззоқ 1926 йилда «Ислом ва усулул-ҳукм» китобини чиқарган пайтида шайх бу китобнинг даъволари асоссиз эканини исботлаб, ўзининг «Ислом ва усулул-ҳукм китобининг инкори» номли китобини чиқарди.

Шундай эркаклардан яна бири шайх Мустафо Сабрий (1869м-1954м) эди. Усмоний давлатининг охирги муфтиси бўлган бу одам «Дин, Хилофат, Уммат отлиқ неъматни инкор қилувчиларга раддия» номли бир китоб чиқарди. Бу китоб Хилофат душманлари юзига айтилган рост, ҳақ сўз бўлиб, Отатуркнинг алдамчилигини, ифлослигини, шунингдек, давлатга қарши уюштирилган тил бириктирувларни фош қилди.

Бироқ, Отатурк ва унинг атрофидагиларга қарши қилич кўтариб, Хилофатни қайта тиклаш учун жанг қилган ва ҳақиқий олқишланишга, улуғланишга ҳақли бўлган қаҳрамон шайх Саид Бийрондир. (Оллоҳ Таоло у кишини раҳмат қилсин).

Шайх Саид Бийрон ибн шайх Маҳмуд ибн шайх Али 1865 милодийда Курдистоннинг Олазағ вилоятидаги Болу қазоси (қазо – уездга ўхшаш маъмурий бирлик. Сурияда «вилоят» маъносида қўлланади)да туғилган. Унинг бобоси шайх Али Болуда яшаган. Шунинг учун уни Болулик, дейдилар. Шайх Саид дастлабки таълимни отасидан ва отасининг айрим муридларидан олган. Ўқиш ва ёзишни ўрганганидан кейин фиқҳ, Исломий шариат ва тарихни ҳам ўрганган. Ўқишни тамомлагач, толиби илмларга дарс бериш шаҳодатномасини олган. Отаси вафотидан кейин раҳбарлик унинг қўлига ўтиб, Болудаги нақшбандия тариқатининг муршиди бўлган. Унинг муридлари ва тобелари сони ўн мингдан ортиб кетган. Улар орасида бир неча турклар бўлиб, қолганлари курдлар бўлган.

Саид ўша замон шайхларига ўхшаб тақлидчи бўлмаган. Балки етук мужаддид олим бўлиб, одамлар шайхлар ҳақида гапириб юрадиган хурофотларга ишонмаган. Қўлини ўптирмаган. Ўзига эгилишларига йўл қўймаган. Унинг ўтиришлари зиёлилар, олимлар ва шижоатли одамларга тўла бўлган. Одамлар орасида илм-маърифатни ёйишда жонбозлик кўрсатган. Шайх Саид 1908-1923 йиллар орасида курдлар жамиятлари ва ташкилотлари таъсис этилганидан бошлаб, сиёсий фаолият билан шуғулланган. У Бадархонбек, шайх Убайдуллоҳ Наҳрий каби улуғ оилалар ва бошқа замондош сиёсий раҳбарлар билан борди-келди қилиб турган.

Шайх Саид Бийрон номи билан танилган. Яъни, унинг нисбати Бийронга берилган. Бийрон Болуга яқин ерда жойлашган бир қишлоқдир. У билан Отатурк қўшинлари ўртасидаги биринчи тўқнашув ўша ерда юз берган.

1924 милодийнинг ноябри. Шайх Саид Бийроннинг ўғли бошқа курд саркардалари билан қўзғолонни уюштиришга узил-кесил келишиб олиш учун Диёрбакр орқали Ҳалабга борди. У ерда бир анжуман ўтказилди. Анжуманда курдларнинг Туркия, Ироқ ва Суриядаги бир неча етук шахслари қатнашди.

1924 йилнинг декабри. Туркия ҳукумати Холид Жабронлини ушлади. Шунингдек, «Озодий (истиқлол) жамияти» аъзолари Ҳожи Мусо ва Юсуф Зиёлар ҳам ҳибсга олиндилар. Курдлар бунга раддия тарзида «Курдистон мустақиллиги жамияти»га шайх Саид Бийронни раҳбар этиб тайинладилар. Шунингдек, Саид Бийрон бошчилигидаги курдлар қўзғолонини бошлаш вақти белгиланди. У курдларнинг миллий байрами «наврўз»га, 1925 йилнинг 21 мартига тўғри келди.

