Жорий йилнинг 11 ойида Россиядан 211 ўзбекнинг жасади олиб келинди
Жорий йилнинг январидан ноябрь ойигача ўтган муддатда Россиядан 211 нафар ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади олиб келинди.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилди.
“2020 йилда чет элдан салкам 211 кишининг жасади давлат ҳисобидан олиб келиниб, жанозалари ўтказилди. Дафн маросимлари ташкил қилиниб, оилаларига моддий ёрдам берилди”, -деб иқтибос келтирди вазир ўринбосари сўзларидан “Дарё” нашри.
Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар асосан бахтсиз ходисалар, жумладан, ёнғинлар, қурилишларда меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаётгани ва миллатчилар ҳуружлари оқибатида ҳалок бўлишади.
Маълумки, Ўзбекистонда чуқур илдиз отган ишсизлик, коррупция ва таниш-билишчилик иллатлари оқибатида ҳар йили миллионлаб одамлар чет ўлкаларга, хусусан Россияга иш излаб чиқиб кетишга мажбур бўладилар. Расмий ҳукумат ўз фуқароларини юртларида иш билан банд қилишни уддасидан чиқа олмагани етмаганидек, уларни чет ўлкаларда ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида етарли чора кўрмайди. Натижасида оддий инсоний ҳуқулардан ҳам маҳрум бўлган ўзбекистонликлар ўз оёқлари билан тарк этган ватанларига темир тобут – юк-200да қайтиб келмоқда.
Ўзини ислохатчи сифатида тақдим қилишга интилаётган Мирзиёев томонидан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қабул қилинаётган қарорлар –худди Ўзбекистон ичида бўлгани каби – қоғозда қолиб кетмоқда. Россия ва бошқа давлатларда фақат номигагина фаолият олиб бораётган Ўзбекистон элчихоналари мамлакат ичкарисида бўлгани каби халқдан узилиб қолган. Ўзбекистон ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам оддий халқ дарди ва муаммоси билан қизиқадиган бирорта амалдор қолмади.
Абдураҳмон Одилов