ОТБ Қирғизистонга коронавирусга қарши курашга 50 млн доллар ажратади

542
0

ОТБ Қирғизистонга коронавирусга қарши курашга 50 млн доллар ажратади

 Ушбу маблағлар республикага “Фаол муносабат ва сарф-харажатларни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида келиб тушади.  

 Осиё тараққиёт банкининг расмий хабарида маълум қилинишича, молиявий ёрдамнинг катта қисми Қирғизистон ҳукумати пандемия оқибатларини енгиллаштириш учун қабул қилаётган энг муҳим чораларга йўналтирилади. Бундай чоралар сирасига аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантириш киради.

 Ёрдам пакети ОТБнинг 25 млн долларлик имтиёзли кредити ва Осиё тараққиёт жамғармасининг 25 млн долларлик грантини ўз ичига олади.

 Апрелда ОТБ Қирғизистонга 200 минг доллар миқдорида фавқулодда тиббий ёрдам ажратган. Ушбу пуллар ЮНИСЕФ линияси бўйича дори-дармон ва тиббий қурилмалар харид қилиш учун сарфланган.

 Изоҳ: Бунга қадар Бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев, “Ташқи ёрдамнинг сарфланиши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш таклиф қилинди. Бироқ мавжуд тизим бунга йўл қўймайди. Назорат бўйича айтсак, Ҳисоб палатаси, яна бошқа назорат органлари, Жогорку Кенеш бор”, — деган эди.

 Аммо расмий хабарларда халқаро ташкилотлардан олинаётган қарзлар бюджет ҳаражатларини қоплаш учун сарфланиши айтилмоқда. ХВФдан олинган 120,8 миллион доллар ҳам бюджет ҳаражатларини қоплаш учун ўтказилгани айтилди. ОТБ расмий хабарида қарзнинг катта қисми кам таъминланганларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилишини хабар қилди. Демак, олинадиган бу қарз ҳам бюджет ҳаражатларини қоплаш учун сарфланиши керак. Аммо, Бош вазир Мухаммедкалий Абилгазиев июн ойига келиб пенсия, нафақа ва иш ҳақи масаласида қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкинлигини  маълум қилди. Агар олинаётган шунча қарзлар бюджет ҳаражатларини қоплаш учун сарфланаётган бўлса пенсия, нафақа ва бюджетдан ойлик оладиганларнинг иш ҳақи масаласида муаммо қаердан пайдо бўлмоқда?

 Бунинг жавоби оддий, биз ҳукуматдан ўз фаолиятини очиқ-ошкора олиб бориш, сарф-ҳаражатлари ҳисобини талаб қилмаганимиз сабабли расмийлар қўлларига тушган маблағни ўзлари истаганча сарфлашмоқда. Бир кун келиб бу қарзларни қайтариш вақти келганида ҳозир амалда бўлган, ўз ўғрилик ва қаллобликларини ёпиш учун халқаро ташкилотлардан кетма-кет қарз олаётган амалдорлар ўз чўнтакларидан тўлашмайди. Балки, оддий халқ тўлаган солиқлар, табиий бойликлар ҳисобидан бу қарзни тўлашади. Яъни оддий халқ емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўлади.

 Расмий ҳукумат четдан қарз олиб ўз халқини қарздорлик ботқоғига ботиргани етмаганидек, ички сиёсатда ҳам халқнинг чўнтагидаги охирги пулини қоқиб олиш йўлидан бормоқда. Узоқ вақт давом этган карантиндан сўнг ишга қайтмоқчи бўлган фуқаролар коронавирусга анализ топшириши (экспресс-тест ёки ПЦР) шарт қилиб қўйилди. Бундай тест-анализни эса фақат Бишкекдаги  Бонецкий лабораторияси амалга оширади. Одамлар анализ топшириш учун 2000 сом тўлаши керак бўлади. Бундан ташқари, таксичилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганлар лицензия олиши ва кунига машинасини камда икки марта дезинфекция қилиш талаб қилинмоқда. Икки ойга яқин карантида ўтирган, бу вақт давомида бор пулини сарфлаб тугатиб, керак бўлса қарз-хавола қилиб кун кечирган одамлар бу талабларни бажариш учун қаердан пул топиши эса ҳукуматни заррача қизиқтирмайди. Агар биз “мен сиёсатга қизиқмайман” деб ўтираверсак, ҳукумат бизнинг охирги тийинимизгача шилиб олгани камлик қилганидек, бола-чақамиз ҳам тўлаб тугата олмайдиган қарз ботқоғига ботириб ташлайди. Ўз ҳаққимизни талаб қилайлик!

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here