Бишкек ҳавоси энг ифлосланган шаҳар деб топилди

594
0

Бишкек ҳавоси энг ифлосланган шаҳар деб топилди

 Қирғизистон пойтахти Бишкек ҳавоси ифлосланганлиги бўйича дунёда 1-ўринни эгаллади. Бундан World Air Quality (“Дунё ҳавоси сифати”) халқаро ташкилоти сайтида эълон қилинган тадқиқот натижалари дарак бермоқда.     

 Ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида 2-ўринни Кобул (Афғонистон), 3-ўринни эса Даққа (Бангладеш) эгалламоқда.

 Бишкек ушбу рўйхатда охирги ҳафта ичида иккинчи марта 1-ўринни эгалламоқда. Бунгача Қирғизистон пойтахти 2- ва 3-ўринларни эгаллаган.  

 Бишкекда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият охирги 3 йил ичида кескинлаша бошлаган. Мутахассислар бунга бир неча сабабни келтиришмоқда: биринчидан, Бишкек иссиқлик электр станциясининг сифатсиз реконструкция қилиниши; иккинчидан, шаҳарда шамоллар айланишини ҳисобга олмаган ҳолда кўп қаватли уйларнинг бетартиб қурилиши; учинчидан, автомобилларнинг кўплиги.  

 Баъзи жамоат ташкилотлари ҳаво ифлосланиши сабабли Бишкекда фавқулодда вазият режими киритишни талаб қилишмоқда.

 Изоҳ: Италиянинг Renco компанияси томонидан Арманистон пойтахти Ереванда 250 МВт қувватга эга, газда ишловчи комбинациялашган циклга эга янги ИЭС қуриш – эскисини модернизация ёки таъмирлаш эмас, балки нолдан янгисини барпо этиш – 285 миллион долларга баҳоланиб, фойдаланишга топширилди.

 Бизда эса Бишкек ИЭС реконструкция қилиш 386 миллион долларга тушди. Хитойнинг ТВЕА компанияси томонидан Бишкек ИЭС реконструкцияси бўйича текширув олиб борилганда Хитой компанияси сотиб олинган буюмларни ўта қиммат кўрсатгани аниқланди (бир дона омбир 600 долларга баҳоланган). Чунки, тузилган шартомада қирғиз ҳукумати хитойлик компаниянинг маблағни қандай сарфлашини назорат қилмаслиги белгилаб қўйилган эди. Натижада 250 млн. долларлик иш 386 миллион долларга айланди. Хитойнинг “Эксимбанк”идан олинган қарз 2033-йилга қадар 480 миллион доллар қилиб қайтарилиши керак. Аммо ушбу реконструкция ҳам ўзини оқламади. Фойдланишга топширилган йилиёқ ИЭСда авария содир бўлиб, Бишкек аҳолиси қаҳратон қишда иссиқликсиз қолган эди. Бу иш ортидан бир қатор амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилди, аммо, халқ зиммасидаги қарз камайиб қолмади.

 Бундан ташқари, шунча маблағ эвазига реконструкция қилинган ИЭС аввал кўмир ва мазут билан қандай ишлатилган бўлса яна шундайлигича қолди. Уни газ ёки бошқа экологик жиҳатдан зарари кам бўлган ёқилғи турларидан фойдаланиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрилмади. Натижада Бишкек ҳавоси ифлосланган шаҳарлар бўйича дунёда 1-ўринни эгаллади. Мутахассислар томонидан олиб борилган кўплаб тадқиқотлар натижасига кўра, инсоннинг қониқарсиз сифатга эга ҳаводан нафас олиши юрак-қон томир тизими ва нафас олиш органларининг бир қатор касалликларини келтириб чиқаради. Шунингдек, аҳолининг нисбатан заиф гуруҳига саломатлиги кучсизланган инсонлар, болалар ва катта ёшли кишилар тааллуқлидир. Аниқланишича, нафас олинувчи ҳаводаги заҳарли моддаларнинг таъсири анча кенг ва у асаб тизимида ҳам ўз изларини қолдиради… Расмий ҳукумат оддий халқ зиммасига улкан қарзларни юклагани етмаганидек, халқ,  келажак авлод соғлигини ҳам хатар остида қўймоқда. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here