Муаммога иқтисодий муаммо деб эмас, инсоний муаммо деб қараш лозим
Коронавирус ваҳимаси бутун дунёга ёйилди. Теледастурлар, интернет саҳифалари ва газета журналлар коронавирус муаммоси ҳақидаги сиёсатчилар, таҳлилчилар, профессорлар, журналистлар ва ҳоказо бошқа ҳар турли соҳа вакилларининг муҳокамаси билан тўлиб тошди.
Агар орқага бир қадам қадам ташлаб, бўлиб ўтган воқеликка бир назар ташлайдиган бўлсак, Коронавируснинг дунё миқёсида кенг тарқалиб кетишига асосан капиталистик тузумдан келиб чиққан ечим сабаб бўлганлигини очиқ кўриш мумкин. Чунки 2019 йил охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган касаллик инсонлар орасида тез тарқалиб кетиши маълум бўлган пайтда унга қарши шошилинч чора кўрилмади. Бунга капитализм тушунчасига кўра муаммони ҳал қилишда инсоний жиҳатни эмас, иқтисодий жиҳатни муқаддам қўйиш сабаб бўлди.
Масалан вирус тарқалганлиги маълум бўлгандан кейин ҳам давлатлар ўз ҳаво йўлларини беркитмади. Нима учун? Чунки бундан учоқ ширкатлари катта зарар кўриши инобатга олинди. Натижада вирус тарқалган ўлкалардан 10 минглаган инсонлар кириб-чиқиши оқибатида бошқа инсонларда ҳам бу касаллик асоратлари кўрина бошлади.
Яна бир мисол, дунё соғликни сақлаш ташкилоти коронавируснинг пандемия эканлигини 2 ойдан кейин эълон қилди. Нима учун? Чунки иқтисодий курашда Хитойга зарба бериш учун АҚШга бир баҳона керак эди. Шундай қилди ҳам. Яъни АҚШ мазкур вирус туфайли бутун дунёда ҳалок бўлганлар учун Хитойни вирусни яширишда айблаб унга қарши 20 тириллионлик даъво билан чиқди. Лекин АҚШнинг ўзи ҳам бу вируснинг кутилмаган зарбасидан омон қолмади. 285 миллиондан ортиқ инсон ўлимдан қўрқиб уйларига қамалиб олганлиги сабабли каттаю кичик ширкатлар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада иқтисод издан чиқди. Аввал бошдан етарли тадбир олмаганлиги учун Трампнинг имиджига путур етди. Еру-кўкка ҳукмронлик қилишни даъво қилган давлатнинг ожиз томонлари кўриниб қолди. Бугунга келиб, Трамп дунё соғликни сақлаш ташкилотини ҳам АҚШга нотўғри тавсиялар беришда айблай бошлади.
Бундан ташқари капиталистик тузум ҳукм сурган давлатда – инсоний эмас, иқтисодий жиҳат муқаддам қўйилгани сабабли – даволаниш осон эмас. АҚШда КОВИД-19 касаллигига чалинган соғлик суғуртаси бўлмаган кишининг текширувдан ўтиш ва даволаниш нархи 30 минг доллардан 45 минг долларгача, суғуртаси бўлган кишининг текширувдан ўтиш ва даволаниш нархи эса, 9 минг доллардан 20 минг долларгача харажат талаб қилади.
АҚШнинг Лос-Анжелес штатида коронавирусга чалинган 17 ёшли йигит тиббий суғуртаси йўқлиги сабабли касалхонага қабул қилинмаганлиги натижасида вафот этди. Лос-Анжелес соғлиқни сақлаш расмийлари тиббий суғуртаси бўлмаган ёш йигитнинг коронавирусдан вафот этганини маълум қилди. Америкада 50 миллионга яқин инсоннинг суғуртаси йўқ. Булар касалликка чалинсалар ҳам касалхонага бора олишмайди. Бу фақат АҚШга тегишли гап эмас, капиталистик давлатларнинг ҳаммасида аҳвол шу. Фақат вазиятга кўра ҳар хил. Муаммога капитализм тушунчасидан келиб чиқиб, иқтисодий жиҳатдан ёндошишнинг оқибати мана шундан ҳалокатли бўлиши табиий.
Аммо Ислом тузуми ҳар қандай муаммога фақат инсоний муаммо сифатида ёндошишлиги билан бошқа тузумлардан ажралиб туради. Агар бирор жойда епидемия тарқалса давлат дарҳол кириш-чиқиш йўлларни беркитади. Тижорий алоқаларнинг зиён кўриши инобатга олинмайди. Росулуллоҳ ﷺ айтадилар:
«إِذَا سَمِعْتُمْ بِالطَّاعُونِ بِأَرْضٍ فَلاَ تَدْخُلُوهَا، وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلاَ تَخْرُجُوا مِنْهَا»
«Агар бирор жойда ўлат касали чиққанини эшитсангиз, у жойга кирманглар. Агар сиз яшаб турган жойда ўлат тарқалса, у жойдан чиқманглар».
«لاَ تُورِدُوا المُمْرِضَ عَلَى المُصِحِّ»
«Касални соғломга яқинлаштирманг».
Агар юқумли касаллик юрт ичида пайдо бўлса давлат юқоридаги ҳадисларга биноан у ерни дарҳол назорат (карантин) остига олади. Аҳолисининг тирикчилиги давлат томонидан таъминланади, иқтиқсодий зарарларига заррача эътибор берилмайди. Давлатнинг бошқа жойларида эса ҳаёт ҳар доимгидек давом этаверади.
Юқумли касаллик бўлсин ёки бошқа касаллик бўлсин ҳеч фарқсиз давлат тиббий хизмат билан ҳар бир фуқаросини текин таъминлайди. Текинга тўлиқ тиббий хизмат кўрсатиш давлат бюджетига оғир келишига қаралмайди. Тиббий харажатлардан муайян чегарани белгилаб, ундан ошиқчасини бемордан ундирилмайди ёки баъзи қиммат баҳо дорилар ва зарурий хизматлар беморнинг зиммасига юкланмайди. Чунки Ислом тузумида соғлик муаммосига инсоний муаммо деб қаралади, иқтисодий муаммо деб эмас.
Шунинг учун – коронавирусдан сақланиш мусулмон учун шаръий ҳукм бўлсада – асосий масала зулм устига қурилган капитализмни ҳаётдан улоқтириб, адолат устига қурилган ва Аллоҳнинг неъмати бўлган Ислом тузумини ҳаётга қайтаришдир.
Қиёмуддин Шариф