Жээнбеков Ислом тараққиёт банкидан ёрдам сўради

958
0

Жээнбеков Ислом тараққиёт банкидан ёрдам сўради

 Қирғизистон Ислом тараққиёт банкидан ёрдам сўради. Президент Сооронбай Жээнбеков 8-апрелда банк президенти Бандар Ҳажар билан телефон орқали сўзлашиб, коронавирус тарқалишининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш учун Қирғизистонга ёрдам кўрсатиш имкониятларининг кўриб чиқишни илтимос қилди.

 Бандар Ҳажар коронавирус дунё мамлакатлари аҳолиси ва иқтисодиёти учун жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаб, Қирғизистонга тегишли ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилди.

 Шунингдек, Жээнбеков 8-апрел куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Алан Пиллу билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, ҳамкорлик ва ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилди.

 Бунга қадар Жээнбеков коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб, Жаҳон банки, Европа иттифоқи, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта фондидан ёрдам сўраган эди.

 Изоҳ: Қирғизистон ҳукумати ўз ички имкониятларини ҳисобга олмай коронавирус оламий ваҳимаси карвонига қўшилиб, мамлакатда фавқулотда ҳолат эълон қилиб олди. Бунинг натижасида давлат ва фуқароларнинг иқтисодий ҳаёти деярли тўхтаб, фуқаролар ишсиз ва даромадсиз қолди. Жээнбеков бу иқтисодий инқироз ҳолатидан чиқиш учун дуч келган халқаро ташкилот ва банклар эшигига бош уриб, қарз ва ёрдам сўраши ортидан Қирғизистон халқи ва давлатини қарз ботқоғига ботириб бормоқда. Шубҳасиз, бу ташкилот ва банклар ажратадиган ёрдамлар эвазсиз бўлмайди. Қолаверса, олинаётган бу қарз ва маблағларни ўз ўрнига сарфланиши даргумон. Масалан, қирғиз ҳукумати Жаҳон банкидан олган 12,15 миллион долларнинг 9 миллиони айнан коронавирусга қарши курашиш учун ажратилгани хабар қилинган эди. Аммо, бугунги кунда Қирғизистонда коронавурсга қарши курашда биринчи сафда турган тиббиёт ходимларининг бу иллатни ўзларига юқтириб олмаслик учун ҳимоя кийими ва воситалари билан тўла таъминланмагани ортидан ҳозир тиббиёт ходимлари орасида касалликка чалинганлар 30тадан ошиб кетди, 100дан зиёд тиббиёт ходими обсервацияда ётишипти. Узоқ ва яқин қўшнилар томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар ҳам ҳақиқий муҳтожларга етиб бораётганини савол остида. Масалан, Ўзбекистон ёрдам тариқасида 1000 тонна ун (20 000 қоп) бергани хабар қилинган эди. Аммо Бишкек мэрияси ходимлари фуқаролар хонадонига аёқ кийими билан кириб бориб, иккита оилага 10 килограмм унни бўлишиб олиш шарти билан тарқатиб чиқишди…

 Бир кун келиб коронавирус пандемияси ҳам тугайди, ин ша Аллоҳ. Аммо халқ зиммасида адо этиб бўлмас қарз қолади. Шунинг учун ҳам қирғиз ҳукумати етакчи давлатларга тақлид қилиб халқни ёппасига уй қамоғига ташлагандек ушлаб ўтирмасдан бу иллатга қарши шаръий йўл билан қарши туриши лозим. Яъни касаллик чиққан ерида изоляция қилиши, беморларни карантинга олиши, уларни ғамхўрлик билан парваришлаб, соғлом одамларни ўз ишларини давом эттиришларига имкон бериш зарур. Ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт худди касаллик келиб чиқишидан олдин қандай бўлган бўлса, шундай давом этавериши керак.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here