Афғонистон ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга ташриф буюради
2020 йилнинг 28-29 август кунлари Афғонистон республикаси ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюради.
ТИВ хабарига кўра, ташриф дастурида Ҳукумат, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларида ҳамда бошқа идораларда учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, бўлажак музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Маълумки, Ўзбекистоннинг Афғонистон инфраструктурасига қўшган ҳиссаси бошқа қўшни давлатларга нисбатан салмоқлироқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча республикалар билан умумий чегарага эга ягона давлат. Бу ҳам АҚШнинг Марказий Осиёни Россия таъсири остидан узоқлаштиришда, Афғонистон орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш орқали минтақани Россияга муқобил бўлган транзит йўл билан таъминлашда муҳум ўрин эгаллайди. Шу мақсадда “Термиз-Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўли қурилди. Табиийки, АҚШ бу мақсадига эришиши учун Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши зарур. Шу сабабли ҳам Америка “Толибон” билан тинчлик музокараларига киришди ва Ўзбекистонни воситачи ўлароқ танлади. Шу сабабли ҳам афғон расмийлари ва АҚШ вакиллари Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолишди. Жорий йил июн ойи охирида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Покистон, Қатар ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Афғонистондаги тинчлик жараёнини муҳокама қилганди.
Абдураҳмон Одилов