1925 йил 8 феврал. Шайх Саид жанг ҳаракатларини бошлади. У шарқий вилоятларни айланиб ўрганиб чиқди. Бу ўрганиб чиқиш чоғида Бийронда ҳам бўлиб, укаси Абдурраҳимни бориб кўрди. Шу пайтда мулозим Аввал Ҳусний Афанди бошчилигидаги Туркия ҳарбий кучлари бир неча курдларни ушлаш учун келишди. Лекин Бийрон курдлари уларни беришмади. Шу билан қуролли тўқнашув юз берди. Натижада бир неча турк аскари ўлдирилди. Айрим зобитлар асир олинди. Улар орасида Ҳусний Афанди ҳам бор эди.

1925 йил 11 феврал. Шайх Саиднинг яна бир туғишган укаси Тоҳир Бийрон Лижадан Сирдий қишлоғигача почтани эгаллаб, 200 жангчидан иборат отряд билан Кенжўга борди. Шайх Саидга ўзи қўлга киритган ҳужжат ва пулларни берди. Бу ҳодисалар шайх Саид Бийрон ҳаракатининг ҳақиқий бошланиши эди. Шу билан қўзғолон белгиланган вақтидан тақрибан 41 кун олдин бошланди.

1925 йил 14 феврал. Қўзғолончилар Кенжў муҳофазасини тўла эгаллаб олишди. Турк муҳофизи (муҳофаза бошлиғи) ва амалдорлари асирга олиндилар. Мудон қабиласининг бошлиғи Фиқҳ Ҳасан Кенжўга янги муҳофиз этиб тайинланди. Шайх Саид имзоси билан янги фавқулодда қонун чиқарилди. Унинг тақозосига кўра, Кенжў Курдистоннинг муваққат пойтахти бўлди. Диний ва фуқаролик салтанатлар шайх Саид қўлига ўтди. Ҳамма солиқлар ва асирлар Кенжўга юбориладиган бўлди. Қўзғолончилар оғир ушр солиғини бекор қилиш, бунинг ўрнига қўзғолончиларнинг таъминотини кўтариш ҳақида бир мурожаатнома тарқатдилар. Бу иш кенг омма томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

1925 йил 22 феврал. Туркия вазирлар кенгаши фавқулодда мажлис чақирди. Мажлис 22 феврал оқшомидан эртаси куни эрталабигача давом этди. Йиғинда бош штаб бошлиғи Фавзий Пошо қатнашди. Йиғин қўзғолон бўлаётган жойларда фавқулодда ҳолат эълон қилишга қарор қилди. Туркия қўшини қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлиши учун бу иш фавқулодда ҳолат қонунлари бўйича бир ой давомида ўтказиладиган бўлди.

1925 йил 25 феврал. Туркия парламентидаги умумий мажлис ватанга хиёнат қилиш ҳақидаги жиноят кодексининг 1-моддасига ўзгартиш киритди. 1923 йилнинг 15 апрелида чиқарилган 556-сонли бу қонунда шундай дейилган: «Диний асосларга қурилган сиёсий ташкилотларни, шунингдек, сиёсий мақсадларни амалга ошириш йўлида диндан фойдаланишни тақиқлаш. Шундай ишлар билан шуғулланганларни ёки шундай ташкилотларга аъзо бўлганларни хоинлар, деб ҳисоблаш».

1925 йил 28 феврал. Қўзғолон тез суръатлар билан ривожланиб борди. Ҳар томондан унинг атрофига минглаб жангчилар қўшилди. Лижа ва Хонийни эгаллади. Солиҳбек кучлари, Ҳожи Ҳасан, Умар Форуқ гуруҳлари, Жанубий Жабкажўрдаги Мистиён ва Бутони қабилалари ҳам унга қўшилишди. Диёрбакр атрофидаги шайх Шамсиддинга қарашли катта гуруҳ ҳам қўзғолон билан бирлашди. Курд гуруҳларининг сони 20 минг жангчига етиб, Туркия ҳукуматини саросимага солиб қўйди, унинг қўмондонликлари орасида қўрқувни пайдо қилди.

1925 йил 2 март. Анқарадаги Фатҳийбек ҳукумати истеъфо берди. Бевосита эртаси куниёқ янги ҳукуматга Исмат пошо бошлиқ бўлди. У Туркия буюк миллат мажлисига ҳавола қилган ўз программасида норозилик кайфиятларини қўзғайдиганларни йўқ қилиш ва юртда тинчлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу программа бўйича ҳукумат шайх Саид қўзғолонини бостириш учун ҳарбий тадбирлар ишлаб чиқди.

