Қирғизистонда собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳибсга олинди

442
0

Қирғизистонда собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳибсга олинди

Бишкекдаги Биринчи май туман суди 17 сентябрь куни собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаевни 15 ноябргача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Чўлпўнбаев Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати томонидан 15 сентябрь куни қўлга олинганди. У ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Молия полицияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбарлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, консультация хизмати олиш учун ўзини оқламаган шартнома тузганлик, бунинг ортидан давлат бюджетига 9 миллион сўмга яқин (тақрибан 115 минг АҚШ доллари) зарар келтирганликда гумонланаётганини маълум қилган.

Космосбек Чўлпўнбаев соғлиқни сақлаш вазири лавозимида 2018 йил 20 апрелидан 2020 йил 1 апрелигача ишлаган.

Шу йил июлида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати Қирғизистонда коронавирус ёйилишининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар юзасидан текширув бошлаган пайтда К. Чўлпўнбаев сўроққа чақирилган.

31 март куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши мажлисида президент С. Жээнбеков коронавирус кириб келишининг олдини олиш бўйича ишни кўнгилдагидек бажармагани учун COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика штаби ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини танқид қилган. Шундан сўнг Хавфсизлик кенгаши тавсиясига биноан бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаев ишдан олинган.

Изоҳ: Космосбек Чолпонбаев суд ҳукми билан икки ойга қамоққа олинди.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, бошқа вазирликлар сингари коррупция ва хиёнатга ботиб қолган. У тизимларда ким ишлашидан қатъий назар, тармоқларнинг барчаси мутлақ бузуқ механизмлар таъсири остида қолган.

Президент ва ҳукумат бир қанча собиқ амалдорларни қамаш билан бошқарувдаги бузуқ механизмни сақлаб, уни оқламоқчи бўлишади. Лекин янги келганлари ҳам, кўп ўтмай аввалгилар юрган йўлдан юриб, жиноят йўлига тушиб қолишади. Чунки ҳар бир вазирлик ёки бирор мамлакат тармоғидаги коррупциявий жиноят ҳокимиятнинг таъсири, қўллови ёки шерикчилиги остида амалга ошади.

Шунинг учун собиқ амалдорлар ўзлаштириб олган пуллар ортга қайтарилмайди. Чунки ҳар бир коррупциявий жиноий ишлари ортидан ўзлаштирилган пуллар, бошқарув системасига кўра шу ишга алоқадор амалдорлар ёки ишни юқоридан назорат қилиб қўллаб турган амалдорлар билан баҳам кўрилади. Лекин жиноят ўша тармоқни етаклаб келаётган амалдор имзоси билан амалга оширилгани боис, ишни ўша амалдорни жиноий жавобгарликка тортиш билан тўхтатишга ҳаракат қилишади.

Коррупция – жамоий жиноий жавобгарлик бўлиб, у ҳокимиятга алоқадор уюшган тўдалар томонидан амалга ошган жиноятларга айтилади. Ҳеч қайси амалдор ортида давлат раҳбарлари ёки бошқа кучлироқ қувватлар турмаса, амалдор мансабидан фойдаланиб ўз ҳолича юзлаб миллион долларлик жиноятларга қўл ура олмайди.

Биродарлар, қачонгача булар бизнинг мол мулкларимизни талон-тарож қилишади. Жиноятчиларни ўзлари қўлга олгунларича уларни жиноятларига сукут қилишади, шерик бўлиб мансабларидан суистеъмол қилишади. Қачонгача бизни алдаб, коррупцияга ботиб бўлган бошқарув системаларини оқлаш мақсадида  заифларини жиноий жавобгарликка тортиб кучлилари яна қонимизни сўришда давом этишади! Бутун бошқарув тизми, системани жавобга тортиш вақти келмадими?!

Абдураззоқ Мўъмин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here