Масолиҳ мурсала

582
0

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Масолиҳ мурсала

Масолиҳ  “المصالح” луғатда, “مصلحة”(маслаҳа – фойдали иш) сўзининг кўплиги. Мурсала “المرسلة” эса, бўш қўйиб юборилган, боғланган жойидан узилган деган маънони англатади.

Баъзи мужтаҳидлар: шариат ҳамма яхшиликларни юзага чиқариш, бузуқ ишларни йўқотишни талаб қилиб келган, яъни яхшилик бўлса уни шариат амалга ошишини, бузуқлик бўлса, йўқ бўлишини мақсад қилади. Шаръий асосий мақсадлар бешта зарурий арконлар бўлиб, улар қуйдагилардан иборат – динни асраш, нафс(жон)ни асраш, ақлни асраш, наслни асраш ва молни асрашдир. Яхшиликларни хос далиллар билан фарз-вожиб, суннат қилиб амалга ошишига ҳамда бузукликларини макруҳ ёки ҳаром қилиб, ундай ишлар жамиятдан тозаланишига далил келтирган. Баъзи фойдали ишларни юзага чиқариш ёки баъзи бузуқ амалларни тухтатиш керакки, улар шариатнинг мазкур беш мақсадларини амалга оширишга хизмат қилсин. Аммо уларга шаръий нусусларда хос далил келмаган. Лекин мужтаҳид умумий далиллар асосида уларни ақлан тушуниши мумкин. Хос далил келмаган шу каби фойдали ишларни – “масолиҳ мурсала” – деб номлашдилар.

Масолиҳ мурсала (бўш қўйиб юборилган фойдали иш)га бундай таъриф беришган: – У эътибор берилиш (вожиб, суннат) ёки бекор қилиниш (ҳаром, макруҳ)га бирор хос далил (яъни оят ёки ҳадис) орқали гувоҳлик берилмаган маслаҳа (манфаат)дир. Бу маслаҳани олишда – у нусусда келмаганлиги боис – қийинчиликни даф қилиш мақсадидагина олиниши шарт қилинади.

Улар бир киши бировга мол берган бўлса-ю, кейин уни исботлашдан ожиз бўлса, Росулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйидаги сўзларига кўра, даъво қилинаётган киши (яъни молни инкор қилаётган киши)дан қасам ичиш талаб қилиниш ишини бунга мисол қилиб келтиришади:

«الْبَيِّنَةُ عَلَى مَنِ الدَّعَى وَالْيَمِينُ عَلِى مَنْ أَنْكَرَ»

«Даъвогар ҳужжат келтирсин, инкор қилувчи қасам ичсин» (Термизий: Ибн Аббосдан ҳасан саҳиҳ, деди. Бу Ҳадисга Росулуллоҳ (с.а.в)нинг аҳли илм бўлган саҳобалари ва бошқалар амал қилдилар. Бухорий ва Ибн Можа эса, Ҳадисни «إِنَّ الْبَيِّنَةَ عَلَى مَنِ الدَّعَى وَالْيَمِينُ عَلِى مَنْ أَنْكَرَ» муаллақ (ровийларини тўла келтирмасдан) ривоят қилишди). Аммо улар инкор қилувчи киши билан даъвогар ўртасида алоқа бўлган тақдирдагина инкор қилувчи киши қасам ичиши вожиб, дейишади. Бундай дейишлардан мақсад, нодон-муттаҳам кимсалар ҳалол-пок кишиларни ёлғон даъволар билан маҳкамага судрамасликларидир.

Масолиҳ мурсаланинг таърифидан у далил эмаслиги очиқ кўриниб турибди. Нусусга хилоф ўлароқ, унга амал қилиш эса, ботил ишдир. Бундай қилиб бўлмайди. Бу фикримизга қуйидагилар далил бўлади:

وَمَا اخْتَلَفْتُمْ فِيهِ مِنْ شَيْءٍ فَحُكْمُهُ إِلَى اللَّهِ

– „Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир“.[42:10]

فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ

– „Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз “. [4-59]

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي

– „Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим“. [5:3]

أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَنْ يُتْرَكَ سُدًى

– „Инсон бекор ташлаб қўйилишини (тамаъ) умид қилурми“. [75:36]

Ҳар бир нарса баён қилиб берилган. Шундай экан, қандай қилиб шариатда – эътибор берилмаган ёки бекор ташлаб қўйилган нарсалар ҳам бор – дейиш мумкин.

2. Маслаҳа(манфаат)ни белгилаб берувчи шариат. Демак, бир нарсани – ақлан -фойдали, солиҳ амал деб билиш (яъни масолиҳ мурсала ҳукми) шариат белгилаб бермаган манфаат устига қурилган ҳукм бўлади. Шунинг учун у ҳужжат эмас.

3. Ҳукмни шариат белгиламаган манфаат устига қуриш фақат ақлни ҳакам қилиб олиш, демакдир. Бу эса, мумкин эмасдир.

Шуни ҳам айтиш жоизки, мужтаҳидлар тарафидан қабул қилинган, юқорида айтиб ўтилган далиллардан ишлаб чиқилган аҳкомлар ҳам шаръий аҳком, деб эътибор қилинади. Чунки улар қатъий бўлмасада, далил (“شبهة الدليل” шибҳи далил)га асосоланган.

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here