1925 йил 4 март. Миллат мажлиси режимни муҳофаза этиш ҳақида 578-сонли махсус қонун қабул қилди. Бу қонун халқ ҳаракатлари ва ҳар қандай қарши ҳаракат билан жанг олиб бораётган ҳукуматга кенг ваколатлар берди. Фавқулодда ҳолатга доир барча чораларни қўллашга рухсат этилди. Шунингдек, миллат мажлиси истиқлолни сақлаб қолиш учун икки маҳкамани ташкил қилиш ҳақида ҳам қарор қабул қилди: улардан бири Туркия учун умумий бўлиб, унинг доимий қароргоҳи Анқара бўлди. Бу маҳкама чекланган ваколатларга эга эди. (Масалан, ўлим жазоси тайинлаши учун Туркия миллат мажлисининг рухсатини олиши керак эди). Иккинчи маҳкама шарқий вилоятларда жойлашган бўлиб, мутлақ – чекланмаган ваколатларга эга эди.

1925 йил 11 март. Шайх Саид Диёрбакрга ҳамма томондан ҳужум қилиш ҳақида буйруқ берди. Лекин сон ва тайёргарлик жиҳатидан устун бўлган Туркия кучлари вазиятни қўлга олдилар. Шу билан шайх Саид Дархонийга чекиниш ҳақида фармон берди.

1925 йил март ойининг охирлари ва апрелнинг боши. Ҳукумат кучлари қўзғолончилар минтақасига бир вақтнинг ўзида шимолдан, жанубдан ва жануби-шарқдан ҳужум уюштирди. Туркия кучларига генерал Камолиддин Сомий Пошо қўмондонлик қиларди. Қўзғолончилар чекинишдан бошқа илож тополмадилар. Апрелнинг бошида Болуга йўналдилар. Айни пайтда Туркия кучлари бир баёнот чиқариб, унда шайх Саидни тирик тутиб келганга минг олтин лира, ўлигини олиб келганга эса етти юз олтин лира ваъда қилишди. Шу билан жанг оқими Туркия кучларининг фойдасига оға бошлади. Қўзғолон эса мағлубият сари бурилди.

1925 йил 6 апрел. Шайх Саид 300 отлиқ ҳамроҳлигида Солиҳон сари чекинишга мажбур бўлди.

1925 йил апрелнинг ўрталари. Қўзғолоннинг асосий кучлари қамал қилинди ва Кенжў водийсида тор-мор этилди. Унинг қўмондонлари шайх Саид, шайх Али, шайх Ғолиб, Рашид Оға, Муҳаммад Оға, Темур Оғалар ушланди. Шу билан шайх Саид қўзғолони бостирилди.

1925 йил 13 апрел. Саййид Абдулқодир, унинг ўғли Саййид Муҳаммад, Кўр Абдуллоҳ Саъдий ва Ҳушинон қабилаларининг раҳбарлари қамоққа олиндилар.

1925 йил 14 май. Шайх Саид қўзғолонида иштирок этган кўп сонли қўзғолончилар суд қилина бошладилар. 27 майда улардан бир нечаларига ўлим жазоси, қолганларига қамоқ жазоси белгиланди.

1925 йил 29 май. Шайх Саиднинг суди бошланди ва бир ой давом этди. Айбланувчилар камерасида у билан бирга шайх Абдуллоҳ, шайх Исмоил, шайх Абдуллатиф, майор Қосим Исмоил, Ҳожи Холид Абдулҳамид, Шаркасий Рашид ва бир неча қўзғолон раҳбарлари бор эди.

1925 йил 29 июн. Шайх Саид ва унинг дўстлари устидан осиб ўлдириш ҳукми чиқарилди.

1925 йил 30 июн. Шайх Саид ва унинг шерикларини осиб ўлдириш ҳақидаги ҳукм Диёрбакр шаҳридаги катта масжид саҳнисида ижро этилди. Шайх дор арқони олдида туриб шундай деди: «Табиий ҳаёт охирига қараб бормоқда. Ўз жонимни Оллоҳнинг йўлида қурбон қилаётганимдан ҳечам афсусланмайман. Биз хурсандмиз. Негаки, бизнинг авлод душманлар олдида ҳеч қачон биз туфайли уялиб қолмайдилар».

