Қурбонларининг сони 32 кишига етган Қобулдаги ҳужум масъулиятни “ИД” ўз зиммасига олди
Афғонистон пойтахти Қобулда 6 март куни содир этилган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 32 кишига, жароҳат олганлар сони эса 58 кишига етди. 6 март куни 27 киши ҳалок бўлгани, қарийб 30 киши жароҳат олгани хабар қилинган эди.
Мазкур ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олгани тўғрисида гуруҳга мансуб бўлган Amaq агентлиги хабар берди.
Ҳужум Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла этник ҳазора етакчи Абдул Али Мозорий хотирасига уюштирилган тадбирда иштирок этаётган пайтда содир этилган эди. Абдулла Абдулла ҳодиса жойидан эсон-омон олиб кетилган.
Мозорий 1995 йилда жангарилар томонидан асир олиниб, ўлдирилган эди. 6 март куни Толибон гуруҳи ҳужум учун масъул эмаслигини билдирди.
Мозорийни хотирлашга бағишланган ўтган йилги тадбир қатнашувчилари ҳам ҳужумга учраган эди.
Таҳлил: Халифалик давлати қулаб Оламни куфр системаси бошқара бошлаганидан бери Афғонистон бирорта ғойриисломий тузумга тўла бўйин сунган эмас. Советлар Иттифоқи бир неча ўнлаган йиллар уни коммунистик тузумга бўйин сундирмоқчи бўлди. Кейин Америка Қўшма Штатлари қарийб 20 йил босиб олиб, уни илмонийлаштирмоқчи бўлди. Иккала оламий етакчи давлат ҳам Афғонистонда исломий Халифаликдан қолган исломий менталитетини ўзгартиришга муваффақ бўлолмади. Мусулмонларга демократияга асосланган куфр етакчилигини сингдира олмади. Натижада СССР инқирозга юз тутиб ҳаётдан йўқ бўлиб кетган бўлса, АҚШ инқироз жарлиги ёқасига келиб қолди. Афғонистон – оламий етакчи давлатлар қабристони номини олди.
Афғонистонга уюштирган ҳарбий босқинчилигида қарийб 1 триллион доллар сарф қилган АҚШ тўла мағлубиятга юз тутди. Энди Афғонистондан қочиб чиқишини яширмоқчи бўлиб, бир неча йиллардан бери Толибонни музокарага чақириб келяпти. Уни “террорист”лар рўйхатига киритганига қарамай, бутун дунё олдида унга деярли ялиняпти. Мақсади, Толибон билан ўзи тузган қалбаки ҳокимияти ўртасида сулҳ тузиб бериш йўли билан мамлакатни ташлаб чиқиб кетиш. Шу билан АҚШ дунё олдида ўзини мақсадига етгандек кўрсатмоқчи бўлади.
АҚШ Афғонистондан чиқиб кетиши билан халқаро сиёсатда таъсирли давлатлар Афғонистон ички ишларига аралаша бошлайди. Мамлакатда қуролли кучлар бир неча гуруҳларга бўлиниб, яна аввалги уруш ҳолати кучайиб бориши кутиляпти. АҚШ ҳокимият билан шерик бўлган етакчи гуруҳни қўллаб қувватласа ҳам, қолган гуруҳлар бошқа манфаатлардан келиб чиқиб, мамлакатда тинчлик-барқарорлик ҳукм сурушига имконият беришмайди. Юқоридаги қўпорув амалиёти фикримизга далил бўла олади.
Афғонистон фақат исломий мабда асосида халқ билан давлат уйғунлигига эриша олади ва фақат шу йўл билан мамлакатда осойишталик ҳукм суриши мумкин. Бу эса Афғонистон фақат исломий Халифалик давлати остига кириши билан амалга ошиши мумкин.
АҚШ ва бошқа илмоний қувватлар мамлакатни куфр ақидаси остидаги мабдалар билан бошқаришга ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, мамлакатда уруш баттар аланга олиб бораверади. Чунки халқ эътиқоди билан ҳокимиятнинг мабдаий бошқарув тизими бир ақидадан балқиб чиқмас экан, давлат қудратли, барқарор, сиёсий ва иқтисодий қувватга эга бўла олмайди. Демакки, АҚШ таклиф қилаётган келишув билан мамлакатда осойишталик бўлиши мумкин эмас.
Абдураззоқ Мўъмин.