Россия элчиси Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом берилиши юзасидан ўз мулоҳазасини билдирди

754
0

Россия элчиси Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом берилиши юзасидан ўз мулоҳазасини билдирди

 Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақоми берилиши учун жамият пишиб-етилиши керак, деган фикрда. Бу мулоҳазани россиялик дипломат куни кеча Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

 “Бу масала бўйича бир нарса дейиш қийин. Ахир бу каби масалалар жамиятда янги бўлиниш ҳадлари пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. Биласизми, барибир, бунинг учун жамият пишиб етилиши керакка ўхшайди. Айниқса ҳозирги вазиятда”, дея иқтибос келтирган элчи В. Тюрденев сўзларидан Podrobno.uz нашри.

 Ўз сўзида Россия элчиси Ўзбекистонда рус тилини ўрганишга қизиқиш тобора ошиб бораётганини қайд этган. Бу жиҳатдан, Тюрденевга кўра, жорий йилда рус тилида таълим олиш сифатини яхшилашга қаратилган “Класс” лойиҳасининг ишга туширилгани жуда вақтида амалга оширилган иш бўлган. Мазкур лойиҳа миллиардер Алишер Усмоновнинг молиявий кўмаги билан Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

 Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини бериш масаласи президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бери кўтарила бошлаган. Хусусан, 2019 йили Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида 20 га яқин ўзбекистонлик русийзабон зиëли рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиққан эди. Таклиф жамоатчилик орасида салбий қаршилангани ортидан улардан айримлари ўз имзосини қайтариб олган.

Жорий йилнинг 14 майида ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили мақоми борасида баёнот билан чиққани интернетнинг ўзбек сегментида қизғин баҳс-мунозара мавзусига айланган.

Ўшанда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини танқид ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган эди:

 “Биз мазкур қонун лойиҳаси юзасидан матбуотда бошланган баҳс-мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай тасаввур пайдо бўладики, қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил қилмоқда. Кўпчилик шарҳлар рус тилининг расмий доирада тўлиқ равишда қўлланилиши тарафдорлари кўп эканидан гувоҳлик бермоқда. Бу икки томонлама муносабатларнинг тарихий ва замонавий руҳига мос келади. Энг муҳими бу Ўзбекистон фуқароларининг манфаатига ҳам мос келади”, – деган Захарова.

 Изоҳ: Тил ва алифбо сақофий мустамлака қилишнинг асосий қуроли ҳисобланади. Шу сабабли ҳам мустамлакачи давлатлар босиб олган ерида биринчи навбатда алифбони ўзгартириб, ўз алифбосини жорий этади ва босқинчи давлат тилни расмий тил қилиб белгилайди. Алифбо ўзгариши орқали маҳаллий аҳоли ўз ўтмиши ва тарихидан жудо бўлади. Мустабид СССР ҳам Марказий Осиёни мустамлака қилганидан сўнг маҳаллий аҳоли минг йиллар давомида қўлланиб келган араб алифбосини бекор қилди. 1926 йили Бакуда ўтган туркийлар съездида СССР таркибидаги барча туркий хақларини янги лотин – яналиф алифбосига ўтказиш қарори тасдиқланди.1929 йилнинг майида лотин асосидаги янги ўзбек алифбоси ишлаб чиқилди. Лекин унинг умри қисқа бўлди. 1940 йили янги имло сифатида 35та ҳарфдан иборат охирги кириллча алифбо тасдиқланди. Янги кирилл алифбосидан савод чиқарган мусулмонлар ўз тарихларидан узиб ташланди. Янги алифбо ва тилни билмаганлар “саводсиз”га чиқарилди.

 Ўзбекистон “мустақил” бўлганидан сўнг  1993 йилнинг 2 сентябрь куни  “Лотин жадвалига асосланган Ўзбек алифбосини киритиш” ҳақидаги қонун қабул қилинди. Каримов бу орқали босқинчи коммунистлар сақофати ва рус таъсири йўқ қилмоқчи бўлди. Чунки у ўз табиатидаги қўрқоқлик сабабли ўз ҳокимиятига таҳдид сифатида кўрган барча нарсани йўқ қилиш йўлидан борди.

 Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач Россияга, хусусан, Путинга ёқиш учун Каримов даврида олиб ташланган коммунист етакчилари, зиёлилари ва қаҳрамонларининг хайкалларини қайта тиклади, 9-май ғалаба куни сифатида нишонланиб, мамлакат бўйлаб ҳарбий парадлар ташкил этиладиган бўлди. Ҳатто, Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган 24 нафар рус босқинчи аскарлари хотирасига бағишланган бутхона  қайта тамирланди. Энди эса рус тилига расмий мақом бериш масаласи кўтарила бошланди…

 Россия эса жарлик томон кулаб боряпти. У ўзи билан барча сақофий, ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий мустамлакаларини қўшиб тортиб кетиши мумкин. Мустамлаканинг бу тўртала тури ҳам, аввал сақофий мустамлака ўрнатиш ортидан кириб боради. Шунингдек, бу мустамлакаларнинг барчасидан қутулишда ҳам, мустамлакачининг сақофий таъсири остидан чиқиб олиш асосий ва муҳим ўринни эгаллайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here