Қўзғолоннинг ҳақиқий сабаблари

Деярли барча тарихий манбалар воқеани бундай шарҳлайди: «1924 йилнинг кузида «Курдистон миллий озодлик жамияти»нинг айрим раҳбарлари қамоққа олингач, шайх Саид жамиятга раҳбар этиб тайинланди. Жамият 1924 йилнинг ноябрида Ҳалабда бир анжуман ўтказди. Анжуманда Туркия ва Суриядаги аксар курд қўмондонлари билан бирга шайхнинг ўғли Али Ризо отасидан вакил бўлиб қатнашди. Қатнашчилар курдларнинг миллий ҳуқуқларига эришиш ва Отатуркнинг миллатчилик сиёсатига қарши чиқиш учун курдларнинг миллий байрами «Наврўз» куни 1925 йилнинг 21 мартида бир қўзғолон кўтаришга қарор қилдилар».

Бу воқеа шайх Саид Бийроннинг қўзғолони хусусида айрим иштибоҳларни пайдо қилади. Чунки айрим одамлар қўзғолон курдларнинг миллий ҳуқуқлари учун бўлган экан-да, деган ўйга борадилар. Камолчилар ҳукумати ҳам худди шу даъвони қилган. Айрим Курдистон миллий ҳаракатлари ҳам шу вақтга қадар шу даъвода бўлиб келганлар. Негаки, бу қўзғолонни озодлик ҳаракатига ва Курдистон тараққиёти ва юксалиши жамиятига мансуб, деб билганлар. Айрим шарқшунослар ҳам ўзларининг қўзғолон ҳақидаги тарихий китобларида худди шу нарсани асос қилиб олишган.

Қўзғолон курдларнинг миллий ҳаракати билан бўлди, деган гаплар тарқалди. Лекин охирги йилларда очилган ҳужжатлар унинг Исломий бўлганлигини, Хилофатни қайта тиклаш ва шариатни татбиқ этиш учун юз берганлигини исботлайди. Зеро, Туркия ҳукумати қўзғолон бўлганидан бошлаб 1977 йилга қадар шайх Саид Бийрон ҳаракатига оид ҳужжатларни сир сақлаб келди. Саксонинчи ва тўқсонинчи йилларга келиб, қўзғолоннинг моҳияти ва ғояларини очиб берувчи тадқиқотлар олиб борилди.

Ҳужжатларга қараганда, шайх Саид Бийрон билан курд озодлик ҳаракати ўртасида мунтазам алоқа бўлмаган. Негаки, озодлик ҳаракатининг раҳбари Холидбек Жабронли ҳамидийя-алавийя раҳбарларидан, Исломий жомеа даъватчиларидан, султон Абдулҳамид яқинларидан бири ва шайх Саид Бийроннинг тенгдоши бўлган. Шайх Саиддан Холид Жабронли ва унинг шериклари устидан бўлаётган судда қатнашиш сўралган эди. Бироқ камолчи режими уни айблаб, суд қилмоқчи бўлаётгани ва унинг қамоққа олиниши мумкинлиги аён бўлиб қолди. Шунинг учун қарши чиқишга, қўзғолон кўтаришга қарор қилди. Курд қабилаларининг шайхларини қўзғолонга тайёрлаб, курдларнинг машҳур шахсларига мактублар, элчилар юборди, ўзи ҳам ўзаро низоларни даф қилиш ва сафларни жипслаштириш учун атрофни айланиб чиқди.

Шайх қўзғолонни етарлича тайёргарлик кўрмай туриб, эртароқ бошлашга мажбур бўлди. «Озодий» ташкилотининг раҳбарлари қамоққа олингач, одамлар ундаги билимдонлик, ҳалоллик ва донишмандликни кўриб, уни раҳбар этиб сайлашди.

Шундай қилиб, шайх Саид Бийрон бошчилигидаги қўзғолончилар камолчилар ҳокимиятига қарши қўзғолон кўтаришди. Қўзғолоннинг мақсади соф Исломий эди. Шайх ўз ҳаракатини Оллоҳнинг номи билан эълон қилиб, Пайғамбар Aнинг байроғидек яшил байроқ кўтарди. Шиори: «Яшасин Хилофат, қуласин жумҳурият», бўлди. Ўзи мужоҳидлар ходими, деган лақабни олди.

Туркия ҳарбий бош штаби кенгаши бир махфий йиғиннинг ҳужжатини нашр қилди. Унда ҳужжатлар ва гувоҳлар орқали шайх Саиднинг қўзғолони Хилофатни қайта тиклаш ва шариатни татбиқ этиш йўлида қилинган соф Исломий қўзғолон эканлиги баён қилинган. 1845-сонли бу қарор барча тегишли идораларга тарқатилган.

Лекин камолчи ҳукумат бу ҳаракатни бузиб кўрсатиб, уни миллатчилик, деб тавсифлаган-да, миллий ҳаракат етакчиларини шайх Саид ва унинг шериклари билан бирга суд қилган. Бундан мақсад турк миллатчиларида турончилик туйғусини қўзғаш ҳамда Туркия ва жаҳоннинг бошқа жойларидаги мусулмонларнинг қўзғолон кўтаришига йўл қўймаслик бўлган. Бундан ташқари, ҳукумат қўзғолонни чет эл билан алоқаси бўлганликда айблаган. Ҳолбуки, инглизлар ва французлар қўзғолонни бостиришда камолчи ҳукуматга ёрдам берганлар. Камолчи ҳукумат қўзғолончиларнинг турар жойларини ўққа тутишда инглизларнинг замбаракларидан фойдаланган. Шунингдек, Туркия ҳукумати 1925 йил март ойининг бошида Франция ҳукуматидан кунига 20 ва ҳатто 25 минг қуролли аскарлар бўлган тўрт поезднинг ҳарбий операциялар ўтказиладиган майдонга Бағдод темир йўли орқали ўтишига рухсат сўраган. 1925 йил май ойининг охирида Туркия ҳукумати Франция ҳукуматидан яна бир марта Сурия орқали Бағдод темир йўли билан ёрдамчи кучларнинг ўтишига рухсат беришини сўраган.

Қўзғолоннинг Исломий бўлганини, Хилофат учун уюштирилганини таъкидлайдиган яна бир факт шундан иборатки, 1925 йилнинг 25 февралида бўлиб ўтган Туркия парламентидаги умумий мажлис ватанга хиёнат қилиш ҳақидаги жиноят кодексининг 1-моддасига ўзгартиш киритди. 1923 йилнинг 15 апрелида чиқарилган 556-сонли бу қонунда шундай дейилган: «Диний асосларга қурилган сиёсий ташкилотларни, шунингдек, сиёсий мақсадларни амалга ошириш йўлида диндан фойдаланишни тақиқлаш. Шундай ишлар билан шуғулланганларни ёки шундай ташкилотларга аъзо бўлганларни хоинлар, деб ҳисоблаш». Бу нарса камолчи ҳукуматнинг ўзи қўзғолоннинг Исломийлигини эътироф этаётганини кўрсатади. Шунинг учун ҳам қонун шароитга қараб ўзгартирилган.

Шайх Саиднинг суд қилиниши пайтидаги ҳужжатлар ҳам қўзғолоннинг Хилофатни қайта тиклаш ва шариатни татбиқ этиш учун бўлганини таъкидлайди. Судя уни ҳаракатга ундаган нарса миллатчилик бўлган, деб айблаган. Шунда у бундай деган: «Оллоҳ Шоҳид, қўзғолон курд сиёсатчиларининг (яъни, миллатчиларнинг) иши ҳам, ажнабийлар аралашувининг натижаси ҳам эмас».

Судянинг саволи: Сиз халифа бўлишни хоҳлайсизми?

Шайхнинг жавоби: Халифанинг бўлиши дин қоидалари татбиқ этилишининг асосий кафолатидир. Бу иш шаръан талаб қилинган ишдир.

Савол: Исён эълон қилишинглар сизларнинг мамлакатда шариат тўла татбиқ этилмаётганига тўла ишонч ҳосил қилганингларни англатадими?

Жавоб: Китоб (яъни, Қуръон) шуни таъкидлайдики, юқорида айтиб ўтилган ўринларда ҳокимга қарши чиқилади. Шариатни татбиқ этиш қотиллик, зино, маст қилувчи ичимликлар кабиларни тақиқлаш демакдир… Оллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ҳаммамиз мусулмонлармиз. Бизнинг эътиқодимизга кўра, курд билан туркни ажратиш дуруст эмас. Ҳозирги пайтда бундай ишлар тарк қилинган. Биз мана шу ишончдан келиб чиқиб, Қуръони Каримга асосланиб, иш бошладик. (Ал-ваъй журналидан).

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here